Энг сара асарлар

Сэ Бин Син (1900-1991).  Хитой шеърияти туркумидан.  Гулноза Аъзимова таржимаси


Marta o'qildi

Сэ Бин Син (1900-1991). Хитой шеърияти туркумидан. Гулноза Аъзимова таржимаси

Сэ Бин Син
(1900-1991)

Сэ Бин Син шоира, эссенавист, таржимон, шунингдек, болаларнинг севимли ёзувчиси ҳамдир. 1926 йил АҚШда адабиёт магистри илмий унвонига сазовор бўлди. Хитой университетларида дарс берди. 1954 йилдан сўнг бир неча бор давлатнинг олий кенгашига депутат этиб сайланди. Шу билан бирга Хитой Халқ Республикаси ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган.
Сэ Бин Син ўз ижодий фаолиятини 1921 йилдан сўнг бошлаган. Унинг шеърларида япон шеърияти, хокку ва танка анъаналари, шу билан бирга Р.Тагорнинг услубияти акс этган. Шоиранинг “сяо ши”– қисқа шеърлар жанрида ёзилган “Юлдузлар”, “Баҳор сувлари” тўпламидаги шеърларида мавҳумлик ва хаёлийлик ҳислари акс этган.

* * *

О, ёшлик!
У худди бир туш,
Узоқ тушдаги ҳақиқат,
Мени ёшлик ёдга олиши учун
Мен кўз ёшларим
Ва… ва табассумим чорлайман.

* * *

Менинг юрагим –
Денгиз тўлқинидаги
Ёлғиз сузаётган кема мисоли.

* * *

Бахт бамисоли нозик новда,
Сирли тақдир кафтида турган.
Уни излаб топмоқ истасанг,
Одамларга юрагингни оч.

* * *

О, ёшлар!
Келажак хотираси учун,
Фаҳмланг ва яратинг
Бугуннинг суратин.

* * *

О, шамол!
Пуфлама намни қўлларимга,
Майли, у ёритсин узун ва қора,
Келажакка интилган дўстларимнинг йўлларин…

* * *

Сукунат чўккан дам, бу–
Қўлларингга қалам тутиб,
Оқ қоғозга теккизишга ботинолмай турганинг.

Ванг Вей Дэ

Шоир Ванг Вей Дэ халқ учун ўта тушунарли бўлган “бай хуа” (сўзлашув тили)да шеърлар ёзган. Содда халқ унинг шеърларини сўзлашув тилига яқинлаштириб ёзилганлиги учун ҳам севиб ўқиган. У шеърларида француз символизмига ўхшаш элементларни қўллаган. Унинг шеърлари кўпинча 1932 йилда чоп этила бошлаган “Сян дан шэ” (замонавий шеър) журналида мунтазам чоп этилган.
Ванг Вей Дэ шеърларида севги лирикаси устунлик қилади. У аёллардаги ботиний муҳаббатни, қолаверса тақдир зарбаларига учраб топталган меҳр- оқибатини ўз шеърларида ифодалаган. Чин севгисига жавоб тополмай, соғинчларда бағри қон бўлган садоқатли лирик қаҳрамонни “Денгиз шовқини” шеърида баён қилган.

ДЕНГИЗ ШОВҚИНИ

Ўша куни мен ва сен денгизга бордик,
Сен менга бир қулф-калит бериб,
Дединг: Сени юрагинг эшикларини очмоқ учун,
Менга юрагингга киришга ижозат бердинг,
Менга юрагингга киришга ижозат бердинг,
“Илтимос, уни сақла,
Илтимос, уни асра”.

Бугун у мени яна ўша эшикни очмоқ учун чорлади,
Менинг калитим денгиз соҳилида йўқолди.
Кун бўйи денгиз соҳилини ахтариб,
Самодан шундай садони тингладим:
“Керак менинг юрагим,
Менинг юрагим керак”.

Дай Ван-Шу

ЁМҒИРЛИ ХИЁБОН

Ёмғир оша ёлғиз кезяпман,
Хиёбон узун ва йўлим ғамгин,
Аммо бу йўлдан қайта олмайман:
Биргина умид билан ёнаман. Оҳ, тун,
Орзу ўтини қўлида ушлаган
Алвон чиннигул каби ёндирганни менга кўрсат.

Унинг юзидан, чиннигул янглиғ,
Нотайин ғам-ҳасрат уфурарди,
Гул атри билан
Ўз атрофини чулғарди.
Ғамгин ва мотамсаро юз билан
У ёрқин чечакни эмас, балки
Ғам-андуҳни хиёбон бўйлаб олиб ўтганига
Менинг ишончим комил.

Худди мен каби ёмғир оша
Бир ўзи беҳуда кезмоқда.
Қўлида ўз шамсияси ва
Ёмғир уни тинимсиз саваламоқда.
Ғам-андуҳни енгишга у қодир эмас:
Сукутда, ҳасратда кезади у жим.

Мен сари яқинлашар экан,
У сукут ва ҳасрат билан
Узоқ-узоқларга нигоҳ ташлади,
Тушдек тушунарсиз бўлган бу нигоҳ
Бўшлиқ бўйлаб нола янглиғ таралди,
Аммо тез орада у сўнди.

Қиз ёнимдан чиннигулдек ўтиб кетди,
Ёмғирда мен уни зўрға фарқладим,
Орзудай мени абадий тарк этди,
Қувончимни сезмасдан, жимгина,
Ёмғирли хиёбон адоғидаги
Эски девор бағрига сингиб кетди.

Ёмғир оша ёлғиз кезяпман,
Хиёбон узун ва йўлим ғамгин.
Аммо бу йўлдан қайта олмайман:
Биргина умид билан ёнаман. Оҳ, тун,
Орзу ўтини қўлида ушлаган
Алвон чиннигул каби ёндирганни менга кўрсат.

Хитой тилидан Гулноза Азимова
таржималари

- - -


< Orqaga qaytish