Саломат Вафо асарлари

Қўғирчоқ ясовчи.  янги ҳикоя.   Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Қўғирчоқ ясовчи. янги ҳикоя. Саломат Вафо.

 


«Хотира — замон билан инсон ўртасидаги кўприкдир. Уни бузган жамият ўзини англай олмайди.»

  Абу Райхон Беруний.

Гулмира ҳавонинг аёзидан бирдан ўзига келди. Қишнинг совуқ нафаси гўё унинг юзига эмас, қалбига кириб кетгандек бўлди. Ресторан олдида қизил гилам тўшалган зинапоялар, оқ рангли сунъий гуллар, турли чироқлар ялтираб турар, аммо бу ялтираш унинг кўзига ғариб, совуқ ва бегона кўринар эди. Бу жойда қувонч бўлиши керак эди, аммо у қувончни эмас, юрагини босиб турган оғирликни ҳис қилди.

Қалбида йиғими, изтироб, аламга ўхшаган туйғулар ғужғон урарди. Бу туйғуларнинг қай бири оғирроқ эканини ўзи ҳам ажрата олмасди. Кўзларидан қайноқ ёшлар оқиб тушар, у эса уларни артишга ҳам уялгандек, қўлларини қимирлатмасди. Гўё шу ёшлар унинг бу жойда ортиқча эканини тасдиқлаётгандек эди.

Шу он ойнаванд эшик очилиб, унинг ёнига елим халта тўп этиб тушди. Бу товуш Гулмира учун карнай-сурнайдан ҳам қаттиқ эшитилди. У дарҳол таниди: тўйга ўзи қўғирчоқ солиб олиб борган елим халта эди. Ичкарида қўғирчоқлар бор-йўғи учта жойни эгаллаган эди. Ўзи ҳам аввал шунга хижолат бўлган, “одамлар нима дейди”, деб кўп ўйлаган эди. Энди эса шу учта жойдан  ҳам сериб супуриб, қўғирчоқларни халтага жойлаб, ёнига олиб келиб тўпиллатиб ташлашганди.

- Ноинсофлар… — деди у ичидан, аммо бу сўз овоз бўлиб чиқмади. Овоз чиқаришга ҳам ҳоли қолмаган эди.

Бошида учта ўринни эгаллаб ўтирганида ўзини айбдордек ҳис қилган эди. Раққоса қиз Амира келаман деган, шунинг учун думалоқ столдан учта жойни Амирага ва қўғирчоқларга атаб сақлаб қўйган эди. “Ҳали ўйнашга чиқамиз”, деб ўзига тасалли берган эди. Тўй бошланиб, карнай-сурнайнинг ғата-ғути янграб, “Тўйлар муборак” қўшиғи айтилганидан сўнг бошловчи гапира кетди. Ана ўшанда ресторан ходимлари унинг ёнига келди.

Баланд мусиқадан қулоғи том битган Гулмира бир хил кийимдаги ходимларнинг гапига аранг тушунди. Уларнинг оғзи қимирлар, аммо сўзлар гўё ҳавода йўқолиб кетарди.

- Бу Амиранинг жойи, — деди у шошиб. - Бу қўғирчоқлар… яъни қизлар ҳали ўйнашга чиқишади…

Шундан ортиқ сўз айта олмади. Орадан беш-ўн дақиқа ўтмасдан, худди ҳаммаси аввалдан келишилгандек, ресторан ходимлари яна келиб, уни қўлтиғидан олиб ташқарига чиқариб қўйишди. Балки уни тўй эгасига кўрсатишгандир, аммо у тўй эгасини танимасди. Уни тўйга шогирди Амира чақирган эди. Амира эса келмади. Шу билан уни тўйдан ҳам маҳрум қилишди.

“Инсофсизлар, — деб ўйлади Гулмира. -Темир кўнгиллар. Одамни ҳам тўйдан чиқариб ташлайдими? Илгари ким бўлса ҳам, тўйга келган одамни тўрга ўтинг, деб таклиф қилишарди.  Ҳозир замон ўзгариб кетди… Кошки кимнинг юрагида нима борлигини биров билиб турса. Кимнинг ёши ўтиб қолган, кимнинг ҳаёти саҳна билан ўтиб кетган - бу кимга қизиқ?”

Эллик ёшларидан ошган Гулмира автобус бекатига қараб секин йўл олди. Бир ҳисобдан, уни тўйдан чиқариб юборишгани яхши ҳам бўлди. Амира келмади. Агар тўй соат йигирма учларда тугайдиган бўлса, бекатда автобус ҳам қолмасди. Унга эса кечаси йўлда қолиш ортиқча ташвиш эди.

Бир пакет қўғирчоқни шиқирлатиб, шаҳар четидаги уйига кириб келганида соат кечки саккиздан ошган эди.

Қўғирчоқларни чиқариб, сочиқ билан юзларини артди. Қора, майда кокил қилиб ўрилган сочларини тўғирлади. Бу ҳаракатларни у худди тирик болаларга меҳр кўрсатаётгандек эҳтиёткорлик билан қиларди.

- Вой, болам, - деди у паст овозда, - асфальтга қаттиқ ташладими? Бошингиз ёки белингиз оғридими? Ҳаа, сизларни ташлаган қўллари синиб акашак бўлсин. Сизларни тўйда бир яйраб ўйнайсизлар, деб олиб боргандим. Шовшираб ўлгур Амира ҳам келмади…

У қўғирчоқларни дераза рахида эҳтиёткорлик билан ўтқазди.

-Майли, энди шу ерда дам олинглар. Эртага барвақт уйғонамиз, сизлар билан нон олишга борамиз. Кечаси ичларингиз қисиб ўтирмасин, ўйнанглар, кулинглар, хаззатиб ўтиринглар.

Уй тинч-осуда эди. Ўғли уйланиб, қизи эрга тегиб кетганидан сўнг, Гулмира сукунат ҳукмрон катта уйда бир ўзи яшайдиган бўлган эди. Хонада пардалар, ялтираб турган ойналар, диванлар, гиламлар — ҳаммаси жим, гўё у билан бирга нафас олишдан ҳам тўхтаб қолгандек эди.

Аслида воқеа бундай бўлган эди.
Маҳаллий газеталар номи чиққан фолклор ва рақс ансамбли “Шарора” банкротга учраётгани ҳақида ёзганида, Гулмира бу хабарга ишонгиси келмаган эди. Газетани қўлида ушлаб туриб, узоқ қараб қолган, ҳарфлар кўзи олдида сузиб юргандек туюлган эди. Ўн йиллар давомида саҳнада яшаган, саҳнада қарий бошлаган аёл учун ансамбль — оддий иш жойи эмас, балки ҳаёт дарёсининг ўзи эди.

“Шарора” унинг ёшлиги, орзуси, умиди эди. У ерда у фақат рақсга ўргатмаган, балки қизларни тарбиялаган, уларнинг қувончини ҳам, кўз ёшини ҳам кўрган эди. Ансамбль бозор иқтисодиётининг темир қонунларига, рақобат деган шафқатсиз майдонга дош беролмади. Ижара пулини тўлаш қийинлашди, ойликлар кечика бошлади. Сўнгги пайтларда концерт, гастроль деган гаплар орзу бўлиб қолди.

Аввал ансамблдан уч қиз шаҳарга, қайсидир ресторанга ўйинчи бўлиб кетди. Кейин яна иккиси. Улар кетар экан, Гулмира ҳар бири билан алоҳида хайрлашган эди. “Бор, қизим, йўлинг очиқ бўлсин”, деган, аммо ич-ичидан нимадир узилиб кетганини ҳис қилган эди. Шундай қилиб, ансамбль қисқа вақт ичида пат тиқилган ёстиқдай тўзғиб кетди.

Гулмиранинг “Шарора” билан умрининг қандай гўзал дамлари ўтган эди. Кундуз кунлари соат ўн бирдан репетиция бошланар, у зал эшигини очиб кирганидаёқ қизларнинг кулгуси, товуши эшитиларди. Ҳар бир қадам, ҳар бир ҳаракат у учун таниш эди. Ҳафтада икки-уч марта концерт, тўйларда оммавий чиқишлар… Унча кўп эмас, лекин етарли пул ишлашарди.

Қизлар  Мафтуна, Нигина, Дилшода ва бошқалар - ранго-ранг либосларда, оғоч баргларидай шилдираган тақинчоқлар билан товусдай хиром этишарди. Уларнинг гўзал юзида бахтдан порлаган нур, кўзларида яшашдан, умридан мамнунлик, шукроналик бор эди. Гулмира уларга қараб: “Мана, саҳна нималар қилади инсон билан”, деб ўйларди.

Тоғ оҳуларидай гўзал қизларнинг чиройига мафтун бўлган маст-аласт эркакларни,улар  кулиб кузатиб қўйишарди. Тўй тугагач, спорт кийимларини кийиб чиққан қизларни “Хундай” микроавтобуси уй-уйларига ташлаб қўярди. Баъзан тўй эгалари қўярда-қўймай: “Овқат емадингизлар”, деб турли тансиқ таомлар солинган қутиларни бериб юборарди. Ўша пайтларда Гулмира ҳаёти шу ҳолат доимий давом этади, деб ўйлаган эди.

Лекин ҳаёт саҳна эмас экан.

Гулмира уйининг ёзги айвон тарафидаги юқори полга унча кўп чиқавермасди. Ростини айтганда, у ерга чиқишдан ўзини олиб қочарди. Чунки у ерга кирса, кечган ҳаёти тирилиб кетгандай бўларди. Қизлар билан ўтган яхши-ёмон кунлар, автобусда вилоятнинг турли шаҳар-қишлоқларини кезиб юрган дамлар кўз олдига келарди.

Юқори пол айвонида таназзулга учраган “Шарора” ансамблининг узун йиллар концертларда, сайлларда, кўргазмаларда кийган турли ҳарир, шифон, товус гулли, қизил, оқ, сариқ, яшил кўйлаклари узун илгичларда осилиб турарди. Ҳар бир кўйлакнинг ўзига яраша ҳикояси бор эди. Раққоса қизларнинг ҳар бир тадбирда, байрамларда кийган туфлилари, репетиция бошмоқлари икки қоп бўлиб бурчакда серрайиб турибди.

Хонага кириши билан оғир ҳаво, эски уфунат, сал-пал атир ҳиди келарди. Деворларга қизлар билан тушган катта-кичик суратлар осилган. Мана бу расм 2013 йилда Бойсун баҳори фестивалида тушилган. Унда ҳамма ёш, ҳамма кўзларида,кулгусида умид бор эди. Бу расм эса Гулмиранинг эллик йиллик юбилейида кафеда ўтиришганида тушган. Яна бир расмда ўртада Муҳлиса исмли қизи уч-тўрт ёшлардаги ўғлини тиззасига олиб ўтирибди.

Ҳар сафар Гулмира хонани айланиб бўлгач, бурнини тортиб, кўз ёшларини артарди. Хотиралар зўридан сукутга чўккан хонанинг ўртасида ҳаракатсиз туриб қоларди. “Бу кўйлаклар, бу расмлар кимнинг ҳаёти эди?” деб ўйларди у. “Гўё бу умр узоқларда қолган, менга алоқаси йўқдек…”

Айниқса намойишлар айвонига кечаси киришга қўрқарди. Гўё қизларнинг кулгуси, гап-сўзлари қулоғига киргандай бўларди. Улар ҳазиллашиб, бир-бири билан эжашиб, қаттиқ овозда кулишар эди. Шундай пайтларда Гулмира айвондан чиқиб, совуқ сув ичар, юз-кўзини ювар, кўзгуга қараб: “Ақлдан озмадиммикан?” деб ўзидан сўрарди. “Бошқалар ҳам бу овозларни эшитармикан?”

Бу каби хаёллар унинг фикрларини тарқатиб юборар, кундалик ишларини қилишга ҳам қийналарди. Қўлидаги таёқлар тушиб кетар, у эса уларни қайта-қайта ердан оларди.

Шу пайтда қўғирчоқ ясаш унга суянч бўлди.

Гулмира уста ясаб берган икки бармоқдай келадиган таёқчаларни бўяб, қуритиб қўйган эди. Ҳар бирига алоҳида юз чизар, қош-кўз, бурун қўшарди. “Бу Нигина, бу Мафтуна”, деб ичида гапириб қўярди. Қўғирчоқларни боши узра кўтариб, қилган ишидан ўзи мамнун бўлиб, пастгина сас чиқарарди.

- Буларнинг жони бор, — дерди у. -Ҳар бирининг  умри бор.

Гулмира энди онасидан қолган эски хитой тикув машинасини ишга соларди. Машинанинг овози унинг учун қулоқни тинчитадиган, юракни босадиган товуш эди. Зиғиллаб айланиб турган ғилдиракка қараб, у неча йиллар олдин ҳам шу овозни эшитиб, саҳнага либос тайёрлаган кунларини эсларди. Қўғирчоқларга атлас кўйлак тикар экан, матонинг ҳар бир қатламини эҳтиёткорлик билан ўлчарди. Таёқчаларнинг узун-қисқалигига қараб, кўйлакларни бирма-бир мослаб чиқарди.

Бу ишда у шошмасди. Ҳар бир қўғирчоққа тиккан кўйлаги — бир хотира, бир исм, бир тақдир эди. Уларга кийдириладиган мижжи тахёларни бозордан алоҳида танлаб олган эди. “Қизлар саҳнага чиққанда бошлари чиройли кўриниши керак”, деган гапи ҳали ҳам қулоғида жиринглайди.

Қизи Асмира бир куни келиб, онасининг бу ишларини кўриб, оғир нафас олган эди.

- Ойижон, — деган эди у, - бу ишингизни қўйинг. Бугун бу қўғирчоқларни ясайсиз, эртага кийинтирасиз, кейин кўчага олиб чиқасиз. Дўконларда, бекатларда ўтқизасиз. Эртага-индин ҳеч ким бўлмаса, уйда булар билан гаплаша бошлайсиз. Ана унда кўринг, тамошани…

Асмира ҳазиллашиб айтган бўлса ҳам, сўзларининг ичида қўрқув бор эди. Гулмира эса жим қолган. Нима деб жавоб беришни билмасди. Чунки қўғирчоқлар унинг учун ўйинчоқ эмас, балки унинг ёлғизлигини тўлдираётган сукутдошлар эди. Улар кетса, у яна бутунлай ёлғиз қолишини ҳис қиларди.

Ресторан олдида елим халта ташлаб юборилганидан кейин, қўғирчоқларнинг баъзилари синган эди. Бир иккитасининг боши ёрилган, иккитасининг қўли ажралиб қолган эди. Гулмира уларни қўлига олиб, узоқ қараб турди. Гўё тирик инсонларни яраланган ҳолда кўраётгандек юраги зирқираб кетди.

- Ҳаа, қўғирчоқларни синдиргунча қўлларинг синсин, — деди у қаттиқ овозда. - Акашак бўлиб бурилиб қолсин. Буларни жони бор ҳам демайсанми? Ахир буларнинг жони бор, оти бор…

У ҳар бирини қўлига олиб, қизларнинг исмларини такрорлай бошлади.

- Мана бу новча ва чиройлиси - Мафтуна. Бу кулча юзли, ипак киприклиси - Нигина. Бу эркакшодароқ, сочи қора ва қалини - Дилшода.

У бир зум тўхтаб қолди.

- Буларнинг ўн беш нафари бор. Ҳаммасининг ўз номи бор, - деди у ўз-ўзига.

Сўзлари аста болаларга гапираётгандек, кейин эса қизларга насиҳат бераётгандек тус олди.

- Мафтуна қизим, Нигинаой, нега кўп ухлаб қолдингизлар? Ана, Дилшодадан ўргансангиз бўлмайдими? Қаранг, у эрта туриб, чой ичиб ўтирибди. Туринглар, қизалоқларим. Ҳали салонга бориб сочларингизни ипакдай қилиб турмаклатишингиз керак…

Бу сўзларни айтар экан, Гулмира ўзи ҳам қайси пайтда қўғирчоқларга эмас, ўтмишда кетиб қолган қизларга мурожаат қилаётганини фарқламай қолган эди.

Эртаси куни у қўғирчоқларни елим халтага солиб, бекатга чиқди. Мафтуна, Нигина, Дилшода, Муҳлиса ва бошқалар - ҳаммаси жой-жойига эҳтиёткорлик билан қўйилди. Атрофда ҳеч ким йўқ эди. Осмон кўм-кўк, оғочлар кўм-кўк барглари билан шамолда аста чайқаларди. Олисдан бозор тарафдан қоврилган балиқ ва чўғда пишаётган кабобнинг хиди келар, йўлдан виз-виз турли маркадаги енгил машиналар ўтиб турарди.

Гулмира ёғоч ўриндиққа қўғирчоқларни тизиб ўтқизиб қўйди. Турли адрас, ипак, шифон кўйлакли қўғирчоқлар гўё бекатда автобус кутган одамлардек қатор бўлиб ўтиришарди. Бир қарич баландликдаги бу қўғирчоқлар унинг учун эса бутун бир ҳаёт эди.

- Қизлар, исиб кетмадингизларми? - деди у меҳрибонлик  билан. - Мафтуна, Нигина, нега жим ўтирибсизлар? Ҳозир автобус келади. Автобусга чиқиб истироҳат боғига борамиз. У ерда концерт бўлади. Беш-олти марта чиқиш қилсак, пластик карточкамизга пул ташлаб беришади. Концертдан кейин кабоб еймиз, музқаймоқ ҳам еймиз…

У тўхтаб, қўғирчоқларга қаради.

- Бўладими, қизлар? Розимисизлар?

Шу пайт турли саслар чиқариб эски элат автобуси келиб қолди. Бир тўп ўқувчи қизлар бекатга етиб келиб, ёғоч ўриндиқларда тизилишиб ўтирган қўғирчоқларни кўриб, бир-бирларига қараб кула бошлашди. Улар кулганча автобусга чиқиб кетишди.

Гулмира эса ўрнидан қўзғалмади.

Нега автобусга чиқмаганини ўзи ҳам  билмасди. Гўё ич-ичида бир қарор пишиб етилган, аммо у қарорни сўз билан ифода қилиш қийин эди. У қўғирчоқларга қаради, кейин осмонга, кейин эса йўлга.

- Майли, қизлар, - деди у паст овозда. - Кейингисида кетамиз. Шошадиган жойимиз йўқ. Истироҳат боғида буларни кутиб туришади, уч-тўрт марта чиқиш қилишади, кейин кабоб билан музқаймоқ ейишади…

У гапини тугатмади.

- Кетаверишсин, — деди у охири. - Кейингисида кетишади…

Осмон ҳамон кўм-кўк эди. Шамол баргларни аста чайқар, бекатда эса сокинлик ҳукм сурарди. Қўғирчоқлар жим. Гулмира ҳам жим эди. Бу жимлик аввалгидай юракни сиқар даражада  эмасди. У биринчи марта ўтмиш ортидан қувмасликка, хотираларни қўйиб юборишга уриниб кўрган эди.

6 декабр 2025 йил

- - -


< Orqaga qaytish