Энг сара асарлар

75  йиллик чинқириқ. янги ҳикоя.   Саломат Вафо


Marta o'qildi

75 йиллик чинқириқ. янги ҳикоя. Саломат Вафо

       Бу худо қарғаган жойга, қайси ақлли олиб келган экан. Бу  бинонинг совет даврида қурилган 9 қавати, саноқсиз синиқ ойналари, қайси бир аламзада ходимнинг бу ёруғ оламга  ғарибхонанинг борлиги  ҳақида бонг урмоқчи бўлгандай дераза ромига осиб қўйган қизил дуррами ёки аллақандай  газмол йиртиғи мотам  байроғидай  шамолда ҳилпираб    турарди. 

  Сайлхон студент бўлгани, оиласи йўқлиги ва   байрам кунида борар  жойи йўқлиги сабаб,  бир тўп дафтар солинган  сунъий чарм сумкасини қўлтиқлаб, ўтиришга қулай жой излаб юрарди.

  Бу кимсасиз  йўлакларга  асрлар сукунати чўккан, чанг босган, ёрилган, ўйнаб қолган пол таҳталари, орасига  кимлардир нос туфлаган, чой қолдиқларини ташлаган, одамзод  наслининг ибтидодан шаклланган  заруратининг бари бажарилган  эди. Байни иккинчи  жаҳон уруши даврида тутқун асирлар ишлаган узун катакомбаларни эслатадиган ҳира ёриган  каридорларга оғир жимлик чўккан.

  Бугун эрталабки соат тўртдан бошлаб, Тошкентнинг  икки юздан ошиқ масжитларида жума, ийд   рамазон намозлари ўқилган бўлиб,   сўфининг саси ва масжитларга йиғилган юз мингларча одамнинг “аллоҳу акбааар..” дея гувранганидан  эски бинонинг синган ойналари зириллаб, ичкаридагилар безоватадай силкинарди.  

  Бу бинода ишлайдиган қари -  қартангларнинг бирортаси  ибодат қилмасада,  жума намозига чиқмасада, мамлакатнинг байрами, таътилларидан фойдаланиб, умри давомида бу ҳароба бинонинг чанг микробларини ҳидлаб, акса уриб аллергия касалига чалинарди. Йиллар давомида деворлар аро йўталлар, аксалар сузар ва чанг - тўзонлар тўзғирди.   Бугунги  муборак  ийди қурбон байрами кунида уйларида қизлари, келинлари пиширган шакарли  бўғирсоқ, қуштили, ёғли қатлама, беҳили, олма,  олчали  кекс, сабзи ва пиёз қайласи солинган ўрама юпқа, серсабзи половни еб, кўк чой ичиб ўтирган бўлса ажаб эмас.

  Темир эшиклар даранг – даранг  урилиб, мовий ҳалат кийиб оғир қопларни орқалаган, судраган уч -  тўрт нафар  йигит  Сайилхонга рўпара бўлишди.

  “Бу  қопларда бир йил давомида   ёпилган ташкилотлар:  чарм заводи, “Сайёра” номли  чит   фабрикаси, 15, 23, 48 сонли   касалхона ҳужжатлари бор.  Кичикроқ қопларда ва катакли каноп сумкаларда  банкрот бўлган қўшма корхона бирлашмалари,  "Шудринг"   рақс дастаси,  кўрлар ансамбилининг архив ҳужжатлари жойлашган..Мана бу ҳужжатга  имзо  қўйиб беринг ” дейди  йигитлар шошиб.

  “Оғалар, бугун ҳужжат олиб келишади дейишмаганди. Мени ишга келганимга бир ҳафта ҳам бўлмади”.

  “Қўл қўйинг. Бу юқорининг буйруғи. Ана сўрғичи турибди, бузилмаган ”.

    Темир эшик даранглаб  очилиб, кўзлари ола – кула  қорни кулгили тарзда дўмпайиб чиққан, ўрта ёшлардаги  қоравул Шоди ака кирди.

  “Олинг, олинг қопларни.. йўлакни бўшатинг. Байрам куни  ҳужжат олиб келишга ҳаққингиз йўқ. Мен йигирма йилдан бери шу ерда қоравул бўлиб ишлайман, бу бола кеча келган ҳеч нарса билмайди”.

  “Сиз кимсиз?” хурпайди мовий ҳалатлилар.

  “Мен қоравул қўшини сардори Шоди Калоновман”.

   “Қоравул қўшни сардори..нимани қўриқлайсизлар ўзи бу ерда..тирик жон борми?”.

  “Ҳов, укам. Бу архив ҳужжатлари одамдан қиммат туради, билсангиз”. 

   "Одамдан нимаси қиммат туради?"  дея совуқ кулишди келганлар.

  Сурғучланган катта  каноп  қопларни  ишчи чумолилардай  тизилишиб  кўтариб турган мовий ҳалатлилар,  бошлиғи имоси билан, қопларни қоравул турган жойга  "тап - тап" ташлашди. Атрофга  чанг ва қоплардаги моғор хиди тарқади. Жавраётган қоравул қоплар орасидан  силтаниб чиқиб,  эшак ари талаган  одамдай қизариб турди  ва   минғирлай – минғирлай ғойиб бўлди.

  Тумшайиб ётган қаронғиликда  ҳаётдан  ва одамлардан узоқда айвон  ва қаронғу  саҳнларда ғалати сафарбарлик шовури  пайдо бўлган эди.  Узун катакомба йўлакларда ва йўлакларнинг ойлаб, йиллаб очилмайдиган,  эгаларининг оламдан ўтиб кетганига аллақачон 75 йилдан ошиб кетган делолар:   53, 71,  104, 97, 49... ва ҳаказо  хранилише[i] деб ёзилган эшикларнинг ортида шивир – шивирлар сизиб чиқарди.  Кимлардир полларни гурс – гурс босиб  юрар ва “эшикни ким очади” дегандай  тортишувлар бошланган эди.

  Рақамлар остида қотиб қолган темир эшик ортидаги оломон, гўё бугун  байрамлигини, масжитларда ҳайит намози ўқилаётгани  ва шу туфайли бинода ходимларнинг камлиги: бу гуруҳ  анқов студент бола билан Шоди қоринбой қоравулдан иборатлигини англашгандайи жонланиб қолган  эдилар.

  Сайлхон узоқ муддатли ҳужжатлар турган хоналардаги шовур -  шовурни, зириллаётган ойналар ортидаги  ингроқми, фарёдини аранг эшитаётгандай саросимада  беиҳтиёр  ўрнидан туриб,  қоравул ёпган эшикка қаради. 

  Эшикка ҳам жон киргандай бирдан  очилиб,   бир қиз  югуриб кириб Сайилхонга урилди.

  “Кўзингизга қарамайсизми?” дейди йигит ҳайрат билан  ва  қаршисида чиройли  қиз турганини кўриб жим қолади.

  “Ака, телефонингизни бериб туринг” дейди дабдурустдан у.

   Йигитнинг кўзи бирданига  зулмат чўккан, қоралигидан ялтираётган ойнага тушди ва

  “Сиз..нима қилиб юрибсиз тунда,  бу...бу ёпиқ  бино ”...деди.

  “Ака,  яқин орада   фақат шу ерда чироқ кўрдик, адашиб қолдик”..

  “Мана..нима  қиласиз телепонни..?” дейди Сайилхон.

  Сайилхон қизнинг   аллақандай номерларни “тиқ - тиқ” терганини кузатиб туради. Қиз “алё..алё..” деб телефонни юқорига кўтарганича антенна ушлайдиган жойни топиш  учун  мультфильм қаҳрамони  қуёнга ўҳшаббб “зир..зир..”  у ёқдан бу ёққа югурарди.    

  “Руслан, ман бу ердаман,  ойналари синиқ  сариқ  бинонинг ичидаман. Эшигидан тўғри кириб келаверинг ” деб  телефонни узатди...

  Шу он катакомба йўлакми ёки сукунат ва зулмат чўккан қаватларнинг бирида нимадир  пақиллайди.  Бутун бино йўлакларида “пақ - пуқ”  этган сас  садо бериб,  липиллаб турган электр  чироқ  ўчиб қолди..  

  Қиз  қўрқиб “ааа..” деб чинқиради.

  Йўлакларда  хира ёриган катакомбаларда худди чироқ ўчишини кутиб тургандай  ҳавотирли шовур – шовур бошланади. Кимлардир йўталиб ёки акса уриб эшикларни очиб ёпишар, цимент ва ёғоч полларга "тапиллаб" эгасиз делолар ва хат жилдлар тушарди.

  “Қўрқманг..байрамда зўриққани учун электр автомат отиб юбори. Ҳозир ёниб қолади”.

    Қаронғу хоналар олдида, йўлакларда  кимлардир тапир – тупур югуради: кулади, йиғлайди.

   “Мен Кисловодскка учишим  керак” дейди 97 сақланиш хонасидан эркак овози.

   “Менинг дамим қисади. Ишимни Урганч медицина  институтидан ТошМИга ўзгартирсам,  алкашлар, дайдилар ишлайдиган  моргга ишга қўйишди. Мен  моргда ишлашга қўрқардим. Дайдилар, кимсасизларнинг ташландиқ  жасадлари.. Мен у ерда онамнинг қўшниси икки , уч  йил олдин Моноқда  йўқолиб қолган Рўза тоторнинг ўлигини  кўрдим. У ваннада аллақандай кислотали сувда аъзои –бадани бўлка нондай шишиб  илвираб ётарди.  Балки.. у Тошкентга олий маҳкамага бировнинг ҳоҳиши бўйича бирор  иғво хатини олиб келган. Балки, иш битгач шўрлик тоторни гувоҳ қолдирмаслик учун ўлдириб юборишгандир. Энди тоторнинг муросани билмайдиган юраги ва  беором қалбининг оналик  меҳри, қизғонч ва ҳасад   туйғуларини кислоталар ютиб юборган эди”.

  “Ҳамма ёғим ачиб кетди. Мен яқинда туққанман, худо ҳаққи.. моргдан олинглар..Ўлиб қоламан” дея  чинқирарди 103 хонадан  овози буғиқ аёл киши.

   Йигит телефони  фонарини ёқиб, мурдадай оқариб, қалт – қалт титраётган, аллақачон қўрқинчдан саси чиқмай қолган  қизнинг юзини ёритди. Қиз сирли   зулмат оламининг  юзига тушган заиф ёруғлигида улканлашиб, қўрқинчли тус олганди.

  “Ака, ичкарида одам бормиди?. Улар ким эди?. Ёрдам бериш керакмиди?. Нималар деб бақиришди. Каридорнинг охирида морг бормиди?. Ака, аҳир эшикка ТошМИ архиви деб ёзилган-ку..”.. дейди нафаси бўғзига тиқилиб.

  “Синглим ўзингизни босинг,  бу архив, морг эмас”.

  Сайилхон қизнинг иссиқ аммо титраётган қўлини ушлади. Қиз худди сувга ғарқ бўлаётган одамдай  нотаниш  Сайилхонга  ёпишди.

  Катакомбанинг энг тўридаги аллақайси эшиклардан бири қаттиқ дукиллайди. Кимдир мисоли дев панжалари билан қулф эшикни уриб зириллатаррди.

  “Оч, оч ж...  мени қандай олиб келгансан бу ерга, сен ғаар менга  уйқу  дори  бергансан.  Оч эшикни... бу столда уҳлай олмайман, у темир ва совуқ. Бу ерда  ўзим ҳам нечча марта итларни, сичқон ва  каламушларнинг қорнини ёриб  операция қилганман. Ооо..ч.чч..оч..жалаб дедим сенга..”  дерди гулдиракдай овоз эгаси эшикни гурсиллатиб.

     Мудҳиш бинога  сукунат чўкди, дев панжа ҳориди чоғи, эшик ортида аллақандай  ўйларга берилиб, жимиб қолган  эди. Ҳар замон, ҳар замон столни чертиб, ҳўрсиниб   умидсиз  уфф тортарди. Аллақаерларда жумраклардан   пилчиллаб   сув томчиларди. Ҳар замон, ҳар замон аллақаерлардадир бузуқ  пионина клавишлари дараганлагандай бўларди.

  Яна узундан – узоқ йўлакларга эшиги  қараган қайсидир, 61, балки 219 хоналарда  тўпалон бошланиб қолди. ур - йиқит,   қочди – қувди  бошланиб кетди.

  “Қоч..қоч, дедим. Нега ҳирсдай лошингни менинг устимга ташлагансан?. Хоромзода.  Вой..нафас ололмаяпман.. Нега оёғимни босасан?. Нега маргарин ва  ўрик жэми  сурилган нонингни менинг  устимда ёйсан. Кеча, бекитиб қўйган зоғора  печчи ва қотган пишлоқларингни ушоқларини тўкиб,  устимда единг. Индамадим.  Сен кетганан сўнг архивнинг  9 қаватидаги  бари кўрма сичқон,  каламушлари, талабалар ётоғи  сичқонлари йиғилиб келди. У тишинг синиб   тушгур кемирувчилар, ўрик жэми, пишлоқ ва нон исини олиб,   ҳамма нарсани бирваракайига шатирлатиб  кемиришга тушиб кетишди. Бу темир комбайин оғзи  менинг ҳам ялмаб  кетишига бир баҳя қолди. Ҳали ҳам кўнглим айнийди.  Энди келсанг, ҳужжатлар таҳланган  қоп жавонининг остида қоласан. Оғирлиғингдан йиқиладиган этиб қўйибман.  Мен тамонга   47 рақамли   хонага йўлни унут  йўмасам ажалинг  бизнинг қўлимизда. Сен худо урган бандада..  одамийликдан  зарра туйғу қолган бўлса,  мендан узоқроқ юргин ”.

  Яна зулмат чўккан 9 қаватли архивнинг қайси бир қаватларида, алланарса қарс этиб, электр ялт этиб ёнди. Узун йўлакларнинг қаеридадир Шоди қорвул  “атофруллоҳ..астафуруллоҳ..ўзингга шукур эгам, шукур” дея сўйланади, аммо овози бир оз  қайғули таралди. Синиқ ойналар ортида машиналарнинг сигнали, шовуллаши ва олис - олисларда юк поездларининг "вуппиллагани"  дунёнинг осойишта ва  тинчлигидан далолат берарди. 

   Шу он дунёни нурафшон этган қадимий архив биносининг ўзи каби қари электр чироғи  лоп – лоп   этиб туриб, сўнг батамом  ўчди.  Қора бино қора ойналарини ярқиратганича шаҳар четидаги оғочзорнинг ёнида қаққайиб турарди. 

  “Ўўў..” деди чор атроф узун йўлаклар, қаватларни боғловчи зиналар, кундузлари гавжум бўладиган қабулхона ўриндиқлари, қаронғи бинонинг  атрофидан айланиб ўтаётган машина эгалари, неча –неча йиллардан бери  тунда 9 қаватли бинонинг ойналардан жим  қарайдиган, саноқсиз сақлаш хоналаридаги сон -  саноқсиз, делоларнинг ёш, қари, шифокор, ҳамшира, бошлиқ, қоравул, операция амалиёти билан  қорни кесилган сурнайчи, Африканинг Фил суяги мамлакатидан ўқишга келиб, маст – аласт оқ танли болалар эрмак учун  ўриб ўлдирган студент , сочлари патила - патила кўзойнакли пиониночи шарпалардай  яна ойналарга ёпишдилар. Эшик ойнаси йўқ Дарбанд қалъасига қамалган  тутқунлардай олисларда милтираётган  нурга мўлтираб  тикилдилар.

    Сурнайчи  жавонлар ортида ўтирганича, гўё  ўзи  учун чалгандай  ҳазин оҳангда   нола қиларди. Гўё оҳанглар бутун борлиқни, таҳланган ва чанг босган делоларни аллаларди.   Дераза ойналаридан чироқлари маржондай сочилган йўлларга, оғочлари қизғиш ёритилган неон чироқлари,  ҳар хил даврнинг тик турган, ўриндиқда ўтирган хотин ва эркак ҳайкаллари, от минган  полвон одамнинг ва қозондай салла ўраган, бир қўлида довотга  ботирадиган пар тутиб ҳаёл суриб  ўтирган хайкаллар заррин алвон рангларга буркаганди. Бир қарашда тандирда  ёниб тугаган оловнинг   қип – қизил чўғ каби чироқлар билан чороғон   ястланиб ётган Тошкентга қараб, оҳ  ва  уҳҳ  тортишарди. Улар шу тутқун ҳолида ҳам шаҳарни азиз ва соғинчли  ҳисобламоқда эдилар. Йўлларда елаётган ялтироқ машиналарга, ойнаванд кафелар ва баҳайбат шишаванд супермаркетларга ҳавас билан боқишарди.

   Дераза олдида жой етмай қолган  ёш қизлар  оёқ остида изиллаб йиғлайди. Сурнайчи сурнайини мунгли – мунгли  чаларди. Тартибсиз уйилиб ётган қоғоз жилдлар ортида кимдир сассиз -  садосиз изиллайди. 

  “Ҳар бир эшигига отнинг калласидай қулф урилган, бу   эшик қачон очилади? ”.

  “Бизни қачон  қутқаришади?. Ким қутқаради?. Бизга қаровчилар, бизни сақловчилар, албатта ўлиб кетган бўлса, додимизни ким эшитар?. Дело жилдимизни мухрлаган, сўрғичлаган архивнинг кўзойнакли каламуш қиёфа  хотинлари қаерда?.  Анови янги  ишга келган оғзидан овуз сути кетмаган жўжаҳўрозлар нени ҳам биларди. Ҳ али чироқ ўчиб,    қора қайғу қоплаган бу қора бинони зулмат сукунати қоплаганида, анови Сайилхон дегани иштонига сийиб қўймаган бўлса, отимни бошқа  қўяман.”.

  Яна ўтган вақт каби сарғайган йўлак катакомбанинг қулфли эшиклари дукиллаб урилиб, юзларча, мингларча одамларнинг ҳайқириқлари, фарёдлари  тутиб кетди.

 “Очинглар, биз ҳам одаммиз. Очинглар..Қачонгача бу ерда ётамиз?”.

  “Эшикнинг ҳамма мухрларида  75 йил сақлансин, деган  ёзув бор. Аҳир, биз  бу ерга келганда ёш ва навқирон эдик. Ҳар биримизнинг келганимизга 85 йил, 98 йил ва 113 йил бўлди.  Бизнинг дардимизга қулоқ соладиган инсон  борми?. Бу тутқунлик азоби қачондир битиши  ва сўнгги   бўлиши керакми?”.

  Ҳужжатлар сақланаётган хоналарнинг деразаси, эшиги олдида жой етмай, уймалашаётган одамларнинг оёғи остида қолган уч – тўрт нафар ёш қизлар ва ўғил болалар, гўё айтим айтгандай,  гўё бир –бири билан ҳазиллашгандай  йиғлашарди.

  “Она,  мени ким олиб келди?. Бу ерда янгиманми?.  Аҳир, мен  тантаналар ҳиёбондаги  ҳуқушунослик  институтига  киргандим. 13 август..2014 йил.  Бухорога жўраларим билан кўришиб, ўқишга кирганимни суйинчалаш учун боргандим. Айй..гуноҳим не..энди 18га киргандим.  Мен Бухорода  мангу қолиб кетдим.  Онажон, кимлар боғлади кўзимни, кимлар боғлади қўлларимни. Онажоним, мен кўзимни бу қаронғи дунёларда, чанг босган уйилган ҳужжатларнинг ичида очдим.  Кўзларимга чанглар тўлди. Онаа..нега мен ўлдим. Ҳар кун деразадан кўриб тураман,  менинг  ўрнимда институтга  бораётган:  сингилларимни аянгникига борма, у сени расмга тушириб, сўнг интернетга қўяди  деб  калтаклаётган  ким у?. Нега у менинг кийимларимда, нега у менинг хонамда.. нега менинг қиёфамда.. Онажон, онажоним, менинг овозимни, дардимни ким эшитар?. Бизнинг фожеали тақдиримиздан одамлар хабар топармикан?.”

  Дераза олдидаги, қаронғи ойна шишаларига қапишган  юзлаган, минглаган қиёфаларнинг ҳитоблари, ёзғиришлари остида студент боланинг қизларникидай  йиғиси эшитилмай қолади.

  “Боламм...Искандар.. аҳир, болам,  мен ҳам шу ердаман. Мени ҳам Дархондаги уйдан олиб кетдилар, бу уйни аянгнинг уйини таъмирлаган усталар ясатди. Балки, ётоқхонадан қўшни подъезд уйга эшик очишгандир.  Ва бир тунда ўлим уколлари қилингандан  сўнг, мени  катта жамодонга солиб, машинага ортиб олиб кетишгандир,  болам.  Воҳ   қизларим... Уларга ким она бўлди?. Аҳир,  у бўйи паст аёлни  аввал  уйда кўрганман.  Калта тарвайган оёғини яшириш учун шим ёки узун кўйлак кияди.  Мен Жасминани  2004 йил туққанимда..у  аянгларга яшаш ва  ўзбек тилини  ўрганиш учун келган япон хотини қиёфасида келган эди. Демак, улар мендан кизларни дунёга келтиришда   сурогат она* маъносида фойдаланишган. У япон хотин...янги туғилган қизини кўришга келган.  Ё, раббим, бизни шиша идишдаги кўрсичқонлар каби экспримент қилишган, истаса туғрдириб кўпайтирган, истаса ўз боламни қорнимдалигида туғилишига бир ҳафта қолганда ўлдиришган. Оҳ, болам уйларни уй қилганимизда, бева  бошим билан сени ва сингилларингни оёққа қўйганимда...орадан  12 йил ўтиб...2015 йил май ойида.. ажал қиёфасида кириб келишди.  Нима дея оламан, сенга...Энди, у  ёқда журналист опам  бор, иншаллоҳ бир куни халос бўламиз, боламм..”.

  “Бизни ҳеч ким қутқаролмайди, хола.  Мени ўз никоҳ тўйимдан олдин олиб кетишди. 29 сентябрь 2014 йил. Уйимизнинг ёнидаги улкан эгасиз уйда 3 кун уҳлатиб қўйишди. Минг ланъат сенга Ҳаёт Шарифхўжаев имонингни, миллатингни  ётларга сотган....мени ва яқинларимни ҳаётидан жудо қилдинг.  Ҳеч ким ҳеч нарса қилишолмаслигини билишгач,  ўртага олишди. Оҳ жуда оғриқли бўлди, хола. Мен ёш ва соғлом бўлганим учун: юрагимни, буйрагимни..эркаклигимни..  барча  ички аъзоларимни бир -  бир кесиб олишди...Сўнг кўзларим тупроққа тўлди, паҳлавон гавдамни   кунба – кун қурт – қумурсқалар кемирди.  Эҳ, аямнинг  ёлғиз ўзи  нима ҳам қила оларди?.  Унинг  қаламидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ.  Уйимизга  отам  ва менинг ўрнимга: ёт, бегона   эркаклар аллақачон ўрнашиб олган. Аям, бизни қутқариш у ёқда турсин, мени, Искандарни ва хола сизни қиёфадошларга алмаштирганларини ёзгани учун уни жиннихонага ташлашди. 2015 йил 28 майда.. Жами  операция оҳирига етмагани учун Аямни  ҳозирча ушлаб туришибди”.

  “Қандай операция?” дейди ҳорғин умидсиз хотин товуши.  

  “Нобел мукофоти бериш маросими..2016 йил 4 декабрга белгиланган..Шундан олдин ёзувчи  аям Саломат Вафони  алмаштириб юбориш режа этилган..Балки..сўнг приезидентлик сайловида  унинг ўрнида двойник хотин қатнашади..Мен онамни бу фожеалардан келаётган ҳавфдан  огоҳлантирай дейман, аммо  онамнинг баданида юксак частотали микро узаткичлар бор..Бу ноно технологиялар асбоблари.. Биз унинг яқинига боролмаймиз, биз унинг  тушларига киролмаймиз.. ”.

  “Қудратли тангрим, энди бизга йўл йўқми?. Тушларга киришдан ҳам маҳруммизми?.  Наҳотки, бу сулоладан 7 нафар одам қатл этилганини ҳеч ким билмаса..Олам огоҳ бўлмаса... Ўқитувчи онамнинг фарзандлари: Саъдулла оғам ва унинг хотини Бахтигул бийим,  Турсуной апикам, Даврон оғам, оҳ  менинг Искандар болам ва сен тўйдан олдин ўлдирилган  Ҳумоюнбек..ва мен ўнлаган  уйлар, дўконлар, икки -  уч килолик олмос ва олтинлар учун ўлдирилган нотариус  Ёрқиной  ”..дея баланд - паст овозда оҳу -  фарёд чекиб  йиғлашарди қариндошлар.

  Яна тўққиз қаватли мудхиш қора бинонинг 9 қавати, йўлаклари, зиналари, сон –саноқсиз қулф осилган сақлаш хоналари  увиллай бошлади.

  “Дунёда ҳеч сир яширин  қолмаган, Саломат Вафо номи дунё саҳнасида  пайдо бўлиши билан  дело эгалари оёққа туради..Тайёрланган мақола ва фотолар пайдар – пай дунёнинг ҳар бурчагида газета ва ТВларда чиқа бошлайди.. ”..дея ҳитоб этади  қора бинонинг қора эгалари.

   Зулмат оламини  нурафшон айлаб бинода  яна чироқ лоп этиб ёнди..

   Чироқ ёнишини  кутиб  тургандай, қўлида телефон билан  Руслан деган паҳмоқ соч, тирсакигига сариқ ямоқ солинган чарм куртка кийган ўрта бўй  йигитча киради. Йигит қиз иккаласи бир – бири билан қучоқлаша кетади. Туну – кун ёниб турадиган неон чироқлари севишганларнинг ҳаяжонларини тўла кўрсатолмаслигини билгандай лопиллайди.  Руслан паҳмоқ сочнинг  изидан етиб келган  қари исковуч итдай Шоди ўзи айтганидай  қоравул отрядининг бошлиғи,  Сайилхонга қўшилиб анқаяди.

   Эски эшик, ойналар ва уларга осилган тўр дарпардалар  негадир титраб кетади.  

  “Биз  ажраҳо ялагандай шип – шийдонмиз. Ҳужжатларимизни университетда йўқотдикми, бекатда қолдирдикми билмайман”.

  “Моие...”  ғалати товушлар чиқаради Сайилхон.

  “Дўстим, шу ерда эрталабгача ўҳласак бўладими? ”.

  “Қанақа эрталабгача, қанақа уйқу, эс – песинг борми, сен боланинг..Бу ер сенга мехмонхона эмас.Бу ерни архив, аррхивв деб қўйибди”.

  Қоравул  ҳокимият  текканидан кеккайиб, мўйловини типратикандай тиккайтириб, мисоли Руслан деган паҳмоқ сочга санчиб оладиган сассиқ кўзандай шишади.

  “Байрам кунларида архивга  бош..мен масъул оддамман. Чиқинг Шоди ака, анови қути, буткангизга... ” дейди чийиллаб қизариб Сайилхон, айни шу лаҳзада бирдан  улғайиб қолгандай бўлади.  

  Шоди ака  кеча келган ёш боладан  бундай муомила кутмагани учун жим қолади ва  аста чиқиб кетади.

  “Мен сизларга архив иш ўрганувчиларининг хонасини очиб бераман. Бу ерда турадиган қизлар ҳайит байрамида қишлоғига кетишган.  Жун одеаяллар билан ўраниб оласизлар”.  

  Аллақаерларидадир сичқонлар чийиллаб, сувараклар шитирлаб жой талашаётган узун катакомба йўлакларидан эски полларни  ғарч – ғурч босиб  юриб  келаркан, Сайилхоннинг кўксидан тоғни ағдарган одамдай ғурур туярди. Совет тузуми ағдарилганига йигирма йилдан ошган бўлсада, унинг сўнги шарпалари, бу худо қарғаган архив – катакомбада сақланиб қолган эди. Сон – саноқсиз тахта эшикларга “1 хранилище”, “2..3..10..18..23..103 хранилище” деб ёзилган ва сақланиш хоналарининг  лиқ тўла токчаларида “75 йил сақлансин”  деган  сиёҳли тамға босилган   эди.

“75 йил сақлансин”.

   Йўлакнинг қоқ марказидаги ойнаванд саҳнда столларнинг устида ташкилотларнинг, бирон корхоналарда ишлаган одамлар рўйхатига  тўла,  хат  ва китоб жилдлари  қалашиб ётарди. Ўнлаган чанг босган хат жилдлар ва уларнинг ичидаги юзлаган тақдирлар, армонлар,  сарғайган фотолар..фожеалар.. Кимлардир таътилда Кисловодскда дам олган,  қимдир, бўшаш учун ариза ёзган, кимдир уйланган эди. Яна бировлар  онаси вафоти муносабати ёки Россиянинг ноқоратупроқ ҳудудига  кўчиб кетиш учун ёзган аризалари..Кимнинг ўқиш таътилига чиққан, кимнинг делосига  бугунги кундан узоқ санъа, масалан 1925 ёки 1935 туғилган    деб ёзилган эди.

   Ўзи билан фамилядош одамларнинг хат жилдини кўриб кўзлари чақнаб кетди. Фақат бу одамлар Сайилхондан икки, уч мучал катта,  Қурбонов Фарҳод 1923 йилда Тошкентнинг Октябрь тумани, Толариқ маҳалласида туғилган.

  “Жииимм..” этган  сукунат чўккан эди эски қоғозлар, қарғишлар, қайғулар  салтанатига.  “Жииим..” дерди сув оқаверганидан сарғайиб кетган  жумраклар. “Жииимм..” дерди зирилдоқ ойналар, талаба қизлар унутган дарз кетган кўзгулар билан қўшилиб.  

   “Жииим” дерди эгаси аллақачон дунёдан ўтиб кетган Ёрқинойнинг  сарғайган  расмлари.  “Жииимм” деб йиғларди қўлида гул кўтарган куёв либосидаги қоп -  қора костюм – шим кийган  узун бўйли Ҳумоюнбек.  “Жиимм” дерди  йиғи аралаш, барча ҳужжатлари, расмлари ўзгартирилган  талаба Искандар.

     Рақамланган ва катта қулфлар осилган ҳасратлар, қайғулар, хотиралар, эҳтирослар, уфунат, қоғоз иси... эскирган атир хидлари қамалган,   занглаган темир қулфлар осилган эшиклар “жии...иимм..” дерди.

   Кўзёшлар ва ҳасратлар бор эди саржинланган сарғайган  қоғозларда . шодликлар,  армонлар ва ғуссалар  хукмрон эди бу йўлакларда. Бу ҳудуднинг оғир, чангли ҳавосида унутилган инсон хотиралари  ҳасрат чекарди. Тун бўйи узун йўлаклар, дераза  ойналари остида, лопиллаган полларда  шарпасиз юриб чиқарди  қулфли хоналардан, темир эшиклардан чиқишни истаган маюс хотиралар.

    Деразаларда ойна шишалари билан қотиб – қолган қаронғи тун, кишининг миясида  фикр туғдирмаган  ҳолатда,  қаттиқ жисмдай  бегона одамдай қараб турарди зулмат .  

   Сайлхонинг мияси 75 йилдан ортиқ муддат сақланиб, ёқиш, сувга оқизиш, кулини кўкка совуриш ходимларнинг  ёдидан кўтарилган чанг босган делолардай тўҳтаб, сукутга чўмиб қолган эди.  

  Сайилхон  архив бошлиқлари ажратган хонасига келиб енгил  нафас олди. Аммо   ёши улуғ рус хотинлари эрталаблари кийиб  чопадиган оч тўқ юпқа спорт либос  кийиб,  пишиллаб нафас олаётган сал кам бегимотдай семиз одамни кўриб тили каламага келмай  қолди. Бу одам, гўё  ҳар тун дело эгалари йиғлаб – сиқлайдиган ва оҳир -  оқибат қаронғу – зулматга чидай олмай  исён кўтарадиган қавм орасидан недир ваколат билан келган одамга ўҳшарди.   Бу одам хўппа семиз ҳаво шаридай думалоқ ва таранг гавдасини хонанинг у ёқ, бу ёғига олиб, пишиллаганича уринган, сизилиб кетган атлас  - кўрпа ёстиқларни Сайлхонинг кровати қаршисига жойлаштирарди.

  “Ия, ассалому – алайкум. Сиз..”..

 “.менми..мен чарм заводининг собиқ директори  Отакаман. Кархонамиз эски кўн усулида ярим қўл иши билан қилинарди. Ён атрофимизда янги технологиялар билан ишлайдиган автомат заводлар пайдо  бўлиб, биз у ёқ бу ёғи, беш юз олти юз одамнинг оиласини боқиб турган кўн заводи синди қолди. Таҳлам -  таҳлам мол териси  таҳланиб қолаверди.  Э, болам, ўзинг кимсан, иккинчи қоравулмисан?. Мен кўн заводимнинг ҳужжатларини архифга топшираман десам, заводда пул йўқ.  Ҳар бир инсоннинг ҳужжати 75 йил сақланиши учун , ҳар бир папкага ҳазилакам пул эмас, 34 минг сўм тўлашим керак. Хуллас, нари -  бериси 100млнга яқин пул тўлашим керак экан. Шунинг учун  ўзим архипга кела қолдим. Беш олти ойгача одамлар, бошқа ишга жойлашгунча маълумотнома ва ҳужжатларни бериб турсам, у ёғи бир гап бўлар. Аммо...архипингни аҳволи чатоқ, шароити ҳароп экан ”.

  Сайилхон адас кўрпали –ёстиқли  бегимотнинг гап -  сўзларидан  сувга бўккандай серрайиб, турар ва унинг ҳаракатларини бефарқ ҳолда  кузатарди.

  “Ана, энди, ўзинг жавоб берасан. Бу ҳар бир банкрот бўлган ташкилот  завод фабрика эгаси келиб ётадиган, одам архиви эмас, документларнинг архиви..Бу ерда одамларнинг ётиши мумкин эмас. Сен бола, ҳали жуда осмондан келаётгандинг, энди бу саёқ одамни давлат қарамоғидаги жойга киритганинг учун  бошлиқларга ўзинг жавоб берасан” деди  Шоди қоравул отрядининг бошлиғи мўйловларини тиккайтириб,  аламини олиш фурсати келганига кеккайиб.

  “Отставить, шагом марш..” деди бирдан думалоқ ҳаво шари, бегимот қаддини ростлаб пишқирди.

  “Ммм..уу..” деган унлар чиқди довдираб  Шодининг мўйлови остидан.

  “Қоравулмисан, бор эшикни қоравулла. Мен директорман, сенга ўҳшаган мияси суюлган қоравулнинг беш -  ўнтасини  тузланган мол терисига ўраб  ақлини киргизганман. Қаҳримни қўзитсанг, ана у ёққа қамаб қўяман,  дело эгалари йўл излаб кимдан ҳусурини олишни билмасдан ўтиришибди. Уларни ҳеч қандай куч қудратли кўзга кўринмас самолётлар ва ҳатто атом бомбаси ҳам тўҳата олмайди ”..

  “Ака, Шоди ака, бизнинг қоравул,  ҳужум  қилишга ҳаққингиз йўқ” деди Сайилхон бужмайиб улкан мўлов, типратиканга айланиб қолган қоравулга раҳми келиб, ҳалиги гина қудратларни унутиб. .

     “Қоравуллар билан  гаплашиш менинг компитенциямга кирмайди. Қани марш..эртага рахбарлар билан  юзлашаман. Сенга етадиган тери  ҳали бор..”.

  Бу  қора одамнинг ўзига ишончи ва баҳайбат қора гавдаси ва Сулаймоннинг девидай наъра тортиши  Шоди қоравулнинг ўтакасини ёриб юборди. Шохи синиб бурчакда турган  Сайилхонга журъатсизгина бир қараб олиб, ҳалиги шахдидан асар ҳам қолмай аста сирғалиб чиқди.

   Яна аллақаерларда катакомба йўлакакаларнинг адоғида, гўё инсонларнинг бардоши ва сабрини синаётгандай, совет давридан қолиб кетган ўт паравоздай  пақ – пуқлаб  яна лоп этиб электр чироғи ўчиб қолди.

    “Ана ҳалос, архифда ҳам свет ўчадими..Ўзи байрамда келиб ҳато қилдим. Ҳей бола.. понар – сонар борми бу ерда?”.

  “ Понор йўқ”.

  “..Бу светчиларни ё сизларда, ёки менда қасди бор.. Бу чироғинг тирик одамга ўҳшайдику,  ўзига керак пайтида ўчади..қаршимда стол бор эди. Олиб ташлагин шуни..” деди қаронғилик бағридан пихиллаб бегимот амаки.

  “Менга қўлингизни узатинг, кроватга ўтқизиб қўяман” деди Сайилхон узун қўллари билан қаронғиликни пайпаслаб.

  “Нимага қўлимни узатаман, аллақачон кроватда ўтирибман” тўнғиллади қора киши .   

  Қаронғиликнинг аллақаерида   одамларнинг ғола – ғовури, эшикларнинг очиб ёпилиши, машиналар ва Шоди қоравулнинг  норози овози  эшитилди.

  “Бор, анови лакалов қоравулдан хабар ол. Уриб бошини ёришмасин”.

  Шу он архив биносининг зулмат чуккан тўққиз қаватининг темир эшиклари дукиллаб – дукиллаб туриб, шарақ – шарақ   очилиб, одамларнинг енгил тортган шодон ғола – ғовури эшитилди.  Сайилхоннинг баданидаги миллион туклари қурқинчдан тикка бўлди. Отака шўрлик студетнинг аҳволини англагандай, “бор, р, иштонингга сийиб қўйма, анови шўртумшуқ қоравулнинг ёнига бор. Бу ёғини ўзим...”..

  Сайилхон архив биносининг қуюқ қаронғилигида қўл телефонини чироғини милтиратиб,  эшикларни бир – бир очиб аста ташқарига йўналди. Тепа қаватлардан   инсонларнинг  шовқин – суръони эшикларнинг ғийқиллаб  очилиши ва сичқон, каламушларнинг  чийиллаши  эшитиларди.  Одамларнинг ғола – ғовури, Шоди аканинг қаттиқ – қаттиқ сўзлари  эшитилаётган  шимолий эшикка   қараб юрди.

  Сайилхон эшик олдидаги манзарадан чўчиб  кўзлари ярқ этиб  очилди: қўл телефонлари ва шишали шамларни боши узра кўтарган минглаган оломон чайқаларди.  Одам  денгизи  қўзғолиш  баробарида “..ҳамширалар чиқарилсин..куёвлар озод қилинсин.. студент  зудлик билан қўйиб юборилсин..нотариус Ёрқинойга озодлик..” дея гувранарди.

  “Буларнинг кўпчилиги ҳайитда қариндошларини кўришга келибди. Анови соқолли ва дўппилилари тўғри намоздан чиқиб келибди. Интернетдан “..бизни азоб – уқубатдан  қутқаринглар..” деган хабар олишибди.  Бир нарса дегин, байрамда кириш мумкин эмас дейсанми?”.

  “Қанақа хабар.. биз дунёнинг барча тилларида SOS…SOS чақириқларини олдик.  Чақириқ шу манзилдан тарқатилган эди ”. 

   “Оғалар, укалар..биз кичик одамиз. Сизлар билан мулоқот этиш бизнинг компитенциямизга кирмайди”.

  “Эй, олифта қандай конпитенция?. Бу ерга кимни қамаб қўйибсиз, бир оиладан 7 одамни қатл қилиш...15 чи асрда ҳам юз бермаган қотиллик.Чироқнинг ёнишини ҳам кутмаймиз.   Бошиғингни чақирсанг чақир, бўлмаса ҳозир эшикни бузиб кирамиз”.

  Телба оломоннинг бузғунчи ҳитобларини эшитиб ўз ишини ҳалоллик ва адолат билан бажарадиган Шодининг мўйловлари тиккайиб кетди. Ва беиҳтиёр қари, туллаган калхатлардай қулочини ёйди.

  “Унда икки  минут кутинглар,  ичкарига кириб, Одилжон Ҳамидовга қўнғироқ қилиб келаман. Шоди ака буларнинг саволига жавоб бериб туринг”.

  Сайилхон телефонини боши узра кўтариб, гўё Оцвенсем ўлим лагеридан бутун – бутун халқлар ва  элатларни қутқариш учун бораётгандай  қоқилиб – сурилиб олдинга югурарди.  Йигит йўлакнинг сўнгига етганда қалқиб, телефони қўлидан отилиб аллақаёққа тушди.  Бутун оламни зулмат қоплади, энди на эшик, на йўлак, на телба оломон, на ташқарида гувиллаётган ҳаёт бор эди. Бутун олам зулматдан иборат эди.  “Жиим.. ” дерди деразасиз дунё. “Жиим..” дерди эшиксиз дунё. “Жиимм..” дерди қаронғилик ортида,  чанг босган йиллар ортида пўсиб ётган студент Искандарнинг, куёв Ҳумоюннинг... ҳов .. эски ишини қумсаб сарғайган ва чанг босган қоғозларни титиб  туну – кун йиғлайдиган нотариус Ёрқинойнинг.. қотиллари..

  Шу лаҳза дунёни порлоқ ва ойдин нурларга тўлдириб электр чироғи ёнди. Йўлаклар шифтига ўрнатилган эски неон чироқлари, ҳира  лампочкалари  “вағиллаб..ғинғиллаб..” ишлай кетди. “Ест..” дея сакраб ўрнидан туриб, оёғи остида ётган  телефонини олганича ичкарига чопди. Югуриш  тезлигида чироқ ўчиб қолган  вақтда бегимот Отака инфарк ҳуружига учраб қолмаганмикан дея ўйлаб борарди. Бурчагиги эски шолча тиқилиб қолган эски тахта эшикни қийналиб очиб, ҳангу -  манг остонада тўҳтаб қолди.  Хонада Отаканинг боғланган ва қопли ҳужжатлари, эскирган, мотолари сизилган кўрпа тўшаклари ва семиз Отаканинг ўзи кўринмасди.  Эски кўн  заводининг  бошлиғи бўлган Отака дераза ортида мунтазир турган  ош тузи билан ишлайвериб термит чумолилардай чидамли ишчилари заволсиз  лашкаридай  ярим очиқ эшиклардан қоплар, ҳужжатлар, кўрпа – тўшак ва хўппа семиз Отакани ҳам  кўтариб кетишгандай  эди.

  Деразасидан тун хўмрайиб боқаётган катакомба йўлакларида нелардир тарақлади. Сайилхон эшикни очиб йўлакка боқди ва темир эшиклари юз йиллар давомида тамғаланган  ва “75 йил сақлансин” сиёҳли мухри урилган эшиклар ланг очилиб ётарди. Очиқ эшиклардан ерга қулаган  жавонлар, стол -  стул синиқлари, йиртилган,  ғижимланган қоғозлар, студентларнинг йиртилган сумкалари, тўйларда келин – куёв кўтарадиган қуриган гуллар,  қаймоқли печенья,  шакарли қотирилган нон, шўртак ер ёнғоқларнинг катта – кичик елим ҳалталари,   сарғайган катта -  кичик эгасиз фотолар...эгасиз хат жилдлар сочилиб ётарди.   Зулфи шамолда эшикка тақ -  тақ урилаётган бошқа хоналар ҳам шип – шийдам вайрон эди.

  Сайилхоннинг содир бўлаётган воқеалардан мияси фикрлашдан тўҳтаб қолганди. Қўл – оёқларининг амрига бўйсуниб, ортга қайтаётганда жавон синиқлар ва қоғозлари уюмлари остида кимдир инграгандай  бўлди.  Йигит ўзига қараб турган нурсиз ва қариб ҳиралашган кўзларни кўрди.

  “Ота, бошқалар қаерда?.”

 “Отака..Отака...ярамас қора ғўла..Мансур Ҳаллож.. уларни..ҳаммасини қутқариб олиб кетди”..

    Узун катакомба чироқлари лопиллар, дайди шамоллар ташландиқ қоғозларни учириб юрарди...Олис -  яқиндан машиналарнинг гувиллагани ва одамларнинг шошқин ғола – ғовури эшитиларди.

     21 августь 2016 йил

    Тошкент шаҳри, “Гўзал” маҳалласи.     

 

 

 

 

 

- - -


< Orqaga qaytish