Энг сара асарлар


Marta o'qildi

"Олим Бўри, Бўри эдими?". Саломат Вафо

  Бу фикрларни Олим Бўрига ҳайриҳоҳлик нуқтаи -  назаридан ёзмоқдаман. Бирон факт ёки  ҳуқуқий тамонларга даъво қилмайман. Менинг бадиий кузатувларим ва мулохазаларим, халос.

  Аммо, бизнинг ўзбекча психологиямизда бир одат бозор иқтисодиёти даврида  салбий тус билан  шаклланган эканки,  бошига иш тушган одамни, айтайлик, қамалган, у жойларда..Тошкент рухий касалликлар диспансерида  ётиб чиққан Олим Бўри ёки   шу касалхонанинг хотин -   қизлар бўлимига  ётқизилган  Саломат Вафони, балки бошқа одам бўлса ҳам,   атрофдаги одамлар, танишлар, журналистлар..иш жойларида, кўчаларда, майдонларда  четлаб ўтишаркан.

   Айниқса,  оилам бошига  тушган ишлар, қариндошларим “двойниклар”и  масаласини ёзганимдан сўнг, ишонинг, бутун бошли  3 – 4 миллион аҳоли яшайдиган Тошкентда ёлғиз қолгандай бўлдим. Одамнинг рухиятида, муаммоли ва соғ Саломат Вафога ишонгандан кўра, ҳақиқий касал, рухий касалликлар диспансерига ётиб чиққан, шубҳали   Саломат Вафо воқеасига ишониш мойиллиги бор.  Бундай мойиллик, кўпчиликнинг яъни оломон фикрини қўллаш  аслида дунёқараши мустаҳкам бўлмаган, заиф одамлар психологияси ҳисобланади. Аммо..21 асрнинг ортиқча ташвишларни ҳоҳламайдиган одами учун, бундай мойиллик ва муаммодан қочиш жараёни, аллақачон нормал меъзонга айланиб қолганди.

    Не қилайки, маҳкум қилинган одамдай қўл телефоним ҳам кунлаб  жирингламасди. Ҳатто, деразалар ҳам оғир сукут билан тикиларди.   Ҳеч ким, ҳар қандай қўнғироқ ..хол сўрамайди, тадбирга таклиф этмайди. Ўзим 80 ёшли момолардай   ҳар хил: газ, чироқ  тўловлари  учун  шаҳар бўйлаб машғул бўлиб юрардим. Ва кўз ёшларим орқали нурли оламга қарардим.

   Ҳаётимда  ушбу  воқеалар содир бўлиб, интернет  орқали шов -  шув бўлгач..Машхур "Навоий 30" даги ҳолатлар, муносабатлар   тамоман лол  қолдирган эди. Мени минг йилдан бери биладиган шоира  опаларим, дугоналарим,  баъзи танишларим ва курсдошларим.. Мени кўришлари билан коридорнинг у тамонига ўтишади, ёки шошиб турганини айтишарди...      

  4 қаватдаги хонамга етиб боргунча йигирма,  ўттиз қадамлик йўл, абадиятдай чўзилади.  Кучли  оғриқлар билан нафас оламан,  ҳаяжонланаман.  Йўлакларда юмуш билан юрган ижодкорларнинг  ялтираётган  кўзларини, юзларини кўраман..Яна бағритош йўлаклардан ўтиш учун қадамимни тезлаштираман.

   Яна Аллоҳга юкунаман, “Аллоҳим, ўлмай, ўз вужуд ва ўз қалбим билан яшай. Шуларга менинг камолимни кўрсат..” дея илтижо қиламан  ҳўрликлар аламини ютиб .

  Олим Бўрининг аҳволи меникидан оғирроқ бўлганига ишонаман, чунки ака,  олдинлари  ҳам, юқорида айтганимдай маълум бир ишларга аралашиб,  баъзи яхши одамларга озор берган  ва айнан ўша хизматга алоқадор масалалар  қамалишига сабаб бўлган,  дейишади.

   Олим Бўри таҳминан, 2010 йилларда  рухий касалликлар  диспансеридан чиққан  бўлса,  у албатта, ўзи яшайдиган туман  рухий касалликлар  диспансери тамонидан рўйхатга олинган бўлиши  керак. Мени ҳам Яшнабод рухий касалликлар  диспансерида  рўйхатга олишган эди.

  Азизлар, ишонинглар,  бежизга  ўша  қора рўйхатдан чиқиш учун курашмагандим. Чунки, бирон шахснинг бу рўйхатда туриши, унинг  фикри ёки ғояси  инобатга олинмаслиги билан изоҳланаркан. Шукур, у қора рўйхатдан чиқдим.  Яшнабод туманидаги 31 -  оилавий поликлиниканинг 10 шифокордан иборат кўрик комиссиясининг, С.М.Вапаева, яъни мен  соғ -  саломат ва адекват деган маълумотномасини олганман.  

  Олим аканинг  бу рўйхатда туриши, унинг хотини, янгамизга қўл келган кўринади, чунки уй шоирники бўлган  дейишади.  Бу хондондагилар  Олим ака “у ёқда” лигида эркин яшаб ўрганган чоғи, “қамалиб чиққан, жиннихонада ётиб чиққан”  шоирни,  кўздан нарига,  хонаси ва қозон – тавоғини алоҳида этиб қўйишади. Баъзан,  эр хотин ҳар хил сабаблар билан келишмай қолишганида.. . Бундай пайтларда янга “..ўша ёққа борадиган вақтингиз бўлиб қолди..”  деб, балки  унга кимлардир йўл кўрсатгандир..балки янглишгандир. Балки, бу шоир учун энг сўнгги хукм, қариган ва тамғаланган, энди қўлидан ҳеч нарса келмайди,  деб хулоса қилишгандир...

      Шу сўзларни ёзаётганимда кўз ёшларимни тиёлмадим.

   Ўша.. 2015 йилнинг кузлари,  қишлари мен учун жуда оғир кечганди. Менга “агар..яна ёзсангиз...сизни  яна жиннихонага олиб бориб ташлаймиз..” ёки  “ ёзганингизни ўчириб ташланг..дори  олиб келамиз ва мажбурлаб ичирамиз". "Мабодо...энди  ёзсангиз қариялар уйига ташлаймиз..” дейишарди.  Мени фақат жисман йўқотишолмади. Хамшира тамонидан берилган  дорини ичириш учун  “психо диспансерда пайтим   корейс  хотинлар..бу  хотин дориларни ичмай туфлаб ташлаяпти” деб  ёқамдан судраб,  докторларнинг ёнига олиб боришарди...Кимларгадир яхши кўриниш учун мени турткилашарди. Таҳқирлашарди.  Июнь ойининг саратони бўлсада  ичкарига киргизишмасди.  Яшнабод  диспансерида эса    врачлар  “дори ичмасангиз ундоқ бўласиз, бундоқ бўласиз..Уйингизга, эрингизга телефон қиламиз,  мажбурлаб ичиришади” деб босим қилишарди..

  Хуллас, аллоҳга таваккал қилиб яшадим. "Эрталаб эсон - омон кўзимни очай" деб йиғидан буғилиб илтижо этардим.  Кўпларни инсонликдан чиқарган ўша дориларни биронтасини ичмадим.  Бунинг учун  ёлғиз бошим билан ҳаёт ва  момот қаршилигини қилдим. Шунинг учун Яшнабод  рухий касалликлар диспансери мени рўйхатдан чиқарганда, “ҳеч қандай дори ичмаган, мажбурий даъво усули қўлланмаган..” деб  маълумотнома ёзганди.

      Уҳҳ.. 21 аср одами шунча шавқатсизми... янга бутун умр бирга яшаган одам,  болаларининг отасини, 2006 йилдан сўнг  тўрт мартаба  “..ўша ёққа” ётқизишга муваффақ бўлган,  дейишади. Сурункали ётишлар ва ичилган  дорилар ўз тасирини кўрсатган чоғи.. Ва ҳатто, яқинда  2016 йилнинг январь ойида,    букилмпган шоир  Олим Бўрини,   Миробод туманлараро фуқаролик судига бериб, уни барча инсоний ҳуқуқларидан маҳрум этиб, одамлар билан муомила қилишга лаёқатсиз деб хукм чиқаришга муваффақ бўлган,  дейишади.

    Мен  ҳам  2015 йилнинг оҳирида,  эрим билан ажрашиш учун судга ариза бераётганимда  “агар..суд сизни муомилага лаёқатсиз деб топса, унда.. ҳамма масалани опекун яъни васий ҳал қилади” дейишганди.  Ҳар қалай бизнинг  ишимизни кўраётган судья аёл объектив қарашдаги ва   қонунларни ҳурмат қиладиган инсон бўлиб, ишни рад этиб бўлмайдиган далиллар сабаб  кўриб чиқиб, 3 ойлик муддат берди ва суд ишини 2016 йил 17 июнга белгилаган эди. Бу кўнгилсиз ишлар қандай хулосаланишини 17 июнда билиб оламиз.

  “Мен 4 йил  “у ёқда ётиб дориларини ичмай ўзимни сақлаб келгандим, аммо хотиним диспансерга ётқизганида, ҳамширалар  дори ичмаслигимни билиб қолиб, ёки назоратга олинг  дейишганми,  сўнг сувга қўшиб ичкизишадиган..бўлишди..эҳ..бу  доридан сўнг одам жаҳонга сиғмай қоларкан... Мен “у ёқда ҳақиқий телбаларни кўрдим, улар бу дорини ичгач, кўзи тепага кетиб, қотиб қолишарди” .. Мени бир нарса жуда ажаблантиради: ҳар қандай одам, шаҳар рухий касалликлар диспансеридан тез ёрдам чақириб, истаган одамни шифохонага ётқизиши мумкин  экан. Айниқса менга ўҳшаб, бир - икки марта мажбуран ётқизилган одамни, бериб юбориш жуда осон экан.

  “..мен катта ўғлимни яхши кўраман. Ёшлигидан  қалбида адабиёт ва шеъриятга меҳр уйғотганман, аммо у  ҳозир хорижда яшайди.. Сўнгги келганида.. агар  дадамни   уйга олиб келмасангизлар, уйингизга бормайман, дебди. Қарангки,  бир зумда  диспансердан  уйга олиб келишди. Ўша  ўғлим айтди,  ота, сиз катта шоир ва таржимонсиз, сиз улар учун яшамайсиз.. аҳир, ўзингиз,  яхши яшаш учун курашиш кераклигини ўргатгансиз..Бу қандай юриш, янги кийимлар олинг..деди. Шундан сўнг ўзгардим..Хушёр тортдим.”.

    Таниш манзара, таниш  жойлар хотираси..  Ўз тақдиримда   бу одам ҳаёти билан ўҳшашлик тамонларини  кўргандай бўламан.. Мени ҳам 2015 йил 28 май куни Миллий кутубхонага ёзувчи Эркин Самандар ижодий йиғинига  кетаётган вақтимда..."16 шаҳар касалхонасига борамиз" деган алдов билан  олиб кетишганди. Қўлларимни қайириб, тез ёрдам машинаси эшигидан итариб киргизишган, қаршилик кўрсатганим учун оёқ - қўлларим шилиниб қонаб кетганди.  Балки, менинг ситуациям  жамиятда ягона бўлмаслиги учун режалаштирилганми..билмадим.

  Мен диспансерда ётганимда..  хотин – қизлар бўлимида ҳамшира ва фаррошларга бўй бермайдиган касалларни  кроватга боғлаб ташлашар, боғланган  ёшгина келин  ёки бошқа миллат вакили бўлган хотинлар кечаси билан энг яқин одамларини ёрдамга чақириб,  илтижо билан  йиғлашарди. Сўнг  яна қайғули бир тонг отар ва яна ҳаммаси бошидан такрорланарди.

  Мен Олим Бўрининг шеър ва таржималарини ўқиб,  “Олим ака, Қуръони каримнинг назмий баёни қилибсиз   - бу катта савобли иш.. таржималарингиз ҳам адабиёт мулкига айланади. Энди, нурли шеърлар ёзинг ака, кўчага чиқинг, гўзал Тошкентни, одамларни  кўринг...Туғилган жойингиз, онангиз ҳақида  шеър ёзинг..”  - дейман шоирни эзгу ғояларга чорлаб. .  

   Сўнгги ўн  йиллар  ичида бундай таклифларни эшитмаган ва эндиликда...бадиий маънода айтганда.. жондор Бўридан юввош  қўйми, қўчқорга айланиб қолган  Олим Бўри савол назари  билан тикилади. Балки, ўтган вақтда  қилган ишлари учун қалбини  пушаймонлар, армонлар кемирар.. Афтидан менинг шахсим ва таклифларим уни ҳайратга солаётганди. Балки, бу ёруғ оламда  бирон манфаатсиз, бундай таклифлар айтилмас деб ўйлар.    

  “ Сайтингизда чиқиш учун Сизга  ҳақ тўлаш керакми?” дейди аввалги сахийлиги тутиб.

Мен кулиб “Жонингиз соғ бўлсин, Олим ака. Бундай вақтда ижодкорлар бир -  бирига ёрдам бериши керак. Дуо қилсангиз бўлди” дейман.

  Ҳар сафар шоирга тасалли бериш учун мени ҳам “у ёқларга мажбуран ташлашгани..ҳаёт учун курашиб, машхур  "Навоий 30" га келиб қолдим” демоқчи бўламан. Аммо..ҳаётимда содир бўлган суд жараёнлари, “психодиспансерлар..”,  рухий касалликлар шифохонасининг қора рўйхатлари,  атрофимдаги дўстлар, жигарларнинг ҳиёнати,  нодўстларнинг  менга ҳақиқий телба одамнинг тамғасини босишга ёки “Гап” йиғинларидаги ҳанги хотинларнинг мендан   “лес..” аҳлоқсиз  аёл профилини яратишга урунишлари, ҳужумлари, таҳқирлари, хўрликлар,  йўқчиликлар ва уйда уюштирилаётган   эълон қилинмаган социал урушлар , жанжал-  мажоралар ҳақида гапирай дейману.. гапира олмайман. Мен ҳам жамият ичидаги  бир одамман.

  Ўзининг қаронғу оламидан  ёруғликка чиқишга  интилаётган  ва   мени бир нурли восита,  ягона имконият маъносида кўраётган, шоир ва таржимон Олим Бўрининг ишончини, одамга ва худога  бўлган эътиқодини  синдиришни истамадим.  Ваҳоланки, мен ҳам у каби яратганнинг оддий  чорасиз бандаси эдим.

 

                                         Олимжон Бўри шеърлари

  

ВИЖДОНИМ 

Виждоним, мен сенинг измингда бўлдим,

Раҳнамойим бўлди илоҳий разм.

Аллоҳим юксакдан қараб турганда,

Тоғутга тиз чўкмоқ гуноҳи азим..

 

*   *   *

 

Тўймади кўзларим ҳаётдан,

Доим менга етгани бир кам...

Илк севгидан бошлаб умримнинг

Ҳар лаҳзаси саналди бир ғам.

 

Сиғмадим, ҳар давра қизигани чоқ,

Феълимда ҳукмрон эди саркашлик.

Қўшиқ куйлаб турса ўзгалар,

Чўкаверди дилимга ғашлик...

  

Менинг ҳам бир оғиз айтар сўзим бор,

Бу оламда қилма ишларни чалкаш.

Охират боргувчи жойинг бўлар нор,

Ҳидоят йўлига кирмасанг магар. 

 

Виждоним, мен сенинг измингда бўлдим,

Ҳар ишда суяндим Аллоҳ аҳадга.

Кўплар қилолмаган ишларни қилдим,

Фонийни алмашдим бахти абадга.

 

 

- - -


< Orqaga qaytish