Marta o'qildi
Эл эъзозига мушарраф устоз. мақола. Отабек Исмоилов.
Устоз Эркин ака Самандаров ҳақида сўз кетганида камтар, тафаккур дунёси кенг, сўзлари ихчам, лекин пурмаъно, шунингдек, шогирдларига эътиборли ижодкор кўз олдимизга келади.
Ҳамкасблари, шогирдлари орасида айниқса, устознинг каминага эътибори, меҳри ва ғамхўрлиги алоҳида эканлигини ҳис қилганман. Бунга мисоллар кўп.
...Устознинг “Хоразм ҳақиқати” газетасида муҳаррирлик даврлари. Мени адабиёт майдонига энди кириб келаётган пайтларим. Хивадан таҳририятга ҳафта сайин бориб турардим. Бир сафар борганимда тўрт-беш киши ўтирадиган хонада ижод аҳли билан суҳбатлашиб ўтирганимда кутилмаганда эшик очилиб, Эркин ака кириб келдилар. Салом-аликдан сўнг устоз ҳамкасбларига қараб:
-Кеча телевизорда Отабекнинг шеър ўқиганини кўрдингизларми? – дея савол бердилар ва сўнгра менга юзланиб гапини давом эттирдилар:
-Жуда яхши шеърлар ўқидингиз. Ижоддан, изланишдан тўхтаманг!
Бу эътирофдан очиғи қувондим ва беҳад руҳландим ўшанда.
Яна бир мисол: 1985 йилнинг май ойи охирлари эди чамамда. “Хива тонги” газетасида муҳаррир ўринбосари вазифасида ишлаётган пайтим. Ҳамкасбларимдан бири жиринглаган телефон гўшагини кўтариб гаплашгач, менга юзланиб, “ Сизни сўрашаяпти” деди. Мени сўраган инсон Эркин ака эканлар. Ҳол-аҳвол сўрашгач:
-Отабек, тайёрланинг, тез кунда бирга Андижонга кетамиз. “Хоразм адабиёти кунлари” бўлади, - дедилар.
-Хўп бўлади устоз, раҳмат , - дедим.
Орадан икки кун ўтгач, эсимда йўқ қандайдир муаммолар чиқиб Эркин ака билан телефон орқали боғландим ва “Устоз бир ишлар чиқди, мен бормай қўяқолай, насиб этса кейинги сафар...” деб узр сўрадим.
Шунда Эркин аканинг жавобан айтган сўзлари ҳали-ҳамон қулоғим остида:
-Отабек, мен билан йўлдош бўлишни истаб юрганлар атрофимда кўп. Мен сизни танладим, -дедилар.
- Бўлди, устоз, бораман, - дедим ва хижолат тортдим.
Мен ҳамсафар устозлар Эркин ака ва Қурбон Муҳаммадризонинг паспортларини олиб улардан икки кун олдин Тошкентга етиб келдим ва индинига Андижонга учадиган самолётга биринчи рейсга учовимизга чипта олиб, устозларга хабар қилдим.
Эркин ака билан Қуронбой Матризаев Андижонга учадиган кун зўрға улгуриб Хоразмдан Тошкентга кечаси етиб келдилар, эрта саҳарда ҳаммамиз аэропортда жам бўлдик. Мен билан саломлашгач, Эркин ака шундай дедилар:
-Отабек, бундан ҳам эртароқ учадиган рейсга билет йўқмикан?
-Йўқ экан устоз, бўлса олар эдим, - дедим.
Роса кулишдик ўшанда.
Андижон аэропортида бизларни Эркин аканинг дўстлари – ижодкор зиёлилар кутиб олишди. Сўлим масканда нонушта қилиб олгач, адабий тадбирга йўлга отландик. Шунда Эркин ака “ Сизлар бориб тураверинглар, бироздан сўнг изларингиздан етиб борамиз” дедилар ва шу жойда мезбонлардан бири билан қолиб кетдилар.
Кейин маълум бўлдики, Эркин ака ўша жойда ўтириб янги шеър ёзган эканлар. “Андижон” деб номланган оҳори тўкилмаган шу шеърни олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда илк бор ўқиб бердилар.
Устознинг ушбу шеъри ва шу қаторда Қурбон Муҳаммадризо ҳамда менинг ҳам шеърларимиз эртаси куни “Андижоннома” вилоят газетасининг янги сонида чоп этилди.
Кейинчалик мен устознинг ўша ғазалига мухаммас ёздим. У ҳам орадан анча йиллар ўтиб Андижонга курсдошлар билан учрашувга борганимда вилоят газетасида ёритилди. Мана ўша шеър:
АНДИЖОН
Қай жойда бўлсанг эй гул, ондадир чун жони Бобурнинг,
Ғарибингга тараҳҳум айлагилким онда жонидур.
БОБУР.
Қайда юз очсангки дилдор, онда жон,
Қайда меҳр этсангки ошкор, онда жон,
Қай томон боқсанг хумор, онда жон,
Қайда бўлсанг дилосо ёр, онда жон,
Қайда лутф этсанг диловор, онда жон.
Кўҳна Хевоқда соғиндим, бўзладим,
Шаҳри Шошда сен ҳақингда сўзладим,
Ишқ сирини гоҳ кўнгилда гизладим,
Шаҳрихонда изларингни изладим,
Бағрини очди диёр, онда жон.
Бунда ўтмиш неча бир ғамноклар,
Сийнаси юрт дардида чок-чоклар,
Барҳаёт доим юраги поклар,
Кўрдим изларда мунаввар ҳоклар,
Айтди Бобур ашъор онда жон.
Ўқидим девонин, этдим эътироф,
Куйлаганда дардин этмиш тарки лоф,
Дардки, қошида енгил минг Кўҳи Қоф,
Марҳаматнинг боғларин этсам тавоф,
Нодира оҳ урди зор, онда жон.
Оташ дилдан мисли чўғ байтлар аро,
Меҳру қаҳрларга тўлуғ байтлар аро,
Ҳам латифу ҳам улуғ байтлар аро,
Кўп ҳазину кўп ёруғ байтлар аро,
Боқди бир чашми хумор, онда жон.
Ёқмоқ истаб севги ўтин жонда ё,
Сўнгра куйдирмак тилаб ҳижронда ё,
Ўртамак истаб кейин армонда ё,
Сен эдингми кулган у Дархонда ё,
Ишвакор, чобуксувор, онда жон,
Отабек, сен ҳам бедовни тезлагил,
Бўлма ғофил, тез диёринг кўзлагил,
Айтдику шоир шеърида эслагил,
Сен Самандар Хивадан ёр излагил,
Бунда борку Холдор, *онда жон.
Олғуси дилдан ғубор ишқу қўшиқ,
Ошиқ аҳлига шиор ишқу қўшиқ,
Бахтли улки, кимга кор ишқу қўшиқ,
Яхшиям дўст бору бор ишқу қўшиқ,
Яхшиям оламда бор, Андижон.
(*Шоирнинг дўсти Олимжон Холдор назарда тутилган)
Эркин ака шогирду ҳамкасбларининг қувончларига ҳам, ташвишларига ҳам доимо шерик эдилар. 1986 йил кузида бутун умрини халқ таълимига бағишлаган отам Бекжон Исмоилов вафот этдилар. Бундан хабар топган Эркин ака барча ишини қўйиб, ҳатто яқинларимдан олдин қишлоғимизга келиб ҳамдард бўлганлари ҳамон эсимда.
Устознинг шогирдларига сабоқлари, насиҳату танбеҳлари ҳам феъл-атворига монанд ўзига хос нафис ва жуда таъсирчан эди.
Ҳамон эсимда. Ўтган асрнинг 90- йиллари эди чамамда. Урганч шаҳрида, мотам маросимида ёнма-ён ўтириб қолдик . Суҳбатимиз мавзуси, табиийки, адабиёт, ижод ҳақида эди. Гап орасида мен “ Газетада ишлаш бадиий ижод қилишда мешат этади экан” дедим. Эркин ака менга қараб “Тушунмадим” дедилар, Мен чалароқ эшитилди шекилли деб ўйлаб, яна такрорлаб “мешат этади экан” дедим.
Устоз яна “ Тушунмадим” дедилар. Шунда мен хатоимни англаб етдим-да, “Кечирасиз, халақит этади экан” дедим.
-Бу бошқа гап , -деди шунда Эркин ака.
Қаранг, сўзингга русча аралаштирма, тилингни соф тут, деган танбеҳни биргина сўз билан, яна жуда таъсирчан ва мулойимлик билан билдиргандилар ўшанда. Ҳақиқатан ҳам шундай топиб айтилган гаплар бўладики, сўкиб-койигандан, ҳатто ургандан ҳам кучли.
Ўзи туғилиб ўсган заминга – юртига, халқига, буюк аждодларга таърифлаб бўлмас меҳрини Эркин аканинг назмий, насрий ва драматик асарларини ўқиган киши яхши англаб етади.
Адибнинг Хоразм, Хива ҳақида, буюк алломалар тўғрисидаги асарларидан ташқари улуғларимиз меросини ардоқлаш, хотирасини абадийлаштириш борасидаги жонкуярликлари, амалий ишлари ибрат олгулик. Биргина Огаҳий ҳазратларининг хотирасига боғ, уй–музейи ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари бунга яққол мисол бўла олади.
Эркин ака Самандаров ижодида ватан мадҳи, шу замин билан фахрланиш туйғуси алоҳида ўрин тутади. Жуда кўп шеърий ва насрий асарлари Хоразм, Хива ва шу заминда туғилиб, илму иқтидори билан дунёга танилган буюк аждодларимизга бағишлангани бунинг исботидир.
2019 йили Хива йўналишида темир йўл барпо этилиб, илк поезд келиши арафасида Эркин ака қадимий шаҳарга келиб, ўн кун мобайнида “Нуронийлар маскани”да ижод билан машғул бўлдилар. Хиванинг ўтмиши ва бугунидан ҳикоя қилувчи шеърий, насрий ва бадиий-публицистик асарлар туркумини яратдилар. У тезкор равишда “Хиванома” деб номланган китоб тарзида нашр этилди.
Шу ўринда устознинг шогирдларига эътибори ва ғамхўрлигининг яна бир исботи сифатида шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, “Хиванома”га ўз асарларидан ташқари хивалик Уллибиби Отаева ва бошқа ижодкорларни, шу қаторда менинг ҳам шеърларимни киритдилар. Бу ҳам Эркин Самандар бағрикенглигининг бир ифодаси эди.
Устоз қаламига мансуб жуда кўп шеър ва ғазалларга куйлар басталаниб, машҳур хонандалар томонидан ижро этиб келинмоқда. Айниқса, устознинг “Хоразм фарзандиман” номли шеъри ва шу мисралар куйга солиб ижро этилган қўшиқ барча элдошларимиз, санъат мухлислари, шулар қатори менинг ҳам қалбимдан жой олган сеҳрбахш таронадир.
Кўнгилдан чиққан сўз кўнгилга етиб боради, деган нақл бор. Ижодкор асарида фақат ўз дарди, ҳис- туйғуларинигина эмас, халқ дилидаги истак, орзуларни ва армонларни ифода эта олсагина у кўпчиликнинг эътибори ва олқишига сазовор бўлади. “ Хоразм фарзандиман” шеъри бунга яққол мисол .
Шу юрт билан, шу заминнинг машҳур фарзандлари, буюк аждодларимиз билан фахрланиш туйғулари таъсирчан мисраларда мужассамки, уларни ўқиган сайин ўқигинг келади, ҳар гал қўшиқни эшитганда қалбингда бир жўшқинлик пайдо бўлаверади. Ушбу мисралар таниқли санъаткор Ортиқ Отажонов ижросида ўта мафтункор янграганини ҳам эътироф этиб ўтиш лозим. Шеърни ўқиганимизда ҳам, қўшиқни тинглаганимизда ҳам ўтмишга сайр қилгандай бўламиз. Масалан, шеърда шундай мисралар борки, уларни тинглаган фаҳмли, эҳтиросли тингловчи ўзини худди Кўҳна Урганч боғларида, Султон Увайс тоғларида сайр қилиб юргандай ҳис қилади. Шу билан бирга Хоразм заминини жаҳонга машҳур қилган Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Нажмиддин Кубро, Замахшарий, Паҳлавон Маҳмуд, Мунис, Огаҳий ва бошқа буюк бобокалонларимиз сиймоси ҳам кўз олдингизда гавдаланади. Мана шу юрт бошидан кечган воқеалар, шу замин эрки учун курашган саркардалар, Жалолиддин Мангуберди хаёлимиз кўзгусида жонланади ва беихтиёр шу эл фарзанди эканимиздан фахрланамиз. Яна бир муҳим жиҳати - қўшиқни тинглаш баробарида ўтмишни ва бугунни таққослай оласиз ва осойишта ҳамда фаровон бугунги ҳаёт учун шукроналар келтирасиз.
Меҳрнинг меваси ҳам меҳр дейишади. Кўп йиллик ва самарали хизматлари боис зл эъзозига мушарраф бўлган устозга шогирдлар, мухлисларнинг ҳам ихлоси шу даражадаки , уларнинг пурмаъно сўзлари, йўл-йўриқ ва маслаҳатлари ҳамон қулоғимиз остида, ёди, хотирасига эҳтиром ҳамиша қалбимиздадир.
Отабек ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
- - -