Ҳусниддин Ҳайит 1989 йил туғилган. Гулистон давлат университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини тамомлаган. “Сирдарёлик қиз”, “Кўнгил тилининг изоҳли луғати”, “Дилнурбитик”, “Тakvım teranesi” (турк тилида), “Севги сукунати” (таржима) китоблари чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Шуҳрат” медали билан тақдирланган. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
ҚАЙТИШ
Турфа хаёл ўйим этиб банд,
қишлоғимга борарман қайтиб,
йўлларимда меҳрлар тирбанд–
кутиб олар қўшиқлар айтиб.
Кўтарилар юрагимдан ғам,
яйловларга тушганда кўзим,
дардларимга топилиб малҳам,
англайвердим ўзимни ўзим.
Товонимдан ўпар тиконлар,
соғинчини яширмас сира,
эсга тушиб болалик онлар,
қуршаб олар ширин хотира.
Пайқамабман ўтганин ойлар,
ҳатто йиллар яшабди шошиб,
тўхтамасдан оқибди сойлар,
ўзанидан гоҳида тошиб.
Йўл четида қадрдон майса,
мени имлар қўлин кўтариб,
тағин тинмай менга жилмайса,
қувондим мен ташвишим ариб.
Ва мен учун бебаҳо дийдор –
қаршилади йўлимда муштоқ,
тарқаб кетди бағримдан ғубор,
онажоним очганда қучоқ.
Кўзларимда севинчнинг ёши,
Яратганга шукрона айтдим,
изтиробнинг довонин ошиб,
ғаниматим ёнига қайтдим.
КУТИШ
Миқ этмадим ўзим сингари,
юрагимда ўстирдим тоқат,
меҳринг қўмсаб кун ўтган сари,
гуллайверди дилда садоқат.
Ва ортингдан бормадим чопиб,
тоқат гулин қилдим парвариш,
гумонларнинг эшигин ёпиб,
кун кечирдим қилмай бошқа иш.
Келишингни ўйламай қўйдим,
таскинларга мен бўлиб ўртоқ,
висолингга хаёлан тўйдим,
сени ҳар он кўргим келган чоғ.
Янги ҳунар ўргандим фақат,
қийин эмас – қандай йўл тутиш,
вале чексам ҳамки машаққат,
ёқар сени бир умр кутиш.
Зериктирмас, очиғи, бу иш,
ёқар сени бир умр кутиш.
НУРИШҚ…
Беихтиёр
ўйлайман, яъни
дилга сурур солганда соя
ва қоламан,
сўзсиз: суяниб –
ишқ – Оллоҳдан туҳфа, иноят.
Тонглар
ташриф этар кўнгилга,
ороланар ҳаёт дунёси,
туйғуларим англаб
ва билган –
мамнунликдан муроди ҳосил.
Шукуҳланар
пинҳоний сезим,
илғанилмай кўнгил тубида
ва тинмайин
айланиб – кезиб,
нур таратар ой услубида.
Шуълаланиб
лаҳзалар дайдир –
чек қўйилар беқарорликка
ва якуний
Нурсўзни айтиб,
қуёш совға қилар борлиққа.
Ва ниҳоят
нурлар отлиғи –
бўй кўрсатар шаклига кириб,
ботинимда
ботиний йиғин –
муҳокама қилар нур сирин.
Чин Нуришқнинг
куч-қудрати шу –
садоқатга мангу муносиб
ва ундирар
изҳор – атиргул,
қилиб ёруғ кўнгилзор ҳосил.
НУРЎЙЛАР…
Оқ кўйлакни куйдирган каби
юрагимга дазмолни босиб,
сўнг даволаб бўлдинг сен – табиб:
дилдардимга дармон – муносиб.
Ғижимланган доғлар нурланди,
порлаб гўё ишқнинг қуёши
ва шу кундан мен ҳузурландим,
ҳар севинчнинг бўлиб дилдоши.
Шу пайтгача қолиб ғафлатда,
қайноқ тафтни сезмай ўсдимми,
ўчиб қолмай энди дафъатан,
қиздириб тур тинмай кўксимни.
Ва ҳарорат ёз фасли мисол
нурҳаводай айланиб юрсин,
мангуликка йўғрилиб висол,
саодатлар улашиб турсин.
Қоришганда тонгга дилдунё –
нурга кўнгил бурканиб тенгсиз
ва туганмас ҳаёт қил бунёд –
мен яшолмай ҳеч қачон сенсиз.
Сен яшолма ҳеч қачон менсиз,
дазмол қилиб ишқ – кўйлагимни
ва кўрсатиб туйғулардан из,
тарк этмагин нурўйларимни…

НУРСЎЗ…
Кўз илғамас нурлар мудом юрар кезиб,
синчиларнинг нишонида кўрсатиб бўй,
сезимларсиз ҳеч бирини бўлмас сезиб,
гар шунчаки бўлаверса – сурилган ўй.
Хаёлларнинг туб-тубида яшар мантиқ,
билинмаган – кўринмаган англам ётар,
изламларнинг моҳияти дилга тансиқ
ва ногаҳон ихтироли ҳис уйғотар.
Садо келар туйғуларда жилваланиб,
мўъжизалар кашф этилар лаҳза сайин,
шууримга сингиб борди ҳар бир маъни,
ўзлаштирдим ва қўймадим индамайин.
Бу ҳаётда зийнатланган тонглар – илинж,
қуршаб олса – рангли – рангсиз турфа дунё,
йўл бермаса йўлларингда нур – тиқилинч,
нурсўзлардан бир тушунча бўлар бунёд.
Аждодлардан қолган мерос ҳамроҳ токи,
кун кечирар измимизда кутганимиз,
ҳар ҳаракат ҳаддимизда бўлса – ҳоким,
чин юракдан Нурсўзларни ютганимиз.
Қисматимга пайванд эрур илоҳий Сўз,
мен ишқида ақлимдан ҳам озиб қўйдим,
неки бўлса – ҳукм этди борини Ўз,
билганимни юракларга ёзиб қўйдим.
Билганимни тилакларда ёзиб қўйдим…
АКС-САДО
Деразадан
боқасиз маъюс –
узоқларга тикиласиз жим
ва келасиз яна юзма-юз,
сиз барибир ўз(им)га, Севгилим.
Ўйларингиз
кетса-да йироқ –
тўкилса-да ёшингиз сим-сим,
дуч келасиз қайтадан ҳар чоқ,
сиз барибир ўз(им)га, Севгилим.
Боролмайсиз
ҳисларга қарши –
қолсангиз-да бутун умр жим
ва келасиз қайтиб – ярашиб,
сиз барибир ўз(им)га, Севгилим.
Кўксингизни
ёрасиз тиғ-ла,
сўнг севгига – нурга эгилиб
ва одатий келасиз йиғлаб –
сиз барибир ўз(им)га, Севгилим.
Юрагингиз
фақат ғам терар –
ҳар сония белгиси лим-лим:
сизни ўз(им)га қайтариб берар –
ўша Ғамлар – РАБбим, Севгилим.
Ўша РАБбим –қалбим, Севгилим,
аксланар нур – жим, Севгилим…
РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРКНИНГ
ФАЛСАФАСИ…
Саҳар чоғи тегар нишонга,
тонг нурлари отилган пайти
ва ўзига мудом ишонган –
синаб кўрар ҳар куни қайтиб.
Яраланиб ётса-да замин,
бағрин тутар – беланиб қонга,
шу тариқа ҲАЁТий камин –
борлиқ узра абадий ёнган.
Сездиради тафтин ҳар зумда,
ташкил этиб дилларда ҳашар,
тўрт фаслли: УМР мавсумда –
яшаб ўтар йўловчи – башар.
Алқиссаки, нурлар мангудир –
замирида энг ёруғ маъни,
англаганим: фалсафам шудир –
бахтдир қолсанг – нурга айланиб.
Ва ёғилиб нурланган ҳар Сўз –
ёруғланар юксакда ҳамон,
балки, шундан мен ахтариб Ўз,
ўйларимда кезганман само…