Маданият, санъат

4 январ - Шароф Бошбеков тўғилган кун. Адабиёт - санъат пойдевори.Суҳбатдош Умид Али.


Marta o'qildi

4 январ - Шароф Бошбеков тўғилган кун. Адабиёт - санъат пойдевори.Суҳбатдош Умид Али.

— Шароф ака, таржимаи ҳолингиздан воқиф бўлган киши шундай буюк одам ўз йўлини топгунича кўп машаққатлар тортганининг гувоқи бўлади. Чиндан ҳам, «телевидениега башара, радиога овоз тўғри келмагани учун» (ибора — муаллифники) омадингиз юришмаганми?

1a912b5422bc2b0c58e693e3ee4dd1de.png— Балки буни машаққат деб бўлмас. Тажриба десак тўғрироқ бўлар. Очиғи, ҳаётнинг шу сўқмоқларини босиб ўтишим керак экан. Бу ҳам тақдир.

Мен болалигимда учувчи бўлишни орзу қилардим. Ҳаёт — ҳаёт экан. Турфа сўқмоқларни босиб ўтдим. Ўз ўрнимни топгунимча кўп тентирадим. Ашулачилик қилдим, балетда роллар ўйнадим, кинода судралиб юрдим. Кўп тентираб, охири ёзувчиликда тўхтадим.

Аллоҳ сизни нима учундир яратади. Сиз ўзингизга керакли нарсани топгунча кўп йўлларни босиб ўтган бўласиз. Топганингизда эса ёшингиз ҳам бир жойга бориб қолади.

Ҳозир, назаримда, кўпчилик ўз йўлига тушгани йўқ: этикдўз артист бўп юрибди, ўқитувчиликни қойиллатадиган одам ўртамиёна актёр… Инчунин, ҳамма ўз касбини алмаштиргандек. Ҳаётда ҳамма ўз ўрнини топиши керак.

— Адабиётни чексиз саҳна дейиш ҳам мумкин. Ҳар бир ижодкор асрларга татигулик ўз образларини яратади. Софоклнинг Эдип, Шекспирнинг Отелло, Гамлет, Лев Толстойнинг Анна Каренина, Алишер Навоийнинг Фарҳод, Мажнун, Абдулла Қодирийнинг Отабек, Анвар, Саид Аҳмаднинг Фармонбибилари боқийдир. Сизнинг Аломату Қўчқорларингиз ҳам мана шу образлар сафидан жой олганига шубҳам йўқ. Бироқ ҳамма гап шу ўлмас образларни яратишда. Шундай эмасми?

— Асар ҳаётий бўлиши керак дейишади. Бадиий асар ҳар доим ҳам ҳаётий бўлмайди. Фақат дард, ташвиш-оғриқлар ҳаётий бўлиши мумкин. Мисол учун «Темир хотин»ни олайлик. Бу пьесадаги воқеаларга ақл бовар қилмайди. Ҳаётда бундай ғайритабиийлик йўқ. Аммо ёзувчи мана шуни ўқувчи руҳиятига сингдириши, ишонтира билиши керак.

Устоз Саид Аҳмад акага «Темир хотин»ни ҳикоя қилиб берганимда, «Яхши, энди қаҳрамонинг шу роботга уйланишини асослаб берсанг, бундан бошқа зўр асар бўлмайди. Кейин бошқа асар ёзмасанг ҳам бўлади», дегандилар.

Муҳими ҳаётийлик эмас, табиийликдир.

— Рус танқидчиси Белинский трагедияни «драманинг гултожи» деб атаганди. Агар фожиа драманинг гултожи ҳисобланса, комедияни, сизнингча, нима дейиш мумкин?

— Мен комедияни драманинг гултожи деган бўлардим. Аслида комедия яратиш жуда оғир. Агар юмор озгина кўпайса, асар бачканалашади, бироз камайса, зерикарли бўлади. Шунинг учун меъёрини топа билиш керак.

Халқимиз табиатан йиғига мойилроқ. Шунданми, мумтоз қўшиқлар эшитганда, ҳинд фильмларини томоша қилганда дарров кўзига ёш келади.

Одамни кулишга мажбурлаб бўлмайди. Табиийликка нима етсин. Шунчаки кулдириш осон, аммо ақл билан кулдириш қийин. Бу борада ҳажвчи ёзувчилар, қизиқчиларга ҳайкал қўйса арзийди. Ниҳоятда оғир ишни уддалашади.

— «Темир хотин» пьесасини жиддий комедия дея таъкидлагансиз. Ҳолбуки, ихтирочи (Олим) нинг бир умрлик изланиши (ихтироси), алалоқибат, сувга оқиб кетади. Бу олим учун бахтсизлик, фожиа эмасми?

— Фожиа! Нега Аломат ҳалок бўлди? Жиддийлиги — шу. Асар ҳазил-мутойиба йўлида ёзилган. Бу — комедия. «Темир хотинннинг туғилиши ҳақида…

«Полициячи робот» фильми бўларди. Мана шу фильм таъсирида қизиқ сюжет ўйлаб топдим. Бу уйга келгунча миямда айланиб юрди. Болаликдаги воқеалар, онам, опаларимнинг машаққатли ҳаёти, оғир турмуш ёдимдан ҳеч чиқмайди. Эсимда, онам колхозда ишлаган пайтлар қаҳри қаттиқ раиснинг эгардан тушмай қамчи билан савалагани ҳамон кўз ўнгимда. Мана шуларнинг барини умумлаштириб «Темир хотин»га сингдириб юбордим.

— «Чархпалак» видеофильми барча томошабинларнинг меҳрини қозонди. Мен ҳам бу фильмни сўнгги қисмигача томоша қилганман. Ҳар бир образ бир дунё. Айниқса, Лўли Марям. Бу образни яратиш ғояси қандай кечди?

— Аксарият буюк ёзувчилар лўли образига қўл урган: Лев Толстой, Проспер Меримэ, Мопассан, Гоголь, Пушкин. Мен ҳам шу дарғаларга ҳавас қилиб «Чахпалак»ни ёздим. Аслида, «Чархпалак»нинг биринчи номи «Ўзбек Кармени» эди.

Талабалик пайтларимда опера театрида «Кармен» деган операни кўрганман. Проспер Меримэ асари асосида саҳналаштирилганди. Ўша дам мен ҳам лўлилар ҳаётига оид бирор асар ёзсам деб орзу қилганман. Ўзбекча вариантини изладим. 33 йил деганда бу орзуим ушалди. Кармен лўли Марям бўлиб қайтадан туғилди.

Кармен ўзбек лўлиларидан тубдан фарқ қилади. Унинг табиати ғарбона маданиятга мослашган, бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди. Унга эрк, озодлик муҳим. Бу йўлда, ҳатто, муҳаббатдан ҳам воз кечади. Шу феъл-атвори сабаб ошиғини ҳам ташлаб кетади. Марям эса миллий лўли образи. Унга ўзбекнинг хусусиятлари сингдирилган.

— Адабиёт ва саҳна ўртасидаги муштараклик нимада?

— Адабиёт билан санъат узилмас ришта билан боғланган. Кино, театр мустаҳкам асар негизида қурилади. Агар сценарий пухта бўлмаса, спектакл, фильм кўнгилдагидек бўлмайди.

Умуман, адабиёт кино, театр учун пойдевор. Иккаласини бир- биридан ажратиб бўлмайди.

— Ўз мухлисларингизга тилакларингиз…

— Мухлислар соғ-саломат бўлишсин. Ишқилиб, ҳамма ҳаёт- да ўз ўрнини топсин. Шунинг тарафдориман.

Манба: «Бекажон» газетаси, 2005

Хуршид Дарон кутубхонаси.

- - -


< Orqaga qaytish