Marta o'qildi
"Куз асло сарғармоқ фурсати эмас"...шеърлар. Санобар Меҳмон.
Куз асло сарғармоқ фурсати эмас-
Куз бу Худойимнинг сўлим далдаси.
Нечун,юрагимни тирнар басма-бас,
Сўлаётган гулларнинг маъюс хандаси.
Куз барбир сарғармоқ фурсати эмас-
Марғуб туйғуларнинг ҳазин сурати.
Не учун турналар учиб ўтдилар-
Машриқдан-Мағрибга йиғи ўргатиб.
Куз асло сарғармоқ фурсати эмас-
Шунчаки тўкилмоқ фасли бир замон.
Токи баҳоргача тин олсин ўкинч
Токи баҳоргача ишқ қолсин омон.
2.
Бу фасл ҳаммани сарғайтиради,
Барчани тўкади ўзига дув-дув.
Худойим тўкилмоқ фаслинда нечун -
Менга бир дард бердинг сулувдан-сулув
Ишкомни оралаб ўтар бир видо,
Беҳи ҳасратингдан чиқмоқдаку чанг.
Билмадим,нелар деб қилар илтижо.
Токнинг вужудини ўпаётган занг .
Илдизлар қалбида бесаранжом мунг,
Яшаш истагидек буюк ваҳима.
Куз сенинг бисотинг о бунчалар чўнг-
Хазонлар баҳорга йўл олган кема.
Улкан бир денгиздир инсоннинг умри,
Аслига талпинган буюк аслият.
Биз умр атаган бу сирнинг номи -
Аслида шунчаки оддий фаслият.
3.
Бу кеч куз боғларига,
Оралади ваҳима.
Бу ҳазин ёлғизликни -
Хазон қилди таржима.
Қайдан келган бало бу-
Қай балога қотилди.
Яланғоч дарахтларнинг
Доди кўкка отилди.
Саф тортган қуруқ шохлар,
Аза тутди япроққа.
Шаҳид бўлган япроқлар-
Бош қўймишлар тупроққа.
Чор тарафда бир ўкинч,
Чор тарафда маломат.
Бунча ғамгусорликдан-
Дил чиққайму саломат.
Ҳай-ҳай денг бир сўз тегди
Қазонинг шамолига.
Кинна солинг кўз тегди-
Гулларнинг жамолига.
4.
Хайр гул ҳисларим, гулгун оҳларим,
Баҳор келгунича видо айтаман.
Менинг тийра тортган тийра моҳларим -
Мен энди япроққа қайтаман.
Тушда яшаб ўтган бир ҳис мисоли,
Ўйчан дарвиш каби сокин ва озод.
Бир туйғу кезинар дунёдан холи-
Бир соғинч кезинар беун бефарёд:
Куз асло сарғармоқ фурсати эмас-
Куз бу Худойимнинг ҳазин далдаси.
Тўфон хароб қилган умр фаслига-
Нажот бўлиб келган Нуҳнинг кемаси.
Қалам кўтарилган, битган бу китоб
Аслига тортадир барбир аслият.
Биз умр атаган буюк бир азоб-
Тўрт тусга бўлинган рангин фаслият.
Куз асло сарғармоқ фурсати эмас-
Куз бу нолонларнинг ҳазин хоблари.
Кел кўнглим, кўкларга гулхан ёқайлик.
Шеърлар шоиранинг Фэйсбук саҳифасидан олинди.
Битсин бу гулларнинг Изтироблари.
Куз асло сарғармоқ фурсати эмас........
- - -