Marta o'qildi
10 август.Шоира Фарида Афрўз тўғилган кун. "Аёлни сев...".шеърлар. Фарида Афрўз.
Фарида Афрўз (Бўтаева Фарида) – 1956 йил 5 мартда Қўқон шаҳрида туғилган. 1994 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг «Қирқкокиллигим», «Изтироб кўйлаги», «Тунлар исёни», «Кўзим маним…», «Қурбонжон додхоҳ» тарихий драмаси, «Ўзимдан ўзимгача», «Пока есть на земле разлука…», «От Фариды Афруз» (Москва), «Гун айдин» (Истамбул), «Ушшоқ», “Тасбиҳ”, “Ўша кун – бугундир” сингари шеърий тўпламлари чоп этилган. Шеърлари рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озор, гагоуз, хитой, корейс тилларига таржима қилинган.
Ўз навбатида шоира жаҳон адабиётидан япон ҳайкуларини, турк шеъриятидан Мустафо Отатурк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Отсиз, Доғларжа, Исмат Ўзал шеърларини, форс шеъриятидан Меҳри Ҳиротий ҳамда замонавий форс шеъриятидан Заҳро Абул Ҳусайний, Судоба, Соя Кабирий ғазалларини, замонавий қозоқ ва қорақалпоқ шеъриятидан ва америкалик руҳшунос Дейл Карнеги асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Фарида Афрўз ҳозир «Афрўз рекордс» овоз ёзиш студиясининг бош директори лавозимида ишламоқда.
* * *
Кўклаб кетди
Кўксимдаги найзалар,
Гул очмоқда,
Кипригимда майсалар,
Бир бор келар,
Минг йилда бу лаҳзалар,
Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.
Энтикади,
Юрагимдек дарёлар,
Ҳар куртакда
Кулар бўлди дунёлар,
Қордай бугун
Эриб битди рўёлар,
Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.
Кундуз билан
Тунлар бугун тенглашар,
Мусичалар
Бир-бировин «сиз»лашар,
Ва ниҳоят,
Ошиқ диллар тиллашар,
Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.
Сен баҳона,
Ғунча кўнглим очардим,
Ёр пойига
Атир сўзим сочардим,
Бошим олиб,
Ўзим ўздан қочардим,
Ёр келар кун келди, баҳор, келақол.
* * *
Ҳ-е-е-й,
Жонини жабборга бераётган зот,
Қумлоққа иморат қураётган, зот,
Музга гул уруғин сепаётган, зот,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?
Ҳ-е-е-й,
Шамолга сирини айтганлар, айтинг,
Ёмғирга кафтини тутганлар, айтинг
Қиморга дунёни ютганлар, айтинг,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?
Ҳ-е-е-й,
Қуёшнинг нурини чироқ деганлар,
Ойнинг ҳилолини ўроқ деганлар,
Қош билан қабоқни йироқ деганлар,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?
Ҳ-е-е-й,
Меҳрни ўзидан, қизғанган кимса,
Йўқ жойдан ғавғолар қўзғатган кимса,
Тинчликни тўзондай тўзғитган кимса,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?
Ҳ-е-е-й,
Қаҳқақа билмаган, сохта табассум,
Гулларга термулиб, гулламаган зум,
Тўрт фасл баробар қахратон мавсум,
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?
Ҳ-е-е-й,
Уч юз йил қарғадек яшамоқми, аҳд?
Тошбақа қасрида орзунгизми, тахт?!
Сиз Ҳазрати инсон, шунинг ўзи бахт!
Айтинг-чи,
Умрингиз увол эмасми?
* * *
Тозармоқ истасанг, севгига юкин,
Муҳаббат сувин сеп, қақроқ дунёнгга.
Беҳуда кунларинг армон-ла боқар,
Эртангга ишонч бер, етсин ошёнга.
Тозармоқ истасанг, ишқдан сўйлагин,
Токи ёниб кетсин, вужудинг, танинг.
Қусурлар, унсурлар, нафсларинг ёнсин,
Шаффофга айлансин, кўнглинг- ватанинг.
Тозармоқ истасанг, кимнидир севгин,
Ошиқ бўл, маъшуқ бўл, бўлгин девона.
Ҳирслар лашкарининг заволи шудир,
Покланиш йўли шу, шудир ягона.
Тозармоқ истасанг, севишни ўрган
Бўрону тўфонни, ойни, қуёшни,
Денгиз сувлари ҳам юволмас, агар,
Дилингга чўккан у нафратни – тошни.
Тозармоқ истасанг, оддий яхши кўр,
Борини борича севгин, бетаҳлил.
Бу дунё беишқни айлар-ку, абгор,
Ажаб, у дунё ҳам этмасмиш қабул.
* * *
Опа, она бўлолмадинг, онамдан кейин,
Юкундим, югурдим, чопдим ёнингга.
Сен эса рўзғорнинг лойига ботдинг,
Ўз болаларинг жон бўлди, жонингга.
Гарчи, меҳрибонсан, беадад, беҳад,,
Менга тикан кирса, жонларинг халак.
Қуш сайраса, ногахон, синглим келар деб,
Жиззали нон ёпиб, кутарсан илҳақ.
Ака, ота бўлолмадинг, отамдан кейин,
Изладим, бўзладим, ёнингга чопдим.
Сен эса, рўзғорим, ўғлим, қизим деб,
Сўраб борсам, доим меҳнатдан топдим.
Гарчи, қалқонимсан, темирдай қўрғон,
Шаънимга ҳимоят, қиличнинг дами.
Яқин кел,суянчим – узоқдаги тоғ,
Сен борсан, ҳеч гапмас, дунёнинг ғами.
Майли, бу таънамас, минг бора узр,
Юрагим ўртанди, ўкиндим бир оз.
Мен-да, қиз бўлмадим, иккингизга ҳам,
Отамни, Онамни соғиндим холос…
* * *
Сендан
ш а ф қ а т
кутгандан кўра,
Қуриган дарахтга йиғлайман,
Этагим олмага тўлдирар.
Сендан
м е ҳ р
кутгандан кўра,
Аждаҳога бориб бўзлайман,
Бағримда боламдай ухлайди.
Сендан в а ф о
кутгандан кўра,
Кўксимга ханжарлар экаман,
Бехато кўкарар, гуллайди!
* * *
Мен ўзи кимман
ташландиқ қудуқ,
ёмғирларнинг эсидан чиққан,
балиқлари ташна,
жон берган,
қамишлари ўйиб найланган
ташландиқ қудуқ.
Сен ўзи кимсан,
сувга чўккан тош,
қояларнинг ёди ўчирган,
зилзилада тўқилган дув-дув,
чўққилардан мангу ҳайдалган
сувга чўккан тош.
Ишқ ўзи нима,
эски тегирмон,
дунёларнинг хотирида йўқ,
бойўғлилар ин қурган унда,
шапалаклар яйраган макон,
иккимизни дондай янчиган
эски тегирмон.
* **
Руҳ шамоли танни қақшатди,
Чақмоқ вужуд олов сачратди,
Кеча ёққан ёмғир чарчатди,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Ўтган куним надомат, армон,
Ором билмас саргардон бу жон,
Эсиз, умр ўртада сарсон,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Азал жонга завол андеша,
Бу дунёда ёлғиз ишқ пеша.
Айрилмоққа ўчмиз ҳамиша,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Ўпиб турса сочларингни нур,
Бахт нелигин капалақдан сўр,
Не бўлса ҳам тур, ўрнингдан тур,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Ахир сени кўрганим тушмас,
Хаёлингсиз ҳушларим қушмас,
Осмон синиб, заминга тушмас,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Бир хўрсинсам, қайтиб келар сой,
Айт, тилагинг айт, деб келар сой,
Қайтиб жонни қай ердан олай,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
Тонгим балки армонларга соз,
Ишқ қисмати иккимизга рост,
Мен энтикиб чорладим, холос,
Кел, бугунни байрам қилайлик.
* * *
Аёлни сев,
аёлга ёлбор,
Минг бир кеча эртакларинг айт,
Алпомишлар туғиб беради.
Аёлни сев,
остонасин ўп,
Қаср қурма, кўнглини сўра.
Бало келса, туриб беради.
Аёлни сев,
ўламан дегил,
Ишқ яратган парвардигордан,
Сенга умр сўраб беради.
ziyouz
- - -