Саломат Вафо асарлари

Бой хотин ёҳуд  Анор серка. ҳикоя.      Саломат ВАФО


Marta o'qildi

Бой хотин ёҳуд Анор серка. ҳикоя. Саломат ВАФО

                                                                

   Йўл четида тўрган тўрт -  беш нафар одам, кир – чир сочларигача қизил, яшил, кўк мой бўёққа беланган ва бошқаларга қўшилиб қулаган икки  одамни ўраб олиб  кулишарди. Бўёққа булғанган одамлар, афтидан қир устидаги ўттиз -  қирқ чоғли уйлардан бирининг  томидан тушган  бўлиб, чор атрофларида бўёқдан бўшаган қутилар, шёткалар, булғашган газета парчалари,  бўёқ қотиб қолган синиқ ва пачақ челаклар сочилиб ётарди.  Қир бағрига жойлашган  тошдевор  уйлар,  ҳорғин ва қуюқ булутлар,  туманлар  орасида аранг кўринар, уйларнинг ён -  верида сон – саноқсиз қўй -  қўзилар ўтлаб  юрар ва сурувлардан сал баландроқда чўпонлар чой қайнатадиган қора  куя ва куллар қоплаган  ҳарсанг тош устида шоҳлари буралиб кетган серка  осмон ва ер оралиғи кенглигига   мағрур боқар, унинг ғалати ҳаракатлари  учун   Анор серка деб аташарди. Серка  ўтлаб юрган   қўйлар подаси  четроққа буриладиган бўлса,  туёқларини тошга уриб, бошини сарак -  сарак этиб, қўнғироқини жиринглатиб,  огоҳлантирув товушини  чиқарарди.  Қўнғироқ жаранги чўк тушиб ётган қадимий тоғ бағрига, арчазорлар орасига, тоғ чўққиларига чиқиладиган йўлларга...ва   қизил, яшил сариқ  томли дала ҳовлилари жойлашган тарафларда, фермерларнинг  эрта баҳорда унган буғдой даласи, узумзори, бодомзорлари  узра  жарангларди. Қирларнинг нишаб  жойига гўё биров ҳазиллашиб,  қурган  гугурт қутисидай омонат...  айвонига кирлар осилган...  камбағаллар уйининг олдида ўйнаб юрган бола – бақра,   анор серка турган ҳарсанг тош тамонга қараб сакрашар, қувониб , тол чўпларини от этиб миниб, баҳорда келадиган  кўк қарғалар каби чуғурлашиб  ҳар ёнга чопишарди. Уларнинг “..серка..серка..эшикларга керка..” деган саси чор -  атрофга  тарқарди. 

  Анор серка   машиналар зув -  зув ўтаётган йўлга яқинлашиб қолган пода тарафга  қараб бошини сарак -   сарак этиб,  қўнғироғини жиринглатганича, ҳали ҳам  оқ соч тоғларнинг ҳукмдори бўлган тоғ архарлари  монанд, тошлар орасида  узун -  узун сакраб қуйига  эниб кетди. Серканинг узун қизғиш жунлари учаётган вужуди  билан соллонарди.  Анор серка шу боришида эгаси ем ташлайдиган охур ёнига  бориб турар,  бир пода қўй эса бир – бирини босиб, итариб озиқ олиб келган эгаси тамонга “ба..ба”лаб югурарди. Балки  эчки ва қўйнинг атвори шу сабаб бир – биридан фарқ қиларди.

  Буёқчи усталар   уйқудан энди  уйғонган  одамдай уст – бошини қоқиб телефонга ёпишишди. Қиш бўйи бекор юрадиган эркаклардан бири:  Юлдуз Усмонова қўшиқларини қўйди: “Мен сен билан кроличаман..” дерди қўшиқчи.

  “бу ерда милиция ва ҳокимият деган жой  борми?. Менга телефонини беринг, ким ўзи булар.. раҳмат айтиш ўрнига томдан улоқтирса..” деди мўйловлари тиккайган  сочи узун  Омон  рассом қизишиб.

    Шу маҳал  чойхона тарафдаги  йўлдан   мусиқаларни янгратиб, сигнал чалиб икки учта “Каптива”  ва харбийларникига ўҳшаган  хорижий “Хаммер” зувиллаб  ўтиб кетади.

  “Ана, сизга  милиция ва ҳокимият, Сух элатида  Зарнини чучунинг ўзи  ҳам ҳокимият ва ҳам милиция ҳисобланади.” 

  “Ука,  ўжашманг, сиз ҳазиллашадиган ёшдан ўтганман. Қанақасига бир хотин катта бутун қишлоққа. Ҳам милиция ва ҳам ҳокимият бўлади?..”.

  “Ака, бу ерни Суҳ дейишади..йилда  2 ойгина катта ер билан боғланамиз.  10  ой эса Бой хотиннинг қўл остида  бўламиз..Бой хотиннинг ўз электрстанцияси, иссиқлик узатиш тизими, тегирмонлари бор.  Сухдаги барча супермаркету –дўконлар, тўйхоналар  унга қарашли..Одамлар ўн  ой давомида светдан ва озиқ  - овқат дўконларидан  қарз бўлиб қолади. Ҳали ҳам Зарни чучуга раҳмат, бутун қишлоққа қарзга озиқ беради, агар бермаса –чи..Бошқа жойда қарзга бермас экан, одамлар баҳоргача мол-холини..товуқ – куркасини  сотиб бўлар экан..” дейди Шовон фермер.

  Тамошаталаблар ҳам жонланиб.. “..бой опамиз омон бўлсин, болишлари осмон бўлсин...”..

  “..бунақа всемогущая  ўзбек хотини ҳақида..биринчи марта эшитишим..” дейди жингалак соч Раҳматулло  катта ва содда кўзларини атрофдагиларга тикиб.

  “Сухда ҳали кўп ғаройиб воқеалар эшитасиз..” дейди чойхоналар  қурт, чакки, нон, патир сотадиган  ва сайёҳлар келадиган кичик  бозорчалар атрофида ўралашиб юрадиган бекорчилардан бири.

 “Сендан, анор серка ҳам аққли, ана  ишини билиб  чопиб кетди..” дейди кулгудан кўз ёшларини артиб, мойбўёққа беланган ўттиз.. ёшларидаги жингалак соч  йигитни қўлидан тортиб турғизиб,  кийим -  бошини қоқади.

  “Ўзи нима бўлди?. Бой хотин ёки  унинг укаси сизларга пул -  сул берадими?”.

  “Пулни  бериб туришганди..Ҳар кун полов еб юргандик” .

  “..томни кўкка бўя дейишди, бўядик..Ўзимиз ҳам билмаймиз..нима бўлди”.. Элму  шапка дегани   томга чиқиб, қутурган ҳўкиздай  ҳамма бўёқлар, қутиларимизни  ерга отиб юборди. Бизга ҳам ҳезланганди қочамиз деб беда уюми устига тушдик..

  “Кўриб турибман,   сирғалиб тушибсизлар..Ҳали ҳам бедапояга тушибсизлар?..”.

  Атрофдагилар паст – баланд, йўғон – ингичка овоз билан “ҳи..ҳи”лашди.

    Тоғ чўққиларининг бошида  паға -  паға булутлар сузиб юради. Чинларнинг ўтда ёнмас, сувда чўкмас лашкаридай  ёвқур  анор серкага эргашиб, пода эниб  келарди. Чор – атрофнинг яқинда қўзилаган қўй – қўзиларнинг  “ба..ба”лаши ва серка қўнғироғининг ёқимли товуши босиб кетди.

  “Қара..қуёш ботмасдан серка овулга  энди..”  деди  кигиз тўп ўйнаб юрган болалар..

  “Анор  серка худонинг  балоси..бугун жума куни.. уй эгалари қўйларни эртароқ  қўрага қамашини  билади, у ярамас..Қара,  нақ бузоқдай келади. Онаси холмогор зотли  эчкидан дейишади. Бунинг авлодлари  бош бўлган сурувларга бўри яқинлашишга қўрқар экан.”.

  Қўлда тўқилган қулоқчин, қизил, яшил тусда  қалин бош дўппилар кийган , кир – чир болалар  ўйнаб юришар  ва серкага пешвоз чиқишарди. Йўл четидаги бўёқчилар гуруҳи: шовқин –суръон, чанг  ва жаранг  кўтариб келаётган қўй сурувларини кузатиб туришади. Тоғнинг осмон томига тегиб турган  чўққилари бағрида  сузиб юрган бургутлар карвони  кўринади. Ҳафтанинг дам олиш кунларида дала ҳовлига дам олишга келган одамлар... катта – кичик  машиналарда  арчазорлар, кўк, қизил, пушти томли уйларни оралаб  шаҳарга йўл олишади.

  “Сизларга битта иш бор, акалар. Портрет ва манзара чизиш қўлингиздан келадими?”..дейди  Шовон  фермер.

  Томдан тушгандан бери элатнинг  одамларига ёввойи варварлардай қараётган узун сочли  Омон рассом фермерга ишонқирамай қарайди.  Жингалак соч рассомча  ҳам кўзини телефондан олмай даврага  яқин келади.

  “Биз, Сухга  келмасимиздан  олдин Тошкент марказий ҳиёбонида  қишлоқдан келадиган фермерларни, “Абу Сахий”га қатнайдиган дўмбоқ  тижоратчи хотинларнинг портретини чизиб тирикчилик қилганмиз”.

  “Биламан, биламан. Бир йили Бой хотин 40 ёшга кирганда  Зарафшон деган ресторанни бир кунга сотиб олган экан. Бутун Сух  элати автобус – автобус  бўлиб бориб,  қайтишда қор ёғиб, автобуслар юролмай қолиб, Бой хотиннинг “Хаммер” машиналари одамларни тонггача уйларига қатнаганди”.

     “Бизнинг ишхонамиз..худди ўша ерга жойлашган. Биз тирикчилик учун “Абу Сахийдан келадиган аёлларни ренесансс уйғониш даврининг гўзалларига  ўҳшатиб мой бўёқда чизганимиз учун мижозлар кўпайиб, бозорнинг раста – раста хотинлари келиб суратини чиздирадиган бўлди”.

  “..Очиқ осмон остидаги, на эшиги ва на ойнаси бор, ишхона..” кулади жингалак соч Раҳматулло.

  “Йўғ – эй,  бозорнинг ҳамма хотинлари келдими?. Ўўўў..улар жуда чиройлидир, атир – упалар сепган..” деб оғзидан суви оқади бекорчи эркакларнинг.

  “ Энди.. ҳаммаси бўлмаса ҳам..Кўпчилик келди.  Бизнинг портретларимиз мамлакатимиз бозорлари.. савдо континерлари,  уларнинг овул ва қишлоқдаги  уйи деворларида осилиб турибди”.

  “Дойим, “Абу Сахий” тижоратчи хотинларининг приват..хос  рассоми..” кулади  яна жингалак соч рассомча.

  “  Ўнга яқин ишларимиз..Ўзбекистон  Бадиий академияси ва унинг дўконларида сақланади..” дейди эътиборсиз ва совуққон  Омон рассом..

  “Унда..бойиб кетган чиқарсизлар..Бир бозор хотиннинг портрет  пулини қаерга қўйгансиз?. Энди..бозорчи хотинлардан портрет учун тўп – тўп..қизил, сариқ ва яшил мато олмаган чиқарсиз.   Менга ҳар портретга бир қўзи беринг деб беҳуда айтмаётгандириз”.

  “..Ука, сизга портрет ясашимни айтдим. Кимнинг портретини чизишимизни  сўрамадим. Сиз қувонсангиз бўлади..   қўл ҳақига пул эмас, қўзи олаётганимдан.. Моҳиятан,..бу гап – сўзларингизга қараганда.. мажоро бўладиган  пул,  қўй масаласини ўйлаб кўришимиз керакка ўҳшайди..”.. дея  Омон рассомнинг яна мўйловлари қаҳрли тиккайди.

    Тоғларда яшайвериб, йўлбшловчи  серкалардай эпчил ва олғир бўлиб кетган Шовон суҳбат ҳафли тамонга бурилаётганини сезиб, дарров ўзини қўлга олди:

  “..Ака Омон.. тоғнинг  ўзимга ёққан манзараларини телефонимга олиб  кўрсатаман, кейин анови жингалаксоч билан чизаверасиз”..

  “..Укам,  қўй боқишни ва тоғда қай тарафдан кўчки ва сел келишини билмайман, Сиз ҳам  расм чизишни билмайсиз. Шундай экан, бир  - биримизни ҳурмат қилайлик, акс ҳолда Сизнинг  таклифингиздан воз кечамиз..” дейди Омон рассом, фермерга қаттиқроқ таъсир қилиши учун “миз” кўплик қўшимчасини қўллаб.

  “Ака Омон, ака Омон..” дейди минғирлаб  Шовон фермер шохи синиб.

   Омон рассом узун сочини кумуш узукли  қўли билан силаб қошини кўтариб, атрофга қарайди.  Унинг кўзига атрофида ғимирлаб юрган жияни жингалаксоч Раҳматулло ҳам кўринмайди. “..Худо шоҳид.. бу қўйдан бошқа нарсани тушунмайдиган тўнка фермернинг таклифидан  аллақачон воз кечган  бўларди, аммо фермер ўзнинг режасиз  ҳаётида бир мантиқли иш қилган бўлиб, унинг  “Шовон Шаршара” мехмонхонаси..шундай улкан чўққиларга  пиллапоя бўлиб турган кичик қирми, чўққининг устига қурилган эди.  Меҳмонхонанинг тўрт тарафида  ғаройиб алфозда тўрт фасл тантана қиларди: шимолий тамони мағрур ва қорли чўққилар, шарқда қуёш  нурларига чўмилган қирлар, ғарбда мевалари тўла тўкилмаган кузги олмалар, дўлона ва  қизил гуллар  ва жануб  тамонда ям  -  яшил қирлар, сариқ бошли достор гуллар, майда пушти гулли бутасимонлар очилиб ётарди. Энг  гўзал тамони..айни шу тўрт фасл гўзаллигини бирлаштириб.. яқингинадан чўққилар бағридан оққан шаршара гўё Ниягара шаршарасидай маҳобат ва боқий гўзаллик билан қуёш нурларида камалак пайдо этиб шовуллаб оқарди. Тизгинсиз атрофга сочилаётган сув зарраларига қуёш нурида камалак қанотларини..ёйларини  ёйиб олганди.  Бу манзарадан рассом қавми борки, оч қолсада.. воз кечолмасди..аммо.. Омон рассом умр бўйи  одамларнинг расмларини чизиб, улар билан  мулоқот этиб сал кам психолог бўлиб кетган  эди. Шовон фермерга ўҳшаган думбул ва айни чоғда тулкидай айёр одамлар..  қанчалик инъкор этилиб, рад этилса, улар шунчалик.. Раҳматулло  кичик декчаларда қайнатиб суюлтириб берадиган.. ёғоч елимдай ёпишарди..  ”.

  “..Энди, Шовонбой ука, биз рассомлар тўғри одамлармиз. Яширмайман, бир оз пул ишладик, аммо..бу пулга яна расм чизиш учун: гуаш, акварель, пастель,  янги холстлар ва ҳар қайсимизга биттадан букланадиган, йўлларда кўтариш осон  бўлган модерн  мольбертлар ҳам сотиб  олганмиз. Биз чизган манзара  сифатли холстларга чизилиши лозим. Холстнинг ҳар бири фалон пул туради, яна рамкага  текис тортиш  керак. .”.

  “Қандай одамсизлар ўзи ака...кичикроқ “Матис”ми, “Спарк..” олмайсизларми?”..расмларинизни ортиб ҳайдаб юрардингизлар”.

  “..Яширадиган жойи йўқ..укам, мен  вақт -  бевақт ичиб турамиз, чунки, ҳамиша экстремал ҳолатда томда, посонги устида ёки тоғу – тошда ишлаганимиз учун..ичиб турамиз. Бу билан краскаларнинг ҳам зарари йўқолади.. ”.

  “Омон  ака, краскаларингизни .. ҳам ўйлаб қўйдим, ана овулнинг дўкони омборида совет давридан қолган  жуда сифатли портретлар қурум босиб ётган экан. Совет даври доҳийлари портретлари экан. “Маркус, Энгулс, Ленин деганимиш . Кимлиги билан нима ишим бор менинг..”. Бир элликтача бор, шунинг  ҳаммасини оламан десам,  Олчин  дўкончи кечаси билан уҳламай чиқибди.Энди баъзилари  ёмғир ва намдан  бир -  бирига ёпишиб моғорлаб, плислаб  қолибди.Тоғда қор ва ёмғир кўп ёғади –да.   Зўр бўёқлар  ҳам бор экан, аммо бир оз қотган.. сув ёки аччиқ чой қўйибми..юмшатсанглар бўлади..”..

  “ Қанақа аччиқ чой. Тасвирий санъат, нозик бўлади, ука. Яна айтаман.  Биз сизга нега уйингизни ундай қурдингиз ёки бундай қурдингиз демаяпмизку.  Тасвирий санъат қўйбоқиш эмас, унинг ўз  хос инструкция қоидалари бўлади.  Сиз айтган холостда  манзаралар чиройли чиқмайди, суратнинг яҳши чиқиши холост ва бўёққа, қолаверса рассомнинг кайфиятига  боғлиқ бўлади..”.

  “Ҳўп, ҳўп, ака. Тушунтириш шарт эмас. Яҳши,  ўнта кетадими,  шаҳарга тушиб 3 та  бўёқ олиб келаман ва сизлар уни совет давридан қолган бўёққа қўшасизлар, озгина   семичка  ёғ ҳам қўшангиз, ана тап – тайёр мой бўёқ бўлади, қўяди..Семичка ёғни Бой хотиннинг маркетидан олиб келаман..” дейди фермер яна пиҳиллаётган, важоҳатли қизараётган, қайнар ҳумчадай  рассомдан узоқроқ сурилиб, бирон нарса десангчи дегандай  ҳар ёққа ўтиб расмга олиб юрган ёш рассомга қараб қўяди..

    Омон  рассом тоғ бағрида ҳар вақт ва ҳар вақт учраб қоладиган жайрадай бутун вужуди, турли хил рангга бўялган  кийимлари, узун сочи ва мўйловлари билан яҳлитликда  ҳурпаяди.

  “..Ука, эркакчасига гаплашайлик, конкрет фикрни яҳши кўраман. Қани портретларнинг ҳақи қанча  бўлади?..” дейди  рассом. Бой хотиннинг гўмаштаси қилган жоҳиллигини эслаб  жаҳлдан ўзини аранг босади. Ўнг қўлини  ҳали томдан бедага тушишда лат еган қўлини силаб.

  “Биттадан қўзи бераман..”.

  “Келишдик..” дейди  жингалак соч  рассом.

  Шовон фермер қувониб жингалак соч Раҳматуллога   миннатдор қиёфада тикилади.

  “Ўзи нечта иш  чизамиз?” дейди Омон  рассом ҳаёлга чўмиб ва вақт -  бевақт бой хотининнг кўк томлари тарафга қараб.

  “Ҳозирча 20 таси етади, 10 таси 1 қаватга, олтитаси 2 қаватга қолганини, ошхона ва ваннага осамиз..”.

  “Қанақа ванна..ҳаммомни назарда тутаяпсизми.. Ҳаёлингиз жойидами, ака,  ваннага ҳам мойбўёқ портрет осадими?” дейди бирдан  жингалак соч рассом ҳам жириллаб.

  Омон рассом музокоралар энг муҳим жойига келгани учун, саводсизлигидан мулзам бўлиб бўридан қочган совлиқдай   аянчли тикилаётган шўрлик фермернинг устига бостириб боради.

   “Укам, сиздан  20та қўзи оломаймиз. Биз нима.. уни кузгача боқиб семиртирармидик.  Нафсаламбирни айтганда..ким уларни бизга сотиб беради. 20 тасини еб битиролмасак, шаҳарга  олиб кетолмасак. Тошкентда майдондаги паттамизга пул тўлаш керак..уй чироқ, газ дегандай..”.

  “Омон ака, ҳафа бўлиш йўқ. Биз тоғлик одамлар  чинини гапирамиз. Сизларнинг ҳали  учакдан йиқилганда томингиз кетибди шекилли.. Қанақа 20 қўзи,  ҳар расмга  эмас, ҳар қайсингизга бир қўзи бераман дедим..”.

    Жингалак соч ёш рассомни йўтал тутиб қолади. У расм  олишдан тўҳтайди. Анор серка подани бошлаб қўнғироғини жиринглатиб, қишнинг сўнгида туғилган жунлари баҳмалдай ялтираётган қўзиларни эргаштириб,  ҳали дармонга кирмай орқада қолган она совлиқларни шоҳлаб..  аллақачон овулга кириб борарди.

  “Жиринг..жиринг”..

    “Ака.. тоғ  мазаралари Анор серка билан  ясалса яҳши бўларди.Анор  серка.. шу тоғларнинг хукмдори-да..”.

  Омон рассом уста актёрлардай шарт орқасига бурилади, рассомнинг узун сочи ва мўйловининг шамолига саросимада қолган ва сўнгги кучларини тўплаб қаршилик кўрсатаётган фермер тебраниб кетади ва аранг ўзига келиб, “ғўлқ ” этиб ютинади.

  “ Қанақа анор серка?..Анор деб шундай ҳосиятли   меванинг номини бу гаччига ким қўйган?. Биз дунёнинг рассомлари анор мевасини жаннат меваси деб чизиб ётамизку.

  “Ҳаҳа..ҳаҳа..” кулади Раҳматулло. “..худо ҳаққи қанақа элат бу эчкиларга  Анор хола деб ном қўйса..томини гоҳ қизил,  гоҳ кўкка бўяса..Шу эчкини ҳам Бой хотинники деманглар..ишонмайман..”.

   Гўё Анор серканинг  узун шоҳлари коинотга қадалгандай, гўё ҳаётнинг ҳар чеврилишидан хабардордай шу яқингинадан дераза  остидаги йўллардан... виқор билан “жиринг..жиринг” этиб ўтади.

  “Бой хотинникида..ибий Бой хотинники бўлади-да, тоғда ўтлайдиган қўй сурувларининг тенг ярми Бой хотинники...унинг сурувлари йирик – йирик ҳисори қўйлар ва  қўчқорлар бўлгани учун Анор серкани қаердандир тоғ чўққиларида яшайдиган қирғиз  чўпонлардан улоқчалигида олиб келишган экан..  ”.

  “..унда нега Анор деб ном қўйишган..ҳаҳа..ҳаҳа.. ” деб кулади яна рассомча.

  “Э, оғзингни юмсангчи, ана қизғиш ранг бўлгани учун  Анор дейишган.”..

  “..Сух тоғининг ..туманлари  орасидан  кентавр эчки қиёфасидаги фермер пайдо бўлади..ҳаҳа..балки катта сенцация бўлади, дойи..” дейди  яна кулиб Раҳматулло.

 “.. Сенинг ўзингни каллангга анор серканинг боши керак, аҳмоқ, Радик. Жим тур. Энди..Сизнинг  портретингизни анор серканинг боши билан  ясаймиз,Шобонбой ука, ана Радик ясайди.

   Сиз айтганингиз,  бизга тўғри келмайди, фермер укам.  Сух   савхозининг одамлари тоғда баландда  яшайвериб,  миясига кислород  етмасдан .. яҳши ишламай қолган шекилли..” деб тоғдан ажралиши аниқ бўлиб қолганидан  маюс тортиб қолган Раҳматуллога  “овозингни чиқарма..” деган  ҳайбат  билан қарайди.

  “Қанақа савхоз..нималар дейсиз,ака.?. Бизда совхоз йўқ, фермерчилик бор..”.

   Ёш рассомнинг қўлидаги букланган эски газеталарни тоғнинг қаҳрли шамоллари учириб кетади. Ён атроф  ва бозорча тамонларда  суҳбатни эшитиб туришгани учун норозилик аломати сифатида йўталми, акса уришлар эшитилади.

 “.. Ҳов, фермер , ҳар бир портрет  камида бир ҳафтадан ишланади, икки киши  бўлиб чизган   чоғимизда ҳам кўп деганда бир ойда олти - етти портрет ишлаймиз. Сен берадиган қўзингни сотсак ҳам бир ойлик ойликка  ҳам етмайди..Мустақилликдан сўнг бу тоғда қўй -  қўзи  тоғнинг тошидан кўпайиб кетган  бўлса, қаерга ҳам сотамиз уни..”..

  “Ҳўп, ҳўп, жуда пуҳта  рассом экансиз. Менга   рассомларни сурат чизишдан бошқа ишни билмайди дейишган эди. Сиз нима бало пропессормисиз.. ана, кўраяпсизми..овул четидаги бостирмани..у ерни.. қушхона дейди. “Қушҳона..” дегани қўйлар, қўзилар сур тери учун сўйиладиган теридан ажратиладиган жой.  Ҳов ана, ана, кўзойнагингизни артсангизчи..ҳа ана..анови дайди итлар ётган бостирма қушҳонада.  Ҳар жума шаҳардан холодилникли  камаз келади..ва қўйларни сўйдириб олиб кетишади.. Сизга ўзим гаплашиб бераман..”..

    Кўпни кўрган Омон рассом шаштидан тушмай, бамайлаҳотир кир – чир ҳалталарни йиға бошлайди.

  “Унда ҳар қайсимизга 6 тадан қўй берасиз?..” дейди  рассом.

  “Ташанг қўлни 4 тадан бераман..”..

  Суҳ қишлоғидагилар  қиш ойларида бекорчиликдан    товломачилик, лўттибозлик  қилиб онадан гўё даллол бўлиб туғилгани учун  ўзининг ота касби даллолчилик санъатини яҳши билишарди.

  “Ол.. краскаларни, кетдик, Радик. Бу яқин орада  Сух тоғларига осмондан кисларод келмайди. Кислород чиқарадиган қирлардаги арчаларнинг ҳаммаси қуриб битибди.  Ва бу яқин кунларда  буларнинг мияси нормал одамникидай ишламайди”..

   “Э, боринг... қандай кислород,  ана дарё ва шаршаралар оқиб ётибди. Ташланг қўлни.. 5 тадан бераман, ундан ошиғини.. анови анор серка қўшни фермерликдан текин совлиқ  эргаштириб келса ҳам бермайман”..дейди чийиллаб  Шовон.

  “..Дойи..” дейди аранг овози чиқиб  Раҳматулло.

  Омон рассом яна  актёрлардай шаҳдам қадамлар билан майдоннинг  ўртасига келиб, чуқур нафас олиб, аввал  ястланиб ётган тоғлар, дарахтлар, майсазорлар ва шаршаралар тамонга қараб, сўнг шўрлик фермернинг сўнггигача маҳф этишни истагандай бурчакка қисади..

  “Шабон укам, келишдик..мени иссиқ – совуғимдан хабар олиб турасиз, дориларимни етказиб турасиз..”.

  “Келишдик, Омон ака. Ҳуш келибсиз, Суҳ қишлоғимизга”..

  “  Сиз  холост ва бўёқларни олиб келинг, пастда чойхонадан  чой ичиб келайлик..кейин ишга  киришамиз..“..

  “Дойи..ана бой хотин..” дейди Раҳматулло фото аппарати билан  йўл четига чиқиб, пастдан зувиллаб ўтиб кетган машиналарга ишора қилиб. “Дойи..шу  Зарни чучуга учрашиб  мақсадни тушунтириш керак эди. Гўмаштасининг ҳайвонга қиладиган ишидан сўнг ҳам эгнимизни қисиб, бу Шовон фермернинг уйига келиб ўтирибмиз. Мана кўрасиз..кентавр фермерни  пул берадиган авзойи йўқ..  ”.

  “...Зарни чучу ким?. Бой хотиннинг отими?. Ҳааа.. Сен кўп гапирма Радик, ўзинг кўрдингку..Элму жияними ким..ўша қутурган ҳўкиздай томдан суриб ташладику... шу  вақтда  унга қаршилик қилган одамни ерга қапишиб қовурғаси синдирарди.. ”.

  “..ўша қутурган ҳўкизни судга бериш керак?..Бизни ҳақимизни бермасдан томдан улоқтиргани учун..”..

  “..қанақа суд..ҳали ҳаммасини эшитдингку..суднинг кимлигини..бу Суҳ қишлоғининг ўзи қайси мамлакатга алоқадорлиги аниқ эмас.. Баҳорда ўзимизга ўтади,қишда  тоққа қор ёғиб йўллар ёпилгач қўшни мамлакатга, тўғрироғи Бой хотиннинг иҳтиёрига  ўтади..чунки.. озиқ -  овқатларни вертолётда ҳам олиб келиб бўлмайди. Бу водий куздан то баҳор ойининг оёқларигача  туманларга  чўлғаниб ётади. Тинмай қор ва ёмғир ёғади.  Қайси судни айтасан, Зарини чучунинг судиними.. яҳшиси юр..чой -  пой ичиб келайлик..”.

  Рассомлар ҳалта -   рюзакларини кўтариб, пастликка эниб кетишади.

  Тоға жиян шарқираб оқаётган дарёнинг қирғоқларига қурилган супаларга жойлашиб, гулдор дастурхон  устига иккита нонларни бўлиб қўйиб,  сузма ва памидор, бодирингли салатни нон билан еб шарқироқ дарёни кузатишади. Чойҳона шундай жойга қурилган эдики, сув катта ҳарсангларга келиб урилиб,  қуёшнинг камалак нуралари монанд..миллион – милион зарралари бўлиб атрофга, қирғоққа ва супалар тарафга сочилар ва сув  мўл бўлиб шамол билан ҳарсангларга қаттиқ урилганда, супаларда ўтирган ҳотин -  ҳалаж ва ёш қизлар “войй.. воййаа..” дейишарди.

  “Дойи шаршара мусиқа чалаётганга ўҳшайди-я..дарахт шох – бутоқларига урилиб, скрипка сасидай эшитиларкан. Жуда ғалати жойлар экан. Йўлларнинг ёпилиб Сухнинг цвилизациядан сақланиб қолгани  зўр бўлган экан.”.

  “..Абдуҳошим скрипкачи...нағмасидай..”.

  Чойхонанинг тўғрисида подаларини тоғдан энадиган  бурама йўли  бўлиб, Анор серка қўнғироғини жиринглатганича қизғиш юнги, қизғиш соқолини селкиллатганича  оғир вазминлик билан одим ташлаб пастга қўйларни  сой  томон  бошларди. Пода аввал сувлаб сўнг элатга кетадиган йўлга тушарди. Анор серка, ҳудди одамай.. йўл четида туриб, туёқларини тошга бесаранжом  уриб,  қушхонага бораётган  машиналарни ўтиб кетишини пойлаб туради. Серканинг сарғиш кўзларида баҳмал қўзиларни ортган узун – узун машиналар ўтади.  Қўйлар эса бир – бирини итариб сувга ёпрлишарди.   

  “Ана, сенга сув ва шамол гармонияси..” дейди    жиянига. “Ол. Қорнинг очгандир, шўрванинг  гўштидан еб тур”.. деб узатади..

  “Дойи..шўрванинг  ўзини ҳам гўштини ҳам ёмон кўраман..шу шўрвангиз емак эмасда ярим соатдан сўнг қорингиз очади..Ҳозир ўзимнинг овқатим келади, бу ерда таомлар  Тошкентнинг ярим баҳосида, айниқса қозон кабоб.. ”.

  “Арзон экан деб, ҳар кун қазон кабаб ейишинг зарур эмаску, у  кучли овқат.. ”.

  “Мен.. ҳар кун қозон кабоб ейвераман, дойи..Студентликдан чиққан одам шунақа очкўз  бўлади-да.. кетгунимизда 500 минг сўмга таом  ейдиган бўлсам, тошкент  баҳоси билан  бир ярим миллион сўмга овқатлаган бўламан..”.

  Рассомлар овозсиз кулишади.

    Шу он  атрофи сўзана ва бўз  билан тўсилган супадан торнинг тинғиллагани ва қўшиқ саси эшитилади.  “..ай..ай..ёнди юрак..ўтди умр..”. Ва кўп ўмай кимдир  бурнини тортб йиғлайди.

  “Опа,  умримизнинг  20 йили ўтди, Россиянинг бозорларида қор ва музлардан яма -  ясаб олти -  етти соат туриб савдо қилганимиз учун иккаламизнинг  суякларимизгача совуқ уриб кетибди. Вой, у ёққача поездларда қанор -  қанор  пахта ипдан қилинган чойшабларни,болалар кийимларини минг азобда етказиб  борганимиз. Ит кўрмаган кунларни кўрдик, энди оёғимизни узатиб уйда ўтирамиз эсак, шунча азоб уқубат билан қурган меҳмонхонангиз красний линияга тушармиш.. Бўмапти, опа.. Мен кўпироқ ичдим, Сиздай хожи онанинг олдида ўзи ичишим катта гуноҳ..опа..” аёл кишининг ҳиққиллаб йиғлагани эшитилади.

  “сиқилма..худо бир йўл кўрсатар..Энди азоб чекиб, меҳнат билан  пул топилади-да, пул бўлмаса бу ишлар қаерда эди.”.

  “Опа, Ангрендаги  болалар уйида тўй қилиб беганингиз ёдингиздами?” дейди хушомадгўйлик билан аёл овози.

  Тор тинғиллайди, тобига келмаган доира “тап -тап” урилади. Олисларда Анор серка қўнғироғи товуши  ва тоғ йўлларида машиналар мотори ва сигнали саслари  шаршара шовуллашида элас – элас эшитилади. Омон рассом узун сочларини қўллари билан  орқага тарайди ва

  “ Ана, ўша бой хотин бўлади, у қўшни супада ўтирибди..” дейди  рассом  Раҳматуллохонга  ишора қилади.

   Бойхотиннинг гўмашталари томдан ирғитиб юборганининг алами ҳали кетмагани учун, Раҳматулло кескин ҳаракатлар билан қаддини ростлайди.

  “Дойи, ҳозир бориб ҳаммасини айтиб  ташлайман. Бир ой ишлаганимиз ва ҳақ  тўлаш ўрнига томдан улоқтиришганини ва ҳақоратлашганини ҳамма ҳаммасини айтаман.. Одамга ўрта асрларда ҳам бундай муомила қилишмаган, аҳир..” қизишади рассомча.

  “Радик, Бойхотиннинг одамлари аввал сени  томдан улоқтиришган бўлса, энди Сухининг  ўзинг айтган ўрта асралар  тошлардан қурилган музғори қамоқхонасига  ташлашади. У ерда музлаб неондертал одамнинг мумиёсига айланасан. Сени у  ердан чиқара олмайман..Яҳшиси.. секин ўтиб  кўриб кел.. Ҳамма қўрқадиган бой хотин қандай экан..балки, келажакда бирор иш қиларсан..”.

  Раҳматуллохон супа остидаги дарё сувидан сачраган зарралардан  нам бўлиб қолган крассовкасини кийиб, юқорига тирмашиб кетади, яна Бой хотин ўтирган супа тамондан  қўшиқ эшитилади.

 “Қора  сочим, ўсиб қошимга тушди, на савдолар менинг бошига тушди..”.

  “Айй...дуняяйа..” деган ҳўрсиниқли  товуш эшитилади.

  Омон рассомнинг қўшиқдан кўнгли мутаасир бўлдими, тамоғидан овқат ўтмай, ҳаёлларга тўла нигоҳини қуёшнинг сариқ,  мовий, қизғиш, сиёҳранг ранги товланаётган нурларига маҳлиё бўлиб, киссасидан варақланаверганидан четлари  юқорига кўтарилиб кетган жигарранг кичик блокнот олиб, яримта қалами билан  фақат ўзи англайдиган  чизиқлар, нуқталар,  доира, ярим ойлар  чизди.

  “Дойи..*” деган  Раҳматуллонинг саси супанинг остидан эшитиларди. Бола шошганидан крассовкасини боғич ипларини ечмай, оёғини бир – бирига ишқалаб ечди.

  “Дойи..бой хотин биз ўйлагандай... оғзи  тўла тилла  тиш ва бармоқлари олмос тақинчоқларга тўла, қанордай семиз  хотин эмас экан..У аллақандай... Раҳим Аҳмедов, Жавлон Умарбеков, Алишер Жалолов...Акмал Нур..балки  Тўра Қурёзов   чизган гўзаллардан фарқли, бўйдор, оқбадан Помир тожиклари, ёки Хоразмшоҳлар маликалари  авлодларига ўҳшаган..  қирқ эллик ёшаридаги хотин экан..Дойи уни ҳурлиқо дейсиз..”.

  Омон рассом қаддини ростлаб, ҳаяжоланиб қизариб – бўзарган  Раҳматуллога боқади.

  “  ана сенга янги ғоя..бу тоғнинг орқаси Қўҳитанг тоғлари  Афғонистонга ўтиб кетади ..ўша тоғда Заравутсой ғорлари бор..ғор деворларига сув сепилса..бошига қўнғироқлар, шоҳлар, қушлар рамзини тақиб олган, ёввойи итлар эгашган ..қўлларида...Шовон фермер бизга берадиган қўзиларни бир чанг солишда кўтариб кетадиган бургутлари билан овга чиққан суғдлар... тасвирланган.. Сен ..ўша қизғиш ангоб рангни фон этиб ...  ёввойи ҳукизлар, туялар,  қўнғироқ кийган овчилар ва осмон узра учаётган бургутларни, қушларни..олсанг..”.

  “Сиз..сиз.. уни..Бой хотинни менга чиз ..чиз деяпсизми?..” дейди ҳаяжонланаганидан сўзларни нафаси билан ютиб юбориб Раҳматулло..

  “Ҳар қалай...эчки каллали кетавр Шобон фермерни расмини ясаганингдан, Бой хоттини чизганинг яҳшимасми?...”  чойнакдан ароқ ичиб олган Омон рассом яйраб кулиб.

  “Дядя..я это не могу это делать.. она такая таинствинная..могушественная..нет я не могу его  рисовать..”..

  “Эй, Радикбой, ол  қазон кабобингни егин, сенга нега ҳар кун кабоб олиб  бераман..Калланг яҳши ишлаб Бой хотинниг портретини чизишинг  учун..да..” яйраб кулиб ёстиққа ёстланади рассом.

  Тоға ва жиян кулишади ва дастурхонга энгашишади.

  Шовон фермер узоқдан чойхонадан чиқаётган тоғали – жиян рассомларни кузатиб, қаҳ -   қаҳ отиб кулади. “Хотин.. девор боп сўзаналарни тезлаштиравер..  қўзи бераман дегин, мен ҳам ҳозир иккита овсар рассомни..как  10  та қўзи беришга рози бўлиб  келишдим. Биласанку.. йиқилган сурилган, қари – қартанг, майиб – мажруҳини   ҳам кимгадир сотишимиз керакку..яҳши  бўлди..Овозинг унча яҳши эшитилмаяпти, телефонга гапир.. Анови  божхона ҳудуди  ошхонасининг  эгаси ўзича смондан келганди. Мана  анқов  харидорлар оёғимизнингг остидан чиқди  қолди. Ҳа анови..Бой хотиннинг укаси Элму шапка  иккиласини ҳам томдан  ирғитворишибди. Ҳа..ҳаҳа.. йўл бўйида бўёқларга  қоришиб ўтиришган экан.  Нима овқат.. Бир килогина гўштни думба, оқ пиёз  билан қовур дегандимку..”..

  Шовон ҳар  кимсани магнит майдонидай чорлайдиган қорли  ярқироқ тоғларга, тоғ ёнбағридаги арчаларга, ҳовур кўтарилаётган тоғнинг яғринига ва ҳаво исиганига  дув - дув ҳавога кўтарилаётган майда қушларни  учишини кузатиб турди. Ана шу кенгликда гўё чўққилар бағрига қурилган мехмонхонасига ва ёғоч ўймакорлиги билан ишланган айвончаларига меҳр билан қаради.

  Ҳайт..ҳайт..“ деб ҳайқириб юборди. Товуши тоққа урилиб, акс –  берди, тоғлар, қир – адирлар уфққа туташиб кетган арчазорлар, “айт..айт...” деган садо берди.

 Шовон  чойхонадан қизариб чиққан Омон рассомни эски уйнинг айвончасига бошлади. У рассомнинг қизарган юзига ва  узун соч Омоннинг..узук тўла қўлларига ва бўйнидаги катта  -  кичик занжирлар ва туморларга ижарғаниб норози қараётган хотинини  кўрмаганга олиб ўтди.

  “Брат, после обеда все вещи принесу…и краски и гуаши ..”..дейди  ҳали ясалмаган чиройли портретларини  мехмонхонасининг деворида тасаввур этиб  яйрарди. Энди иш битганидан сўнг рассомларга бир оз баландроқдан муомила этиш учун рус тилида  гапиради.

  “Ука, менга ўзбекча гапиринг. Рус тилини ҳам қойиллатмаяпсиз...” дейди тили аччиқ Омон  рассом пиҳиллаб.

  “Ака, энди ..сизларни тушунсин деб ёниб куяманда..”..

  “ Шобон  ука, алҳамдуруллоҳ.. биз ўзбекмиз.. Радик ҳам ўзбек.. ота – онаси билан Питерда яшагани учун бир оз акцент билан гапиради, амммо..сиздан яҳши ўзбек тили қоидаларига риоя қилиб гапиради. Тўғрими, Радик..”..

  Раҳматулло қошларини кўтариб фермерга ёв қараш қилади.

  “Ҳўп, ана билдим, ўзбек экансизлар, унда  нега у жингалак соч рассомнинг исми Радик?..”..

  Шовон бўёқлари қуримаган дорга ёйилган сузана иплари, пиликларининг  ёнида турган хотини ва болаларига кўзини бопладим дегандай қисиб қўйди.

“Ну..энди Шобон ука..”  жаҳли чиқиб пиҳиллайди рассом. “ Радикнинг исмини..бобоси Раҳматуллохон..қўйган. Исми уч серияли бўлгани учун Радик деймиз..қисартирибми..эркалаб..Бунинг онаси менинг синглим бўлади..”.

  “..унда тоға-   жиян экансизлар...” дейди яна  мамнун   Шовон.

  “Шундай..” деб аҳири Шовоннинг довдир -  совдир гапларига рози бўлади Омон  рассом.

  “..аммо.. Шобон  укам. Бу оғилхонангиз  расм  чизишимизга тўғри келмайди. Сиз  муҳташам...портрет чизишимизни истасизми?..”.

  “..муҳта..муҳташааам..бу оғилхона эмас, художник ака..айвон..” дейди Шовон фермер  хўроздай бўйнини чўзиб.

  “..бизга анови янги уйнинг  болкон ..болохонасига жой қилиб берасиз. Биз ижод қилишимиз учун ..чиройли портрет чизишимиз учун ҳаво керак.. ”.

  “.. қандай ҳаво?..Ана ҳамма ёқ ҳаво..” дейди Шовон фермер ичи -  ичидан бу майпараст рассомлар билан сўзи  тўғри келмаётганини англаб.

  Шу он хотинининг огоҳлантирувчи, ҳал қилувчи паллаларда янграйдиган  SOS сигнал йўтали эшитилади.  Шовон.. серканинг огоҳлантирув  товушини подада ўтлаб юрган қўй мисоли  сергак тортиб, яна узун сочлари ва мўйловлари диккаяётган  рассомга қараб, кулиб юборади.

    “Ака. Ҳаво бўлса..ҳаво.. хотин Гулсар..янги болохона тўшалганми?..”..

  “Тўшалган..тўшалган.. кўрпача ёстиқ олиб чиқсак бўлди..ҳозир  қизларга айтаман..”..

    “..Кўрпа – ёстиқни  кечга тамон чиқарамиз, ҳозир стол -  стуллар керак.. Қани кўтар Радик..”..

  Шовон ўз уйларидай иккинчи қаватга кўтарилган рассомларнинг  майда -  чуйда тўр ҳалталарини олиб, уларнинг орқасидан югуради.

  “Гулсар.. чой...”.

  “..топган художнигингиз ҳам ўзингизга ўҳшайди. Эрталабдан ичиб олибди. Янги  уйнинг ишини шу ичувчилар билан бошлаймизми?..”.

 “Расм  чизиб берса бўлди, тилим  бор  сайрайверма..Сен нимани билардинг?”.

  “дада.. менга анор серкани катта қилиб чизиб берсин, мактабга олиб бораман..Болаларга кўрсатардим.” дейди фермернинг ўн ёшлардаги ўғли.

  “Илоҳим, анор серканг ўлиб, серкасиз қолларинг. Серкага бола борми?..” дея жаврайди пастда фермернинг хотини Гулсара.

    Ҳалта -  ҳулта, рюзаги ва кийимларини болохонанинг остонасига ташлаб “оҳ -  воҳ “ қилаётган рассомларга ҳайрон боқди. Миясида бу овсар рассомларга яна нима ёқмади”  экан деган фикр пайдо  бўлди.

  “Бу қандай  гўзал манзара, Шобон ука. Бу Швейцариянинг Давосида ҳам, Малазияси, Таиланднинг Пухкетида ҳам, Хитойнинг Ханжўсида ҳам йўқ. О, она маконим, О.о..онам Ўзбекистоним..”..дерди қулочини ёйиб Омон,  энди айвон  ўзлариники бўлгани учун.

    Давоми бор.

   "Гўзал" маҳалла. март 2017 йил.

- - -


< Orqaga qaytish