Marta o'qildi
"Хоразм маликаси Дорова" романидан парча. Саломат Вафо
Қумнинг минг йиллик қуёши кўм -кўк осмон остида чўк тушган туялардай ястанган ва сўнги кўринмайдиган паст - баланд барханлар орасида улкан мовийлик пайдо бўлди. Мовийлик узра қуёшнинг олов туси жилваланар, улкан буғ оламида Ҳиндиқуш тоғи тарафлардан учиб келган ўрдаклар, ғозлар ва аллақандай жундуги ва оёқлари сап- сариқ сув қушлари кўл узра учиб, самолар бағрида “қийиқ - қийиқ” дея алланенинг илинжида товуш чиқарарди. Баланд ўсган тўронғил, саксовулларнинг соясига бостирма ва айвончалар қурилган, яна ер ўчоқ, дошқозонларда емак пишиб, тандирларда иссиқ буғдой нон ёпилар, патир ва емакларнинг тотли ислари, тутунлар аралаш атрофга тарқаларди. Дошқозонлар атрофида ошчилар, ҳаммоллар, балиқчилар, карвонлар билан келган туячилар уймалашар, қамиш билан тўсилган айвонча, бостирма ости гилам ва палослар устида ёстиққа суяниб, олисдан келган карвон эгалари, сарбонлар, ипакли, ялтироқ чопон кийган ҳорғин инсонлар дам олиб ётишарди.
Саҳро қуёшида ялтираётган пайлари, терга ботган вужудини кўз-кўз этиб, виқор ва улуғворлик билан туёқ ташлаётган биялар улкан соғинч қўмсовига айланганди. Отларга эрта тонгдан куйдираётган қуёш, на бўронли шамоллар ва на қум йўлининг заҳмати билинар, улкан жониворларнинг юраги “қулуним, қулуним”, деб урарди.
Дорова ва суворий қизлар отларга далда бергандай эркалаб шаппатилаб, оёқлари билан ниқтаб, шамолда заркокилдай учадиган ёлларини силаб қўярди.
“Дорова ва унинг бикалари гўё биялар билан қисматдош эди. Улар олис сафарларга чиққанида... биялар чопмас, улар чопиш тезлигида тезлашиб учиб, бика қизлар билан бирлашиб нафас олар ва бир вужудга айланар эди...”.
“Гулдур... гулдир...” саҳронинг кўҳна осмонида Момо гулдирак биялар туёғи монанд аравасини ҳайдай кетди. Самонинг олис- олисларида чақмоқ чақиб, асрларки, барханлар орти, оғочлар бағрида гизланиб ётган шамол “бир ўзимизни кўрсатали... булар довул кимлигини унутди ...”, дея уйғониб йўлга тушди.
Қуёш порлаб оқ булутлар сузиб юрган мовий осмонни булут қоплаб, чўл- саҳроларга ғалати тараддутли қоронғилик чўкди. Чўлнинг майда қум зарралари ёмғир олдидан уясидан кўчган минг-минглаб бол арилардай қўзғалиб, ер бағирлаб гоҳ тўзғиб, гоҳ думалоқ, гоҳ иссиқ сўлқилдоқ патир ёпадиган тандир тутунлари каби ёйилиб уча бошлади. Бир- биридан ортда қолмай, Гурганж тош майдонида Наврўз маросимида қадам ташлаган отлардай, олтмиш - етмиш чоғлик биялар юмшоқ қумда бир текисда туёқ ташлаб, елиб келишар, қумлар, қумнинг қуруқшаган оғочлари, офтоб нурида ўйнаётган қум зарралари ва саҳро кенглиги орасида безовта асабийлик оҳанглари зоҳир эди. Ортда қолган Гурганж қалъаси учун ... тонг саҳар йўлган чиққан отлар, туялар ва қозон- ўчоқ атрофида уймалашиб юрган итлар увиллаб, кишнаб, гўё айрилиқдан андуҳ чекмоқда эди.
“Йиғлама, Жалолиддин* ... баҳорда улуғ ананг олдига келасан ”.
Булутлар, қозонлар, қовурилган мойбошбалиқлар аро, мома гулдирак аравалар, шамоллар, саксовулзорлар остида бир болакай ҳўнг- ҳўнг йиғларди.
“Қизил балиқларим, энди жўжа очғон ўрдакларим қани...”.
“Айй...” дея йиғларди бола чўлнинг соғинчли ёмғирларига қўшилиб.
Бирдан чўл булутларининг бағри сўкилиб кетди, осмон бева хотиндай булут сочларини ёйиб, ичикиб – ичикиб йиғларди.
Боланинг дарди, йиғисига Гурганж қалъасининг баланд деворлари соясида
*Жалолиддин Румий назарда тутилмоқда.
қолган кекса Султон Увайс тоғи ҳам дош беролмай, чўк тушмишди.
Шундан бери... кўп айрилиқларни кўрган тоғ ёлғиз тепаликлар мисол... бу яқин орадан олисларга отланган карвонларни қари чолнинг лошидай ёйилиб кузатиб ётмишди.
“Жайхун дарё... беш ой музлаб ётади.Унинг қалин музи устидан аравалар, отар, туялар ва сигир- бузоқлар йўл солади. Қишда келиб, дарёни муз - пузи билан филларга судратиб, ўрдак, мойбош балиқ, сазан, илонбалиқ, дўнгпешона ва улкан балиқларни кажавага солиб олиб кетарсан, Жалолиддин, болам ”.
Минг йиллардан сўнг Жалолиддин Румий номи билан инсоният руҳий оламини бирлаштирадиган олти ёшлик бола, аста-секин ёпилаётган қалъа дарвозаси улкан табақалари ортидаги миноралар, гумбазларни кўриб ичикарди.”... Аа... ааа... эна кетмайман, эна, кетмайман...”.
Эгар- жабдуқ, ўзангидаги қўнғироқлар, туя боши ва манглайидаги шинғироқлар... жазирама саҳронинг билқиллоқ йўлларида карвоннинг юриши ва чайқалиши монанд жирингларди...
“... йиғлама болам, ағлама...
Чаққа чақиб бераман,
Дивана бувангни тўшоқина...
Зинжир осиб бараман...”.
Ўз қайғу- алами, кўз ёшлар, айрилиқлар орасида қолган карвон мажбурият ва истаксиз оғир қўзғолди.
Қорақумнинг ёнган бағри, кимсасиз кенгликлар, телба шамоллар қанотида, Жалолиддин ҳали келажакда айтиши лозим бўлган,
“... қалбида аллоҳ бўлган Одам учун ўлим ҳам, умр ҳам ёқимлидир”*, калимасини бир бора, юз бора ва минг бора айтиши лозим эди.
Ушбу сўзлар от, туя ва ҳатто занжирланган фил одимлари ... қўнғироқлар оҳангида янграрди.
“... қалбида аллоҳ бўлган Одам учун ўлим ҳам, умр ҳам ёқимлидир”, дерди отлар, туялар қўнғироқлари ва саҳро барханлари, сазоқзорлари ўз тилида миллионинчи бор.
Саҳронинг қайсар битикчиси эчки терисидан ясалган оғир дафтарини очиб шаҳд билан ёзди: “... донишманд ҳолида бу янглиғ бўлар, аммо ўлим ҳеч қачон ва ҳар қайси ёшда ҳам инсон боласи учун ёқимли эмасдур...”, деб дафтарини шарт ёпиб, қопчиқларини кўтарганича йўлга тушди.
* Жалолиддин Румий (1207 -1273 йилларда яшаган). Отаси Баҳоуддин Валад Нажмиддин Кубронинг муриди бўлган, Жалолиддин она томонидан Хоразмшоҳлар хонадонига алоқадор бўлган. Баҳоуддин Валад Муҳаммад Хоразмшоҳ билан келишолмай Жалолиддин Румий олти ёш бўлганида Хоразмдан чиқиб кетади.
“Воҳ, дилимни ғамга банди қилди,
Кеча кундуз дилни тиғсиз тилди”.
“Кеча - кундуз нола чексам қайғуриб,
Пинҳон-пинҳон, ширин-ширин кулди ёр”.
Жалолиддинни овутмай қўйдилар, чунки Гурганждан айрилиш ҳасрати оламнинг бари мусибат ва аламидан баландроқ эди. Бу ҳасратга чидамоқ учун ёши улуғлар ҳам куч тополмаётган эди.Жайхун дарёсида сузмиш ўрдаклар, шоли поя сувига кириб қолиб улғайган мойбош балиқлар... тонг саҳарларда қумнинг ичкариларидан терга ботиб етиб келадиган отлар, тойчалар учун ҳўнграб йиғларди бола.
“Бикам, ҳув... ўтиб кетган карвонда бола йиғлади”.
“Кун чиқарга қараб отланган карвон”.
Қизғиш, қора ва ола биялар нолакор кишнаб, байни фарёд чекарди. Кенг дашту-саҳро, шамолларда чайқалаётган саксовулзорлар, тўронғиллар, ҳудудсиз самога сурон соларди. Шамолда денгиздаги кема елканларидай ҳилпираётган туғлар қайишини белига маҳкам боғлаган Сайёджон саф бошида елиб борарди. Эгарга ярим ўтириб, оёғини ўзангига маҳкам тираган кўйи учиб борарди. Саҳрода хотин жангчиларнинг боши узра алвон, қора, бўрибош тасвирли туғлар пориллаб учарди. “... Қалбида аллоҳ бўлган инсон учун ўлим ҳам, умр ҳам ёқимлидир”, дерди қулунларидан олислаган отлар, туялар қўнғироқлари ва саҳро барханлари, сазоқзорлари ўз тилида Жалолиддин Румийнинг сўзини миллионинчи бор такрорлаб..
Қулунлардан умид узолмаган биялар яна кишнай- кишнай олға чопиб кетди.
“Ерда чумолининг юрганини билган аллоҳ, наҳотки, сенинг фарёдларингни эшитмагай...”, деб ёзди саҳро битикчиси Одам олти ёшлик Жалолиддин кетаётган карвон қолдирган чанг ва тўзонга боқиб.
Бир- бирини им ва ишоралар билан англайдиган ялтироқ кийимли ғалати лашкарлар, камон ўқлари мисол суниб кетди. Отларнинг ора- сира ерга урилаётган “дупур -дупур” туёқ товушлари, кишноқлар, ҳансироқлар қоришиқидан, қулунларнинг ҳасратли чорловидан отлар кўк сари сакраб, ёллари шамолда учиб, улуғ кенгликларда Жайхун дарёсидай оқишарди.
“Гулхоним, белингни маҳкам боғла...”.
“У мўғул ялоқи... кимлигимизни билиб қўйсин. У ҳали хоразмлик қизларнинг кимлигини билмабди...”.
“Бикам, ниятинг қутли бўлсин”.
“Отларни, қулунларни аяма, туғни кўтар... ёнбошдаги қизлар, Гулхоним туғларни туширманг...”, дерди шамол лашкарлар тилида.
Саҳро бағрида саноқсиз катта- кичик бархан тепаликлари пайдо бўлганида отлар секинлашди.
- - -