Шеърият


Marta o'qildi

"Буюк Отажоннинг турбатидаман..". янги шеърлар. Алижон Зохидий.

УНИ КЎРСАМ ҚОРА ҚУЮН ҚОПЛАР ДИЛИМНИ
 
(Устоз Абдулла Ориповнинг “Соя”
драматик достонидан)
 
Кеча бир кимсани учратдим қайта…
Такрор кўрарман деб ўйламовдим ҳам.
Боқдим-у, Раббимга шукурлар айта
Топгандек бўлдим дил дардимга малҳам.
Ўтган бўлса ҳамки ўттиз йил, ҳайҳот
Хунук хотирага уйқашдир бу зот.
Ёмон кексайибди, кўрдим не ҳолки,
Ичидан емириб қилган гуноҳи.
Минг бора таассуф қилгандир балки,
Билмадим, тавба ҳам қилгандир гоҳи.
Ўтган бўлса ҳамки ўттиз баҳор-куз,
Бўйнида оқ доғи турибди ҳануз.
Иблис олганидек лабидан бўса,
Рўйда истарадан қолмабди асар.
Агар иккаласин ёнма-ён қўйса
Фантомас ундан-да хушрўйроқ чиқар.
Қорни катталашган, қадди букилган…
Қинғир йўлларига гуноҳ экилган.
Кўзида кўзойнак, қалин гардишли…
Бир тола қора соч қолмабди бошда.
Йўллари кечгандек чақирли-тошли
Тамаки тутатди узоқ шу ёшда.
Титроқ қўлларида папка кўтариб,
Ёнгинамдан ўтди музтар ва ғариб.
Ҳазрат Яссавийда ҳикмат бор шундай,
Золим олим бўлар дунё сўнггида.
Олтмиш йил ичида улар пайдар-пай
Қанчалари ўтди кўзим ўнггида.
Кўтариб тургандек замин-осмонни
Олимидир бу кас охирзамонни.
Бундайлар бор экан кўпаяр фитна…
Баддуо айтилар, тўкилгуси хун.
Мусайлама каззоб туққандек яна
Дунё ёмонлашиб борар кундан-кун.
Банданг дуосини оғир деб олма!
Унга Маҳшардаям ҳамсоя қилма!
 
2024 йил, 26 май, Бир илмий кенгашдаги
кечинмалар.
 
ИТ ФАЛСАФАСИ
Айтайлик,йўлингдан чиқса бир нарса,
Унда учрар албат учдан бир хосса.
Бирламчи, учраса тўлиб гар хуни,
Албатта еб кўрса бўлади уни.
Гар ҳуриб бўлмаса тишлаб учидан,
Жимо қилса бўлар иккиламчидан.
Учламчи, иккиси бўлмаса, бориб,
Пешоб қилса бўлар оёқ кўтариб.
Тўрт томон югуриб,олиб исини,
Асло тополмадим тўртламчисини.
 
УЛУҒ ҲОФИЗ ОТАЖОН ХУДОЙШУКУРОВ
ТУРБАТИ ҚОШИДА
Мен бир зиёратчи, дарвештабиат...
Ҳар қандай даврани демасман чаман.
Унга Ҳақ жамолин қилганча ният,
Буюк Отажоннинг турбатидаман.
Минг чақирим йўлдан келдим эрталаб,
Суврати мармардан турибди қараб.
Ўлим бу- ломакон эмасдир асло...
Бу борада Аршдан битиклар кўпдир.
Ўтганларнинг кўпи ҳаётдир, аммо,
Аллақачон ўлган тириклар кўпдир.
Ҳазрат Норимжоннинг қўшниси бўлиб,
Хоки дуоларга кетибди тўлиб.
Улар ҳар кўчада ётмас қалашиб...
Бундайлар юз йилда бир бора келар.
Ҳофизларни кўрдим, қўшиқ талашиб
Устоз шогирдининг бетини юлар.
Сегоҳни айтганда тинчланар олам,
Тингларлар Маҳдийнинг замонида ҳам.
Авжидан ситрарди самонинг чоки...
Топганлар кам бўлди унинг йўлини.
Барзах оламидан иниб, хаттоки
Арвоҳи елкамга қўйди қўлини.
Сезган-эшитганим кўплардан кўпроқ,
Сувворадан ўқиб ётибди тупроқ.
Жайҳун шамоллари тутқазди қалам...
Ибрат ололганим-дунё бир тузоқ.
Хотирдан фаромуш бўлди дунё ҳам
Эсар бўлганимча, ўтирдим узоқ.
Ёсинни ўқидим бўлиб хўп маҳзун,
Ўрнимда кўзёшдан гул унар бир кун.
ЭЛЛИКҚАЛЪА. ҲАЗРАТ НОРИМЖОН ОТА
ЗИЕРАТГОҲИ,
2018 ЙИЛ, 8 июл.
 
ТАЖРИБА МАЙДОНИ
 
Ўзга қавмларга қолсин деб борлиқ,
Ёки йўқолсин деб одамзод изи,
Ботин ва пинҳонмас, очиқдан-очиқ
Тажриба майдони бўлди ер юзи.
Гоҳ қурол, гоҳида жоду узатиб,
Ўзга дунёликлар турар кузатиб.
Манқуртга айланиб бормоқда одам...
Олислаб кетмоқда табиат, Ҳақдан.
Уни назоратсиз қўймаслар бир дам,
Кўрсатмалар тушар унга ёт ёқдан.
Бошқа сайёрадан келиб буйруқлар,
Бомбалар портлайди, отилар ўқлар.
Тилидан бол эмас, томизиб оғу,
Қалбига гумону-ҳасадни жойлаб,
Ҳамсояга бахтмас, тилаб ғам-қайғу
Ана юрмоқдадир кўплар пайт пойлаб.
Қобил ўлдиргандек Ҳобилни уриб,
Биродар келмоқда пичоқ кўтариб.
Унинг кўнгли қолган Аршларни тусаб...
Заминий меҳрни қилмай қолган ҳис.
Маънавият-бойлик, қадрият-мансаб-
Меҳроб ҳамёнда деб уқтирар иблис.
Райҳондан кўп севиб долларнинг исин,
Эр аёлин алдар, хотин боласин.
Тавсиялар келар ундоқ қил, бундоқ
Ёндош оламларнинг дарчаларидан.
Машраб қўйганидек дунни минг талоқ
Кўнглим қолиб кетди барчаларидан.
Кўплар бу майдонда топдилар тўзим.
Раббим, иймонимни асрагил ўзинг.
Занги ота, 21.05.2024,қоқ тун, 1.10

 
НАМОЗ БОТИР
(Худойберди Тўхтабоевнинг “Қасоскорнинг
олтин боши”ни ўқиб)
Бировнинг ҳаққини еса бир суллоҳ,
Каззоб Ҳақ номидан ичганда қасам,
Ногоҳ жазо олса битта бегуноҳ
Бировнинг кўзида томчи ёш кўрсам,
Титроқларни солиб ақлу-ҳушимга
Бот-бот Намоз ботир кирар тушимга.
У тунлар кезади ўйнатиб Ғирот…
Елкада қўшоғиз, қўлда қиличи.
Талангай ҳаромдан йиғилган бисот-
Ҳамда мазлумларнинг олингай ўчи.
Шу тунда юз бериб буюк интиқом,
Адолат юксалар яна бир мақом.
Жамият поклансин деб оқар қони…
Қалбидан йўқ зарра манфаат, илинж.
У адл посбони, мазлум қалқони
Виждонни турмушнинг тарзи деб билгич.
Эгасига қайтар сурувлар-қўйлар,
Чотидан осилгай баччабоз бойлар.
Золимлар теракнинг баргидек титрар…
Исмини эшитса қочар шайтон ҳам.
Борлиқ яхшиланар, яшнар бир қадар
Бир қадар покланар ер ҳам, осмон ҳам.
Мингмас, ўн минг танга бўлар шу туни
Порахўр қозига сичқоннинг ини.
У борки адолат, ҳақиқат ўлмас,
Иқтидорга келмас илми йўқ зотлар.
Ҳовлида муъминнинг райҳони сўлмас
Қўрғон ғорат бўлмас, яшнагай юртлар.
Ноҳақ хун тўкилмас,чекилмас оҳлар,
Касод бозорида кезар маддоҳлар.
У борки, илмига қилгайлар амал…
Мансабдор қўрқади қилмоққа хато.
У борки, пул қилмас ҳамма ишни ҳал
Имом қорин учун бермайди фатво.
Тушимда кезаман беғам, кўнгил тўқ
Уйғонсам ёнимда Намоз ботир йўқ.
Занги ота, 03.05.2024
 
Шеърлар Алижон Зохидийнинг Фасебук саҳифасидан олиднди.

- - -


< Orqaga qaytish