Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Кўнглимни алдадим..". шеърлар. Моҳигул Ўктам қизи.

 

Моҳигул Назарова Ўктамовна 1970 йил 25 июлда Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида туғилган. 1994 йилда ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тугатган. 1997 йилда Тошкентдаги «Ёзувчи» нашриётида «Юрагимда сўз», 2008 йилда Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида «Қалбим шабнами» ва 2021 йилда Тошкентдаги “ Олтин мерос” нашриётида “ Заъфар кўзгу” номли шеърий китоблари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
«Оила ва жамият», «Ўзбекистон овози» , «Бухоронома» ва «Бухоро ёшлари» газеталарида мухбир бўлиб ишлаган. Шеър ва ҳикоялари республика матбуотида эълон қилинган. Айни пайтда Бухоро вилоят мусиқали драма театрида адабий бўлим мудири бўлиб ишлайди.

БАҲОР МАНЗАРАЛАРИ

Яна қамчи уради ёмғир,
Тарақлайди тунука томлар.
О,юрагим зарб тегиб оғрир,
Қароқларим- ёш тўла жомлар.. .
Шамол яна увлаб қўяди,
Баҳор номли нафис куйини.
Кўнгил бундан таскин туяди,
Йиғмоқ бўлиб фикру-ўйини…
Чўллаб ётган дашту-далага,
Малҳам бўлар, ёмғир- баракот.
Ошик, бўлиб танҳо лолага,
Ҳавасларим уйғонар наҳот?
Ферузаранг шишадай само,
Тонгда қарши олади кулиб.
Баҳор келди,ташрифидан оҳ,
Кўнгил кетди шеърга тўкилиб…

ИЛТИМОС ҲАҚИДА…

Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин…
                                                        А.Орипов

Минг афсус тушаркан кимгадир ишинг,
Миннатнинг таъмига ўхшаркан ошинг,
Кейин тарқамайди кўнгилда ғашинг,
Илтимос қилсанг гар эгиб бошингни.
“Илтимос…” бу сўзнинг залвори оғир,
Ғариб юрагингни айлайди сағир,
Бўғзингни ялаган хўрлигинг тахир,
Илтимос қилсанг гар, эгиб бошингни…
Шоир айтган экан, ҳаммасин билиб,
Вазият талаби бағрини тилиб,
Инсон кетар экан бори тўкилиб,
Илтимос қилса гар, эгиб бошини.
Изза бўлиб юзи,хижолат ўзи,
Киприкка илиниб кўздаги ёши,
Тегирмон тошидек айланиб боши,
Илтимос қилса гар,эгиб бошини.
Илтимос,илтижо ўзингга мудом,
Мени ёлғизлатма,эй қодир худом,
Ўлимдир хайрингдан айласанг жудо,
Илтимос,қилмайин эгиб бошимни…

КЎНГЛИМНИ АЛДАДИМ…

Кўнглимни алдадим… Севар деб мени,
Умрим шу алдовнинг бўлди гирдоби.
Босдим ўкинчларга мажруҳ таскинни,
Умидлар-эртамнинг ёруғ сароби.
Кўнглимни алдадим… Пушмон бўлар деб,
Муҳаббат бор дедим,ишондим шунга.
Барибир афсусим борим қўйди еб,
Сингидим,кўз ёшдай дардкашим тунга.
Кўнглимни алдадим… Алдовдан тўйди,
Охири сиғмайин қолди ёлғоним.
Кўнглим минг йиғлади,минг ёнди,куйди,
Яхши бўлмади ҳеч ўша ёмоним.
Кўнглимни алдадим. Алдадим,шундай,
Омонат қувончдан изладим бир нур.
Кўзимда ёлғонлар ачишди қумдай,
Йиғладим,кўнглим ҳам топди-ку,ҳузур…

ЎТИНЧ…

Сиз мени “Гулим” денг,”Гулимоҳим”денг,
“Сен менинг ягонам,бор гуноҳим”, денг.
Ғамлар бўронида адашиб қолсам,
“Ёнимга кел,жоним,мен паноҳинг”, денг.
Мен Сизни жаҳоним,борлиғим дейман,
Хаёлим, умидим, зорлигим дейман.
Мен Сизсиз яшадим, билмадим қандай,
Шу ёлғон дунёда борлигим дейман.
Муҳаббатим Сизга,бор умрим Сизга,
Қанчалар интиқман,ўша бир сўзга.
Мен Сизни суйганман,дунёдан ортиқ,
Ҳеч кимни кўрмайин о,сиздан ўзга.
Сиз мени “Гулим”,денг,”Гулимоҳим” денг,
Юрагимда ёнган нурли оҳим денг.
Қора кўзларимга бир боқиб тикка,
Ёнимга кел энди эрка оҳум денг….

НИМАДИР ЁЗМАСАМ БЎЛМАЙДИ…

Нимадир ёзмасам бўлмайди,
Боримни емоқда ғуссалар.
Ёзмасам дунёим тўлмайди,
Ёзмасам,ғамларим куй чалар.
Ёзаман,оқ қоғоз қораяр,
Беркитмоқ истарми юзини.
Кенг дунё сиғдирмай тораяр,
Эшитгач юрагим сўзини.
Ёришар кўнглимнинг қатлари,
Нимадир ёзганим сабаби.
Бу ахир яшашим шартлари,
Тўкилар кунларнинг ғазаби.
Нимадир ёзмасам бўлмайди,
Кўзимда кунларнинг булути.
Қароқда ёмғирлар тинмайди,
Бўлмайди,барини унутиб…

НЕЧУН ШЕЪР ЁЗАМАН?

Руҳимга осилди харсангдай савол,
Нечун шеър ёзаман,нега керак бу?
Кимгадир шеърларим келади малол,
Кимнингдир қалбига таратар ёғду.
Гоҳо таъналар ҳам эшитдим ортдан,
“Шу ёшда муҳаббат ҳақда ёзармиш…”
Шуларга айтгим бор юзига шартта,
Кимдир шеърларимни қалбга босармиш!
Отамдан меросим-фақат шу илҳом,
Қонимда,жонимда айланган нафас.
Ортимдан қо лса гар шеърим ила ном,
Билганим – шеър менга эмасдир ҳавас.
Кўнглимнинг мулки у,яшашга асос,
Ҳеч кимга айтмаган дардларим шеърда.
Сўзларим туйғумга бир ойна холос,
Юрагим йўғрилса оташин нурга.
Шукрона айтаман,сенга Аллоҳим,
Берган инъомларинг- шеърларим учун.
Таъна,дашномларга бир айтар сўзим,
Мен учун шеър сабаб ёруғдир очун…

БУГУНГИ КАЙФИЯТ

Қорни кутди интизор бўлиб,
Аммо ёмғир топди Бухоро.
Бир кемадай турганча қалқиб,
Илинжига чўкди Бухоро.
Минора-ю,тим-у,тоқини,
Хўмрайганча булут артади.
Жуфтлаёлмай дунё тоқини,
Лайлак яна унга қайтади.
Қиш тугади,қорсиз ва завқсиз,
Ёмғирларнинг ташрифи-баҳор.
Куй тингладим,гўёки шавқсиз,
Соғинчимда қолди оппоқ қор….

РАНЖЛАРИНГИЗ РАНГИН РАНГЛАРИ

Ранжларингиз рангин ранглари,
Нигохларим узра тўкилди.
Отмай кетди умид тонглари,
Кисмат битиклари ўқилди.
Кетдингиз жим. Эргашолмадим,
Тутолмадим қўлларингиздан.
Нима қилай,хеч етолмадим,
Араз сарбон йўлларингизда.
Кечинг энди сиз ҳам баридан,
Ўтмиш сепин титкиламанг, бас.
Чиқинг энди илинж бағридан,
Хотиралар олсин сўнг нафас.
Неки бўлса ўтди,эсламанг,
Йиллар гарди тушди қалбларга.
Туйғуларми ўртада гаранг,
Титроқларми қўнди лабларга?
Кетаверинг,йўлингиз унсин,
Ўзга манзил,маконлар томон.
Кўнгилни бир уринг,у кўнсин,
Йиғлаб ҳоли бўлмасин ёмон.
Деразанинг ортидан туриб,
Қадамингиз ўпсин нигоҳим.
Ўтинчимдай шамол югуриб,
Олиб кетсин,чеккан хар оҳим.
Тақдирнинг бу ўйинларидан,
Билсайдингиз қанчалар бездим.
Сизга берган қуюнларидай,
Кетдингиз жим… Енгиллик сездим…

СЕНСИЗМАН…

Дунё-дунё дардим бағримга босиб,
Ёлғизлик ғамини елкамга осиб,
Умид – юрагимни ямаган косиб,
Танҳо кетаяпман, кўз ёш – денгизман,
Нетай, қалбим етим – ҳамон сенсизман!

Ҳаёт, осмонингда қанотсиз қушман,
Кимгадир орзуман ва ёки тушман,
Кимдир дўст билади, ким билар душман,
Бу алам, қайғулар аро тенгсизман,
Билганим – бу дунё армон, сенсизман…

Койима, бунчалар андуҳи кўп деб,
Бу қисмат олови борим қўйди еб,
Дард, алам кўйлаги – тақдир берган сеп,
Кийганим шу бўлди, қара – енгсизман,
Ранглари заъфарон сомон, сенсизман…

  ziyouz

- - -


< Orqaga qaytish