Эълон ва табриклар

7 май: Ўзбек халқининг улуғ шоири Ошиқ Эркин 80 ёшга тўлди.


Marta o'qildi

7 май: Ўзбек халқининг улуғ шоири Ошиқ Эркин 80 ёшга тўлди.

 

   Серқирра ижодкор - шоир, адиб, драматург, таржимон, адабиётшунос, журналист... Бу нисбатларни катта иқтидор соҳиби, эл аро Ошиқ Эркин номи билан маълум ва машҳур инсон - Хоразм адабий муҳитининг пешқадам вакилларидан бири Эркин Мадрахимовга камоли камоли эҳтиром ила ҳалқимиз...

Бугун унинг номи, ижоди, дилнавоз қўшиқлари жаннатмонанд диёримиз сарҳадларидан ҳам ошиб, бошқа туркийзабон халқлар қалбидан ҳам жой олиб улгурди.

Дарвоқе, оламга яшиллик сепи ёйилиб, табиатгада, кўнгилларгада ўзгача ошуфталик, завқ-сурур, иштиёқ ва илҳом бахш этаётган айни паллада устоз умрининг донишмандлик фаслига қадам қўйиб, ўзининг етмиш бешинчи баҳорини қарши олмоқдалар.

Бундай қутлуғ дамларда одам боласи ҳаёт карвони етган табаррук манзилда бир қур нафас ростлаб, ортга бир қайрилиб, ўтган йўлларга назар ташлашни хоҳлаб қодиши табиий... Чунки бу манзилларда умр мазмуни мужассам... бу йўллар синоати бутун бир ҳаёт солномасидир.

1937 йилнинг 7 майида қадимий ва гўзал Хивада таваллуд топган бўлғуси шоирнинг қонига, жонига шу заминда туғилиб, инсоният тафаккури осмонининг сўнмас юлдузларига айланган буюк хоразмийлар руҳи покларидан бир хосият энгандирким, ўқувчилик пайтиданоқ кўлидан қалам тушмади. Ўрта мактабни тамомлаб, катта адабиёт ўзани - пойтахтга умид билан ошикди. Тошкент Давлат университети (ҳозирда Миллий университет) филология факультетида таҳсил олар экан, ўқиш, изланиш баробарида катта адабий давралар истеъдодини чарҳлади. Ёзганлари матбуот юзини кўра бошлади... Шу тариқа ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Хоразм адабий муҳитида Эркин Мадраҳимов номи пайдо бўлди.

Эркин Мадраҳимов кўп йиллар Республикада чоп этиладиган газеталарнинг, Республика радиосининг вилоятдаги мухбири, газета ва радио муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатди. Даврнинг долзарб муаммоларини матбуотга олиб чиқиш, шу орқали давр кишиларининг руҳиятига малҳам бўлиш, замондошларининг меҳнатдаги ютуқларини қаламга олиш журналистик фаолиятининг бош мезонига айланди.

Эркин Мадраҳимов 1986 йилдан чорак асрга яқин вақт давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимига раҳбарлик қилди. Ушбу жараёнда публицистика, шеърият, наср, драматургия, болалар адабиёти соҳасида сермаҳсул ижод қилиш билан бирга воҳа адабий ҳаракатчилигини юксак поғонага кўтаришга, вилоятда талантли истеъдодларнинг камол топишига катта ҳисса қўшди.


Ошиқ Эркин нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё мамлакатларида ҳам таниқли шоирдир. Унинг мингдан ошиқ шеърлари ўзбек, тожик, озарбайжон, турк хонандалари томонидан қўшиқ қилиб куйланмоқда. Асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.

Айниқса, Истиқлол йилларида шоир иқтидорининг янги қирралари кенг намоён бўлди. Бу даврда унинг ўзбек мумтоз адабиёти улуғ намояндалари анъаналарини давом эттириб яратган ғазаллари, Навоий ва Огаҳий ғазалларига боғлаган юздан ошиқ мухаммаслари, ватанпарварлик, халқпарварлик, юксак инсоний фазилатлар, одамийлик, ишқ-муҳаббат, вафо ва садоқат туйғулари тараннум этилган шеърлари, замонамиз кишиларининг жўшқин меҳнати ва фидойилиги улуғланган очерк ва достонлари, болалар адабиётининг гўзал намунаси бўлган шеър ва ҳикоялари жамланган 21 та китоби чоп этилганлигининг ўзи устоз қаламининг нақадар пурзиёлиги, калбининг бедорлиги, одамларга айтар сўзининг мўллигидан нишонадир.

Ошиқ Эркин фаолияти катта шоир ва адиблар, адабиётшунос олимларимизнинг холис ва самимий баҳоси, лутфу эътирофига мушарраф бўлган баракали ижоддир. Йирик адабиётшунос олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Матёқуб Қўшжонов ўзининг “Жайхун жилолари” деб номланган китобининг каттагина қисмини Эркин Мадраҳимов ижоди тадқиқига бағишлаган. Шоирнинг ижод йўлларини, асарларининг ўзига хослигини алоҳида эътироф этар экан, академик-олим шундай ёзади: “Шоир гўзал ва гўзалликнинг, ёр ва диёрнинг, ишқ ва мухаббат, садоқат ва вафонинг чин ошиғи бўлгани, бу заҳматни юрак-юракдан ҳис қила олиши, севги ва вафода дунёвий бўлгани учун ҳам Ошиқ Эркин деган тахаллусга мансуб ва ғоятда муносибдир...”

Ҳақиқий шоир қалби - ўчмас олов, дейдилар. У бир марта ёнадида, авлодлар қалбига пайванд бўлиб мангу алангага айланади!

Ошиқ Эркин қалбида оловланган шеър ишқи бугун ҳам ўзгача ёлқин билан ловиллаб, гуриллаб турибди. Шу олов шашти билан ҳар тонг янги - янги назм дурдоналари қоғозга тўкилмоқда. Таваллудининг 75 йиллиги нишонланадиган бу йил бошидан икки юздан зиёд шеърлар битганига ҳам ҳайрат, ҳам ҳавас қилсак ўринли...


Зеро, устоз ҳали ҳам қизғин ижод устида. Айни дамда фақат Ватан мавзусида ёзилган тўрт юздан зиёд шеърларни ўз ичига олган янги тўплами нашрга тайёр. “Яна ўттиз - қирқ китоб бўлгулик ёзганларим турибди”, -дейдилар камтаринлик билан...

Биз ҳам устознинг илҳому иштиёқи асло сўнмаслигини, ўзи ҳамиша таъкидлаб юрганларидек, қалбида муҳаббат, шеърият бул-буллари чаҳ-чаҳ уриб туришини тилаб, ўзи ёзган сатрларни унинг умр йўлларига қиёс тарзида келтиришни жоиз деб билдик:

Бахтиёрдир, кимки гар химматлидир,
Химмати бирла киши шухратлидир,
Барчасидан, Ошиқ Эркин, эл учун
Бахш этилган пок умр ибратлидир...


Гавҳар Ибодуллаева, Ўзбекистон 
Ёзувчилар уюшмаси вилоят 
бўлими масъул котиби.

“Хоразм ҳақиқати” газетаси

 

 

002

УЧ ШОИР

Хоразмда бор-йўғи уч шоир,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар,
Учови ҳам бир-биридан ғўч шоир,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Дошқин бобо ёнин қилиб қароргоҳ,
Шеър ёзишар,Зарифий ҳам борар гоҳ,
Бўлиб кетар оҳда-оҳу, воҳда-воҳ,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Анжирдан бошлайди бири сўзини,
Феруз каби тутар бири ўзини,
Шеър ўқиса бири юмар кўзини,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

“Қўймадингиз” дея олиб эҳсонлар,
Қутлуғ бўлсин кийган зарбоп чопонлар,
Бирён четда қолиб кетди Омонлар,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Меҳмон энса уюшмадан Тошкентдан,
Қайси бири қуруқ келиб, бўш кетган,
Аэрофлотга чиқиб хайру-хўш этган,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

Чингизнинг қиринда Рустамда не ҳол,
Дарёнинг бўйинда Маҳмуддан аҳвол,
Сўраш йўқ, исташ йўқ, бу на ола-ол,
Ошиқ Эркин, Комил Аваз, Матназар.

  

- - -

- - -


< Orqaga qaytish