Жаҳон адабиёти

«Эртага,албатта,яхши кунлар келар, Эртага,албатта…».  шеърлар.Ишикава Такубоку. Хуршид Даврон таржимаси.


Marta o'qildi

«Эртага,албатта,яхши кунлар келар, Эртага,албатта…». шеърлар.Ишикава Такубоку. Хуршид Даврон таржимаси.

Японияда  Tакубокуни жуда севишади. Мамлакатда шоирга қўйилган юзлаб ҳайкалларгина эмас, унинг шеърларига қўйилган минглаб ёдгорликлар мавжуд. Унинг шеърларини ёд билмаган япон дунёда топилмаса керак. Мен ҳатто Тошкентдаги Япон боғида бир кўрсатувни тасвирга олиш пайтида тасодифан боққа келишган кунчиқар мамлакатидан келган туристлар билан суҳбатлашиб бунга иқрор бўлганман.

087Исикава (Ишикава) Такубоку (яп. 石川 啄木 ; 20.02.1886 — 13.04.1912) Япониянинг Хансю оролидаги Сибутами қишлоғида туғилган. Қашшоқ қишлоқ роҳибининг оиласида туғилган гўдакка Хадзимэ исмини беришган. Такубоку — шоирнинг тахаллуси бўлиб, «какку» маъносини англатади.

Шоирнинг «Интилиш» деб аталган илк китоби япон шеъриятига янги овоз,кучли шахс кириб келганидан дарак берди. Иккинчи тўплами «Бир кафт қум» эса япон шеъриятининг гултожи бўлди. Анъанавий танканинг мавзу доирасини кенгайтирган Такубоку ўз шеърий битикларида инсон ҳаётининг буюк манзараларини яратди. Бу манзаралар баъзан оний кайфият билан чегараланса-да,уларнинг замирида бутун бир инсон умрининг ҳасратлари,ҳайратлари ётади.
Оғир хасталик шоир умрини эрта хазон қилди. У йигирма етти ёшга тўлмай вафот этди. Унинг қабртошига дўстлари томонидан ушбу сатрлар битиб қўйилган:

Ҳар дақиқа тайёрман
Ўз ўрнимдан туришга
Ва ёв билан курашга.

Японияда Tакубокуни жуда севишади. Мамлакатда шоирга қўйилган юзлаб ҳайкалларгина эмас, унинг шеърларига қўйилган минглаб ёдгорликлар мавжуд. Унинг шеърларини ёд билмаган япон дунёда топилмаса керак. Мен ҳатто Тошкентдаги Япон боғида бир кўрсатувни тасвирга олиш пайтида тасодифан боққа келишган кунчиқар мамлакатидан келган туристлар билан суҳбатлашиб бунга иқрор бўлганман.

022

* * *

Шарқий уммон сувлари ювган
Оролнинг оқ қумли
Қирғоғида мен
Митти қисқичбақа билан ўйнайман,
Тўхтатолмай кўзёшларимни

* * *

Улкан денгиз қаршисида
Турибман ёлғиз —
Неча кунки,
Мен уйимдан чиқиб кетаман
Томоғимга тиқилса йиғи.

* * *

Улкан дарахт танасига
Қулоғим босиб
Жуда узоқ
Сидираман
Тошдек пўстлоғини.

* * *

«Шуни деб
Жон бермоқ?»
«Шуни деб
Яшаш?»
Етар,тугат,тугат бу баҳсни.

* * *

Ярим тунда
Бекатга бир одам келди,
Ўриндиққа ўтирди,
Кейин бирдан сакраб туриб,чопиб кетди…
Бошяланг эди у.

* * *

Ухлаётиб
Юрагимни қийнадим роса.
У ҳамон ишонар:
«Эртага,албатта,яхши кунлар келар,
Эртага,албатта…»

* * *

Қизчам ишонади,
Мен нима ёзсам,
Барчаси,
Албатта,
Босилиб чиқар.

* * *

«Энди мен
Қалбингни англадим,болам!»
Деди менга онам.
У тушимга кириб келди-ю,
Йиғлаб-йиғлаб кейин тарк этди.

* * *

Нималар келди ўйига?!
Қўғирчоғин
Бир четга қўйиб,
Қизчам ўтириб
Олдим ёнимга.

* * *

Қизчамни урушдим.
Ухлаб қолди
Кўзёшлари қуримасдан
Оғзини ярим очиб.
Унинг яноқларин секин силадим.

Манба: 1987 йилда нашр этилган «Шеърият-86» тўплами.

Хуршид Даврон кутубхонаси.

- - -


< Orqaga qaytish