Marta o'qildi
"Мен қайтдим..".. шеърлар. Ян Вагнер.
Ян Вагнер 1971 йилда Германиянинг Ҳамбург шаҳрида туғилган. Дастлаб Ҳамбург Университети, кейинчалик Ирландияда Дублин Университетларида таҳсил олган. Айни пайтда оиласи билан Берлин шаҳрида истиқомат қилади. Вагнер кўплаб адабий мукофотлар совриндори. Немис адабиётига қўшган ҳиссаси учун 2017 йилда Георг Бюхнер мукофоти билан тақдирланган.
Ойболдирғон
Зоҳиран ҳокизор бу ойболдирғон
Яралмиш ботинда кабир нафс ила
Тебраниб тургувчи оппоқ гуллари
Золимнинг тушидек пок-покиза
Кўҳна гуноҳ мисол қайтаверар у
Майсалар пойида, зулмат қаърида
Яйдоқ далаларнинг бағрида туйқус
Оппоқ мухолифат ини мисоли
Махфий варақалар битавер у
Ертўла ортида, шиғирлар шағал
Гилос тагларида ул ойболдирғон
Тўлқинлар сингари кўпирар, тошар
Шовқинсиз оҳиста девордан ошар
Бир-бирин турткилаб, оч чангаллари
боғнинг бўғизига чирмашар
Чивинлар устида тажриба
газета узра
ҳавода муаллақ гала
баайни қоғоздан ажралган ҳарфлар
ёмон хабарларнинг бирортасини
бизга келтирмаган
илҳом парилари
озғин пегаслар
шивирлашар гўё
шам ўчганида
ўрлаган тутуннинг
сўнгги толаси
шу қадар енгилки,
мисли шарпалар
буни айтмоқ учун каломлар оғир
ўзга бир оламдан
бизнинг оламга
отилгандек рақс тушарлар
қалам изиданда нафис чизиқлар
митти сфинкслар
розетта битиклари,
тошсиз
Тарих: Онесил
(Геродот V, 114)
Шаҳар дарвозаси узра бош чаноқ
Ғўнғиллаб бошлайди тонгги шуълада
Ҳали ҳануз хайрат акс этиб турар
Бир пайтлар юз бўлган силлиқ юзада
Ичкарида қизғин улкан жараён
Бош чаноқ ичида механик гала
уланиб кетгандир бир-бирларига
Тилларанг болари катакларила
Тўлдирар бу сўқир косачаларни
Геранлар, лолалар ва қизғалдоқлар
Гладиоулусларнинг заррачалари
Боларили кўзлар айлана бошлар
У шоҳ эдими ё шунчаки гадо
Офтобда қизиган ғиштга чирмашиб
Тепага ўрлаган болаларга ҳеч
Бунинг фарқи йўқ
Унинг чаноғидан мисли фикрдек
Оқиб турган болдан қўллари шира
Боларилар рақси, ҳазин ёдгорлик
Ерчун курашганди ҳаётлигида
Энди боши ичра
Улкан қироллик
Чойшаблар
бобомни чойшабига ўраб
олиб кетишгани ёдимда
бир йил ўтиб орадан
чойшабларни алмаштирганда
арига айланиб қолган
қуриган танасин кўрдим
ўтмишга айланган ёз фиръавни
чойшаблар тахлашчун
қулоч ёйилар
акс эта бошлайсан оппоқ юзада
фокстрот рақсига ўхшар
кир тахлаш
ҳар гал навбатдаги тўғри тўртбурчак
сингиб кетаверар кейингисига
бурунлар тўқнашиб кетгунга қадар
чойшабнинг қордай оқ бағирларида
нималар топилмас худо билади
ифорнинг излари қолган атирдон
лаванда ё бошқа дала гуллари
танга, куядори доначалари
Оғир тин олади, сукутга толиб
жавонларда турган оппоқ тахламлар
Ифорга ботириб қўйилган, оҳор
берилган, дазмоллаб, бежиримгина
ақл бовар қилмас юксакликлардан
сакрашга тахланган парашют каби
Қудуқда
Олти, етти метр чуқурда
Дунёдан нақадар олисда эдим
Дала тошларидан ясалган
Фазо кемасидан туриб
Олисдаги қадрдон,
юмалоқ, мовий парчага
тикилардим
Қудуққа тушиб кетган бола эдим
Деворларда мох
Ўзидан чилвир ясаб
Юқорига ўрмалар эди
Печаклар тутарди
Печакка елка
Озодликка эришмоқ
учун
Бир-бир чақмоқ каби
Учар эди қуш
Оппоқ чақмоқ қуш,
ётардим
Секин ўтганларин
Паққос тушириб
микроскоп узра қилт этмаган
тадқиқотчи кўзи сингари
қудуқ узра мўраларди ой
эшак қурти, тош сўзларининг
мағзин чақиб ётардим
шу он
ғала-ғовур, шовқин, қийқириқ
кўзолдимда бошланди арқон
Мен қайтдим,
Қўнғироқлар саси, нон ҳиди
Автобус жадвали
Дарахт сояси
Об-ҳаво ҳақидаги гурунглар
Маросимлар, фожеалар
Сарлавҳаларга
Уларнинг бирига айланган эдим
Мих
деворга қоқилган онидан бошлаб
борлиқнинг маркази болиб қолганди
боғлар, далалар, шолғом жўяклар
товуқ катаклари, редискаларни
дунёнида теграсига олганди.
қалпоқларимизни, қўлда тўқилган
свитерларимиз, расмларимиз
пальтолармиз ва ёмғирпўшларни
унут бўлгунича унга осардик
кун келиб гар кўчиб кетсак, қолмагай
бу шаҳар, бу кўча, бу уйдан нишон
унинг чўнг нигоҳи бирдек бардавом
йиллар хуружудан қолажак омон
ғарбу шарқ узра у милтиллаб турар
йўлчи юлдуз каби сочиб нур
кекса денгизчилар учун у
таскиндир
Ҳалинчак
оғирроқ бўл дейдилар менга
кўзларимни юмганча
қоп-қора бетон, темир
устахоналар, филлар, лойга
ботган лангар узра сирғалаётган
наҳанглар, сандоннинг ўқсимон
бошини қилгум тасаввур
бир он тин оламан, тўхтар нафасим
қилт этмас қирғовул қийқирган,
ҳазонлар тўкилган маҳал
измимга бўйсинмас калта оёқлар
булутларга тегай деганда бошим
Немисчадан Гулноз Набиева таржимаси
- - -