Адабий тадқиқот


Marta o'qildi

"Яратганга шукур сен яна келдинг.."..Профессор Жумагул Жумабоева билан суҳбат. Саломат Вафо.

Бугунги бозор иқтисодиёти даврида миллатимиз ойдинларини не иш билан машғул эканлиги,уларни қандай ташвишлар билан яшаётганлиги барчамизга қизиқ.Шу юзадан жамиятимизнинг  фидоий инсонлардан бири  филология фанлари доктори,профессор Жумагул Жумабоева билан учрашдик.



        Савол: Жумагул опа сиз ҳақингиздаги материаллар билан танишиб чиқиб,  Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон ижоди ҳақидаги тақиқотларингиз  хусусида суҳбат қиламиз деб ният қилган эдим. Бу манбаларни ўргандим ва сизнинг 20- йиллар Хоразм шоирлари  ҳамда  Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ижоди ҳақида тадқиқотлар ҳам олиб борганлигингизни билдим. Ушбу тадқиотларингизни бевосита жадидлар ҳаракатига боғлаб, илмий иш ёки газета ва журналларда мақолалар эълон қилиш режангиз борми?
          Жавоб: Саломатхон, мен Ўзбекистон Фанлар академиясиг Тил ва адабиёт институтига ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида  оддий лаборант лавозимига ишга келганман. Бу давр  ўзбек адабиётшунослигининг энг ривожланган даври бўлиб, ушбу даргоҳда буюк  олимлар  фаолият кўрсатишган. Айни пайтда устозларим 20-йиллар Хоразм  шоирлари ижодини  тадқиқ қилиш маслаҳатини беришди. Муҳаммад Раҳимхон  Феруз  даврида машҳурлик мақомига эга бўлган  адабий мактабда  фаол бўлган  Баёний, Фақирий, Девоний, Мутриб, Чокар ва Сафо Муғанний каби шоирларнинг ижодини анъана ва новаторлик муаммоси нуқтаи назаридан ўргана бошладим. Уларнинг Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондидаги , араб алфатида битилган қўлёзма девонлари устида ишладим. Шу билан бирга  Хоразм давлат архивида, театр архивидаги материалларни ҳам ўргандим. Натижаси, қисқа вақт ичида номзодлик диссертацияси сифатида  ҳимояга қўйилди. Кейинчалик бошқа тадқиқотлар билан биргаликда Ҳамзанинг  беш жилдлик Мукаммал асарлари тўпламини нашрга тайёрлашда иштирок қилдим. Шу муносабат билан Хоразм ва Қорақалпоғистоннинг кўпгина жойларида Ҳамза юрган йўлларни босиб ўтишга тўғри келди. Шу асосда “Ҳамза юрган йўллардан” номли рисолам “Фан” нашриётида чоп этилди. Энди  саволингизнинг иккинчи қисмига жавоб берсам. ХХ аср бошида  ижод қилган Хоразм шоирлари чин маънодаги жадидлар  бўлишган. Улар  миллат келажигининг асосий пойдевори билим олиш- маърифатни эгаллашда деб билишган ва  худди ана шу маснадда туриб ижод қилишган. Ҳамза Ҳакимзоданинг Хоразмдаги ҳаётига  келсак, унинг  фаолияти  янги мактаблар очиш, халқни илм олишга чорлаш ва театр санъатини ривожлантириш масалалари билан чамбарчас боғлиқ кечган. Буларнинг барчаси жадидчилик ҳаракатининг асосий моҳиятини ташкил қиларди. Биласиз, жадидлар –  ватан ва миллат ғами билан яшаган  буюк шахслар. Уларнинг  меросига бугунги кун нуқтаи назаридан  баҳо беришнинг аҳамияти жуда катта. Раҳматли устозим, академик Наим Каримов бундан уч йил аввал менга Хоразм жадидлари ижодини янада теранроқ тадқиқ қилиш маслаҳатини берган эдилар. Ҳали бу вақтда жадидлар масаласи бугунгидек кун тартибига чиқмаган эди. Агар келажакда  Хоразм адабий муҳитидаги шоирларнинг ижоди кенг маънодаги жадидчилик ҳаракатлари нуқтаи назаридан ўрганилса, бундан фақат адабиётшунослик фани эмас, балки тарих ва жамиятшунослик фанлари ҳам ютади деб ўйлайман. Бу тадқиқотчилар режасидан тушиб қоладиган масала эмас, шу жумладан менинг ҳам. 


         Савол: Омон Матжон ижодига қайтадиган бўлсак,  унга мурожаат қилишингизнинг сабаблари нимада? 
        Жавоб:  Омон Матжон ўтган асарнинг 60-йилларида шеърият майдонига ўзининг дадил фикрлари билан кириб келди ва унинг мухлислари  сони кун-кундан ортиб борди. Шулар қаторида мен ҳам бор эдим. Мени шоир ижодини  ўрганишга ундган  устозим академик Наим Каримов бўлдилар.  Уларнинг тавсиялари билан ўтган аср 80-йилларининг ўрталаридан бошлаб, Омон Матжон шеърияти тадқиқотига қўл урдим.  Бунга астойдил  киришишимнинг  асосий сабабларидан бири, шоир шеъриятида ҳақпарсатлик туйғуларининг ниҳоятда устиворлиги бўлди.  Шоирнинг   меҳнатлари эътирофини  замондошлари ижодий  ютуқларини инкор қилмаган ҳолда айтиш учун давр шеъриятини имконим етганича ўрганишга ҳаракат қилдим. Ҳақиқатнинг сийратига  ўзига хос  чизгиларини  кўпроқ Омон  Матжон ижодидан топгандай бўлдим.  Бу изланиш ҳозир ҳам давом этмоқда. “Эл билса бўлди” ва “Ҳақиқат айтилган дамлар” монографияларим худди ана шу заминда дунёга келди.  Зеро, ҳақиқат доимо изланадиган хилқат! Уни ҳамма излайди... 


        Савол: Омон Матжон файласуф шоир, унинг ижодини ўрганиб нималарни кашф қилдингиз? У бир шеърида “Барча қонунларнинг ўзгарди кучи”-дея ҳайқирган эди.
         Жавоб: Мен Омон Матжондан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Шу жараёнда  инсон сифатида ўзимнинг кимлигимни, ҳаётда ўрним қандай бўлишини, мақсад сари интилишнинг машаққатларини  англашга интилдим.    Инсонда файласуфона  мулоҳаза ва мушоҳада бўлса, ҳар  бир олган нафасининг, ҳар бир қўйган қадамининг  мақсадли бўлиши учун ҳаракат қилади. Лекин бу ҳаммага бирдек насиб қиладиган бахт эмас. Омон Матжон ана шу бахтлиларнинг биттаси. Шоир “Барча қонунларнинг ўзгарди кучи”- деганида ижтимоий, сиёсий ҳаётдаги қонунлар ўзгаришини эмас, балки у ўз қалбининг қонунларида бўлган ва бўлажак ўзгаришларни назарда тутган... Ахир, ҳар кимнинг қалби, тафаккур ва таҳайюл оламининг ўз қонуниятлари бор. Уларни ўзгартириш соҳибининг маънавий оламидаги нурларнинг кучига боғлиқ.


         Савол: Омон Матжон ижодининг бошқа шоирлар шеъриятидан ажралиб  турадиган қандай томонлари бор? “Қуёш соати”, “Ярадор чақмоқ”, “Ҳаққуш қичқириғи” ва бошқа қатор тўпламларининг адабиётимизда тутган  ўрни қандай ?
         Жавоб: Саломатхон, бу саволга жавоб бериш учун Омон Матжон ижодига хос хусусиятларни  бошқа шоирлар шеърияти билан қиёсий ўрганишга тўғри келади. Бунда қисқа таҳлил билан зарур мақсадга эришиб бўлмайди. Аммо шуни айтиш керакки, Омон Матжон ижодида  ўзбек адабиётида  ўрин тополмайдиган  биронта шеър ёки достон йўқ. Шоирнинг асарлари инсон руҳиятининг чексиз имкониятларини кашф қиладиган даржадаги истеъдод меваси. Сиз айтган “Қуёш соати”ни  олиб қарганимизда ундаги ҳар битта митти битик моҳиятидаги  мантиқ каттагина шеър ёки достонларга асос бўла  олади. Ундан қатор мисоллар келтириш мумкин, мабодо зарурат бўлса. Ушбу суҳбатда эса бунинг имкони йўқ. Унинг “Ҳаққуш қичириғи” китобидаги афсоналари негизини ташкил қилган замонавийликни баҳолаш учун уч даврнинг, яъни тарих,замон ва келажакнинг уйғунлашувидан туғиладиган ҳақиқатнинг  изларини излаш керак бўлади. Омон Матжоннинг  шеърларидан тортиб, то дарамтик достонларигача - ҳаммаси шоир қалбдаги  ватан ва миллат меҳрининг, ҳақиқат сеҳрининг  ҳосилалари. Мана шу фазилатлари билан Омон Матжоннинг бадиий мероси адабиётимиз хазинасидаги  ўзига хос, бошқаларга ўхшамайдиган дурдоналарга айланиб қолди.


       Савол: 2000 йилда ҳимоя қилганингиз - “ХХ аср ўзбек шеъриятида психологик тасвир маҳорати” мавзуидаги докторлик диссертациянгизда Омон Мажон ижодидаги руҳият тасвири масалаларига  қандай  муносабатда бўлдингиз?
       Жавоб:  Инсон руҳиятининг манзаралари чексиз. Уни тўла ўрганишнинг ҳеч қандай имконияти йўқ. Лекин шундай бўлса-да, инсоннинг атроф муҳитга, жамиятга муносабати  давомида  дунёга келувчи тайғулари, ҳиссиётларининг ташқи оламга чиққан рангларини илғаганда  маълум хулосаларга келиш мумкин. Бу ҳолатдан олимлар илм излайди, шоирлар уни шеър топади, санъат аҳли эса  куйларига  оҳанг  танлайди. Оддий одамлар-чи? Улар ҳам ўзига керакли маънони илғашга ҳаракат қилади. Ахир уларда ҳам қалб аталган тенгсиз хилқат бор... Мен докторлик ишимда худди ана шу маснадда туриб, шеъриятда  руҳият тасвирининг замон билан уйғунлигини  имконим етганича тадқиқ қилишга ва унга давр нуқтаи назаридан баҳо беришга  ҳаракат қилдим. Бунда энг истеъдодли шоирларимиздан ўн иккитасини  танладим ва улар ижоди  ХХ аср шеъриятининг умумий руҳини белгилашга қодир деб ўйладим.  Бир асрлик шеъриятни руҳият тасвири муммоси нуқтаи назаридан  баҳолаш менга осон бўлгани йўқ. Энг асосийси, шоирларнинг ватан ва миллат тарихига, даврнинг  долзарб  муаммоларига муносабатларини, келажакдан умид туйғуларининг руҳият кўзгусидаги манзараларини  ўрганишга интилдим. Шу жараёнда  Омон Матжон ижодининг устозлари ва замондошлари  шеъриятидан ажралиб турадиган хусусиятларини  тадқиқотда ечими изланаётган  муммолар доирасида  таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Бунда, албатта, ўзига хослик масаласи асосий ўринда турди.


        Савол: Жумагул опа, сиз олиб борган илмий тадқиқотлар кўламини кўриб, бу ишларни  оила билан бирга олиб бориш осон эмаслиги ҳақида ўйладим. Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.
        Жавоб: Саломатхон,  илмий ижодининг ҳам, бадиий ижоднинг ҳам оилавий  турмуш билан баравар олиб  боришдаги  қийинчиликларини сиз ҳам ўз ҳаётингизда синаб келяпсиз. “Қиз ( аёлнинг)нинг жони қирқ” деган мақол  беҳуда дунёга келмаган. У ижтимоий ҳаётнинг чексиз қабатларидан сизиб чиққан ҳақиқат. Аёл кишига яшаш ҳеч қачон осон бўлмаган. Унинг зиммасида эркакларникидан кам бўлмаган  ижтимоий  юк туради. Ана шу юк остида унинг елкалари яғир бўлиб, юраклари тақир ҳолатга тушиши мумкин.  Вақт келадики, яғирлик ҳам, тақирлик ҳам  аёлдаги руҳий қудратнинг имконлари доирасида вужудидан чекинади. Шунинг учун мен аёлнинг бутун борлиғи бардошдан яралган деб биламан. Уни мен ўз кулидан қайта тирилган Қақнус қушга ўхшатаман. Яратган Эгам аёлнинг вужудини беқиёс бир қудрат билан сийлаган. Бу сийлов жисмоний, илмий, ижодий меҳнат машаққатлари билан биргаликда оиланинг юкини тортиш жараёнидаги сабр-тоқатнинг синовига ҳам айланган. Шунда  аёлдаги  қирқта жоннинг ҳаммаси бирдан қирқилиб тушмаган...
        Оиламизда ҳамма зиёли. Илмнинг қадрини  яхши ҳис қилишади. Менинг ўз ҳаётимга қайтиб, у ҳақда ёзадиган бўлсам... Йўқ, кучим етмайди... Менинг камтаргина тадқиқотларим масаласига келсак, улар ўзим фойдаланишим мумкин бўлган вақт -  тунги уйқудан, оромдан кечиш эвазига дунёга келган...

Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Мен сенга узундан узун от қўйдим:
«Эй, эски дардларни янгилатувчи!»

Бармоқлар бармоқлар учини сезди,
Кўнгил бир илоҳнинг кучини сезди,
Юрак алланенинг ўчини сезди,
«Эй, узоқ йўлларни яқинлатувчи!»

Яна икки кўздан сирқилди намлар,
Биллурни ювдилар покиза ғамлар.
Қани ул Сир, Аму мавж урган дамлар,
Эй, сен денгиз тубин долгалатувчи?!

Асли, қайда бўлсанг, мен кўнгли тўқман,
Кунчиқарим ишқтсир, нур ўчса — йўқман,
Биламан, кимгадир жуда суюкман,
Эй сен, хотирани поклантирувчи!

Ким айтди, йўл анча ўтилди дея,
Келган кетди, кутган кутилди дея,
Шодман — яна менга дуч бўлди дея,
Ишқи омонларни яшартиргувчи!

Яратганга шукур, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Сенга мен узундан узун от қўйдим:
«Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!»

   Cуҳбатдош ёзувчи Саломат Вафо.

- - -


< Orqaga qaytish