Маданият, санъат

Вақтга ларза солган шоир.   мақола.     Эрпўлат Бахт.


Marta o'qildi

Вақтга ларза солган шоир. мақола. Эрпўлат Бахт.

  • 20 феврал - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Офарин" мукофоти соҳиби, шоир, таржимон ва адабиётшунос-олим Матназар Абдулҳаким туғилган кун!
 
Матназар Абдулҳаким – 1948 йилнинг 20 февралида Урганч туманидаги Қоровул қишлоғи (айнан ҳозирги Урганч давлат университети жойлашган ерда Абдулҳаким бобо уйи бўлган)да туғилган. 1972 йилда Таганрог давлат педагогика институти (Россия)ни тамомлаган. Шундан сўнг Урганч туман газетасида бўлим мудири, қишлоқ мактабида ўқитувчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи, Хоразм Маъмун академиясида илмий ходим бўлиб ишлаган.
"Тиниқ тонглар", "Фасллар қўшиғи", "Қор қўшиғи", "Мавж", "Ёнимдаги дарёлар", "Қорачиқдаги дунё", "Ойдинлик", "Бир қучоқ гул", "Ёлғиз япроқ" каби шеърий, "Иймон туҳфаси", "Ялдони ёритган нур", "Иккинчи муаллим сабоқлари" каби илмий ҳамда Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Маждиддин Бағдодий, Пахлавон Махмуд, Мирзо Абдулқодир Бедилдан таржима, "Жавзо ташрифи", "Азизлар анжумани" китоблари нашрдан чиққан.
Дарҳақиқат, ҳар бир машҳур инсон ўзига хос феноменга эга бўлади. Қайсидир санъаткорни учинчи дарёга, яна кимларнидир воҳанинг юксак тоғларига менгзатишади. Гарчи улар ҳақ бўлсалар-да ҳали ҳеч ким хассос шоир ва таржимон Матназар Абдулҳакимга муносиб таъриф беролган эмас. Негаки, Хоразмнинг донишмандлик тимсолига айланиб яшаб ўтган бу мўътабар инсон номи таъриф-у тавсифларга сиғмайди.
Муҳаммадризо Огаҳий ҳазратларидан сўнг Хоразм адабий муҳитида энг кўп ва хўп ижод қилиш бахтига мушарраф бўлган Матназар Абдулҳакимнинг оддий шеърларидан тортиб, адабий-илмий тадқиқотларигача фалсафа билан йўғрилган эди. У кўпчиликнинг наздида ўз замонасининг Арастуси сингари тасаввур уйғотади. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов Матназар акага «Офарин» мукофотини топшираётганда «Навоий йўлида ижод қилиб келаётган шоир», деб таъриф берганида минг карра ҳақ эди.
Устозга донишмандлик отаси Абдулҳаким бободан ўтган бўлса ажаб эмас. Чунки у ўз даврининг маърифатли инсони бўлган. Ўз даврида мадраса таҳсилини тамомлаган ва бир қанча муддат мударрис ҳам бўлиб фаолият юритган ҳалол, тўғрисўз ва имон-эътиқодли Абдулҳаким бобо шоир Орзу, Порлоқ, Отамахсум Партав, Матюсуф Харратов – Чокар каби таниқли шоир ва санъаткорлари билан яқин дўст-қадрдон эди. Тез-тез ўтказиладиган китобхонлик, шеърхонлик кечалари ёш Матназарнинг зуваласи пишиқ, зукко ва билимли бўлиб камолга етишишига омил бўлди.
Матназар Абдулҳаким болалигидан шеърлар машқ қилди. Унинг машқлари Урганч туман газетасида мунтазам эълон қилиниб турарди. Ўрта мактабни битказиб, Хоразм педагогика институти (ҳозирги УрДУ)га ҳужжат топширди, лекин шу йил олийгоҳга кира олмади. У пайтлар таниш-билишчилик, пора олди-бердиси авж олган вақтлар эди. Табиийки, шоирнинг отаси мулла Абдулҳаким ўта диёнатли киши бўлиб, ўғлини бу йўллар билан ўқишга киритмасди, албатта. Шунда туман газетаси муҳаррири Қодир Матжонов унга Россияга бориб ўқишни маслаҳат беради. У эса рус тилини яхши билмаслигини ва у ерда қийналиб қолишини айтади. Қодир ота: “Сен саёҳатга эмас, илм ўрганишга кетасан, шу аснода рус тилини ҳам ўрганасан”, дея жиддий гапиради. Шундан сўнг у Таганрог шаҳридаги педагогика институтидан келган қабул комиссиясига ўз ҳужжатларини топширади ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга жўнаб кетади.
Таганрогда Матназар ака нафақат ёш шоир, балки бир қанча спорт мусобақалар ғолиби, I-даражали самбо-курашчиси сифатида танилди. Биринчи босқичда ўқиб юрган кезларида ҳамюрт қизларга IV-босқичда ўқиётган Дибир деган доғистонлик йигит ва унинг жўралари тегажоқлик қилиб қолади. Ўзбек қизларининг шаънини ҳимоя қилиб, талаба Матназар Абдулҳакимов уларга танбеҳ беради. Боя эслатганимдек, у самбо бўйича яхши курашчи бўлганлиги боис, ҳамюртларимизнинг суянган тоғи эди.
Баҳснинг охири яхшилик билан тугайди. Бунга Матназар аканинг билакни эмас, кўпроқ ақл кучини ишга солганлиги сабаб бўлади. У доғистонлик йигитларни ўзининг таъсирчан, аммо аччиқ ҳақиқат бўлган сўзлари билан мағлуб қилиб қўйди. Кейин маълум бўлишича, доғистонлик йигитлар, айниқса, Дибир шеъриятга жуда қизиқар экан. Улар хоразмлик камтар, аммо ғурурли талаба йигит билан дўстлашиб олишгач, Расул Ҳамзатов шеърияти борасида узоқ гурунглар қилишади. Улар олийгоҳни тамомлаб кетишгач ҳам ётоқхонага келиб ўзбекистонлик жўмард дўстидан хабар олгани келиб, дилдан отамлашиб кетишарди.
Олий ўқув юртини тамомлагач, Матназар Абдулҳаким Урганч туман газетасида, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. Кейинчалик Ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлимида адабий маслаҳатчи бўлиб узоқ йиллар фаолият юритди. Бу давр ижодкор учун жуда сермаҳсул кечди. Бу даврларда у таржимонлик билан жиддий шуғулланди. Паҳлавон Маҳмуд, Нажмиддин Кубро, Мирзо Абдулқодир Бедил, Мажидиддин Бағдодий, Абулвафо Хоразмийлар қатори мунис, Комил Хоразмий, Рожий ва Огаҳийнинг форсий тилда битилган ғазалларини ўзбек тилига ўгирди. Айниқса, олимлик иқтидори билан Паҳлавон Маҳмуд ва Нажмиддин Кубронинг адабий меросини илмий тадқиқ қилгани ва бу борадаги изланишларини “Мангулик жамоли” номи билан тўплам қилиб, ўқувчиларга туҳфа қилгани катта янгилик бўлди.
Дарвоқе, хоразмликлар Паҳлавон Маҳмуд ва Нажмиддин Кубро ҳазратларини улуғ авлиё, муршиди комил сифатида тилга олишарди, лекин уларнинг маънавий меросидан етарли даражада воқиф бўлишмаган. Бу эса жуда ачинарли ҳолат бўлган. Маҳоратли таржимон сифатида устознинг бу икки улуғ сиймонинг асарларини ўзбек тилига ўгириб, халққа тақдим қилиши ва уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қатор мақолалар эълон қилдириши, радио ва телевидениеларда кўплаб чиқишлар қилишида катта бир фидойилик намунаси мужассам эди десак янглишмаймиз.
... Бир замонлар Урганчнинг Тинчлик кўчасидаги 1-уй (ҳозирги Урганч ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўрнида) ёшлар учун табаррук гўша саналарди. Чорраҳада мункайган бу мўъжаз бинода турли хил идоралар жойлашган бўлиб, унинг пастки икки хонасида Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими фаолият кўрсатарди. Бу ерда Матназар Абдулҳаким узоқ йиллар адабий маслаҳатчи бўлиб ишлар экан, кўнглида истеъдоди учқунланиб, озми-кўпми шеър қоралашни бошлаган ёшларга катта кўмаклар берди. Олис Гурлан, Боғот, Ҳазорасп ва Қўшкўпир, ҳатто Қорақалпоғистон ва Туркманистонда яшаб, ёзиб, изланаётган қаламкашлар Матназар Абдулҳакимга қўл бериб келишарди. Матназар ака улардан сира ёрдамини аямасди.
Матназар Абдулҳаким Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида ишлар экан, Рўзимбой Ҳасан, Шуҳрат Маткарим, Саломат Вафо, Баҳром Рўзимуҳаммад, Рустам Назар, Гўзал Бегим, Гавҳар Ибодуллаева, Болтабой Бекметов, Даврон Ражаб, Эрпўлат Бахт ва Умид Бекмуҳаммад каби ўнлаб ёш истеъдод эгаларининг шаклланишида муносиб ҳисса қўшди ҳамда уларнинг ўз йўлини топиб олишида маънавий раҳнамолик қилди.
Истиқлол йилларида шоирнинг ижодий меҳнатлари муносиб равишда улуғланди. 1998 йилда Матназар Абдулҳаким “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланди. Чунончи 2000 йилда ўтказилган “Офарин” танловида “Йилнинг энг яхши шоири” деб топилди. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ушбу нуфузли мукофотни топширар экан, Матназар Абдулҳакимга “Навоий йўлида ижод қилаётган шоир” деб таъриф беради. Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов эса “Матназар Абдулҳакимни эслаб...” тўпламида қуйидагиларни ёзади:
“Хоразмда китобхонлар билан бир учрашувда Матназар Абдулҳаким ҳам шеърларидан ўқиди. Ундан яна шеър ўқишни сўрадик. Чунки у шеърларидан ҳам илоҳий китобимиз Қуръонда талаб қилинганидек “ҳикмат” эди. Мен шунда давра аҳлига қараб: “Биродарлар, биз Беруний ҳазратлари таваллуд топган заминда турибмиз. Аллома даҳосининг қудратидан ҳаммамиз ҳам баҳоли қудрат хабардормиз. Бироқ мен шу дақиқаларда бир фикрни ўйлаб қолдим: “Шунчаки шамойилда ҳам, фикр-фалсафада ҳам айнан шу ёшда, балки Абу Райҳон ҳам Матназар каби бўлгандир”, дегандим. Бу ўхшатишдан ҳамма юртдошлари ифтихор қилишди, холос.
Орадан йиллар ўтиб Матназар Абдулҳаким муҳтарам президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Хоразм Маъмун академиясида илмий ходим сифатида иш бошлади. Маънавиятимиз тарихига аталган қатор мақола-тадқиқотлар ёзди.
Айтиш мумкинки, уларнинг даражасига манаман деган ...шуносларнинг нафаси етмас эди. Матназар Абдулҳакимнинг сайланма шеърлар китобини ўқиб чиққач, унинг поэзияси ҳақида нимадир ёзгим келди. Бироқ кўз олдимда Матназарнинг донишманд нигоҳи турар, нимаики ёзсанг ҳам унга муносиб бўлмоғи шартдек кўринар эди...”
Ҳақиқатан ҳам Матназар Абдулҳаким сийрати ва сувратида миллатимизнинг улуғ намояндалари қиёфасини, заковатини, фидойилик ва донишмандлигини кўрар эдик.
– Ҳаётда бирор адолатсизликни кўрсам, одмийликдан йироқ воқеаларга гувоҳ бўлсам, ойнаи жаҳонда бирортаси ёлғон сафсата сотиб, томошабинларни алдаётганларини эшитсам... шу дардимни кўтариб оға ёнига борганман. Бутун тафсилотлари билан эринмай сўзлаб берганман, бошларини қотирганман. Бир мажлисдаги ҳолатни атайин айтиш – “суюнчилаш” учун борганим, ўзиям тили бийрон бўлиб кетганимни эсласам... ҳали ҳамон ўзимни кечира олмайман. Ўшанда оға роса эзилганлари, юзлари бўғриқиб, муштлари тугилиб беихтиёр: “Ўҳ, буларинг ҳайвон-ку!” деганлар...
Матназар оға ШОИР эдилар. Матназар оға ИНСОН эдилар. Тассауфки, бу икки сифатлашни ўзида жамлаган ижодкорларни кам учратамиз, – дея хотирлайди таниқли адиб Рўзимбой Ҳасан.
– Матназар камгап эди. Ҳатто, Элликқалъадаги машҳур шеърият байрамларида ҳам ўртага гап қўшмасдан, фақат ҳазилга ҳазил билан жавоб берибгина қўярди. У камроқ билиб, кўпроқ гапирганларни ёқтирмасди. Шоирлар давраси ёки китобхонлар билан учрашувларда ҳам ўзидан-ўзи зерикмасдан жим ўтирганларини кўрганман. Унга сўз берилганида ҳам ўзига хос босиқ овози билан маънодор, лекин зерикарли гапирарди-ю, шеър ўқиганда эса очилиб кетарди. У насрда Матназар, назмда шоир эди. Унинг матназарчасига ўйноқи, туядан тушгандек салмоқли сатрлари ўйлантириб кўярди, куйдириб суйдирарди, йиғлатиб кулдирарди, кулдириб дабдала қиларди. Айтган эртаги назмий фалсафанинг номантиқ хулосаси янглиғ...
Мен бу дунёга нимага келганини билмасдан кетганларнинг кўпини кўрганман. Лекин Матназар бекорга келмади, у шоирлик оламида Матназар дунёсини яратиб кетди, – деганида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов минг карра ҳақ эди.
– Суҳбатларида бўлган чоғларимиз ва ёки тасоддифан, йўл-йўлакай, икки оғиз салом-алик қилинганда ҳам у кишининг саховатли, содиқ ва соф қалб эгаси эканлигига қайта-қайта имон келтирар эдик. Барча улкан қалб соҳиблари каби Матназар ака ҳам ноҳақлик, кин ва адоват, бахиллик олдида доим ожиз эди. Ҳеч қачон кимдир унга бахиллик қилиши ёки “орқадан пичоқ уришини” кутмасди. Аммо ҳаёт экан, ҳатто Матназар Абдулҳакимдай инсонларга ҳам бахиллик қилувчи, кўролмайдиган ва ўз ожизликларини ғийбат ва бўҳтонлари билан ниқоблашга, энг ёмони ул зотга озор бериб бундан ҳузурланувчилар ҳам топилиб қоларди. Бундай пайтлари устоз жиддий хафа бўлар, менинг буларга ҳеч ғайирлигим йўқ, булар нега бунча тубанликка борадилар, деб оғринардилар. Зеро бу кишининг шеър, адабиёт, илҳомдан бошқа “даврон”и йўқ эди, – дея илиқ хотиралари билан ўртоқлашади ёзувчи Шуҳрат Маткарим.
Камина ҳам Матназар Абдулҳакимдек улуғ устоз билан мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ танишганман. Ул зотни сўкинмайдиган, бировни ғийбат қилмайдиган одам эди, деб эслашади яқин дўстлари. Бу қисман тўғри. Бироқ унинг ғазабнок оҳангда кимнидир эслаб сўкингани шундоқ қулоғим остида эшитилаётгандек.
2004 йилги Қалъажиқ сайлида даврамиз анча кенгайган эди. Гап айланиб бориб ХХ асрнинг 60-70-йилларида анча таниқли бўлган хоразмлик ижодкорга бориб тақалди. Матназар ака уни “Гўрингда тик тургур”, дея эслади. Бир дўстим билан мен икковимиз пойгакда қовун сўяётгандик, ғазаб билан айтилган бу сўздан бир сесканиб тушдим. Салим Ашур ака: “Қўлингизни кесиб олдингизми?” – деди. “Йўқ!” деган маънода бош чайқадим. Ўта сезгир ва сергак Матназар ака: “Пўлатбек, агар ўша ижодкорнинг шайх Нажмиддин Кубро ҳазратларини жоҳил, риёкор қилиб асар ёзганини эшитсанг, яна бир сесканиб кетасан”, – деди. Нима сабабдан сесканганимни тез фаҳмлаган устознинг фаросатига қойил қолдим.
Устоз “Хоразм ёшлари” газетаси таҳририятига тез-тез қадам ранжида қилар ва адабий гурунгларини бошлар эди. Кўнгли очиқ ҳамкасбларимиз устозни очиқ чеҳра билан кутиб олар ва хуштаъм чойларни дамлаб беришарди.
Ана шундай одатга айланган кунларнинг бирида устоз Матназар Абдулҳаким билан ишхонада чой ичиб гурунглашиб ўтирардик. Алишер Навоий ҳазратларининг “Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил” деган матъла билан бошланувчи ғазали хусусида сўз кетаётганди. Матназар ака ғазалнинг аслини ва русчага қилинган таржимасини ўқий бошлади. Кутилмаганда хонага Урганч Давлат университети талабаси бўлган танишларимдан биттаси кириб келди ва гўё ғазални чуқур мушоҳада қилаётгандек тинглаб ўтирди. Устоз ўқишни тамомлагач талаба деди:
– Во ажаб, Навоий бува даврида ҳам светафор бўлган экан-да.
Ҳаммамиз хандон отиб кулиб юбордик. Матназар ака эса “қизиқувчан” талабани изза қилгиси келмай жилмайиб қўйганча дедилар:
– У даврда одамлар тўғри йўлни топиб юрсин учун Алишер Навоийнинг ўзлари “светафорлик” қилганлар..
Талаба йигит деди:
– ДАНчиларга регилировкани Навоий бува ўргатган десангиз-чи!
Кулгулар қаҳ-қаҳага айланди.
Хуллас, биз шундай хушкайфият улашувчи суҳбат-анжуманларга бой чоршанбани кутиб яшашга одатланиб қолдик.
Умрининг кейинги беш-олти йили ичида Матназар ака баъзан гурунг қилаётиб жуда муҳим гапни айтса менга қараб: “Сен буни эслаб қол”, дер эди. Хотирам панд беришидан қўрқиб, муҳим гапларни уйга борибоқ ёндафтаримга қайд қилиб қўярдим. Гоҳида устоз насиҳатгўйлик ҳам қиларди. “Хоразм ёшлари” газетасининг қайсидир сонида имло хато кетганини кўриб: “Туянинг каттаси кўприкда калтак ейди. Ишингга масъулиятли бўл”, деган эди. “Инсон ростгўй бўлиши керак. Агар ростгўй бўлиш қўлидан келмаса... жим туришга одатлансин”, деган ҳикматни ҳам айтарди. Яна бир гурунгларида чақимчилик ёмон иллат экани борасида гапирди: “Чақимчилик – хорлик келтиради. Бу ҳақда ҳадисларда ҳам айтилган. Чақимчи одам яхшиларнинг умрига зомин бўлади. Оқибатда халқ уни қарғишларга кўмади. Қарғиш – баддуо. У ҳам ижобат бўлиши мумкин”.
Одатда устоз нордон таъмли конфет билан чой ичарди. Бир куни бисотимизда ўшандай конфет топилмади. Гулжон деган ходимамиз дарҳол пастга – 1-қаватда жойлашган буфетга тушди. Афсуски, бу ерда ҳам бундай конфет йўқ экан. У хижолат тортиб қайтиб келди. Матназар ака: “Дарвоқе, Шержонбойнинг совғаси бор эди...” деганча тўрвасини кавлаштира бошлади ва бир тугунчани очди. Ичида ўрик туршаги бор экан. “Хива тонги” газетаси муҳаррири Шержон Машарипов бериб юборган экан. Устоз туршак шимиб чой ичди.
Қайтишга тараддудланганида тугунни тугиб, тўрвасига солмоқчи бўлдик. “Ҳали бу ерда қанча туршак шимиб чой ичамиз”, деди ва ўрик қоқини бизга қолдириб кетди.
Ҳақиқатан ҳам устоз ишхонамизда кўп чой ичди. Ул зотнинг туршакни яхши кўришини билган дўстларимиз ҳам қишлоғидан туршак олиб келиб қўйишди. Матназар ака келганида дарров тортмадан уни олиб, сийлашга тушишарди.
Матназар ака вафот этгач, узоқ вақт чойнак-пиёла турган тортмани очолмасдан юрдик. Чунки у ерда унга аталган тугал насиб қилмаган ризқ бор эди.
Бир куни тортмани очишга журъат қилдик. У ерда устознинг муборак даҳанлари теккан бир ҳовуч данак ва туршаклар турарди. Ҳаммамиз кўзимизга ёш олдик. Данакларни ташлаб юборай десак, табаррук бир инсоннинг муборак даҳанлари теккан, тураверса... ҳар хил зараркурандалар емишига айланиши мумкин. Бу ҳолдан воқиф бўлган “Хоразм ҳақиқати” газетаси мухбири Феруза Тангриберганова данакларни экишни маслаҳат берди. Бу фикр жуда маъқул келди. Устоздан қолган бир ҳовуч ўрик данаклари! 2010 йилнинг декабр ойида уни тупроққа қададим. 2011 йилнинг ёзида уларнинг униб чиққанидан воқиф бўлдим. Кўнглим таскин топди. Ҳозир уйим атрофи ўрикзор. Булар “Матназар Абдулҳаким ўриклари” дея фахрланиб ўтираман.
Ҳа, устоздан бир олам хотирлар қолди. Ёзиб, айтиб адо қилиш қийин. Ижоди янглиғ бу хотиралар ҳам асрлар билан бўйлашиб яшашига ишонаман.
Болалигимда Амударё тез-тез тушимга кирар эди. Эҳтимол бу тез-тез такрорланадиган бир одатимиз туфайли ҳам шундай бўлгандир. Ўша давр одатига кўра ҳар куни вақтни томга чиқиб, шимол томонга қараб аниқлар эдик. Масалан: чошгоҳ 8.00ларда уйимиз томига чиқиб, шимол томонга қарасак, уч-тўрт чақирим наридан ажабтовур нур, шуъла жилвалана бошларди. Соат 10.00га яқинлашганда эса нур бир оқим бўлиб тошиб, биз тарафга келаётганга менгзарди. Одатда маҳалламиз болалари вақтни ана шу шуълалар тутамига – нурлар оқимига қараб аниқлардик.
Сизга мубҳам бўлмаслиги учун айтиб ўтишим жоиз, бу ёғду аслида Амударёга тушган офтоб нурлари акси бўлиб, кеч кузакда сувлар тиниқлашганидан то жавзогача қуюқлашарди. Мактабга бориш, ота-оналармизнинг ишдан қайтишини ана шу дарё соати орқали аниқлар эдик.
Дарё соати! Бетакрор шоир ва таржимон, фидойи тадқиқотчи олим, меҳрибон устоз, беназир дўст Матназар Абдулҳакимни ана шу дарё соатига менгзатаман. У Хоразм адабий муҳитининг об-ҳавоси: мавжи, жўшқинлигини танитиб турарди. Бу жўшқинликка унинг ўзи ларза солди. Бу ларза, бу мавж асрлар оша давом этишига ишонаман.
Эрпўлат БАХТ

- - -


< Orqaga qaytish