Саломат Вафо асарлари

Ҳаёт қутиси.      янги ҳикоя.   Саломат Вафо


Marta o'qildi

Ҳаёт қутиси. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                                    

                                                    “Инсон хотиралари билан тирикдир,    

                                            хотирасиз ҳаёт — соясиз дарахт кабидир.”

                                                                                   Саъдий Шерозий

                                          

                                               Ҳикоя

 

        Учоқ ойнасидан тўрт бурчак,текис,йўл-йўл эгат олинган кўм-кўк отизлар,иланг-биланг қумли қирғоқлари чиқиб қолган, ялтироқ Амударё кўринди.Орол денгизи ҳалокатидан сўнг,шўр босган,оппоқ қордай туссиз кўринадиган кенгликларни тасаввур қилган Ҳаёт, буғдой далаларининг кўм-кўклигидан вақти хўш бўлди.Бу кенгликларнинг шимолида Қозоғистон жойлашган, у ёқдан қишларда ҳамиша изғиринли шамоллар,кучли аёз тўлқинлари келиб турарди.Бу олис масофалар илгари рангли,камалакранг,Ҳасан-Хусан ёйларидаги турли-туман тусда,у вақтларда яъни ота-онаси дунёдан ўтмаган кунларда ранг-баранг,буғдой,шоли отизлар кўм-кўк,шоли отизларда қуёш нурларида сувлар жимирлар эди.

      Ўқитувчи онаси дунёдан ўтди,дунё ўзгариб кетди,атрофида чанг босган элатларда,фермерлар бир қаричигача бўлиб олган ерларда,чанг босган кўчаларда,ҳатто ўз ички оламида ҳам улкан бўшлиқ пайдо бўлди.

     Оғир ўйлар,хотиралар оламидан узилиб, елим халта кўтарган, кичик,сариқ,қора,қизил тус жамадонлар судраган йўловчиларга эргашиб,аэропорт биносидан чиқди.Хоразмликларни кўп кузатган Тошкент ҳаво лиманига Урганчдан  учоқ учиб келса ҳам,учоқдан тушган одамларнинг энг сўнггигача, кутишга чиқиб,бир зумда йўловчилар машиналарга ўтириб жўнаб кетишарди. Ҳозир ҳам шундай бўлди,учоқдан тушганлар дон ташиган қумурсқалардай бир зумда тарқаб кетди.Кутиш майдонида бир-икки йўловчи,Тошкентга кетаётганлар ва олғир таксичилар қолди.

-         Ҳаёт опа,Ҳаёт опамисиз,- деди бўйлари баланд, юзига қариликнинг нуқси эрта урган қирқ ёшлардаги эркак.

-         Ҳаётман.Сен ким эдинг, сени танимайроқ турибман.

-         Мен Отабекман.Қудангизнинг ўғли, ижарага улов олиб ҳайдаб юрибман.Моноққа Шуҳрат оғамларникига борасизми?

-         Моноққа бораман.

   Яна бир йўловчи билан йўлга тушдик.Эски “Матис” улови шалдираб,йўлнинг ғалтингларида силкиниб-силкиниб борар эди.Улов магнитафонидан шиғиллаш-шовуллаш шовқинида хоразмча қўшиқ аранг эшитилар эди.Урганч шаҳридан чиқиб ўн- ўн беш чақирим йўл босганларидан сўнг,атрофдан тарқаётган қўланса ҳиддан бурунларини ёпишди.Бутун борлиқлардан ачиган таомлар,аҳлат ва одам нажасининг иси келар эди.

-         Канализация иси, - деди Отабек айбдордай  улов ойналарини ёпиб.- Аввал  қурилган канализация, сўнгги йилларда аҳоли кўпайиб кетганидан, олдинги  ҳовузлар торлик қилиб қолган.

Беш ўн чақирим юрганларидан сўнг ис йўқолиб очилган машина ойналаридан ғир-ғир шабадалар кирди, мусиқа баландлаб,доиранинг тап-тап урилгани кучайди.Олдинда юк ва енгил машиналар карвони кўринди. Отабек уловини йўл четига олиб тўҳтади,уловлар карвонининг олдида қизил мато ёпилган тобут юклаган юк машинаси кўринди,тобут атрофида бошига тахё кийган ёш-қари мотам маросими қатнашчилари ўтирар эди.

-         Эртага ҳайит, Чўқли элатида ўн беш хўжаликда ҳайит оши берилар экан. Бу уйларга кириб чиқишим керак.

-         Неча ёшлилар вафот этди? – дейман.

-         Олтмиш,етмиш яшар.Ёшлар ҳам бор.Қозоқ чегарасида машина портлаб ичидаги тўрт одам куйиб ўлди.

-         Хабарим бор, у машина ичида менинг ҳам ўттиз икки ёшидаги жияним  бор эди.

     Беш- ўнта машинадан иборат мотам карвони ўтиб, йўл бўшаб, бизнинг машина ҳам қўзғалди.Юрагимда аллақандай ғашлик,ғусса бор эди.Бу отамнинг кимсасиз уйига бораётганим  учунми ёки бошқа сабаблими,билмасдим. Ҳозир Хоразмда  қанча одам яшар экан,икки миллионми, уч миллион нафар яшармикан.Туманларда,элатларда қанча уйлар қурилган экан,гугурт қутисидай тўрт бурчаклар ён-атрофни босиб кетганми? Бир вақтлар ўзи туғилиб ўсган Хоразмда, умрининг шу вақтига келиб, борар жойи йўқ,атрофида ҳеч кими йўқ.Аэропортда ҳам уни ҳеч ким кутиб олмади,бир вақтлар уни соғинган Урганч аэпортидан отаси,онаси,Саъдулла оғаси кутиб оларди.

      Энди эса дунё бўм-бўш,йўлда туман марказига келгандан сўнг уловнинг олдида ўтирган, иссиқ ҳавода камзул кийиб олган,афтидан олис Россия тарафидан келаётган эркак тушиб қолди.Юки енгиллашиб қолгандай кичик “Матис” йўлда сакраб-сакраб,шилдираб елиб кетди.Машина радоси шиғиллаб, “Хоразмдан гапирамиз”, деган диктор йигитнинг овози эшитилар эди.

       Эски Шовот кўпригидан машина чапга  бурилганидан сўнг, асфальт йўл тугаб, ўйдим-чуқур, шағал йўл бошланди.Ўнг қўлда оғочларга бурканган  икки қаватли коллеж биноси қолди.Бу йўлни ўттиз йиллар олдин ҳозирда раҳматли бўлган Саъдулла оғаси туман йўл-қурилиш идорасига бошлиқ бўлган даврида асфальт қилдирган эди.Ўзи туғилиб ўсган элатга бир йил олдин ҳайит айёмида келган эди,шу-шу йўллар, оғир иқлим шароитида ўсмай қолган тераклар,гужумлар,Шовот ёпи бўйидаги бутасимон тўронғиллар  ўзгармаган эди.

     Отабек уни  йиллар давомида нураб,энкайиб қолгандай,бир вақтлар ўзи туғилиб ўсган уйнинг олдига туширди.Таксисга эҳсон бўлсин деб юз минг сўм пул берди.Жамадонини ғириллатиб тамбур остидаги дарвоза эшигини тортди, қулф.Кутган воқеаси юз берди,балки шунинг учун сафари давомида юраги ғаш бўлган эди.Эшик қулф эди.Тошкентда яшайдиган бу уйнинг эгаси бўлган укасига уйнинг эшигини очиб,иситиш тизимларини ёқиб қўйишни сўраган эди.Бу ўн беш йиллардан бери кимсасиз,сукут қўйнидаги уйга узоқ қариндошларининг келини қараб турар эди. Бир вақтлар онаси ўтирадиган  ёғоч ўриндиқда ўтирди,қўшнининг келини,яъни хизматчи  кечқурун келаман деган эди телефонда.Йўлдан турли туман хорижий машиналар,кажавали,кичик машиначалар, одамлар ўтиб турар эди.Афсус бу одамларнинг бирортасини танимайди.Уни билганлар ё қариб қолган,ёки дунёдан ўтиб кетган эди. Март ойининг охири бўлса ҳам ҳали Хоразмга баҳор келмаган эди.Баҳор Орол ташлаб кетган барханлар,Устюрт қамишзорларида, суви тортилиб қолган Аму дарё қирғоқларида адашиб қолган эди.Хоразмга баҳор Тошкентдан роппа-роса бир ой сўнг келар эди.

       Юрагини аллақандай номсиз ғусса кемирар эди.Кун кеч бўлди,қорни оч бўлди,оёғи увишиб қолди.Элат кўчаларида тунги чироқлар бўлмагани учун қадам товушлари ва гап-сўзлардан йўлдан одамлар ўтиб бораётганини англар эди. Қуёш ботганидан кейин йўлда  одамлар сийраклашиб, машиналар ҳам саноқли бўлиб қолди.Тошкентда пайтида соғиниб ўтирадиган,ҳамиша интиладиган Хоразмда,ўзи туғилиб ўсган уйнинг олдида чорасиз ўтирганидан хўрлиги келди.Бу ерга келишини,уйда қолишини ўн кун олдин укасига айтган бўлса ҳам,мана кўчада қолди.Демак,укаси хизматчига тайинлаб айтмаган.Вақтинг бўлганда  уйни очиб бер, деган. Тун алламаҳалга етганида  у ўтирган ўриндиқни улов чироқлари ёритди,уйнинг ёнига енгил машина келиб тўҳтади.Хизматчи қўшни келин узр сўрай-сўрай эшикни очди.

      Ичкарида чироқ ёниб,кенг долон ёришиб кетди.Озода хонтахталар,кўрпачалар ва деворга осилган телевизорни кўриб кўнгли ёришди.Аммо кун бўйи эшик олдида маҳтал бўлиб ўтиргани учун,гўё ҳозир ичкаридан чиқадиган онасига ёки отасига шикоят қиладигандай кўзларидан ёш чиқди.”Она,ота қаерда қолдингизлар,ўзи бу уйга ойда йилда бир келаман,энди шундай  бўлдими?”.

    Уйлар жуда совуқ эди,ҳали бу уйлардан Хоразмнинг қаҳратон совуқларининг аёзи кетмаган эди. Оғир хотиралар каби,қишнинг аёзлари бу қўҳна уйга қамалиб қолган эди.

-         Мен уйда иситиш тизимини ёқиб қўйишни сўраган эдим.

-         Менга ҳеч ким индамади.Бўлмаса ёқардим.Ҳамиша ёқиб қўйишга газ чироқ ҳозир жуда қиммат, уч кун иситиш тизимини ёқсак ҳам отнинг калласидай тўлов келади.

Ҳамма нарса равшан эди,жуда ҳам тежамкор бўлган укаси ота уйнинг иситиш тизимини ёқиб қўйишни хизматчиларга айтмаган эди.Узоқ йиллардан бери бозорда ишлаётган укаси,нозик туйғулардан,жигарлик яқинлигидан йироқ эди.У баланд кўтарадиган бир байроқ бор эди,у бор йўғи Гобсекдай хасис ва тежамкор одам эди.

-         Газ плитаси ёнадими?

-         Ёнмайди.Тефал чойнак бор, аммо сув йўқ.Биз ҳам сувни сотиб оламиз,уйда ҳам сув битган эди.Ёнимиздаги дўкондан икки шиша сув олсангиз бўлади.

      Орол  денгизи қуриганидан сўнг,Амударёнинг суви ҳам камайган. Хоразмда ер ости сувлари ҳам тортилиб, булар болалигидан ичадиган қудуқ ҳам яроқсиз бўлиб қолган эди.Ҳамма нарсани қаерда турганини  кўрсатиб, қўшни яшайдиган хизматчи қиз уйига чиқиб кетди.Ҳаёт ёз айвон  томондаги эшикни очди,зим-зиё қоронғиликда бир вақтлар кир ёйиш учун устунлар орасига тортилган симлар шамолда ғувиллаб нолакор овоз чиқарарди.Бу нолалар ёлғизликдан,кимсасизликдан эзилган хотираларнинг товуши эди.Зимакон бағрида 24 сўтих ернинг этагига қурилган молхоналарнинг кичик ойналари ялтираб кўринар эди.Ҳаёлан ўша болаликдаги манзарани тикламоқчи бўлди: молхона,товуқхона,ҳожатхона,темир дарвоза ёнида тандирхона бор эди. Молхоналарда улкан-улкан хўкизлар,соғин сигирлар қаторлашиб боғланар эди. Тонг отиши билан улар “мў-мўлаб” ем ейиш вақти бўлди дегандай уй эгаларини чорлар эди.Тандирхона жойлашган жой оқариб кўринади.Тандирга боғлиқ унинг айрим болалик хотиралари бор.Уни мавриди билан ҳикоя қилиб бераман.Қоронғи осмонда юлдузлар сочилиб ётар эди.Ана ёрқин Зуҳро юлдузи,бу Муштарий,ана катта айиқ юлдузлар тизими,бу оқариб кўринаётган Сомон йўли.Хоразмда осмон ерга яқинми,само бағрига гизланган юлдузлар йирик-йирик ва чароғон кўринар эди.Ёз айвон эшигини қулфлаб ичкарига кирди.Ўзи яшаган уй бўлса ҳам йўлак охиридаги ота-онасининг ётоқхонаси ҳисобланган хонада ётишга чўчиди,бу маҳобатли уйда ўн беш йиллардан бери одам яшамагани учун ичкарида ётиш фикридан  қайтди.Кўрпа-тўшак тахламлари ичидан кўрпача олиб долоннинг ўртасидаги супага жой солди.Жамадонини очиб ичидан тиш чўткаси, юзга сурадиган тунги мойли кремлар ва тунги кийимларини олди.Кўп вақтгача ўринда тўлғониб ухлай олмай ётди. Болалик хотиралари уйнинг оғир сукунати сингари бутун вужудини босиб келарди.

   Отаси хўкиз ва мол-қўйларни боқиш учун молхона учагига сомонларни ғарамлаб қўярди. Ҳаёт қўлига китоб олиб, сомон ва беда ислари келаётган ғарамларнинг устига чиқиб олар эди.Қўлидаги “Граф Монте Кристо” китобига шу қадар берилганидан пастда онасининг чақирганини ҳам эшитмай қолар эди.У пайтда уйдан шовқин-суръонлар,мусиқаларнинг саси, ука-сингилларининг қувноқ овози эшитилиб турарди.Бир куни онаси уннга тандирга ўт ёқишни буюрди.Китобини тандир ёнига қўйиб,тандирни ғўза пояга тўлатди.Яна китоб  ўқишга тутинди. Орадан қанча вақт ўтганини билмайди, отасининг қаҳр ва ғазаб билан “Ҳаёт” деб чақирганида  ўзига келди.Отаси бир тоғора тикач уришга тайёрланган нон хамирни кўтариб ичкаридан чиққан эди.Бир тоғора хамир оғир бўлгани учун отаси онасига ёрдамлашар эди.Шунда у тандирга ўт ёқмаганини,энди тандир қизигунча нон хамир ачиб кетишини англади. Отасининг мучали йўлбарс эди,у тандирга олов ёқилгунча қизариб-бўзариб  индамай турди.Отаси ўлжасини пойлаган жондор каби зориқиш ва ғазаб билан тумшаярди.Ғўза поялар чарсиллаб буткул ёнганидан сўнг отаси унинг қўлидан китобни юлқиб олиб, ланғиллаб ёнаётган тандирга отиб юборди.Бирдан ёмон воқеа содир бўлганини ҳис қилиб  Ҳаёт “вааа”... дея йиғлаб  юборди.Ичкаридан нон ёпадиган кийимларини кийиб чиққан онаси  не воқеа юз берганини  англаб, учи қорайиб кетган касовни олиб тандирнинг олдига югуриб борди.Тандирда  элат кутубхонасидан олган Граф Монте Кристо китобининг варақлари очилиб-очилиб ёнар эди.Китобнинг муқоваси чала ёниб қорайиб қолган эди.

-         Нега Ҳаётнинг китобини тандирга ташладингиз.У кутубхонанинг китоби эди,- деди онаси  ҳаяжонланиб.

-         Нерни китоби бўлса ҳам,энди тандирга вақтида ўт ёқадиган бўлади, - деди отаси.

Ҳаёт ўзини йиғидан тўҳтата олмай,китоб билан ёнаётган хотираларидаги кемаларга,денгизга,қамоқхонага,темир панжарали ойналарга қараб турар эди.

  Отасининг қаҳри ва муҳаббати бор эди. Жаҳли тез чиқиб,тез сокинлашар эди.Кейинчалик китобни тандирда ёққани учун кўп бора Ҳаётдан кечирим сўраган эди.

     Тун ва жаранглаётган сукунат ғаним лашкаридай унинг устига бостириб келар эди.Бу кимсасиз уйдаги жимлик шу қадар кучли эдики, тахта поллар ва фанер шифтлар қарсиллаб кетар,кўпдан бери бу масканни ўзига уй қилиб олган сичқонлар ва каламушлар гала-гала бўлиб шифтда у ёқдан бу ёққа югурар эди.

        Бу уйни қўни-қўшнига бериб,чироғини ёқиб ўтир деса,олам гулистон бўлар эди.Эшиклар очилиб,дераза пардалари кўтарилиб,чироқлар ёнар эди.Одам яшаб,ўн беш йилдан бери нураб,зах босиб ётган уйнинг кўча дарвозалари очилар эди.Аммо ундай бўлмади,бугунги кунда бу уйнинг эгаси бўлган Тошкентда яшайдиган укаси болалар деворларга чизиб,гиламларни кир қилади деб, уйнинг эшигини бирорта элат одамига очиб бермаган эди.Ўн беш йилдан бери бу уй рўёларга ва кўрилмаган тушларга маскан эди.

       Долоннинг тўрида алланарса  шиғиллаб, сокин овоз чиқариб ишлар эди.Энди буниси не бўлди экан? Рўёлар энди долонга чиқибдими? Узунлиги икки газча келадиган тўрт бурчак жиҳознинг ичида чироқлар ёниб турар эди. Қутининг  ёнига бориб қаради. Қоронғиликда ёрқин  нур тошиб чиқаётган қутининг думалоқ тешикларидан тухумга ўхшаган нарсалар кўринар эди.Қути ичида  ҳол-ҳол курка тухумлари,товуқ ва кичик бедана тухумлари тизилишиб турар эди.Бу қурилманинг кичик инкубатор эканини англади.Қўшнилар болаларидан олиб қочиб бу кимсасиз уйга жўжа очадиган инкубаторларини олиб келиб қўйган эди.Бу инкубаторни қачон олиб келишган,ичида қанча тухуми бор,қай маҳал жўжа очиб чиқади.Буни фақат қўшни оила эгалари билар эди.Қути ичида чироқ ёниб тургани,унда олис ҳаёт,иссиқлик  борлиги кўнгилга тасалли берар эди.

      Йўлак сўнгидаги катта залда алланарса қарсиллади,дераза шамолда очилиб кетганмикан деб ўйлади.Иссиқ ўрнидан аранг туриб йўлак бўйлаб юриб кетди.Оёқ остида энсиз поёндоз, девор тагида эшиги очиқ иккита оқ рангли музхона. У залга кириб  чироқни ёқиб юборди.Жавонлар,гиламлар,ойна пардалари сукут билан тикиларди.Ойнаванд жавоннинг устида унинг болалик,ёшлик сувратлари тизилган.Мана ота-онасининг ёшлик портрети,четига гул солинган шиша  рамкада турибди.Бу раҳматли Саъдулла оғаси,бу бийиси,бу синглиси,буниси ўзи, талабалик вақтидаги ёқаси чизиқли жемпирда тушган расми. Расмларга  жавон устида туриш қанчалик оғир экан.Кун чиқади эски дарпардали деразадан қуёш нурлари тушади.Жимлик.Кун ботади,дераза ойналарини зулмат қоплайди.Расмларнинг юрагини эзадиган сукунатли оғир тун тушади.Яна бу уйнинг эски ашёлари ёлғизликдан ва сукунатдан ичикади.Бу сукунатга маҳкум этилган,анжомлари билан,шишали жавон,китоблар,чойнак-пиёлалар,стуллар ва бир тахлам китоблар билан қариб қолган уйда тонгнинг отиши қийин бўлади.Бир вақтлар кутубхона бўлган жавонда  ўн-ўн бешта китоб қолган эди.Онаси тирик пайтида бу жавонлар китоблар билан тўла бўлар эди.Расмлар тунда  гурунглашади, “қачон Ҳаёт келади,бизни қўлига олиб орасталайди”, дея бир-бирига юзланади.Қоронғи тунлари зулматдан уларнинг юраклари сиқилиб кетади.Бу уйда, жавон устида  сувратларгина қолган эди.Бошқа сал қимматга эга бўлган майда-чуйда,кўрпа-тўшак,идиш-товоқ,чойнак-пиёлаларни укаси ва келини аввал ўзлари яшаган хонага жамлаб қулфлаб кетишган.Балки бу уйнинг калити бордир,аммо хизматчиларга калит берилсин деб айтилмагани учун,у қаттиқ кўрпачада чойшабсиз ухлашга мажбур эди.Агар бу қоронғи уйда вақтни орқага қайтариб бўлади деб айтишганида эди, Ҳаёт ота-онаси тирик бўлишини,уйда чироқлар ёнишини,мусиқалар янграшини сўраган бўлар эди тангридан.

       Узун умри давомида тиш масаласида жуда қийналиб яшади.Бу азоблар ҳам уйдаги болалик хотираларига боғлиқ эди.У пайтларда боғда  оғочлар камлиги учун ерни тракторга ҳайдатишар эди.Молхона ва қўраларда мол-ҳоллар кўп эди.Қўраларда қўй-қўзилар, сузанғич қўчқорлар кўп эди.

     Бир куни товуқларга дон бериб юриб, сурилиб юмшатилган боғ ерининг ўртасига келиб қолган эди.Онасининг “қоч Ҳаёт,уй томонга югур”, деган товушини эшитди.Орқасига қараса сузонғич қора қўчқор учиб келяпти.Уч-тўрт қадам югургани билан қўчқор келиб орқасидан калла ташлади.Қўлидаги тоғора учиб,  оғзи билан шу тоғоранинг қиррасига йиқилиб  тушди.Оғзи қонаб, иккита олд тиши учиб кетди.Шу- шу бутун умр тиш масаласида қийналиб яшади.Ўшанда отаси “калла ташлаб Ҳаётнинг тишларини синдирди”, дея қора қўчқорни қурбон ҳайити байрамида қурбонликка сўйдирган эди.

       Отасининг уйи ўшандай хотиралари билан,кечмишлар билан азиз,ўтли хотираларга тўла эди.Бу уйнинг ҳар бир қаричида овозли,ҳаяжонли,унутилмас хотиралар,кечинмалар,воқеалар бор эди.

      Қирқ йилча Тошкентда яшади,ишлади,ижод қилди,кимлар биландир дўст тутинди,аммо Тошкентли бўла олмади.Кўп қаватли уйлар,кундуз кунлари елим халтани кўтариб, озиқ-овқат ва нонга дўконга бориб келадиган қўни-қўшниларнинг юзидаги лоқайдлик,жулдур кийимларидаги қашшоқлик излари ифодаси жо бўлган қиёфалари унинг юрагини сиқарди.У дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам бўлган эди,аммо ҳар жойда нимадир етишмас эди.Ўша етишмаган нарсани излаб,балки бу ерда топарман деб она юрти Хоразмга келган эди.Укаси ва келини қулфлаб кетган хонанинг эшигини тортди,балки бу ерда онасига алоқадор,бунга керак нарса бордир.Аммо у ер мустаҳкам хориж қулфлари билан қулфланган эди.”Кимсасиз бу уйда хоналарни нега қулфлашар экан”, деб ўйлади.Узун йўлак поёндозларини оғир босиб,долонга чиқиб,кўрпачадан иборат ўрнига чўзилди.Юпқа одеялда совуқ жон-жонидан ўтди.Тегирмон тошларидай оғир хотираларни миясидан қувиб чиқарди,бу уйга энг сўнгги нажот сифатида етиб келган эди.Қолган умрини шу ерда яшаб  ижод қилсинми,бу бир бўш ҳаёл эди,икки-уч кунга уйнинг иситиш тизимини,чироқини ёқиб бермаган укаси,уни бу ерда,гарчанд бошқалардай бу уйларда яшашга ҳақи бўлса-да, яшашга рухсат бермасди.Унда энди нима қилади,қаерга боради,Ваёнгон қабристонига бориб ота-онасига ва қабрда ётган оғасига шикоят қилсинми? Осмон йироқ, ер қаттиқ. Кундуз кунги югур-югурлар,йўл чарчоғи,онаси эшиги олдидаги маҳтал зориқиб ўтириши,юрагидаги ғусса, ҳорғинлик ўз ишини кўрсатиб,кўзлари юмилди. Уйқу элтар чоғида, қулоғига алланарсаларнинг тарс-тарс ёрилиши эшитилди.Ҳайрон бўлди, зулмат оламида бу неларнинг товуши экан.Шифтдан қари каламушлар тушиб, атир хиди анқиётган жамодонини кемираётганмикан? Кўзлари очилиб кетди,кўрпачада қаддини ростлаб ўтирди.Чироқ нури тушиб турган қути ёнига борди,қути инкубаторда алланарсалар қитирлар эди.Кўрган манзарасидан ҳаяжон ва ҳайратга тушди.Қути ичидаги ҳол-ҳоли йирик-йирик курка тухумлари,йумурталари тарам-тарам ёрилиб,олачипор курка жўжаларининг парлари аранг кўринар эди.Қандай гўзал яралиш, бу ерда ҳаёт бор экан-ку, бу зулмат оламида йумурта пўчоқлари ёрилиб жўжалар ёруғ оламга чиқишга интилар эди.Қоп-қоронғи зулмат оламида,кичик қутида ҳаёт нафаси борлиги кўнглини хушнуд қилар эди.Эртага тонг отсин хизматчи келин келиб жўжаларни инкубатордан олиб, қоғоз қутиларга жойлайди.Уларга қайнаган тухумнинг оқини,икки уч кундан сўнг қирқилган кўк ўт майсаларини,сувга буланган маккажўхори ундаларини беради.Уларни қоғоз қутиларда ҳафта- ўн кун боққанларидан сўнг,иссиқ товуқхоналарига олиб кетишади.Бир ойдан сўнг улардан парлари қизғиш,қора,ўрик гулли товланадиган момиқ жўжалар пайдо бўлади.У ёшлигида бундай жўжаларни кўп боққан эди.Онаси тириклигида унга Тошкентга хоразмча чўраклар,бол,гуручлар ва сўйилган уй товуқларини олиб борар эди.

   Улар ҳам,олти фарзанд бир вақтлар бу уйда туғилган эди. Орадан қанча йиллар ўтди,қанча сувлар оқиб кетди. Сўнг турли тақдир билан  дунёнинг тўрт тарафида учирма бўлишган эди.

   Кўзлари юмилди,бу зулмат оламида қутида бўлса ҳам ҳаёт бор экан...тонг отсин,қуёш чиқсин, кейин қандай яшаши ҳақида бир тўхтамга келади.Ҳой шифтдаги саноқсиз каламушлар, йилларки сукунатдан сарғайган расмлар,эгасини маҳтал кутган расмлар,чироқлари ёнган ҳаёт қутиси,осилиб қолган пардалар,кўна гиламлар энди мен ухлайман.

     Март –апрел 2026 йил.

      “Гўзал” маҳалла.Тошкент.

 

 

 

 

 

- - -


< Orqaga qaytish