Саломат Вафо асарлари

Тақдимотдан кейинги ўйлар. мулоҳаза.   Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Тақдимотдан кейинги ўйлар. мулоҳаза. Саломат Вафо.

   

Тақдимот  ўтказиш жараёнида ичимда аллақандай ўзгаришлар юз берди.Кутубхона билан гаплашиш,модератор топиш,залдаги одамлар масаласи,роликлар ясатиш,санъаткорлар чақириш ва ҳаказо.

    Энг қизиғи тақдимотга сўзловчиларни чақириш масаласида бўлди.Кўп  дўстларимиз Фейсбукда бўлгани учун,уларни Фейсбук орқали чақирмоқчи бўлдим.Баъзи ҳамма таниган,инсонийлик,адолат,демократия  ҳақида шеърлар,мақолалар  ёзадиган,ўз қайғулари ҳақида дўстлари билан бўлишган, журналистга хабар юбордим.”Келинг,вақтингиз бўлса сўзга чиқинг..” деб таклиф билдирдим.У машҳур зотдан бир кун жавоб кутдим,икки кун...у менга жавоб беришни ҳам лозим топмади.Мен у билан умримизнинг энг яхши кунлари ўтган деб ҳисоблардим.

   Хоразмлик бир профессорга “Дунёнинг сири” китобимни берган  эдим.Уни хоразмлик деб  таклиф қилдим. У-да жавоб бермади.

Бошқа тадбирларга бориб юрадиган профессор,ёзувчиларни таклиф қилдим.Ҳар қалай улар “мен бандман,сафардаман”деб жавоб берди.Мен у профессор фалончиникига келди-ку, менинг тақдимотимга ҳам келар деб ўйлабман.Лекин хом ўйлабман.

   Бугунги кунда танилиб қолган ёш шоирга телеграм орқали хат ёздим.Уни бир тадбирда кўрган эдим.”Саломат Вафо,ижодингизни мухлисиман” деб гапириб юрарди.Тақдимотнинг санъаси ўзгаргани ҳақида хабар билдирдим.Таклифнома юбордим.Дастур юбордим.Ишонинг,у менга жавоб бермади.

   Тақдимот масаласи билан турли тақдирлар,турли манфаатлар,турли қизиқишлар ва характерларга дуч келган эдим.Одамларга нима бўлган,ёки мен дунёдан орқада қолиб кетганманми,ёки “ўтди давронми Саломат Вафо”.. дея ўйладим.Қалбим қаттиқ оғриди.Ўйлаб ўйимга ета олмадим.Бирдан рухиятимда бир нарса ярқ этди,эҳ,булар,мени ёзувчилар уюшмасидан чиқарилганим учун,балки,сўзга чиқсам,ёзувчилар уюшмагасига ёқмай қоламан,деган ҳадик билан келишмаган...

   Нима ҳам қила олардим,жимлик чўккан улкан хоналар,маюс деразалар, сершовқин кўчада ўтиб бораётган ёшлик билан нима қила олардим.

     Худонинг иродаси билан,кутубхона раҳбариятининг жонкуярлиги билан тақдимот яхши ўтди.Аммо,қалбимда,кичик-кичик,тузалмас яралар,оғриқлар        қолди..

   12 май 2025 йил.

- - -


< Orqaga qaytish