Саломат Вафо асарлари

Гулчамбар кийган аёл.   янги  ҳикоя.   Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Гулчамбар кийган аёл. янги ҳикоя. Саломат Вафо.

       

          Ҳикоя

                                               Шоира Ф. К хотирасига бағишлайман.

Кун бўйи оқ,сариқ,пушти,нафармон дала гулларини терди.Гулларнинг устида капалаклар,хонқизлар учиб юрарди.Кузнинг илк элчилари бўлган мезонлар гулларнинг устида ғуж-ғуж бўлиб турар,қўл теккизиши билан тўзғиб оламни  қопларди.Мезонлар далаларни қоплар,дала гулларининг устида юмаланиб гулдан гулга сирғалиб учиб юришарди.Гўё мезонларга қўшилиб унинг ўзи ҳам учар эди.Мезонлар рангли нур тарқатар,гўё осмондаги тўзғиб ётган кумушранг булутлар билан бир-бирига менгзарди.

   Майда-майда дала гулларидан бошига тақадиган гулчамбар ясади.Ёшлигида гулчамбар ясаб қизининг бошига кигизиб қўярди.Қизи учиб юрадиган хонқизлардан қўрқиб,гулчамбарни еч деб ҳархаша қиларди.

Ҳаёлида элас-элас нелардир ёзгани гавдаланади.

Оппоқ танасини ташлаб кенгликка,
Унда мангуликдай ботиб ётар ой.
Енгил хўрсинишга ўхшар шабада,
Ястаниб ётибди мангу бир чирой.

   Бир хил рангли ҳалат кийган касаллар касалхона йўлакларида кийими  чўнтагига ҳожат қоғозини ўраб солганича киссаларини осилтириб у ёқдан бу ёққа юришарди.Уларни бу касалхонада икки ташвиш қийнарди. Бири овқат ейиш, иккинчиси хожатга бориш. Чойга чақиришганида эса  гуруҳ-гуруҳ бўлиб ошхонага киришарди.Аввалдан тақсимчаларда бўтқа, сариёғ суртилган нон, чой қўйилган столларга ўтиришарди.”Передача” деб бақиришари.Навбатчи мулозимлар музхоналардаги ҳамма егуликларни столга таҳлашар эди.Исми фамиляси ёзилган шапалоқдай қоғозга қараб егулик солинган пакетларни ажратиб олишарди.Уникига Камолова Малоҳат деб ёзилган эди.Шилдироқ   ҳалтадан турли печенье,конфет ва ширинликларни олиб столига ўтиради.Чой ичиб бўлинганидан сўнг столдаги ширинликларни яна ҳалтага солиб музхонага қўйишни унутиб хонаси томон юради.

   Унинг шошишини боиси бор ҳафтанинг ҳар душанба куни қизи Умида Америкадан телефон қиларди.Авваллари  гаплашганда қизининг суврати хотирасида жонланар  эди.Кулгуларини,овозини хотирлар эди.Болалигини уч-тўрт ёш қизалоқлиги ҳақида  ўйларди.Сўнг Умиданинг сиймоси  телефоннинг  узун  рақамига, телефон аппаратидан тараладиган овозга айланиб қолди.Ҳар сафар гаплашганида кўнглида қизига айтилмаган қандайдир сўзлар  қолар эди.Умидани телефон трубкасидан чиқадиган овоз тимсолида тасаввур этар эди.

  -Ая,яхшимисиз,-дерди қизи Умида узоқларда океанлар ортида туриб.

  - Яхшиман,- дерди қизига жавоб бериб.

  - Дориларингизни ичаяпсизми?.

  - Дориларимни ичаяпман.

-  Нималар қилаяпсиз?.

 Гул тераяпман,хонқизлар учиб юради.

-         Касалхонангизда терадиган  гул бор эканми, - дейди қизи Умида ажабланиб.

   Уларниинг суҳбати фақат диологлар,телефондан тараладиган аллақандай нотаниш тилда сўзланган сўзлар ва  узун сукунатдан  иборат бўлар эди.

“Дорига,дорига”..деб югуришади йўлакларда ёш қизлар.Малоҳат телефонни апил-тапил қўйиб ошхона томонга югуради.Йўлаклардаги ёш-қари,семиз-ориқ, касал,маймоқ хотинлар, қизғиш тусли  халат кийган касаллар  издеҳомига қўшилади.Сафда ёш-қари  “вирт-вирт,жирт-журт” деган  ел чиқаришади.Касалхонадаги дорилар одамнинг танасини бўшатиб юборарди,шунга шўрлик касаллар сал зўрга тушса,ёки қаттиқроқ юрса ел чиқарарди.Катта бўлмага эллик нафарга яқин касаллар қумидаган,улар бирин-бирин фамиляларини эшитиб дори бериш ҳайъати олдига борарди.

-         Шомуродова.

-         Куликова.

-         Раҳимова.

-         Камолова.

Касалларга ажратилган дорилар қоғознинг орасига солиниб  оғир нарса билан майдаланиб ун қилинар,сўнг касалга оғзингни оч деб буйруқ қилинар,очилган оғизга қоғоздаги дорини солиб,изидан сув ичириб юборишар эди.Сўнг оғзини очиб  дорини ютган ютмаганини билиш учун тилларини остини ҳам текширишар эди.Текширишларининг боиси бор эди,дориларнинг асорати кучли бўлганидан уни кўп касаллар ичмай туфлаб ташлар эди.Бу марсим кунига икки маротаба содир бўлар,эрталаб ва кечқурун  бўлмадаги барча касаллар мажбурий эмловдан ўтказилар эди.

   Биров “онамга бораман” деб  ҳунграб йиғлаган,биров “мени қутқаринглар,мени олиб кетинглар” деб бутун дунёни ёрдамга чақирган,кимдир хушидан кетиб қолган,кимдир печенемни ўғирлашибди деб  фарёд чекарди.Назокат номли ўн саккиз яшар қиз “расмларимни топиб беринглар.Мен ота онамни соғиндим” деб тўпалон қилар эди.

   Фақат бизнинг Малоҳатгина унсиз,садосиз,товушсиз юрар,биров билан гаплашмас,баҳслашмас,тортишмас,осудагина бориб ўриндиқига ётар эди.У кўп вақтларда кўзини оппоқ шифтга тикканича ўрнида ётар эди.Ҳаёлига умрининг аллақайси вақтларида ёзган шеърлари келарди.Узуқ-юлуқ тарзда...

Унда баҳор ҳам йўқ, куз ҳам бўлмайди,
Унда сарғаймайди ҳеч қачон боғлар...

Касалхонага яқин жойда Тошкентнинг Шимолий темир йўл вокзали жойлашган эди.Поездлар вупиллаб товуш чиқарар,шахт билан вокзалга яқинлашар,дикторлар “Поезд иккинчи йўлдан Шовотга жўнамоқда” деб эълон қилар эди.Малоҳат қачон поездга миниб олис-олисларга кетаман,шу касалхонадан чиқса, қутулса бўлди эди деб ҳисоблар эди.

   90 – йилларда  шоир – ёзувчилар билан Москвага адабий анжуманга борган эди,ўшанда поездда уч ярим кун юришган эди.Поезд саҳро чўллардан,Қозоғистоннинг даштларидан,Россиянииг поёнсиз ўрмонларидан юриб Москвага кириб борган эди.

   Энди ҳам шундай сайёҳатни кўнгли тусар эди,шу касалхонадан чиқса бўлди,поездга чиқиб номаълум томонга кетса бўлди эди.

  Ўзи Малоҳатга нима бўлди,уйида бир икки марта овқатни куйдириб юборди,ёдидан чиқиб газни ўчирмасдан қолдирди.Кейинги вақтда уйқусида ҳам ҳаловат йўқ эди.Набираларининг номларини адаштирди.Сўнг уни ўғли ва  келини шаҳар руҳий касалликлар касалхонасига олиб келишди.

“Сайрга..сайрга..” йўлаклар, толорлардан  ҳамшираларнинг овози эшитилар эди.Малоҳат бу касалхонага келибдики,сайрга чиқишни ёмон кўради. Турли бўлмалардан сайрга эллик-олтмиш нафар хотин  чиқарди,чаман-чаман очилиб ётган гуллар устига фонтанлардан сувлар сепиб турарди.Катта шийпон остида тўрт-бешта ёғоч ўриндиқ бўлиб касал хотинлар бу ерга сиғмас, бири ёнбошлар,бири ётиб олар ва уйқуга кетар эди.Улар кучли дори ичаётганидан ҳамиша уйқу ҳолатида бўлар эди.

   Девор ортида эркакларнинг бўлмаси бўлиб уларнинг бақирган,йиғламсираган “қўйвор уйга кетаман” деган товуши бу ёққа эшитилиб турарди.Сайрга чиққанларида вақт-бевақт осмондан оппоқ кумушранг катта  учоқ ўтиб қолар эди.Кимлардир оҳ воҳ қилар,кимлар ҳўнграб йиғлар,касалларнинг ухламай қолганлари қачонлардир самолётга чиқишганини фалон шаҳарга боришганини айтиб адо қила олмас эди.Луиза деган сочини орқасига боғлаб қўйган йигирма ёшларидаги қиз отаси билан Урганчга учганини айтиб берар  эди. У тинмасдан Азизга қўнғироқ қилишим керак деб такрорлар эди.

   Назокат ўриндиққа расмларини ёйиб “опа,онам ўлиб қолмасмикан,онам ўлса мен нима қиламан ” дерди кўзларини  ваҳимали очиб.

  Малоҳат камсуқум ва хокисор бўлганидан бундай пайтларда унга ўрин етмай қолар,у тик турганича умрининг қайси кунларидадир ўғли   билан Истанбулга учганини,катта аэропортда юрганини,юз хил ликопчаларга солинган қаҳвалти еганини,кемага миниб денгизга сайёҳат қилганини эслар  эди.

  Фонтанлар чаман-чаман очилиб ётган гулларга сув пуркар,Малоҳат тик оёқда ярим соат қирқ дақиқа турганидан сўнг юраги  безовта қилиб,оёғи ва бели оғриб бетон йўлакчанинг четига ўтиради.

  -Тур ўрнингдан яна шу кийиминг билан хонага кириб ўрнинга ётасанми, - ҳамшира турткилаб Малоҳатни ўрнидан турғизади.

   Сайр вақтидаги тўрт соат азоб-уқубатдан сўнг ва ниҳоят касалларни хоналарга киришга руҳсат берлади.

Унда баҳор ҳам йўқ, куз ҳам бўлмайди,
Унда сарғаймайди ҳеч қачон боғлар.
Мангу бир оғриқда мангу инграйди
Нигоҳлар, нигоҳлар, нигоҳлар…

    Бирдан уйқудан уйғониб кетди.Қараса тепасида қўшни хонада ётадиган сўлоқмондай Фотима деган хотин Фароғатнинг столи устидаги сувини ичиб турарди.

-         Бу менинг сувим,- деди аста.

   Фотима сувни қўйиб қўлини орқаси билан оғзини артиб, бир муддат серрайиб турди,сўнг кундалик ишни қилаётгандай  Малоҳатнинг бўйнига ёпишди.У ожиз қўллари билан  Фотиманинг бақувват қўлларини ушлади. Шу маҳал эшик томондан “тўҳта.. Фотима,қоч” деган сас янгради.Хотин бирдан ўзига келгандай Малоҳатни қўйиб юборди ва гусур-гусур этиб қочиб кетди.Касалхона мулозими югуриб Малоҳатни ёнига  келиб унинг бошини кўтариб сув  ичирди.Ёстиғини кўтариб қўйди.

-         Нима қилди у?, - деди йўлакда қораси ўчган Фотимани изидан қараб.

-         Бўғди, - деди аста.

-         Хонага кириб тинч ётган касални буғадиган  хотинни врачга айтаман,уни бугун кроватга боғлаб қўйишади.

  Касалхона хамшираси  чиқиб кетди.Малоҳат чуқур нафас ола олмай кўп вақтгача ўрнидан тура олмай ётди.

   Касалхонада фавқулотда воқеа юз берди.Луиза деган қиз ҳали сайрга чиққанда,девордан ошибми, дарвозадан чиқибми қочиб кетибди.Бутун касалхона оёққа туриб қизни қидиришга чоғланди.Касалхона ёнидаги Шимолий вокзалда поездлар “вупиллаб” дунёнинг турли томонига жўнар эди.Диктор хотиннинг “фуқаролар эҳтиёт бўлинглар,учинчи йўлга поезд қўйилмоқда” деган товуши узуқ-юлуқ эшитилиб қолар эди.

   Кечга томон Луизани ушлаб келишди, у пиёдалаб уйига Юнусободга қараб кетаётган экан.

   Шу куни дори ичиш маросимини қаттиқ назорат билан олиб боришди.

-         Магдиева.

-         Царева.

-         Жуманиёзова.

-         Камолова.

  Оғзига ун дори ташланганлар яна оғзини очиб турди.Уларни дорини ютган ютмаганини текшириш учун тилларини остини кўришди.Хонанинг ҳавоси оғирлашиб яна бир иккита хаста  хушидан кетди.

-         Буларни ўлдим деганига ҳам ишонмайман.Бири девор ошиб қочиб кетса,бири хонасида ётган касални буғса..-деди касалхона ҳамшираси.

-         Унда мен ҳам йўқман, йўқдирсан сен ҳам,
Унда туйғумизга тўлган кечалар.
Биз ҳақда барчаси,
Биз ҳақда олам,
Аста номимизни айтар кўчалар…*

Малоҳат ярим кечаси  биров бақирганидан уйқудан уйғониб кетди.

-         Қўлимни ечиб юборинглар.Мен қочмадим,фақат уйга бориб келмоқчи эдим.Азизга телефон қилишим керак эди.Яна қайтиб келмоқчи эдим. Энди бошқа қочмайман. Оёқ қўлимни ечиб юборинглар,- дер эди кроватга боғланган Луиза йиғламсираб.

Орада Фотиманинг дўриллаган овози эшитилиб қолар эди.У ўз – ўзига гапираётгандай осуда сўйларди.

-         Фозилжон ука,ёрдам бер,мени яна оёқ-қўлимни кроватга боғлаб қўйишди.Ука,мени олиб кет бу ердан,энди онамга азоб бермайман.

Сўнг Малоҳат яна уйқуга кетгандай бўлди.Узоқ-узоқлардан океан ортидан,дарёю-денгизлар ортидан қизи Умиданинг узуқ-юлуқ  товуши эшитилди. Қизи “ая,сизни Америкага олиб кетаман.Шу ерда даъволатаман сизни..олдингидай соғайиб кетасиз.Сайёҳатларга борасиз...” дерди.Гулзорлар узра рангли мезонлар учиб юрарди.Назокатни “онам соғмикан?” деган товуши атрофга тараларди.

“Азиз,мен сени севаман” дерди Луиза йиғи аралаш,сўнг  овозлар эшитилмай қолди.Шимолий вокзал томонидан поездларнинг тарақа-туруқ юргани ва вупиллаган товуши эшитилди.

  Оқ,сариқ,қизил дала гулларидан бошига киядиган кичик гулчамбар ясади.Дала гулларининг устида хонқизлар,мезонлар учиб юрарди.Куз яқинлигидан дунёни   турли ранг таратувчи мезонлар қоплаб олган эди.Мезонлар гулдан гулга ўтиб юмаланар ва майин мусиқий жаранглаган оҳанг чиқарар эди. Очиб қўйилган хона деразасидан  мезонлар кириб дераза рахини тўлдирган эди.Гўё улар дала гулларидан ясалган  гулчамбарни излаб келишгандай эди.

-         Нега шунча гулларни уздингиз, дераза рахларини қаранг,ҳамма ёқни расвосини чиқарибсиз-у, - деди касалхона хамшираси.

Хамшира  дераза олдида турган  гулчамбарга тегмади.Балки унинг кўнглини оғритишни истамагандир. Малоҳат гулчамбарни бошига кийди.Деразадаги аксига боқди.Ойнада гулчамбар кийган аёл жилмайиб турар эди.Авваллари болалари билан Зоминга борганида бошига шундай гулчамбар киярди.Негадир юраги безовталаниб қаттиқ урди.Қўлини юрагини устига қўйиб ўрнига ётди.Баланд осмонлардан учоқ учиб ўтди.Ўзини осмоннинг еттинчи қаватига учиб кетаётганини ҳис қилди.Унга недир бўлаётган эди.Э,воҳ,юраги уришдан тўҳтадими?.Қора терга ботди.Самолардан телефоннинг вангиллагани қизи Умиданинг товушини эшитгандай бўлди,юраги соғинчдан орзиқди.”Болам,мен сени соғиндим, бу кунларнинг охири борми?”...Бўғзини аллане куйдирди. Юзида аллақандай азобми,табассум сояси пайдо бўлди.

  Ўриндиқда гулчамбар кийган бир аёл ётарди,унинг юзларида йиғи ва табассум орасидаги ифода қотиб қолган эди.

*Шеърлар Фароғат Камол қаламига тегишли.

 

        20 июл – 3 август.2024 йил.Тошкент. “Гўзал” маҳалласи.

 

 

 

 

 

- - -


< Orqaga qaytish