Адабий тадқиқот

Юлдузлар айбдор (


Marta o'qildi

Юлдузлар айбдор ("The Fault in Our Stars"). Темур Тангриберганов.

“Дунё истакларни амалга оширадиган фабрика эмас...”
Асар бошида муаллиф уни: “Бу роман бадиий тўқима маҳсули... Уни мен ўйлаб топдим” деб ёзади. Аммо охири ўлим билан тугайдиган саратон (рак)ка чалинган 16-17 ёшли ўсмирларнинг ҳаётидан сўзловчи воқеаларни қандай қилиб ўйлаб топиш мумкин? Хейзел, Огастус, Айзекларнинг прототиплари сиймосида қанчалаб хаста ўсмирлар қиёфаси турганини тахмин қилса бўлади...
Шекспирнинг “Юлий Цезар” трагедиясида шундай сатрлар бор:
"The fault, dear Brutus, is not in our stars, but in ourselves, that we are underlings."
("Айб, азиз Брут, юлдузларимизда эмас, балки ўзимиздадир, чунки биз бўйсунувчилармиз.")
Мен келтирган иқтибосдан америкалик ёзувчи Жон Грин илҳомланади ва ўша машҳур романини “Юлдузлар айбдор” деб номлайди. Фақат иккови икки хил талқин қилади.
Шекспирда “юлдузлар” тақдир ва инсон назоратидан ташқарида бўлган кучларни англатади. Грин эса ўз китобида бу ғояни тескари талқин қилиб, унга кўра, инсоннинг ҳаётидаги айрим омиллар, жумладан, касаллик, тақдир ёки қайғу “юлдузлар” айби бўлиши мумкинлигини илгари суради.
Дунёда хасталиклар кўп. Тиббиёт жадаллик билан ривожланаётганига қарамай, уларнинг айримлари ҳалигача бедаво. Ривожланган XXI аср кишиси ҳам бу қўрқинчли саратондан юрак олдириб қўйган... Унинг эса категориялар кўп: карцинома, саркома, миелома, лейкемия, лимфома, меланома... Хуллас, одам танасида ривожланадиган барча бедаво дардлар ана шу сўзлар ичига яширинган.
Биз севиб ўқиган роман қаҳрамонлари – Хейзел Грейс ва Огастус Уотерслар эса саратоннинг антиқа турлари билан хасталанган эди. 17 ёшли Хейзелга – қалқонсимон без саратони ташхиси қўйилган, унинг севгилиси – Гасга эса остеосаркома (суяк саратони) ёпишиб олган бўлади.
Бироқ роман сиз ўйлагандек, депрессив ва ғамгин эмас, аксинча, қувноқ кайфиятдаги ўсмирларнинг шўх табиатидек. Ҳар бир ўсмир бедаво дардига қарамай яшаш учун курашади, унинг жамики гўзалликларини англашга, кўришга интилади. Кучи етмаганларга ота-онаси ёки дўстлари кўмак беради... Баъзида ўлимини тан олмоқчи бўлган бу хасталарни ушлаб турган нарса бу – муҳаббат эди.
Асарнинг бу нимжон қаҳрамонларини айнан шу муҳаббат бирлаштириб туради. Ҳаётга, оилага, китобга, бир-бирига бўлган ўзгача муҳаббатлари...
Севги жой, вақт, миллат, ҳудуд, ҳолат танламайди-да. Эртага ўлиши аниқ бўлган бемор ҳам севиб қолиши табиийдир. Чунки уларнинг бу ҳаётдаги ягона бахти шу!
Асарда голланд ёзувчи Питер ван Хаутеннинг “Шохона хасталик” романи муҳим рол ўйнайди. Реал ҳаётда мавжуд бўлмаган, ўйлаб топилган бу адиб ва унинг асари Хейзел ва Гаснинг кўнглини забт этган эди. Романнинг воқеалари ёшларни шунчалик таъсирлантирадики, китобдаги саволларга жавоб олиш учун иккови ҳам Голландияга электрон хат ёзиб, касал бўлишларига қарамай Амстердамга боришади...
Адабиёт тарихида асар қаҳрамонлари ҳақида қайғуриб, муаллифга хат ёзганлар, уларни излаб келган мухлисларнинг сон-саноғи йўқ. Хейзел ва Гас тимсолида ўша мухлисларни кўрасиз...
Романдан таъсирли ибораларни келтираман:
“Уй юрагинг турган жойда”
“Чинакам севги машаққатли кунларда туғилади”
“Оғриқ бўлмаса, шодликни англармидингиз”
“Севиш – берган сўзингга ҳар қандай вазиятда ҳам содиқ қолишдир”
“Ҳақиқий қаҳрамонлар ҳаракат қилганлармас, Ҳақиқий қаҳрамонлар керакли нарсани пайқайдиганлардир”
Хуллас, роман – ҳар қандай бедаво касалликка қарамай, ҳаётни ва инсонларни севишга чорлайди.
@timur_books
 
  Темур Тангрибергановнинг Фаэйсбук саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish