Энг сара асарлар

Операнинг сеҳрли баҳори..


Marta o'qildi

Операнинг сеҳрли баҳори..

  Кеча, 2016 йил 21 май куни Алишер Навоий номидаги  катта академик  театрининг мухташам залида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муяссар Раззақованинг  “Операнинг сеҳри баҳори” комли концерти гулдирос қарсаклар остида бўлиб ўтди. Залдан  ясанган – тусанган гўзал ўзбек хотин – қизлари,  мухлислар ва хорижлик мехмонлар жой олганди. Уларнинг  юзлари қувонч ва ҳаяжондан порларди.   Улкан концерт залининг  катта зали ва иккинчи, учинчи  қавати  балконларигача одам билан  тўла эди.

   Барчамизга маълумки, Муяссар Раззақова  ўзининг қорақалпоқ саҳролари буюклиги,  хоразм қумлари чексизлиги  ва  Жайхун дарёсининг қудратини сингдирган сеҳрли ва кучли овози билан, дунё  ва миллий опера санъатининг мохир қўшиқчиси сифатида, ўзбек  санъатини дунёга танитаётган улуғ  санъаткор ҳисобланади. Ўз вақтида  Муяссар Раззақова ўзбек опера   ва миллий  санъатиининг порлоқ юлдузлари Ўзбекистон халқ артистлари Розалинда Лаут ва профессор Саодат Қобуловалардан сабоқ олганди.

  Машхур операчининг репертуаридан  машхур Ж. Верди асарлари ва дунёнинг  етук  опералари ва  миллий ўзбек санъатидан М.Ашрафий, Сулаймон Юдаков, Р. Глиэр, Т.Садиков асарлари жой олган бўлиб, бу қўшиқларни санъаткор мохирлик билан ижро этиб, Европа, Россия ва Украина мамлакатларида ижодий сафарларда  бўлган эди.    

  Мени,  Муяссар Раззоқовага  ҳамюрт сифатида  қувонтирган ҳолатлардан бири, концертда  миллий композиторлар билан бирга, дунёга машхур  италиялик бастакор ва дирижёр  Жерардо Колелла дирижёр сифатида концертга қатнашгани  бўлди.   Жерардо Колелла  Миланда туғилган бўлиб,  дунёнинг машхур хорместер ва гитарачиси ҳисобланади. У 2013 йилдан бери Олмаотада ташкил бўлган Марказий Осиё  Ёшлар  оркестрининг бадиий рахбари ва дирижёри сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

  Концертнинг яна фахрли  қатнашчиси шимолий ва жанубий Осетия халқ артисти,  “Олтин ниқоб”, “Олтин сафит”  ва “Парадиз” мукофотларининг  совриндори  Новосибирск опера ва балет театрининг етакчи артисти Вероника Жиоева бўлди. Вероника Жиоева  ҳам дунё операсида етакчи операчилардан бўлиб, у концерт дастурлари билан  Буюк Британия, Германия, Франция, Швейцария, Австрия, Испания, Италия, Эстония, Литва, АҚШ ва Хитой мамлакатларида  ижодий сафарларда бўлиб, ўз мухлисларига эга бўлган санъаткорлардан биридир.

  Ҳар иккала дунёвий шуҳратга  эга бўлган санъаткорлар Вероника Жиоева ва Жерардо Колелланинг  ўзбек операси юлдузи Муяссар Раззақова дастурида қатнашиши, ўзбек операсининг дунёда тан олингани ва бевосита қўшиқчи Муяссар Раззақовага бўлган эҳтиромини кўрсатади.   

  Хуллас,  улуғ операчи Муяссар Раззақова қирқ, эллик кишидан иборат оркестр кўмагида  “Ватан” ва бошқа қўшиқларни куйлаганида зал тўлқинланиб кетди. Ва қўшиқни хонанда билан бирга куйлади.  Саҳнанинг замонавий ва  классик  услубдаги декорациялар билан безатилгани, ғаройиб нақшли шамчироқлар жамланмаси  нурафшон нури, концертга, ҳусусан Муяссар Раззақова қўшиқларига янада сеҳрли тус берган эди.

  Ва ўшанда концерт дастурининг  “Операнинг  сеҳрли баҳори” деб тўғри номланганини  англадим.  Олис Қорақалпоғистоннинг Аму дарёси бўйларида туғилган ўзининг қудратли ва мунис овози билан дунёни забт этиб, юртимиз Ўзбекистон довруғини оламга таратаётган Муяссар Раззақова билан бир юртдан эканлигим қалбимни фахр -  ифтихорга тўлдирди.

  Муяссархоним овозида  Жайхун қудрати бор дегандик, илоҳим унинг овози бутун дунёни тутсин. Ва санъатимиз осмонида янги  ўнлаб, юзлаб Муяссар Раззақова каби  юлдузлар порлайверсин деб орзу қиламиз. 

- - -


< Orqaga qaytish