Marta o'qildi
Хоразм тили ва ёзуви:йўқолган цвилизациянинг тирик хотираси. мақола. Саломат Вафо
Дунёда шундай тиллар борки, улар фақат мулоқот воситаси эмас, балки бутун бир цивилизациянинг руҳи ҳисобланади. Ана шундай тиллардан бири — қадимий Хоразм тилидир.
Бугун у расмий мулоқат воситаси сифатида қўлланилмайди. Аммо унинг тарихи, ёзуви ва илмий мероси ҳали ҳам инсоният цивилизациясининг энг ноёб бойликларидан бири ҳисобланади.
Тарихий манбаларга кўра, Хоразмда илк давлат бирлашмаси милоддан аввалги I минг йиллик бошларида, тахминан уч минг йил муқаддам шаклланган. Бу эса Хоразмда маҳаллий давлат бошқаруви, маданият ва ёзув анъаналари ҳам жуда қадимий илдизларга эга бўлганини англатади.
Илк Хоразм давлати шимолий-шарқий Эрон ва Хуросон ҳудудлари билан сиёсий ҳамда маданий алоқалар ўрнатган. Археологик топилмалар ва ёзма манбалар Хоразмнинг Марказий Осиёдаги энг қадимий цивилизация марказларидан бири бўлганини тасдиқлайди.
Исломгача бўлган даврда хоразмийлар ўзларининг мустақил алифбосидан фойдаланганлар. Бу ёзув оромий ёзуви асосида шаклланган бўлиб, ўзига хос ҳарфлар тизимига эга эди.
Археологлар тангалар, кулолчилик буюмлари, ҳужжатлар ва суяк идишларда ана шу ёзув намуналарини топганлар. Кейинчалик бу ёзув ўрнини араб алифбоси эгаллайди.
Буюк аллома Абу Райҳон Беруний "Ал-осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия" асарида шундай ёзади:
"Хоразмийларнинг ўз тили, ойлар ва йиллар учун алоҳида номлари бор эди. Улар форсий ва арабий тизимларга тўғри келмас эди."
Яна Беруний қайд этади:
"Турклар ва хоразмийлар йилларни ўн икки ҳайвон номи билан ҳисоблар эдилар."
Бу маълумотлар Хоразмда мустақил тил, мустақил тақвим ва мукаммал давлат бошқаруви мавжуд бўлганини кўрсатади.
VIII аср бошларида араб қўшинларининг Хоразмга юриши мамлакат тарихидаги энг оғир саҳифалардан бири бўлди.
Абу Райҳон Берунийнинг ёзишича, Қутайба ибн Муслим хоразмийларнинг ёзувини биладиган уламолар ва котибларни қатл эттирган, китобларни йўқ қилдирган. Натижада Хоразмнинг кўплаб тарихий билимлари ва ёзма мероси йўқолган.
Беруний бу воқеалар туфайли қадимги илмларнинг катта қисми халқ хотирасидан ўчиб кетганини алам билан таъкидлайди.
XI асрга келиб Хоразм тили юқори мавқега эга эди.

Тарихий манбаларда Хоразм давлатидан ўттиз уч мамлакатга расмий буйруқлар ва дипломатик хатлар Хоразм тилида юборилгани ҳақида маълумотлар учрайди. Бу эса унинг давлат бошқаруви ва халқаро муносабатларда ҳам қўлланган нуфузли тил бўлганини англатади.
Мутахассисларнинг фикрича, Хоразм тили XIII асрда аста-секин кундалик истеъмолдан чиқиб, унинг ўрнини аввал форс тили, кейин эса туркий тиллар эгаллай бошлади. Айрим маҳаллий унсурлар яна бир неча аср сақланган бўлса-да, мустақил тил сифатида Хоразм тили йўқолиш арафасида.
Туркий халқлар тарихи бўйича машҳур олим Заки Валиди Тўғон Хоразмни туркий дунёнинг энг қадимий марказларидан бири деб баҳолайди.
Унинг таъкидлашича, Хоразмдаги туркий қатлам исломдан ҳам, араб таъсиридан ҳам олдин мавжуд бўлган. Олимнинг фикрича, Хоразмдаги ўғузлар кейинчалик келиб қолган кўчманчилар эмас, балки маҳаллий цивилизациянинг узвий давомидир.
Буюк археолог Сергей Толстов Хоразмни:
"Минг йиллар давомида шаклланган, ўз тараққиёт йўли, маданияти ва дунёқарашига эга мустақил тарихий-маданий олам", деб таърифлайди.
У Хоразм билан Олд Осиё ўртасидаги маданий алоқалар жуда қадимий, ҳатто ҳинд-европа давридан ҳам аввалги босқичларга бориб тақалишини таъкидлайди.
1920 йилда Хоразм Халқ Совет Республикаси ташкил этилди.
1924 йилги миллий-ҳудудий чегараланишдан кейин республика тугатилди ва унинг ҳудуди бир неча республикалар таркибига қўшиб юборилди.
Бу жараёндан кейин "Хоразм тили" атамаси ҳам расмий ҳаётдан бутунлай чиқиб кетди.
Инсоният тарихида минглаб тиллар пайдо бўлиб, ривожланган ва вақт ўтиши билан истеъмолдан чиққан. Тилшуносликда ўлик тил деганда она тили сифатида сўзлашувчилари қолмаган, аммо ёзма манбалари, тарихий ёдгорликлари ёки адабий мероси сақланиб қолган тиллар тушунилади.
Дунё тарихида машҳур ўлик тиллар қаторига шумер тили, инсониятнинг энг қадимги ёзма тилларидан бири сифатида, шунингдек аккад тили (бобил ва ошшур шевалари), элам, хетт, урарту ва финикия тиллари киради. Шунингдек, арамий тилининг қадимий шевалари ҳам ўлик тиллар ҳисобланади, гарчи унинг замонавий янги арамий шевалари ҳозиргача сақланиб қолган бўлса ҳам.
Қадимги миср тили ҳам бу рўйхатдан ўрин олган бўлиб, копт тили унинг охирги босқичи ҳисобланади. Лотин тили она тили сифатида йўқолган бўлса-да, ҳозиргача фан, тиббиёт ва Католик черковида қўлланиб келмоқда. Шунингдек, гот тили, «Авесто» тили, санскрит, қадимги юнон тили, паҳлавий (ўрта форс) тили, тохар тиллари ҳамда куман (қипчоқ),хоразм тилининг қадимги шакллари ҳам ўлик тиллар жумласига киради. Санскрит ҳам она тили сифатида ўлик ҳисобланади, бироқ у ҳозир ҳам диний маросимлар ва илмий соҳада яшаб келмоқда. Қадимги юнон тили эса замонавий юнон тилининг шаклланишига асос бўлган.
Дунё тиллари тарихи ичида иврит тилининг тақдири алоҳида ўрин тутади. У тилшуносликда қайта тирилган ягона муваффақиятли тил сифатида тан олинади. XIX асрнинг охирида, тахминан 1881 йилдан бошлаб, ивритни кундалик мулоқот тили сифатида қайта жонлантириш ҳаракати бошланди. Бу ҳаракатнинг асосий ташаббускори Элиэзер Бен-Йеҳуда бўлиб, у ивритни фақат диний эмас, балки ҳаётнинг барча соҳаларида қўлланиладиган тилга айлантириш учун катта меҳнат қилди.
1948 йилда Исроил давлати ташкил топгач, иврит давлатнинг асосий расмий тилларидан бирига айланди. Бугунги кунда Исроилда деярли барча давлат мактабларида асосий таълим тили иврит ҳисобланади. Дарслар, дарсликлар, университетлар ва давлат идоралари асосан шу тилда фаолият юритади.
Ҳозирги вақтда иврит тилини 9–10 миллионга яқин киши билади. Шуларнинг 5–6 миллиондан ортиғи учун у она тили ҳисобланса, қолганлари уни иккинчи тил сифатида қўллайди.
Ивритнинг қайта тикланиши тилшунослик тарихида ноёб ҳодиса сифатида баҳоланади. Чунки бу тил қарийб 1700 йил давомида асосан диний ва адабий тил бўлиб келган бўлса-да, XIX–XX асрларда яна тирик сўзлашув тилига айлантирилиб, бугунги кунда миллионлаб инсонларнинг кундалик мулоқот воситасига айланди.

Хоразм тилини ҳам илмий ва маданий мерос сифатида қайта жонлантириш мумкинми?
Бунинг учун:
- Хоразм тили бўйича илмий марказ ташкил этиш;
- қадимий Хоразм алифбосини оммалаштириш;
- Хоразм тилида газета ва журналлар чиқариш;
- телевидение ва радиода махсус дастурлар яратиш;
- мактаб ва университетларда махсус курслар ташкил қилиш;
- электрон луғат ва мобил иловалар тайёрлаш;
- тарихий манбаларни ўзбек тилига тўлиқ таржима қилиш лозим.
Тил йўқолса, халқнинг хотираси ҳам қисман йўқолади.
Хоразм тили фақат ўтмиш ёдгорлиги эмас. У Марказий Осиё цивилизациясининг буюк мероси, Беруний, Замахшарий ва Хоразмий каби алломалар етишиб чиққан заминнинг тарихий овозидир.
Уни ўрганиш — фақат Хоразмнинг эмас, бутун Ўзбекистоннинг бой тарихини англаш демакдир. Тарихни жонлантириш эса келажакни мустаҳкам қуришнинг энг ишончли йўлидир.
- - -