Адабий тадқиқот


Marta o'qildi

"Ичиндаги ичиндадур". Жалолиддин Румий. Улуғбек Ҳамдам таржимаси.


МОҲИЯТ КАШШОФИ

009

009Бу асар инсонни фикрлашга, фикрлаш орқали ўзлигини, ўзлиги орқали Ҳақни — Яратганни тушунишга ундайди. Шунинг учун ҳам «Ичиндаги ичиндадур»га бир марта ошно бўлган кўзи очиқ инсонки бор, умрбод ундан айрилмасам, дейди. Чунки асар, аввало, ўша инсон ҳақида — сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман, ҳаммамиз ҳақимизда. Бизнинг ўзлигимизни билишимиз ҳақида. Ахир оламда бундан қизиқарлироқ, бундан муҳимроқ яна нима бор? Машойихлар «Ўзини билган авлиё бўлади» дея бежиз айтишмаган. Ҳазратнинг ўзи шундай дейди: «Ривоят қиладиларки, бир подшоҳ ўғлини ҳунармандлар тўпига қўшиб қўйибди. Улар болага турли билимлардан, жумладан, илму нужумдан дарс беришибди. Шоҳ ўғли бутунлай аҳмоқ бўлгани ҳолда ўзига ўргатилган нарсаларни пухта эгаллаб олибди. Кунлардан бир кун подшоҳ уни имтиҳон қилмоқ учун ҳовучига узугини беркитиб, ўғлига «Бунда не бор?» дебди. Бола «Қўлингдаги думалоқ, сариқ ва ичи бўш нарсадир» дегач, ҳукмдор ҳайратда қолиб «Аломатларини тўғри айтдинг, исмини айт» деб буюрибди. Ўғил «Ғалвир бўлса керак» деб жавоб беради. Подшоҳ «Олган таҳсилинг шарофати билан мени ҳайрон этиб аломат — белгиларни аниқ айтинг-у, аммо ғалвирнинг ҳовучга сиғмаслигига қандай қилиб фаросатинг етмади?» деди афсус чекиб.

Худди шундай, — деб давом этади Румий ҳазратлари — замонамиз олимлари ҳам қилни қирқ ёрадилар, ўзларига боғлиқ бўлмаган нарсаларни жуда яхши биладилар, аммо ўта муҳим, ўзлари учун қолган барча нарсалардан янада яқин бўлганни, яъни ўзларини билмайдилар. Ҳамма нарсадан яқин бўлган борлиқ бу — уларнинг менлиги». Мавлоно Румий инсонни, аввало, кўзини очишга ва очилган кўзлар билан ўз моҳиятига назар ташлашга ундайдики, бу билан ул валий зот инсоннинг ўзи бир бутун олам — кичик олам эканлигини уқтиради.

«Ичиндаги ичиндадур» асари улуғворлик ва соддаликнинг бир макону бир замонда сиғишиб яшашининг гўзал намунасидир. Албатта, комил инсон — авлиёлик асрори ҳақида кўплаб олиму фузалоларнинг хилма-хил асарлари мавжуд. Лекин уларнинг айримларини мутолаа қиларканмиз, ўзимизни худди эртак ўқиётган боладек сезамиз. Чунки уларда тасвирланган авлиё ёки комил инсон гўё осмонда учиб юрган эркин қушчаю, сизу биз зиндонда — темир панжарадан уни умидсизлигини кузатиб ётган махбус. Қушнинг озодлигидан, чарх уриб айланишидан, бахтидан махбусга не наф? Қайтага у ана шундай ҳур парвози билан бу бечоранинг ўз ҳолига кўникиб кетишига тўсқинлик қилиб, изтиробини орттиради, холос. Румийда эса ундай эмас. Румий шоҳу гадога ҳам, олиму авомга ҳам бирдек хитоб қилади. Ва ҳар кимнинг қаршисига ўз ҳикматларидан бир кўприк ташлаб, бошқалар нима деса деяверсин, лекин сенинг ҳам бу йўлдан ўтишга ҳаққинг бор, ки сен ҳам ундан ўтишга муносиб ва қодирсан, фақат ғайрат қил-да, кел!» дейди гўё. Бошқача айтсак, Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадур» асари инсонлик ва илоҳийлик ўртасига қўйилган мустаҳкам кўприкдир.

Ҳа, асар мутолааси инсон кўнглида мудраб ётган умиднинг қайта уйғонишию қад ростлашига кўмак беради, ўзининг мавжудияти ва ҳақиқатига ишонч ҳосил қилади. Бу жуда муҳим. Чунки Ишонч — инсон фаолиятининг доимий ташаббускори, тинимсиз ҳаракатларининг рағбатлантирувчиси бўлиши билан бирга одамзотни муаллақ ҳолдан, ёлғизлик ва унинг азобидан қўрувчи ҳамдир. Ғарбнинг маълум фалсафий оқимининг асосида инсон — ташландиқ, яъни у бу дунёга ташлаб кетилган ва бинобарин, унинг ўзидан ўзга ёрдамчиси ҳам, халоскори ҳам йўқ, деган қараш мавжуд. Ҳаёт бунинг каби юзлаб, минглаб «назариялар» учун асос бераверади. Ҳатто айтиш мумкинки, даҳрий учун ҳам, диндор учун ҳам бу дунёда оқлов-сабаблар тўлиб- тошиб ётибди. Эҳтимол, одамзотнинг ўзидан ўзга таянчи йўқ, деган даҳриёна қараш Ғарб дунёсининг моддий-техникавий жиҳатдан илгарилаб кетишига сабаб бўлган ўнлаб, юзлаб омиллардан биридир. Швейцар психиатри Карл Густав Юнг эса Шарқ инсонининг руҳий жиҳатдан бақувватлигига ҳавас билан қарайдики, Румийда айни шу нарсанинг моҳияти билан чуқур танишиш имкони бор. Румийни бир миллат, бир жамият ёки бир замонгагина тааллуқли қилмай, уни ҳамма учун ва ҳамма замонлар учун қадрли айлаган асос ҳам шунда — ҳазратнинг сифат ва аломатларга эмас, балки моҳиятга — инсоннинг ўзагига эътибор берганлиги билан изоҳланса, ажабмас. Чунки зоҳир — ташқи кўринишга қаралганда инсонлар ҳар хил, уларнинг моҳияти илдизи, табиати, эҳтиёжлари, борар жойи… эса муштарак. Шунга кўра инсон қайси миллат, қайси жамият, қайси гуруҳ ва қайси замонга алоқадорлигидан қатъи назар, ўзига тегишли мавзулар теран ва асосли тарзда талқин қилинганидан Румий асарлари атрофида гўё бир оиланинг фарзандларидай тўпланишади. Бунинг учун кишида маълум бир тайёргарлик, юқори руҳий-маънавий даража зарур, албатта. Яъни Румийни тушуниш учун у ёнган гулханнинг ҳеч қурса бир учқуни ўқувчининг кўнглига тушган бўлиши жуда ҳам муҳим. Шунда у моҳият асроридан воқиф бўла бораркан, ўзини Инсон ўлароқ ҳис этади! Дунёга келишдан муддао «йўлини қилиб кун кечириш — еб, ичиб, насл қолдириб ўтиш» каби биологик эҳтиёжларни қондириб яшашдангина иборат бўлмай, аксинча, булар воситаю, мақсад — руҳоний, демакки, инсоний эканлигини қалбан англайди.

Моҳиятдан сўз очиб Мавлоно Румий қуйидаги савол-жавобни келтиради:

Дедики: «Онангни нечун ўлдирдинг?»
Деди: «Унга ярашмаган бир ишни кўрдим».
Дедики: «Аммо онангни эмас, етти ёт бегонани ўлдирсанг бўлмасмиди?»
Деди: «Ҳар куни биттадан ўлдирайинми?»

Ҳазрат бу ўринда инсон гумроҳлигининг туб сабаби — нафс ҳақида сўз юрита туриб, демоқчи бўлади: сен ҳадеб қилмишларингнинг оқибатини даф этишга, уларни у ёки бу шаклда хаспўшлашга беҳуда уринаверма, балки моҳиятга теран кўз-ла назар сол-да, асос бўлган нафсингни (онани) жиловла, токи у туфайли ҳар куни ҳар ким билан ёқалашишга ўрин қолмасин!

Ҳазрат ўгитларидаги яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтмоқ жоиз. Бу ҳам бўлса – руҳ ва жисм ўртасидаги мувозанат масаласи. Биздан кўпчилигимиз шундаймизки, руҳ ҳақида гапирилса (гарчи бу борада инсонга кам илм берилган эса-да) дарҳол руҳпараст бўлишга тиришамиз, қолган вақтларда эса ўз-ўзидан жисм бандаларига айланиб қолганимизни ўзимиз ҳам сезмаймиз. Асли ҳақиқат нимадан иборат? Яна ҳам тўғрироғи, қандай ҳолда биз ҳақиқатга энг кўп яқин борган бўламиз? Агар саволни шундай қўйиш мумкин бўлса, жавобни яна Румий ҳазратларидан эшитамиз: «Агар данакни чақиб, мағизини эксанг, унмайди. Агар қобиғи билан бирга тупроққа қадасанг-чи, униш ҳодисаси юз беради». Данак мағизини руҳу, қобиғини жисм деб олинса, демак, инсон боласи бирон мақсадга етишмак учун ҳар икки асосга суяниши зарур. Акс ҳолда мақсад ҳосил бўлмас. Модомики шундай экан, одамзод яшаш ва келажакка интилиш асносида ҳар қандай бир томонламаликдан, гоҳ у ён, гоҳ бу ёнга оғиб кетишлардан тийилиб, ана ўша олтин ўрталик бошини тутмоғи зарур келади.

Ахир пайғамбаримизнинг ҳеч қачон ўлмайдигандек бу дунё учун, эртага ўладигандек охират учун яша деган ўгитлари ҳам моҳиятан юқоридагиларга ҳамоҳанг жарангламайдими! Ахир очиқ кўз билан ҳаётни кузатувчи ҳассос қалб ва ақл эгалари ҳам айни ҳақиқатга бот-бот дуч келадилар-ку!..

Мана шунинг учун ҳам қарийб 700 йил аввал яратилган бўлишига қарамай, Румий асарларидан ҳаёт нафаси эсади дегинг келаверади. Зеро, ҳазратнинг ўзлари тафаккурнинг ҳар қандай маҳдудлигини ёриб ўтишга қаратилган кескир сўзлар «инсоннинг ботини – ҳуррият олами» эканлигини англашга даъват этади ва шунга ундайверади.

       Улуғбек Ҳамдам шарҳи.

 

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
ИЧИНДАГИ ИЧИНДАДУР (1)

Улуғбек Ҳамдам таржимаси
009

Бисмиллаҳир-роҳманир роҳийм.
Эй Парвардигор, хайрли ниҳоясига етказгин.

11yassavi.gifПайғамбар Саллаллоҳу алайҳи Васаллам буюрадики: Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига борган фақир нақадар нохушдир.

Халқ бу ҳадиснинг зоҳирий маъносинигина қабул қилган, яъни бир олим ёмон (олим) бўлмаслик учун амирни йўқламаслиги лозим, амирни бориб кўриш унга муносиб эмас, деб билган. Аслида фикрнинг ҳақиқий маъноси халқ ўйлагандай эмас, балки шундай: Олимларнинг ёмони амирдан ёрдам олгани ва улар воситасида ўз аҳволини яхшилагани, кучга кирганидир. Амирлар менга инъом берадилар, мени иззат-икром қиладилар ва бир яхши жой эҳсон этадилар, деган тушунча билан ва уларнинг қўрқуви остида ўқиган кимса олимларнинг энг ёмонидир. Шу ҳолида бу кимса амирлар тарафидан ислоҳ бўлган, билимсизликлардан биладиган аҳволга келган ҳисобланади. Олим бўлганда ҳам амирлар қўрқувидан ва уларга ёмонлик қилмасликдан тарбия кўрган бир инсонга айлангандир. Энди у истаса-истамаса, ҳамма вақт бу йўлга уйғун тарзда ҳаракат этмоғи керак бўлади. Хуллас, бу важдан зоҳиран хоҳ у амирни кўргани борсин, хоҳ амир унинг ҳузурига келсин, барибир, у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади.

Олим агар амирлар соясида олим бўлишни ўйламаса, унинг билими ибтидо ва интиҳода Оллоҳ учун қилинган бўлади. Унинг тутган йўли ва кўрсатган фаолияти савоблидир. Чунки яратилиши шундайдир, балиқ сувдан бошқа ерда яшай олмаганидек у ҳам бундан ўзгасини қилолмайди. Унинг қўлидан келгани шу. Бундай бир олим ҳаракатларини бошқариб йўлга солиб турган нарса ақлдир. Ҳамма ундан қўрқади ва инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан у таратган нурдан баҳра оладилар. Хуллас, бундай бир олим амир ҳузурига борса, зоҳиран у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади. Аммо амир олимдан ҳамма вақт юксалишга чорловчи бир қувват-ёрдам олади, олимнинг эса амирга эҳтиёжи йўқ, чунки у бадавлатдир, нур-сочаётган қуёш кабидир. Иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир. У тошлардан лаъл ва ёқут қила олади. Таркиби тупроқдан иборат бўлган тоғлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Дарахтларни турли-туман мевалар билан бойитади. Иш — эрмаги бағишламоқдир, ҳадя қилмоқдир.

Арабнинг «Биз бермоқни ўргандик, олмоқни ўрганолмадик» мақолидаги сингари олим ҳам беради-ю, бировдан олмайди. Ниҳоят, бундай олимлар ҳақиқатда зиёрат этилган, амирлар эса зиёрат этган бўладилар Айтилганларга унча уйғун бўлмаса ҳам хаёлимга ушбу оятни тафсир этмоқ фикри келди. Модомики, хаёлимга шундай фикр келган экан, гапирай-да ундан қутулай. Улуғ Тангри: «Эй Пайғамбар, қўл остингиздаги асирларга айтингки: Оллоҳу Акбар кўнглингизда хайр (яхши ниятлар) борлигини билса, сиздан олинганидан ҳам кўпроғини сизга беради. Сизни ёрлақайди, Оллоҳ ёрлақагувчи ва кечиргувчидир», — дея буюради. Ушбу оятнинг нозил бўлиши сабаби шудир: Мустафо (Оллоҳ марҳамат қилсин) кофирларни қириб ўлдирган, молларини ғанимат (қилич ҳақи ўлароқ душмандан олинган мол, пул, асир ва ҳ.к. — тарж.) сифатида олган, бир қанчаларини эса асир қилиб қўл оёқларини боғлаганди. Амакиси Аббос (Худо ундан рози бўлсин) ҳам буларнинг бири эди. Асирлар боғланган, ожиз ва тушкун ҳолда йиғлаб сиқташар, бутун умидларини пораканда этувчи қилич ва ўлимни кутишарди. Мустафо уларга қараб кулди. Бунга жавобан: «Ана кўрдингми, унда инсонлик (ожизлик-тарж.) бор, менда ожизлик йўқ, дея сўзида туриб олиши тўғри эмасди. У бизларга қарамоқда ва бизни арқонлар ичида ўз асири сифатида кўриш билан гўё нафсларига енгилган инсонларнинг ўз душманлари устидан ғалаба қозониб, уларни маҳв бўлганларини кўрарак хурсанд бўлгани ва хурсандчиликдан ўйнаганлари каби у ҳам севинмоқда, мамнун бўлмоқда, дедилар.

Мустафо (Оллоҳ марҳамат қилсин) уларнинг кўнгилларидан кечган бу ўйни тушунди ва буюрди: «Худо сақласин! Мен бунинг учун кулмаяпман. Балки сир кўзи билан бир қавмни жаҳаннамдан, олов ёниб турган қип-қизил ўчоқдан ва кин билан қорайган мўридан арқону занжирлар билан торта-торта зўрлаб жаннатга, ўлим йўқ бир гул боғига олиб кетаётганим ҳолда, уларнинг: «Бизни бу таҳликали жойдан у ишончли гул боғига нега судраяпсан?» дея бақириб баддуо этганларини кўрганимдан куляпман. Шу билан бирга, сиз ҳозир бундай бир қарашга (нуқтаи назарга) эга бўлмаганингиз туфайли айтганларимни англамайсиз ва аниқ-тиниқ кўролмайсиз».

Улуғ Оллоҳ буюради: Асирларга билдирингки: Сиз аввал аскар тўпладингиз, ўз мардлигингизу паҳлавонлигингизга, қувват ва қудратингизга тамоман ишондингиз, ўз-ўзингизга: «Биз ундай қилайлик, мусулмонларни бундай қирайлик, шундай йўқ этайлик» дедингиз. Ўзингиздан қудратли бир қудрат соҳиби мавжудлигини эса кўролмадингиз. Мақсадни кўзлаб қанча ишладингиз, қанча тадбир олдингиз, аммо ҳаммаси аксинча бўлди. Энди ҳам қўрқув ичида қолганингиз ҳолда тавба қилмаяпсиз. Сизда умид йўқ ва тепангизда бир қудрат соҳиби мавжудлигини кўрмаяпсиз. Куч-қудратли ва шавкатли бўлганингиз вақтлар мени кўришингиз лозим. Менга таслим бўлганингизни билингизки, ишларингиз қулайлашсин. Қўрққан пайтингизда мендан умидингизни узманг. Сизни қўрқувдан қутқармоққа ва хавфсизлигингиз тўла ишонч билан таъминланганини сизга билдирмоққа қудратим етади. «Оллоҳ кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур»[1]. («Ўлимни тирикдан ва тирикни ўликдан чиқаради») ояти каримада буюрилганидек, оқ сигирдан қора сигирни вужудга келтирган, қора сигирдан ҳам оқ сигирни пайдо қилади. Бунинг учун асир бўлган шу ҳолингизда менинг ҳозир ва нозир бўлганимдан умидингизни узмангки, мен ҳам сизнинг қўлингиздан тутай. Чунки «Оллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур»[2] дея буюрилгандир. Улуғ Оллоҳ буюрадики: Эй асирлар! Агар биринчи динингиздан қайтар, қўрқув ва хавотир ичида қолган вақтингизда мени кўрар ва барча ҳолларда менга таслим бўлганингизни қабул этар бўлсангиз, мен сизни бу қўрқувдан қутқараман: талангану зиён кўрган молларингизнинг ҳаммасини, балки ортиғи билан ва яна-да яхшиларидан сизга қайтариб бераман. Сизни ёрлақайман. Охират саодатига, дунё саодатига яқинлаштираман.

Аббос: «Тавба қилдим, тутган эски йўлимдан қайтдим» деди.
Мустафо (Оллоҳнинг раҳмат ва баракоти бўлсин):
«Худо бу айтган гапинг учун далил кўрсатмоғингни истайди» деди.

Байт: Ишқ давосида бўлмоқ қулай, фақат бунинг далили ва шоҳиди бордир.

Аббос: «Бисмиллоҳ, қандай далил истайсан?»
Пайғамбар: «Қўлингда қолган молларни қувватланишлари учун ислом аскарларига тарқат. Агар мусулмон бўлган эсанг, ислом ва мусулмонликнинг яхшилигини истамоғинг лозим» — деб буюриши билан у «эй Расулуллоҳ, менинг нимам қолди ўзи? Ҳаммасини талон-тарож қилдилар, менга эски бир бўйра ҳам қолдирмадилар» — деди. Бунга жавобан Пайғамбар (Оллоҳ салоти бўлсин): «Кўрдингми, тузалмадинг, қандай бўлсанг, ўшандайсан, ўзгармадинг. Мен сенга қанча молинг борлигини ва уни қаерда сақлаётганингни, кимга берганингни, қаерга кўмиб беркитганингни айтайинми?» деб буюриши билан Аббос: «Худо сақласин!» деди. Пайғамбар: «Молингдан шунчасини онангга бермадингми? Шунчасини фалон деворнинг тагига кўммадингми? Ва унга (онангга): Агар қайтсам менга топширасан, қайтмасам бунчасини фалон иш учун сарфлайсан, бунчасини фалончига берасан, бунчаси эса сеники бўлади» — дея батафсил васият қилмаганмидинг?» — дея буюрди. Аббос буларни эшитиши билан шаҳодат бармоғини кўтарди ва садоқат билан иймон келтирди-да, «Эй Пайғамбар! Ҳақиқатан мен сени ҳам эски маликлар Хоман, Шаддод ва Намрудлар каби фақат дунёвий бир давлатнинг соҳиби деб билардим. Буларни буюрган вақтингда мазкур давлатни гизли, илоҳий ва раббоний бир давлат эканлиги англашилди» — деди.

Мустафо (Оллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин): «Тўғри гапирдинг: Бу сафар ичингдаги шубҳа зуннорларининг узилганини ҳис қилдим, саси қулоғимга келди. Менинг руҳим ичкарисида гизли бир қулоғим бор. Кимки шубҳа, ширк ва инкор зуннорини парчаласа, мен шу гизли қулоғим билан у сасни эшитаман, чунки узулганда чаққан сас менинг руҳ қулоғимга етади. Энди сен ҳақиқатан ҳам тўғри бўлдинг ва иймон келтирдинг» — деб буюрди.

Мавлоно бунинг тафсирида шундай деди: Мен буни Амир парвонага (унинг ўзи учун) айтдим: «Сен аввал, мусулмонликнинг боши бўлдинг ва «Исломнинг абадийлиги ва мусулмонларнинг кўпайиши учун фикримни, тадбиримни, ҳатто ўзимни фидо қилайин» дединг. Ўз фикрингга ишониб, Худони кўрмай қолганинг ва барча нарсани Оллоҳ Таолодан билмаганинг учун, Тангри сенинг бутун саъй-ҳаракатларингни исломнинг кучсизланишига сабаб қилди. Сен татар билан бирлашдинг. Ҳолбуки, шу тарзда Шомликлар ва Мисрликларни йўқ қилмоқ ва ислом вилоятларини қириб тугатмоқ ишига ёрдам берган бўлиб чиқяпсан. Натижада исломнинг мангулигига сабаб бўлган нарса ушбу вазиятда унинг заифланишига омил бўлмоқда. Шунинг учун бундай аҳволда юзингни Азиз ва Жалил бўлган Оллоҳга ўгир. Ўзингни ёмон вазиятдан қутқармоқ ниятида садақа бер. Ундан (Оллоҳдан) умидингни узма, Оллоҳ сени ундай бир тоатдан бундай бир исёнга тушириб қўйибди. Сен эса бу тоатни «ўзимдан» деб ўйладинг ва шунинг учун ҳам гунокор бўлдинг. Энди бу гуноҳкорлигинг билан ҳам умидингни узма, ёлбор. У сенинг тоатингдан исён яратгани каби исёнингдан ҳам тоат яратмоққа қодирдир. Бу сабаб сенга надоматлик ҳиссини туйдиради, яъни мусулмонларнинг кўпайиши учун ғайрат кўрсатмоғингни таъминлайди ва исломнинг қуввати бўла олишинг учун сабаблар яратади. Умидингни узма, чунки кофир бўлганлардан бошқа ҳеч ким Оллоҳ раҳматидан умид узмайди.

Мақсадим унинг (парвонанинг — тарж.) буни тушуниши, мушкул аҳволида садақа бериб, Худога ёлборишига эришмак эди. Жуда юксак бир ердан ўта тубан бир аҳволга тушиб қолганига қарамай, умидли бўлиши учун унга шу гапларни айтдим.

Улуғ Тангри алдовчидир. У гўзал шакллар кўрсатиб алдайди. Шакллар орасида ёмонлари ҳам бор. Буни инсоннинг «Менга чиройли бир фикрлар ва яхши бир иш юз очди» дея ўзини алдаб, ғурурланиши учун қилади.

Агар ҳар бир кўринган нарса кўрингани каби бўлсайди, жуда ўткир ва зийрак кўзлар соҳиби Пайғамбар: «Нарсани менга бўлгани каби кўрсат» — дея фарёд этмасди. У бу билан шундай демоқчи бўлади: Эй Раббим! Аслида хунук бўлган нарсани гўзал, гўзал нарсани эса хунук қилиб кўрсатяпсан: бизга ҳамма нарсани қандай бўлса, ўшандай кўрсатгинки, тузоққа тушмайлик ва йўлимизни ҳеч вақт йўқотмайлик.

Энди сенинг фикринг ҳар на қадар гўзал ва порлоқ эса-да, уникидан яхшироқ бўлолмайди. Ўзингдаги ҳар бир фикр ва ҳар бир тасаввурга ишонма, ёлбор-да, қўрқ.

Чунончи, ҳатто қўшинлар юборган шу онимизда ҳам уларга (қўшинларга) ишонмаслигимиз ва талофотга учраб, қўрқув ва ожизлик домига тушган вақтимизда эса Оллоҳдан умидимизни узмаслигимиз керак.

Пайғамбар юқоридаги оятни (сўзни) ўз мақсадига мувофиқ равишда айтди. Менинг ҳам айтмоқчи бўлган нарсам шу эди.

ФАСЛ. Биттаси: «Мавлоно ҳеч нарса демаяптилар» — деди. Мен дедим: «Бу одамни менинг хаёлим ҳузуримга келтирди ва менинг хаёлим унга: «Қалайсан, қандай аҳволдасан?» дея бир сўз сўйламади. Гапирмасдан хаёлим уни бу ёққа тортди. Агар менинг ҳақиқатим уни сўз айтишидан қайтариб бошқа бир жойга олиб борса, бунга нечун ҳайрон бўлиш керак экан?

Сўз ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир. Модомики соя ўзига тортар экан, у ҳолда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Сўз баҳонадир. Бир инсонни бошқа бир инсонга тортган нарса сўз эмас, балки иккаловида мавжуд бўлган руҳий бирликдан бир парчадир. Агар бир инсон юз минг мўъжиза ва каромат кўрса, аммо унда валий ва набийга уйғун бир бўлак бўлмаса, бирлашмайдилар ва бунинг фойдаси ҳам йўқ. Уни валий ва набийга боғлаган, улар севгисини кўнглида орттирган нарса ўша омухта — ўртоқ парчадир.

Агар бир жисм таркибида оҳанрабо билан муштарак бўлган бир парча бўлмаса, у жисм ҳеч қачон оҳанрабо тарафига кетмайди, яъни тортилмайди. Улар орасидаги бир хиллик гизли бир нарсадир, кўзга кўринмайди.

Инсон хаёлидаги нарса уни ўз орқасидан етаклайди. Масалан, боғ хаёли боққа, дўкон хаёли дўконга олиб боради. Фақат бу хаёллар ҳақиқатни яширади. Чунончи, бир нарсанинг хаёли сени ўзига тортди ва сен у томонга кетмоқдасан. Чунки хаёл сенга у нарсани гўзал қилиб кўрсатган. Бироқ келгач, пушаймон бўласан ва ўзинга ўзинг: «Буни яхши деб ўйлабман, аслида ундай эмас экан» дейсан. Шунинг учун ҳам хаёллар ичига кимдир яширинган чодирлар ўхшайди. Қачонки, хаёллар йўқолиб ҳақиқат юз кўрсатса, пушаймонлик ҳисси ҳам сени тарк этади: сени (ўзига) тортган ҳақиқат сени жалб этган ҳақиқатдан бошқа нарса эмасдир. «У кун яширин нарсалар ошкор бўлади» (Қуръон). Аслида жалб этган нарса биттадир. Фақат кўп кўринади. Ахир кўрмаяпсанми, бир инсоннинг турли-туман юзларча орзуси бордир: «Шилпилдоқ истайман, қатлама истайман, ҳолва истайман, қовурилган гўшт истайман, мева истайман, хурмо истайман» дер. Бу айтган нарсаларнинг асли битта, у ҳам бўлса, очликдир. Очлик ёлғиз бир нарсадир. Инсон овқатнинг биридан еб тўйгач, «бошқасини истамайман!» дейди. Бундан англашиладики, ўн ва юз сонлари йўқ, фақат бир бордир.

«Уларнинг ҳисобини (сонини) кофирлар учун азоб ва машаққат айладик» (Қуръон) дея буюрилгани каби бу инсонлар қаршисига ҳисобдек оғир бир иш чиқади. Масалан, бунга «Бир», наригиларга эса «юз» дейдилар, яъни валий учун «Бир» ва халқ учун «юз минг» дейдилар. Бу катта гуноҳдир. Валийни Бир, бошқаларни Кўп кўрмоқ кўриш ва англаш йўлини йўқотмоқдир, улкан фитнадир. Чунки сиз уларни кўп, валийни эса бир кўрмоқдасиз. «Уларнинг ҳисобини кофирлар учун азоб ва машаққат айладик» ояти шунинг учун буюрилди. Қайси юз, қайси эллик ва қайси бири олтмиш? Қўлсиз, оёқсиз, ақлсиз ва руҳсиз бир тўп инсонлар тилсим ва симом каби қайнаб турибдилар. Энди сен уларга олтмиш, юз ва ёхуд минг, бунга эса бир де. Бу янглиш. Балки улар ҳечдирлар ва бу бир деганинг минг, юз минг ва юзмингларча Бир ҳисобланади. Худди «Бизнинг қавм аҳолиси оз, аммо ҳужум қилинганда кўпаяди» деганларидек.

Подшоҳ бир аскарга юз кишилик маош тайин этганди. Бундан қолган аскарлар норизо бўлдилар. Подшоҳ ўз-ўзига: «Бир кун келар, сизга кўрсатаман, ўшанда бунинг сабабини тушунасизлар», — дерди. Жанг куни келди. Аскарларнинг ҳаммаси қочди, ёлғиз у кишигина жанг қилди. Подшоҳ: «Мана шунинг учун мен унга кўп пул бердим», — деди.

Инсон ўзининг фарқлаш хоссасини ҳар турли ғараздан тозалаши ва диндан ёрдам қидириши лозимдир. Дин эгасини танийди. Фақат сен умрингни фарқ этиш хоссасидан маҳрум бўлган кимсалар билан кечирганинг учун билмайсанки, унинг яхшини ёмондан фарқ этиш васфи заифлашган ва энди динни, яъни инсоннинг ҳамроҳини таний олмайди.

Сен танани боқдинг, аммо унда фарқлаш хоссаси йўқдир. Фарқ этиш бир сифат. Ахир кўрмаяпсанми, жиннинг қўл-оёғи бор, фақат фарқлаш хусусияти йўқ. Фарқлаш сендаги латиф бир маънодир ва сен кечаю кундуз ундан маҳрум бўлган нарсани (яъни танани — тарж.) боқишга ҳаракат этмоқдасан. Унинг бу билан тирик эканлигини баҳона қилмоқдасан, ҳолбуки, бу ҳам у билан тирикдир. Бу қандай ишки, сен фарқлашдан тамоман маҳрум бўлганни боқдинг, вояга етказдинг ва вақтни вужудингни едириб-ичириш билан ўтказдинг-да, у латиф маънога, яъни фарқ этиш қудратига парвосиз бўлдинг! Сенинг тахмин қилганингдек, бу (тана) у (маъно) билан тирикдир, у бу билан эмас. У — нур, яъни латиф маъно бергувчи, кўз, қулоқ ва бошқа дерзалардан, агар булар бўлмаса, яна бошқа тирқишлардан ўзини кўрсатгувчи. Бу худди: «Қуёшни чироқ билан кўраяпман» деб, қуёш қаршисига чироқ келтириб қуйишга ўхшайди. Аслида, чироқ бўлмаса ҳам қуёш ўзини сенга кўрсатаверади. Чироққа нима ҳожат? Оллоҳдан умидни узмаслик керак. Умид — ишонч йўлининг боши. Йўлда юрмасанг ҳам доимо йўлнинг бошини кўзла. «Нотўғри ишлар қилдим» дема, тўғриликни тут. Ўшанда ҳеч қандай эгрилик қолмайди. Тўғрилик Мусонинг ҳассаси кабидир, эгрилик эса сеҳргарларнинг сеҳрига ўхшайди. Тўғрилик ўртага чиқиши билан уларнинг ҳаммасини ютади. Агар бир ёмонлик қилган бўлсанг, ўзингга ўзинг қилгандирсан. Сенинг ёмонлигинг ўзгага қандай таъсир қилади.

ШЕЪР: (Қара, анави тоғ бошига қўниб учган қуш тоғнинг нимасини орттирди ва нимасини камайтирди?)

Сен тўғри бўлсанг, уларнинг ҳеч қайсиси қолмайди. Эҳтиёт бўл, умид узма!

Шоҳларга яқин юрмоқ шу нуқтаи назардан таҳликали эмас, яъни хоҳ бугун, хоҳ эртага бўлсин, кетажак бош барибир кетади. Ушбу жиҳатдан эса хавфли: Шоҳларнинг нафси кучайиб бир аждарҳо сингари бўлади. Уларга яқин бўлиб, дўстлигини ҳимоя қилиб, молларини қабул қилган кимса мутлақо уларнинг раъйига кўра гап айтади. Ранжимасин дея, уларнинг номақбул ўй-тушунчаларини ёқтиради ва гапларини қайтаролмайдилар. Шунинг учун ҳамма вақт бир хавф мавжуддир. Чунки уларнинг (подшоҳларнинг) тарафи олинаркан, асл тараф сенга ёт — бегона бўлиб қолади ва бунинг динга зарари бордир. Сен у тарафни ҳимоя қилганингда, азиз бўлган бу тараф сендан юз ўгиради ва сен дунё аҳли билан қанчалик чиқишсанг, унинг сенга шунчалик ғазаби келади. «Оллоҳ золимларга ёрдам берган кимсага ўша золимни бало қилиб қўяди» (Ҳадис). Сенинг у томонга қараб кетишингнинг оқибати ҳам шундай. Чунки, модомики, сен у тарафни ҳимоя этаркансан, натижада уни ўз бошингга бало қилажакдир.

Денгизга бориб,ундан фақатгина бир кўза сув олмоқ билан қаноатланиш — ачинарли. Денгиздан олиш мумкин бўлган дур — жавоҳирлар ва бошқа қанчадан-қанча нарсалар бўла туриб, биргина сув олишнинг нима қиммати бор? Ақлли инсонлар бу билан қандай қилиб мақтанадилар ва нима деган одам бўладилар?

Олам — бир кўпик. Авлиёлар билимлари — денгиз. Денгизнинг дури қаерда?

Бу олам хас-хашак билан тўлган кўпикдир, фақат бу кўпик денгизнинг чайқалишидан, ўйноқлашидан ва кўпириб қайнашидан покланади, софланади, гўзаллашади.

Хотинлару ўғиллар, қоп-қоп олтинлару кумушлар, насл отлару сурув-сурув мол-қўйлар, экинлар ва ҳоказо нарсалар одамлар ҳирсини қитиқлайди. Буларнинг ҳаммаси дунё завқидир. Модомики дунё безатилган бўлса, унда ҳақиқий гўзаллик ва яхшилик йўқдир, бу гўзаллик унда муваққатдир ва ўзга бир ердан келган, демакдир. Дунё олтин қопламали сохта пул кабидир. Яъни қийматсиз кўпик бўлган дунё қалбдир (сохта, ёлғончидир — тарж.), аҳамиятсиз ва қадрсиздир. Унинг уст қисмини биз олтин билан сувадик. Мана шунинг учун ҳам инсонларни хотинлару ўғиллар, қоп-қоп олтинлару кумушлар, наслдор отлару сурув-сурув мол-қўйлар, экинлар ва бошқа нарсалар ўзига тортади, дея буюрилган.

Инсон Тангрининг устурлабидир (телескопидир — тарж.) Фақат бу устурлабни биладиган мунажжим лозим. Деҳқон ёки баққолнинг устурлаби бўлгани билан уни ишлатолмагандан кейин нима фойдаси бор? Улар устурлабда кўринган фалаклар аҳволидан, ҳаракатларидан, буржларнинг ўзгаришлари-ю, таъсирларидан нимани ҳам тушунардилар? Кўринадики, устурлаб мунажжим учун фойдалидир. Чунки «Ўзини билган Худосини ҳам билади» (Ҳадис). Шу нуқтаи назардан, устурлаб фалакнинг қандай кўзгуси бўлса, инсон вужуди ҳам Оллоҳнинг шундай устурлабидир. Чунки Қуръонда инсон тўғрисида: «Биз Одам ўғилларини азиз қилдик» дея буюрилган.

Улуғ Оллоҳ инсонни билимли, илмли ва олим қилиб яратгани учун инсон ўз борлиғининг устурлабида вақти-вақти билан Оллоҳ тажаллисини ва беназир гўзаллигини порлоқ бир ҳолда кўради. Бу Жамол мазкур кўзгуни ҳеч қачон тарк этмайди.

Азиз ва Жалил бўлган Тангрининг ҳикмат, маърифат ва каромат кийимларини кийдириб қўйган қуллари бордир. Халқнинг буларни кўра оладиган ўткир кўзлари йўқ бўлса ҳам Оллоҳ Таоло уларни қизғанади. Улар ҳам ўзларини худди Мутанаббининг: «Хотинлар ипак кийимларни безанмоқ учун эмас, балки ўз гўзалликларини қўримоқ учун кийдилар» деганидек (ҳикмат, маърифат ва каромат кийимлари билан) ўрайдилар.

ФАСЛ. (Биттаси) : «Кеча-кундуз қалбим ва жоним сизнинг ёнингизда, хизматингизда, Фақат Мўғулларнинг иши-ю ташвиши сабаб сизни зиёрат этишга келолмаяпман», деди. У: «Бу ишлар ҳам Ҳаққа тегишлидир. Чунки булар мусулмонлик ишончини таъминламоқда. Сиз улар кўнгилларини тинчлантириш ва бир қанча мусулмонларни ҳузур-ла хотиржам тоат-ибодат қилиши учун ўзингизни мол ва жонингиз билан фидо қилдингиз.Бу ҳам хайрли ишдир. Оллоҳу Акбар сизга шундай бир хайрли иш қилмоқ орзусини бергандир. Бунга жавобан қизиқишингизнинг ортиши — Тангрининг сизга бўлган иноятидан дарак. Агар орзуингиз заифлашадиган ёхуд озаядиган бўлса, бу сизни Оллоҳ иноятидан маҳрум бўлаётганингизга бир ишорат, демакдир. Демак, Улуғ Оллоҳ бундай буюк ва хайрли ишни инсон воситасида қилинишини, унинг савоб ишлашини ва даражаси юксалишини истамаяпти. Бу — иссиқ бир ҳаммомга ўхшайди. Ҳаммом иссиқлиги печкада ҳосил бўлади. Ўтин ва тезак кўринишдан ҳар на қадар хунук-да жирканч бўлса ҳам, ҳаммомчи учун иноят ҳисобланади. Чунки улар туфайли ҳаммомчининг ҳаммоми исийди ва шу тариқа халққа хизмат қилади.

Шу пайт аҳбоб келди, (Мавлоно) узр сўради ва: «Агар сиз учун ўрнимдан турмаётган, сиз билан гаплашмаётган ва ҳол-аҳволингизни сўрамаётган бўлсам, бунинг сабаби сизни ҳурмат қилганимдир. Чунки ҳар бир нарсанинг ҳурмати ўша замонга мувофиқ бўлади. Намоз қилаётиб ота-онани, ака-укани, опа-сингилни сўраб-суриштирмоқ, шу йўсин эътибор қилмоқ тўғри эмас. Намоз вақтида дўстлар ва қариндош-уруғларга илтифот кўрсатмаслик, аслида, энг яхши илтифот ва кўнгил олишдир. Чунки сен улар сабаб ибодатдан, чуқур диний ҳолатдан айрилмайсан, ҳузур-ҳаловатингни бузмайсан ва бу билан улар ҳам гуноҳга ботмаган бўладилар. Мана шунинг учун ҳам инсонни гуноҳга ботирган, азобга гирифтор қилган балодан чекинмоқ илтифот ва кўнгил олмоқдир. Чунки уларга жазо берувчи нарсадан қочилгандир» — дея буюрди.

Улардан бири: «Оллоҳ олдида намоздан-да яхшироқ бўлган нарса борми?» деб сўради. У: «Ҳамнамоз бордир, аммо намоз фақатгина суратдан иборат эмас. Бу намознинг қолипидир. Ахир намознинг боши на сўнгги маълуму мавжуддир. Ибтидоси ва интиҳоси бўлган ҳамма нарса қолипдир. Такбир — намознинг аввали, салом эса охиридир. Худди шундай, шаҳодат ҳам фақат тил билан айтилган нарса эмас. Унинг ҳам боши ва охири мавжуд. Боши ва охири бўлган ҳамма нарса сурат ва қолипдан иборат бўлади. Унинг руҳи беқиёс ва бениҳоядир, аввал-охири йўқдир. Бу намозни набийлар топган ва майдонга келтирган. Набий: «Менинг Оллоҳ билан шундай бир вақтларим бўладики, унга на Тангри томонидан жўнатилган бир Пайғамбар ва на Тангрига энг яқин бўлган бир фаришта сиғади» (Ҳадис) дея буюради. Демак, намознинг моҳияти фақат ётиб-туришдан иборат бўлмай, балки истиғроқ, яъни ўзидан кечиш эканлигини билдик. Чунки барча суратлар ичкари киролмай, ташқарида қоладилар, ҳатто Жаброилдай пурҳикмат малак ҳам у ерга сиғмайди.

Олимлар султони, оламнинг қутуби бўлган Мавлоно Боҳо — ул Ҳақ Ваъд Дин (Оллоҳ унинг улуғ руҳини муборак айласин) ҳақида шундай бир ҳикоя ривоят қилинади. Бир куни асҳоби уни истиғроқ ҳолида учратдилар. Намоз вақти яқинлашгани учун муридлардан баъзилари «Намоз вақти бўлди» деди. Мавлоно эътибор бермади. Муридлар намозга қўзғолдилар. Фақат улардан иккитаси шайхларига эргашиб, намозга турмадилар. Намоз қилаётганлардан Хожагий исмли бир мурид қалб кўзи орқали намоз ўқиётганларнинг орқалари билан, шайх ва икки муриднинг эса юзлари билан қиблага йўналиб ўтирганларини кўрди. Чунки шайх «мен» ва «биз» даъвосидан воз кечди ва унинг «мен»лиги фано топди. Борлиғидан ҳеч нима қолмади. «Ўлишдан аввал ўлингиз» (ҳадис) хикмати Оллоҳ нурида ҳалок бўлди. Энди унинг ўзи Оллоҳнинг нури бўлди. Ҳар ким орқасини Оллоҳ нурига ва юзини деворга ўгирса, у орқасини муҳаққақ қиблага ўгирган бўлади. Чунки у аллақачон қибланинг жони бўлгандир. Ахир инсонлар қибласини Пайғамбар танламаганми ва у (қибла) оламнинг қиблагоҳи бўлмаганмиди? У ҳолда Пайғамбарнинг ўзи қибла бўлса, янада мувофиқ бўлади. Чунки қибла унинг учун қибла бўлгандир.

Мустафо (Оллоҳнинг салот ва саломи бўлсин) бир дўстини «Сени чақирдим, нега келмадинг» дея койиди. У: «Намоз қилаётгандим» деди. Шунда Пайғамбар: «Яхши, аммо мен сени чақирмадимми?» дейиши билан у: «Мен бир бечораман» деб жавоб берди.

Пайғамбар унга буюрдики: «Қудратли бўлган вақтингда ҳам ўзингни ожиз ҳис этган пайтингдагидек бечора кўрмоғинг — яхши. Чунки сенинг қувват ва қудратинг устида бир қудрат бордир». Сен барча ҳолларда Ҳаққа маҳкумсан. Икки бўлак эмассанки, баъзан чорасиз, баъзан қудратли бўлсанг. Унинг қудратига боқ ва ўзингни ҳар вақт қўлсиз, оёқсиз ҳамда бечора кўр. Заиф одамларни қўя турайлик, ҳатто арслону қоплон, тимсоҳу ва ҳоказолар ҳам унинг қаршисида ҳечдир ва Тангридан қўрқиб титрайдилар. Ерлар, кўклар… ҳамма-ҳаммаси ожиздир. Уларнинг барчаси у (тангри)нинг ҳукмига асирдирлар. У буюк подшоҳдирки, зиёси ойу қуёшнинг нурига ўхшамайди. Унинг зиёсини алмаштириб бўлмайди ва у магар, пардасиз ҳолида юз очса, на кўк, на ер, на қуёш ва на ой қолади.

Ҳикоя: Бир шоҳ дарвешлардан бирига: «Оллоҳнинг ҳузурида Тангри тажаллиси ва яқинлигига муяссар бўлганинг онда мени хотирла!» деди. Дарвеш: «У ҳузурда гўзаллик қуёшининг нури борлиғимга тегиши билан мен ҳатто ўзимни ҳам эслай олмайман, сени қандай эслай?» жавобини берди. Аммо Оллоҳу Акбар бир қулини танлаб олиб, уни ўз борлиғида йўқ этса ва бунинг этагини тутиб, ўз эҳтиёжини тилаган ҳар бир киши орзусини Тангри рўёбга чиқаргуси. Бунда Оллоҳ ҳузурида уни ёд этишлари шарт эмас.

ФАСЛ. Биттаси: «Бу ерда бир нарсани унутибман» деди. Мавлоно буюрдики: Дунёда бир нарса бор — унутилмас. Агар ҳамма нарсани унутиб, уни унутмасанг, қўрқмаса ҳам бўлади. Масалан, бир подшоҳ муайян иш учун сени қишлоққа жўнатди. Сен тайинланган ишни қилмай, бошқа юз турли ишни адо этсанг ҳам ҳеч нарса бажармаган бўласан. Шунинг учун инсон бу дунёга бир иш учун келган: ғоя удир, агар уни қилмаса, ҳеч бир иш қилмаган ҳисобланади.

«Биз омонатни кўкларга, ерга ва тоғларга таклиф этдик. Улар омонатни ўз зиммаларига олишдан чекиндилар, унга хиёнатдан қўрқиб, андиша қилдилар. Инсон уни ўз гарданига олди, чунки у жуда золим ва жоҳилдир»[3].

Кўклар ва ер ўз зиммаларига ололмаган ишни инсон олди. Унинг қўлидан келаётган ишларга боқиб, киши ҳайратланади: Тошларни лаъл ва ёқут, тоғларни олтин ва кумуш конларига айлантиради. Ер юзидаги ўсимликларни ҳаракатга келтириб тирилтиради ва Адан жаннати ҳолига келтиради. Ер ҳам уруғни ўз бағрига олади, ҳосил беради, айбларни беркитади ва яна тушунтириш қийин бўлган юзмингларча ғалати нарсаларни қабул қилади, майдонга келтиради. Худди шундай тоғлар ҳам турли-туман маъданлар беради. Шунга ўхшаш барча ишларни адо этганлари ҳолда, қўлларидан бир иш келмайди. Бу иш эса ёлғиз инсон томонидангина амалга оширилади. Шунинг учун ҳам Оллоҳ: «Биз ҳақиқатан одам ўғилларини шарафлантирдик» дея буюради. Аммо ўша иш на кўкларнинг, на тоғларнинг ва на ернинг эмас, балки фақат инсоннинггина қўлидан келганига кўра инсон жуда ёмон ва билимсиздир. Агар сен: «Қўлимдан шунча иш келяпти, бироқ у ишни қилолмаяпман» десанг, бунинг ҳеч қандай қиммати йўқ. 

    Давоми бор.

    Хуршид Даврон кутубхонаси

- - -


< Orqaga qaytish