Ҳикоя, шеър

8 октябр - рус шоираси Марина Цветаева тўғилган кун.


Marta o'qildi

8 октябр - рус шоираси Марина Цветаева тўғилган кун. "Мендек бегонага севгингиз учун..". шеърлар Марина Мурзина, Саиджалол Саидмуродов,Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси.

«Мени суйиб-ардоқлашса – ҳайрон бўламан, ёқтиришмаса ҳам ажабланаман, лек менга нисбатан лоқайд бўлишса, ҳайратим ҳаммасидан кўра кўпроқ ошади» – шоира ўзи ҳақида шундай ёзган эди.
Чиндан-да Цветаеванинг буюк шахси ва ижодига лоқайд бўлишнинг иложи йўқ. У одамни ўзининг дунёси, образлари,ҳис-туйғулари, муҳаббатга тўла қалбига чорлайди, олов каби куйдириб, бўрондек учириб кетади. Болаликнинг эртаги  “Четан шокилалари алвон бўлиб ёнганда, барглар тутдек ёғилганда келдим дунёга”. 1892 йил 8 октябрда Москванинг Трёхпрудний тор кўчасида дунёга келган қизалоққа  ўша пайтлари камёб бўлган Марина исмини қўйишди.

Отаси Иван Владимирович таниқли олим, уч университет профессори, бугунги кунда дунёга машҳур Нафис санъатлар музейи асосчиси эди. Онаси Мария Александровна эридан икки баравар ёш бўлиб, ажойиб пианино чи бўлганди. Ўзининг илк шеърларида Марина Тангрига тавалло қилиб: “Менга ёшлик инъом этдинг – эртакларданда аълороқ, энди ўлим ҳам ҳадя эт – ўн етти ёшимданоқ!” – деб ёзганди. У қисматининг фожиали, азоб-уқубат-ла якунланишини олдиндан сезгандек эди.

Маринадан кейин оилада Анастасия – Ася дунёга келди. Опа-сингилларнинг болалиги тор кўчадаги баланд девор билан ўралган ёғоч уйда, шохлари тарвақайлаб, кўкка бўй чўзган терак ва акациялар ўсиб ётган ҳовлида, энага ва хизматкорлар қарамоғида, Мавлуд арчаси-ю Пасха кулчалари ила, оналари роялда чалган мусиқа садолари остида ўтди. (“Онам бизни мусиқа уммонига ғарқ этарди”, дея хотирлайди шоира). 1919 йили Цветаевларнинг уйи бузиб ташланади. “Момоларим хумор ифтихори, кўҳна Москва кулбалари, одми тор кўчалардан тамом кетмоқдасиз  йўқликка томон…”

Ўша йили ёзда оила Ока дарёси бўйидаги Тарусага кўчиб ўтади. Цветаеванинг Тарусадаги дала-боғига кираверишда ёдгорликка муҳрланган ушбу сўзларни ўқиш мумкин: “Бу ерда Марина Цветаева дафн этилишни ихтиёр қилганди”.

Опа-сингиллар ўта қаттиққўллик билан тарбияланади, айниқса, Марина. Она дуркун, тўлачадан келган, узоқни яхши кўра олмайдиган қизида ўзи етишолмаган орзу – буюк навозандани кўради. Чиндан ҳам Маринанинг пианино чалишга қобилияти кучли эди. Лекин қизалоқ тўрт ёшга тўлганда онаси: “Муся сўзларни тинмай қофиялаяпти. Балки, шоира бўлар?” – деб қайд қилиб қўяди кундаликларида. Бўлажак шоира шеър ёзишни 6 ёшидан, – биратўла рус, немис, француз тилларида бошлади. Марина илк шеърий тўплами – “Оқшом альбоми”ни 1910 йилда ўзи йиққан пули эвазига нашр эттирди.

Тақдиримни учратдим

Опа-сингиллар катта ҳаётга эрта қадам қўйишди. Москва адабий ҳаётида аллақачон ўз ўрнига эга, Максимилиан Волошин ва Валерий Брюсовлар сингари катта шоир ва адабиётшунослар назарига тушган Марина 1911 йили Коктебелга Волошинларникига  келади ва шу ерда ўз бахтини – 17 ёшли Сергей Эфронни учратади.“Бу йигитнинг қанчалар жўшқин, олийжаноб эканлигини билсангиз эди. Бизнинг учрашганимиз – мўъжизанинг ўзи. Биз ҳеч қачон бир-биримиздан айрилмаймиз”, – деб ёзган эди Марина. Соҳир туйғуларга ошуфта бу хушрўй йигит Коктебелга сил касалидан “тин олиш” ва оиласида рўй берган нақ икки худкушлик – ўзини-ўзи ўлдирган 14 яшар укасининг ҳамда жудоликка бардош беролмай ўз жонига қасд қилган онасининг ўлимидан сўнг ўзини бироз бўлса-да, қўлга олиш учун келганди. Марина кимки унинг севимли тоши сердолик (ярим қимматбаҳо тош) эканлигини топса, ўша йигитга турмушга чиқишни ният қилиб қўйган экан. Учрашувларнинг бирида Сергей унга айнан шу тошни совға қилади. 1912 йилнинг январида Марина ва Сергей никоҳдан ўтадилар, Полянадан уй сотиб оладилар, Италия, Германия, Франция бўйлаб сафар қиладилар. Ўша йили Эфронлар оиласида тўнғич фарзанд Ариадна – Аля дунёга келади. Марина ва Аля она-бола эмас, балки чин дугона, бир-бирига меҳрибон опа-сингил эдилар, гўё. “Аля! Улкан уфқдаги миттигина ҳилқат. Жар солиб ҳайқираман – жигарбандимдан қўлинг торт!” Бироқ онанинг фарёди бўғзида қолади. 1937 йили Париждан ўз ихтиёри билан Собиқ Иттифоққа қайтиб келган Аля икки йил ўтиб ҳибсга олинади. Минг бир қийноққа солиниб, отасига қарши гувоҳлик беришига мажбур этилади. 15 йилга сургунга юборилади. Эри эса отиб ташланади.

1914 йили уруш бошланди. Сергей кўнгиллилар сафида санитар поездида урушга жўнайди. Аниқроғи, қалбининг даҳшатли изтиробидан қочишга уринади: суюкли рафиқаси икки йиллик турмушлари давомида қайноғаси Пётрга (Пётр тез орада силдан вафот этади) илиқ туйғуларни туйишга улгурганди. Эндиликда эса… шоира София Парнокка оташин эҳтирос-ла меҳр кўрсатишни бошлаганди. Сергей ҳаммасини кечиради: “Менинг рафиқамни одатий мезонлар билан айблаб бўлмайди. У – Ижодкор!” 1922 йили Волошинга шундай ёзади: “Марина – эҳтирослар ўчоғи”. Яна аёлининг “бўронли эҳтирослари”, очкўзларча “тутантириқ учун ўтин” талаб қилаётган Маринанинг улкан қалби ҳақида ўй суради: “Мен аллақачонлар унинг оташин муҳаббатига тутантириқ бўлишга ярамай қолганимни гапиришга ҳожат бўлмаса керак”.

1917 йили оилада иккинчи қизалоқ — бахтиқаро Ирина туғилди. Сергей инқилобни шўролар билан бўлган жангларда қарши олди. Кейин эса кўнгиллилар армиясига қўшилиб,  4 йил бедарак йўқолди. Марина икки гўдаги билан Борисоглебский тор кўчасидаги рутубатли уйда ночор аҳволда қолаверди. Кунлардан бир куни унинг уйига ўғри тушади ва хонадоннинг нечоғлик қашшоқлигидан даҳшатга тушиб, ҳатто Маринага пул таклиф қилади.  1922 йилда Марина тўнғичи Аляни олиб Берлинга, дараги чиққан эрининг қошига йўл олади. Бу пайтга келиб мурғак Ира фоний дунёни тарк этганди…

Марина Цветаева шеърлари бежиз дарду изтироблардан иборат эмасди.Сарсон-саргардонлик уларни мухожирликда ҳам тарк этмайди. Чехияда ҳам, Францияда ҳам  улар қашшоқлик билан умр кечирдилар.1925 йили Прагадаги чоғроққина кулбада Яратгандантилаб олган ўғил фарзандлари – Георгий туғилади. Гўдаклигидан уни эркалаб, Мур деб чақиришади. Марина ўғлини жони-дилидан ортиқ севар, ер-у кўкка ишонмасди: “Ўғилларни суйиб-эркалаш лозим, ким билади, эртага уларни уруш кутаётгандир”. Мур онасининг ўлимидан сўнг оч-ночорликда, дардга чалиниб, 44-йилнинг апрелида навқирон 19 ёшида бу дунёдан кўз юмади.

Парижда муҳожирликда юрганда Эфрон ва Цветаевани ҳеч ким хушламайди. Оқ гвардия қаҳрамони Сергейни НКВД жосусликка ёллайди ва у 1935 йили Ватанга қайтиш уюшмасини бошқаради. 37-йилда эса сири фош бўлиб, собиқ Иттифоққа қочиб кетади. Марина яккаланиб қолади. У Россияга қайтишдан
ҳайиқарди. Полиция маҳкамасида сўроққа тутилганда эри тўғрисида шундай деганди: “Унинг кимгадир бўлган ишончи поймол бўлиши мумкин. Аммо менинг эримга бўлган ишончим ўзгармайди. У энг ҳалол ва энг виждонли одамдир”. Паспортини қўлга киритгач, Марина 1939 йили ўғли Мур билан ватанига жўнаб кетади: “Мен ҳалок бўлдим”, – деган эди Марина пароход бортига кўтарилар экан.

Бутун оилани НКВДнинг Болшеводаги дала-ҳовлисига жойлаштиришади. Тез орада Аляни,бир ой ўтиб эса Сергейни ҳибсга олишади.Марина ўғли билан совуқ дала-ҳовлида чирқиллаб қолади. Синглиси 10 йилга кесилиб кетади. Шундан сўнг яна азоб-уқубатлар бошланади – тунги ваҳималар, уйқусизлик, муз қотган поездларда қамоқдаги жигарларига егулик ташиш… 1941 йилнинг октябрида Сергей отиб ташланади. Бир неча ой давом этган сўроқ ва қийноқларда у бирор кишини сотмайди.

Марина ўғли билан Болшеводан, кейин Голицинодан бош олиб чиқиб кетгач (Ёзувчилар уйида уларга кунига бир маҳал тушлик бериб мурувват кўрсатишади, шунда ҳам ҳамма билан бир дастурхон атрофида ўтиришга рухсат этилмайди), улар бошпанасиз қоладилар. Баъзида она-бола қайнисинглисининг хонасидаги сандиқ устида тунашларига тўғри келарди.

1941 йил. Уруш. Ёв бостириб келмоқда. Марина қўрқувдан тош қотганди, гўё. Кунлардан бир куни ёлғизгина дилбанди: “Қишлоқи кампирдан фарқинг қолмабди”, дея онаизорини таҳқирлайди. Она-бола тез-тез жанжаллашиб туришарди. Ўша машъум кунларни эслаб Марина хотираномаларида шундай ёзади: “Мана бир йилдан буён ўзимни осиш учун кўзларим билан илгак ахтараётганимни бирон зот билмайди”. Мур Москвадан кетишни хоҳламайди – тағин жанжал чиқади. Марина узоқларга кўчиб кетаётган ёр-дўстларидан уни ҳам ўзлари билан олиб кетишларини ўтиниб сўрайди: “Энагалик ҳам, фаррошлик ҳам қилавераман, идиш-товоғ-у полларни, ойналарни ювишга ҳам тайёрман”. Улар Елабуғада, омонат ёғоч кулбадаги чит парда билан тўсилган бурчакда қўним топишади. Чистополга сузиб кетаётган “сараланганлар” кемасига Маринани олишмайди. Марина Елабуға НКВДсига чақиртирилиб, ҳарбий асирлар лагерида таржимонликка таклиф қилинган, деган тахмин ҳам бор. Бунинг эвазига Чистополдаги турар-жойда расман рўйхатдан ўтишга рухсат берилади ва Мур иккаласи 30 августда Чистополга кўчиб ўтишлари керак бўлади. Марина ўшандаёқ барчасини обдон ўйлаб режа тузади, учта хат ёзиб қолдиради. (Ўғлига ёзган хатида: “Болагинам! Мени кечир, ортиқ бардош беролмайман. Сени жуда яхши кўраман. Аммо бошқа чорам йўқ”, дейди.) Хатларидан бирида тишининг кавагида асраб юрган 150 рублни ҳам эсга олади, жасадини яхшилаб текшириб кўришларини, тириклайин кўммасликларини таъкидлайди.
31 августда Марина уйда ёлғиз қолади. Ўша куни Мур учун балиқ қовуриб қўйишга ҳам улгуради. Омборхонадаги сомон орасида ётган илгакни излаб топади. Арқонни эса Москвадан, Елабуғага отланаётганда Пастернакдан олганди: “Мана, Марина, пишиққина, ҳатто ўзингни оссанг ҳам кўтаради!” Кейинчалик Пастернак ўзининг гўё башорат қилиб айтган бу “ҳазил”ини бутун умр чексиз надомат билан эслаб юрган… Мур онасининг дафн маросимига келмайди. Марина Цветаеванинг қаерга кўмилганлиги ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

“Аргументы и факты” ҳафталигининг 40-сонида чоп этилган.

055
Марина Цветаева
ШЕЪРЛАР
Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси
044

* * *

Яхшики, мен сабаб ғамнок эмассиз,
Яхшики, сиз сабаб эмасман ғамнок.
Хайрият, ҳеч қачон шу ер курраси
Бахтдан гир айланиб учмади бебок.

Хурсандман, кулгуга қолсам-да ўзим –
Бебошман – сўзлар-ла ўйнамам енгил,
Ҳислар тўлқинидан қизармас юзим
Енгингизга тегиб кетаркан енгим.

Менга хуш ёқади: кўзим ўнгида
Ўзгани қучасиз, бемалол, хурсанд.
Ёнгин деб дўзахда, қилмассиз гина
Мен ҳам бировга-да бўсалар берсам.

Ва нозик исмимни на кундуз, кеча
Ёдга олмагайсиз еру самода,
Ибодатгоҳдаги сокинлик ичра
Янграмас бош узра ҳамду санолар.

Аҳён тўқнашардик шом тушар пайти,
Шодман, сизсиз кечар тунларим узун.
Яшайман бахтимга шукрона айтиб
Мендек “бегона”га севгингиз учун.

Ойдинда яшадик сокин, висолсиз,
Бошимизда кулмас на қуёш, афлок,
Афсуски, мен сабаб ғамнок эмассиз,
Афсуски, сиз сабаб эмасман ғамнок!..

Жаннатда

Яна хотиралар елкамни эзар.
Юргум жаннатда ҳам ерни соғиниб.
Яширмасман қайта учрашсак агар
Сўзлар доғини.

Болалар қўшиғи, арфа, нилуфар,
Бунда фаришталар учар тизилиб.
Ҳамма нарса сокин, мен эса – мустар
Нигоҳинг излаб.

Ҳурлар даврасида кибр-ла, танҳо,
Назарга илмасдан жаннат рангларин,
Куйлайман – бегона – одамларга хос
Ер оҳангларин!

Елкамни эзади тинмай хотирот.
Пайт келар яширмам ёшларимни ман,
Энди кўришмасмиз ҳеч ерда, ҳайҳот!
Висол-чун жаннатда уйғонмасмиз шан!

* * *

Чил-чил синди кўзгу. Парчалар
Ичра боқар синиқ нигоҳлар.
Маконига қайтмоқда чарчаб
Оққушларим, дилдаги оҳлар.

Юксак булут бағридир нотинч,
Нақ кўксимга патлар санчилар.
Тушларимда юбордим сочиб,
Ҳовуч-ҳовуч кумуш парчалар.

Жарангдордир кумуш саслари,
Қўшиқларим кумушга монанд.
Оққушгинам! Менинг асрандим,
Парвозингда бормикан омад?!

Қариндошлар, на мунис онам
Билмас, кўнглим кимгадир шайдо,
Черков ичра турганча хомуш
Валилардан тиларман танҳо
Мурғак оққуш ҳаққига дуо.

* * *

Борарсан. Мен каби ва зимдан
Кўзларинг ер узра қадаб жим.
Нигоҳим ер чизиб ўзим ҳам
Яшадим. Тўхтагил, ўткинчи!

Сўқирдек ўқигин аста сен
Исмимнинг Марина бўлганин
(Қўлингда қизғалдоқ дастаси)
Ва ёшим нечага тўлганин.

Бу ерда қабр деб сесканма,
Пайдо ҳам бўлмасман чақиндай.
Мен ўзим, билсанг гар, севганман
Бемаврид кулмоқни, эҳ, қандай!

Танамда гупирган қоним, ҳам
Сочларим эдилар жингала …
Бор эдим дунёда, оҳ, мен ҳам!
Тўхтагин, ўтмагил жимгина!

Ёввойи шохлардан узиб ол,
Мевасин татиб кўр эринмай.
Тенги йўқ бўлади шу мозор
Бағрида етилган қулупнай.

Ва фақат турмагил сен ғамгин
Бошингни хам қилиб ушбу он.
Мен ҳақда шунчаки ўйлагин,
Ва мени унутгил сен осон.

Сен нурдан қанчалар нурафшон!
Зарларга ўраган бу шуъла…
Қабрнинг қаъридан товушим
Қалбингга солмагай ғулғула.

* * *

Қисматимнинг қўшиқларини
Куйлайверинг такрор ва такрор.
Қўлимдаги узукларимдан
Бўса олинг сира қилмай ор.

Қиш палласи кўриб аҳволим –
Наъра тортди момогулдирак.
Ҳатто йиртқич кўксида раҳм,
Соқов сўзлаб юборди бешак.

Тунда қуёш порлар мен учун!
Ҳатто кундуз чақнар юлдузлар!
Мени мутлақ кўмади тўлқин –
Қисматимда ғамларим гўзал.

Гўё марҳум тирилди яна!
Жазо куни келди муқаррар!
Қўнғироқлар бонг урар. Мени
Малоиклар кундага элтар!

* * *

Шошилмагил ҳукм этарга:
Дунёдаги жазо муваққат.
Қанча оққа бўясанг қарға
Кабутарга айланмас ҳеч вақт.

Хоҳласанг шу – билмам, не учун
Севибман ҳаммани мен нодон,
Мумкин эрур ўшал қаро кун
Уйғонурман – сендан покдомон!

 Хуршид Даврон кутубхонаси.

- - -


< Orqaga qaytish