Ҳикоя, шеър

Муаллим.     ҳикоя.   Бахтиёр Омон.


Marta o'qildi

Муаллим. ҳикоя. Бахтиёр Омон.

("Руҳободликлар" номли китобдан )

 Руҳободлик Маҳкамбой муаллим ичидаги дардни қаердан келганини бошида у қадар англамади. Ўзи қачон бошлангани, сим-сим товуш гоҳида ўрмалаб, дам ўнг, дам чап биқинини, бутун белини қоплаб олганини, ўқтин-ўқтин юрагига ўтиб, қуюқ қонини суюлтириш учун кардиомагнил ичишини, аммо сабил қолгур ҳалиги нарса охири йиқитмаслигини ўйлайвериб, адойи тамом бўлди. Аммо бу ҳақида хотинидан бошқа ҳеч ким билмади. Ҳозир дардингни бировга айтсанг, достонгина эмас, афсона бўладиган замон эканлигини у яхши билади.

1. Эр-хотин ёшлари баравар, бир синфда ўқишганига қирқ йилдан ошибди. Маҳкамбой муаллим сўрида аёли Раъно билан чой ичиб ўтирибди. Қишлоқдан опаси Матлуба сим қоқиб, ҳол-аҳвол сўраган бўлди, ҳар куни бўлмаса-да, кунора гаплашиб туришади. Кишибилмас касал ниҳоят ўлкамизга етиб келиб, биргина ўлим одамларни ваҳима, талвасага солиб қўйгани, у ҳаводан юқиб, томоғидан ғиппа бўғиши мумкинлигини эшитгандан бери аҳвол шу. Опажони онадан қолган тирик мерос, бир кўрпада юмалаб катта бўлишган, бир-бирини юмдалаган, тирнаган, ҳатто тошча билан бошини ёрган пайтлар ҳам бўлган, укалари эса жиққамушт, кунига жанжал, тўполон, томдан ағанаб, оёқлари шилинган, ойисининг айтишича, ўйинчоқни талашиб (одамни эмас), гўштини талаган кунлар беҳисоб бўларди. Бу болалик ўйинлари, хархашалари, беғубор дамнинг иссиқ лаҳзалари эди, қанийди ўша дамлар қайтиб келса-ю, опам, укаларим билан хоҳлаганча ўйнасам, бағримга боссам, ялаб-юйқаб ўпсам, деб орзу қилардим. Энди бундай ширин қилиқларни такрорлашга уялишади, болаларим, невараларим кўришса, нима дейман, деб юзини беркитади. У пайтлар юзи ва кўзи демай, тимдаларди, кечқурун отаси кўзинггга нима бўлди деса, великдан йиқилдим дерди. Велосипединг таъмирталаб, ишламайди-ку, деса, чуқурга тушиб кетдим, кўзинг қаерда деса, дада кечиринг, деб хатосини тан олади. -Ёлғон ишлатмаларинг, ёлғон одамни бузади!-деб уришиб беради Қурбон ака. Отаси автокорхона раҳбари эди, қарамоғида элликта юк машинаси ва теварак-қишлоқларга қатнайдиган сариқ ПАЗик автобуслари бўларди. Э-ҳе, ўша отамнинг замонида Русияга қарашли заминда, минглаб ўлка, станица, губернияларнинг энг олис, энг хароб чекка қишлоғида истиқомат қилишарди. Собирия (ҳозирги Сибирия), Оренбург, Байкал, Урал бўйлари, боболарининг қадимги ерлари ҳам Русияга бўйсунар эди. Қалмиқ, эдегей, ёқут каби ранг-баранг, қора кўзли элатлар йиллар ўтгани сайин, конлардаги тиллаларини топшириб, баттар заифлашиб, камбағаллигидан ўрус ароғига мойиллашиб, исми шарифини ўзгартириб беришганида ҳам, қўлини силтаб, барибир ўламиз кетамиз, кимдан бўлганингни суриштирмайди, деб тан беришган эди. Бу гаплари қимматга тушганини кейинги авлод тушунди, аммо энди фойдаси йўқ гаплар, отангни номи ўчди-кетди-да.

  2. Маҳкамбой ака оиласида меҳр-оқибат, одамийлик ришталари яхши боғланган эди. Авлодлари диний уламолар, араб тилини мукаммал эгаллаган зотлар бўлган. Отаси ва онаси шайхлар авлодига тақалади. Шажарада ёзилишича, падари бузруквори Хожа Қутбиддин тўртинчи авлоди билан бағдодлик Хожа Ҳумийга бориб туташади. Не бахтки, шу авлод чекига оғир мусибат тушди, она юрти босиб олиниб, Русия назоратига олинди... 30-йилларда ўлкада қама-қама бошлангач, Маҳкамбой домлани жадидларнинг думи, югурдаги, деб билиб маҳкамага тортишди ва қозоқ чўлларига яқин тоғ қишлоғига сургун этишди. Сургун дегани енгилроқ жазо бўлиб, марказдан четлашиш, бадарға бўлиш ё тавбасига таянишга ўхшарди. Домла Тошкентдан бутунлай кўчириб юборилди. Ҳозир у бошидан ўтган мусибатли кунларни - Навоий станциясидан тушиб, от-аравада аранг тоғ қишлоғига етиб олганини эслади. Чемоданида тахланган китобларни кўрган ёш извошчи: -Ака, бунча китоблар кимга керак?-деб сўради. -Сенинг болаларингга-жавоб берди у. -Қишлоқда ўқишмайди-ку. Дала, мол боқишдан бўшамайди. -Ўзинг ўқиганмисан, дейлик Қодирий бобони? -Йўқ. Ўқимасам керак. -Нега? -Извошчи бўлиб ишлаб, муаллимдан кўп топаман. -Гап пулдами? -Пулинг бўлмаса, обрўйингиз ҳам бўлмайди, ака,-деди йигит. Э-ҳе, бу гаплар бўлиб ўтганига эллик йилдан ошди. Маҳкамбой уйланди, фарзанд ва неваралари туғилди. Пул одамларни бирлаштирувчи ва айирувчи кучга айланиб улгурди. Агар пулнинг таъсири бўлмаганида, инсон меҳр-муҳаббати ва қадр-қиммати ўн чандон ошган бўларди. Ота-онаси ва буваси Аюб домланинг тарбияси туфайли, у пулнинг кетидан қувмади ва ўзига яраша иззат топди. Бу сирли матоҳга ҳаддан зиёд берилган ўртоқлари таназзулга юз тутдилар.

  3. Маҳкамбой муаллим болалигидан китоб ўқишни яхши кўради. У умр бўйи йиққан китоблари авлодлар онги шуурига таъсир этиб, руҳи ва жисмида оламжаҳон ўзгариш ясашини хоҳларди. Ҳадемай, орзуси ушалади, бурноғи йилнинг кузида нафақага чиқди. Жажжи неваралари билан ҳаётини илм, китоб мутолаасига бағишламоқчи бўлганида муаммолар гирдобига тушди, қизиғи шуки, унинг боши ва охири йўқ эди. Дунёнинг бу қадар сирли, жумбоқли, бошни айлантиргудек ташвишнок эканлигини билмабди. Билмасдан яшагани минг марта яхши бўлган экан. Янги йил арафасида қўлига “Самсунг” телефонини тутқазишди-ю, уйқусизлик касалига йўлиқди. Ҳар куни дунё хабарлари, довул, зилзила, уруш, жанжал ва келишувларни ўқийвериб, ахборот асрига мослашиб бормоқда. Баҳорнинг сўлим кунларидан бирида хавотирли хабарларни ўқиб қолди. Эмишки, Чин мамлакатида тарқалган вирус шаҳару қишлоқларни кезиб, Эрон, Русия ва Оврупо мамлакатларига етиб борибди, энди аҳоли касалликка чалинаётган эмиш. Бугун интернетда ўқиди: “тожвирус” деб аталмиш касаллик даҳшатли вабо касаллигининг бир тури бўлиб, ер юзида 1800-1925 йилларда етти марта содир бўлиши оқибатида юз миллиондан зиёд одам нобуд бўлган эмиш. Маҳалла чоллари ҳар куни чойхонага тўпланганида, Маҳкамбой муаллим дунё воқеалари ҳақида шуларни гапириб берарди. Кейин кутилмаганда, тожвирус кўпайиб, қучоқ очиб кўришиш, кўнгил сўраш барҳам топди. Ҳукумат қамал ҳолатини эълон қилди: одамлар уйга қамалиб қолдилар. Маҳкамбой муаллим уруш йилларини эслади. Бир бурда нонга зор оилалар дўкон олдида соатлаб навбатда туришарди. Лекин бу қамал ундан ҳам ўтиб тушди-ёв. На кўчага чиқасан, на маҳалланг ва қариндошларинг билан кўришасан?! Чолларнинг руҳиятига қўрқув, таҳдид ҳисси таъсир қила бошлади. Касалликни юқтириш таҳдиди одамларни одамови қилиб қўйиши сабаби, ҳар куни телевидениеда даво тополмай вафот этганларнинг сони ортишига ишоралар бўлди. Бундан таъсирланган Маҳкамбой ўртоқларига сим қоқиб, озгина тинчлантиради: -Оқибат йўқолиб кетармиш, деб ёзибди дейсизми? Бўлмаган гап, биз Оврупода яшамаймиз-ку. -Пандемия ҳолати чўзилса, одамлар ашаддийлашиб кетармиш,- ваҳима қилади Ҳамид дўкончи. -Дўкончи, бўлмағур гап, қайда айтибди? - Ахборот-24 каналида эълон қилди? -Бу Амриқодаги фуқароларга тегишли гап. Тушуниб кўриш керак-да,- дейди фиғони чиқиб муаллим. Телефон гўшагини қўяр экан, Маҳкамбой муаллим ўйга толди. Тушмагур мухбирлар ахборотни ҳаддан ошириб юборади-да. Одамлар ҳам восвос касалига берилибди. Озиқ-овқат захираси тугаб қолишидан қўрқиб, дўконларга чопадими-ей. Шунданми, бозорда нархлар ошибди. Муаллим карантин кунлари одамларнинг фикри, дунёси ижобий тарафга ўзгаришига ишонарди. Ҳаромхўр, ёлғончи кимсалар, ёмон хулқли аёллар, алдамчи арбобчалар кўпайди. Энди уларнинг касри яхши одамларни йиқитиши мумкин. Кимнингдир боши деворга бориб урилиб, ўзгариб қолармикан? Майли, ҳар бир ёмон вазиятдан яхшилик қидириш лозим. Раъно опа эрининг хатти-ҳаракатларини кузатиб, насиҳат қилади: -Бу сизга мактабми, дадаси, ўртоқларингизга танбеҳ берасиз. Ҳар кимнинг ўзига яраша ақли, фаросати бор. Маҳкамбой ака ниманидир сезгандай, ички қўрқув, безовталик аъзои баданини қамраб олган. “Карантин ўтганидан кейин ҳамма бир-бирини қадрлайди ва меҳрибонлик кўргизади”деди ичида шивирлаб. –шу гапларга ишонса бўладими?! Уйқудан уйғонаётиб, оила аъзоларига табассум ила боқар, кайфиятини бошқаларга бўлашишга интилар эди. - Вақтинчалик қамал бизни ўкситмайди, балки тоблайди ва кучлироқ қилади,- ўртоқларига шу гапларни уқтиришдан чарчамайди. Маҳкамбой муаллимнинг ўқтин-ўқтин юраги оғриб туради. Бир куни тут емоқчи бўлиб, пастак шохига чиққанида боши айланиб йиқилди. Раъно хола сигирини соғиб, уйга ўтаётганда, не кўз билан кўрсинки, эри тутнинг тагида инқиллаб ётибди. -Сизга нима бўлди, дадаси?-икки қўлидан суяб турғизмоқчи бўлди хотини.

-Тегма, тегма,-майин шивирлади у.

–Сув келтир.

Хотини косада сув олиб келиб, юзига сепди. Сал ўзига келгандан кейин, муаллимни шифохонага ётқизишди. Хайрият, вақтида олиб келишибди.

- Болалигимни эслагим келувди,-деди муаллим хотинига жилмайиб.

–-Битта шохга оёғим тегди ... эҳ, чол бўлибман, ойиси.

- Энди билдингизми, дадаси? Мен етиб келмасам, нима қилардингиз?

- Тутларни териб ўртоқларимга улашмоқчи эдим...

- Болалигингиз қолмабди-да.

Чолларга ҳар куни телефонда дарс берганингиз етади ўзи. Ўн кундан кейин Маҳкамбой акага уйга рухсат беришди. Духтурлар бир халтача дори-уколларни ёзиб берди. “Асабни асранг, фақат дам олинг, ўзингизни уринтирманг”, деди даволовчи шифокор. Муаллимнинг гап-сўзларига ўрганган ўртоқлари зерикди. Қамалда яшагандай, тушкунликка тушиб, қўрқув ҳисси чулғади. Телевизорни кунбўйи кўриб, ўзини овутган чоллар ўзида касаллик белгиларини қидирадиган бўлиб қолишди. Руҳий толиқиш, асаббузарликни кўрган уйдагилар Маҳкамбой муаллимни соғайишини илҳам кутарди. Ўғли Элбек кеча шаҳардан гап топиб келди. Интернетда ёзилишича, ўша Собирия томонларда ҳам микроб тарқала бошлабди. Совуқда келган балони даф этиш учун ароқ ичувчилар кўпайибди. Микроб Эрон шарқий қисми, Туркия, Олмония, Фарангистонни эгаллаб олганмиш, ундан Амриқога ҳам етиб борибди. Аммо Амриқо подшоси парво қилманг, бунга чора топамиз, деб халқини тинчлантириб турган эмиш. -Бу касалликни кучи тумовчалик эмас, умри ҳам қисқа эмиш, дадаси,-кўнглини кўтарди Раъно. Аммо кичик заррача чор-атрофни, табиат ва ҳайвон оламини ўз измига олгани, ҳадемай одамизодга ёпирилишини у тасаввур ҳам қилолмасди.

   14.06.2020.

- - -


< Orqaga qaytish