Саломат Вафо асарлари

Ёнаётган дарахт.   янги ҳикоя.   Саломат Вафо


Marta o'qildi

Ёнаётган дарахт. янги ҳикоя. Саломат Вафо

  Жўра қори узун йўлак бўйлаб аравачасини итариб борарди.Бу тўрт ғилдиракли аравача қаерларни кезмади.Америка штатларининг ҳиёбонлар орасидаги,олмахонлар ўйнаб юрган  текис йўлакларида юрди.Истанбулнинг хашаматли  улкан аэропортида йўловчилардан ортда қолмаслик учун жадал ғилдиради.

   Энди бу Дўрмон ижод уйининг бетон йўлакларида юриб туриши.Доира ичида айланаётган олмахондай шу манзилга қатнайверди.Ижодхона мулозимлари ҳам уни ё йўлак охирида кетаётган,ёки келаётган холда кўришарди.Ҳатто хотини чолнинг  боғнинг тўрига нега қатнаётганини тушуна олмай, узун кун дераза олдида ҳайрон  ўтиради.

  Узум новдаларини кесиб ташлашибди,ишком воийишлари очилиб қолган.Осмон кўм-кўк Хумсон тоғлари томондан салқин шамол эсади.Осмон мовий, бундан эллик-олтмиш йил олдин ҳам Дўрмон осмони шундай тиниқ бўлганмикан?.Эҳҳей,у пайтларда Жўра қори қаерларда юрган экан,Афғонистон чўлларидами,Покистонни минг-минглаган одам қайнайдиган бозорлардами?.Бу бир худога аён.

     Йўлак четидаги устига тошдан расм  ясалган боғ ҳовлиларнинг дарвозалари яқин орада очилганга ўхшамасди.Дарвоза олдида ҳазонлар,чўп-чарлар,газета парчалари  учиб юрибди.Дарвоза тахталари офтобда ёрилган,нақш ўйилган жойлари чангга тўлган.Бу шоира Зулфияхонимнинг боғ ҳовлиси экан.Зулфияхоним шундай сўлим жойда яшаган экан.

   Ишкомнинг чап тарафида сим тўр билан ўралган, катта ва чуқур бассейн бўлиб, унинг дарвозасида қулф осилиб турар эди.Иккала тарафда ҳам олма,гилос,ўрик,кўк султон дарахтлари остидаги ёзлик буғдойлар ўрилиб култаланган эди.Ижод уйи боғи атрофига жойлашган  боғ ҳовлиларнинг 1,2,3...12,13 рақамлари хира кўринади.Рақамли эшиклар олдини ҳам ажириқ ва қамишлар босиб кетган эди.

   Арғувонлар,чинорлар,қайрағочлар ва арчалар ўраб турган боққа шундай сукунат чўккан эдики,шу теваракдаги боғ ҳовлилар,турли оғочлар савринжон,узум ишкомлари,арчалар шамдек қотиб қолганга ўхшар эди.

   Жўра қори боғ тўрига қараб аравасини илдам суриб кетаверди,дам олиш мехмонхонасига яқин жойда уни кимдир эшитиб,кўриб  қолишини истамасди.Авваллари ҳам  оппоқ теракларнинг олдига боргани учун  яна шу дарахтларни қоралаб юраверди.Ёши тўқсондан ошиб қолгани учун унга ўн қадам юриш ҳам  малол келарди.Яна ўнгда дарвозасига “А.О” шаклли ҳарф ёзилган жигарранг дарвоа чиқди.Бу ерда тунда ёқилган чироқлар ўчмай қолган,ичкаридан радиоми,мусиқанинг саси чиқаётганидан бу ерда одам яшаётгани билинар эди.”А.О” деган ким бўлди экан?.Қайси шоир,ёзувчи экан бу сокин,хилват жойни ошно тутган.

   Бу масканда  ғалати бир породокс бор эди.Шоир ёзувчилар Тошкентда турли жойларда,юксак минбарларда тумонат одамга нутқ сўзлаб,шеър ўқиб, кечқурун яна шу хазонлар ўйнаб юрган,шамоллар салтанати, сукунат чўккан,кимсасиз боғ ҳовлисига келарди.Олма,ўриклари шохлари осилиб,ғарқ пишган,аммо уларни териб  ейдиган одамнинг ўзи йўқ.

    Жўра қори хотини Мукаррам билан гаплашмай қўйганига йигирма йиллар бўлиб қолди.Қандай гаплашмайди шундай, Пенсилваниядаги обод уйида иккаласи икки бўлимда яшашарди.Хотинининг ётоқхонаси ошхонага яқин бўлиб,хотини ўзбек қўшниларникига чиқар,улар буларникига кирар, телефонда қизлари билан сўйлашар,бири-биридан семиз учта мушугига овқат берарди.

  Жўра қори бўлса хотини тайёрлаган нонуштани еган бўлиб,китоб ўқишга тутинар, ёки аравачасини ғилдиратиб боғ айланишга чиқар эди.Шундай қилиб бир уйда яшашса ҳам кун бўйи бир оғиз гаплашишмайди,қирқ йилдан бери гаплашишга сўз ҳам қолмаган.Хотини Мукаррам  бир биридан семиз учта мушукларига гапиради.

-         Вой,жиннивой нимага емайсан овқатингни.

-         Буни қарая тарбиясиз болаларга ўхшаб бир-бири билан талашади.

Хотини боққа чиққач дераза ортида унинг гуллар билан гаплашаётганини эшитади.

-         Вой,буни чиройли бўлиб очилганини қара,Тошкентдаги атиргулларга ўхшайди.

-         Бу чиройли гулларни набирам Омондага кўрсатсам,ҳайратда қоларди.Афсус у энди бувисиникига ойда йилда бир келади.

Хотини Мукаррама инсон тилида мушукларга сўйлайди,гулларга сўйлайди, аммо Жўра қорига сўйламайди. Қирқ йиллик узун масофада айтишга сўз қолмаган.Кун бўйи иккаласи икки хонада жимгина  тимирсикланиб, гўё курма сичқондай бир нарсаларни қитирлатишади.Деразадан қўшнининг набираларини ўйнаб юрганини,бир-бирини қувлашиб, сув сепишганини    кўришади.Болалар боғчага,мактабга кетгандан сўнг,қўшнининг уйига ҳам буларникидан оғир сукунат чўкади.

  Уларнинг Тошкентга келганига ҳам бир ойдан ошиб қолди.Ёзувчиларнинг ижод уйида дам олишаётгани учун иккаласи бир хонада ётишади.Бир-бирига фақат “чироқни ўчир”,”ҳозир ётаман,туалетга кирмоқчиман” деган сўзларни айтишади.

  Ниҳоят Жўра қори гулларга бурканган,соя-салқин,қушларнинг сайроқига тўла боғнинг ўзи кўз остига олган,илгари ҳам бир-икки марта келиб кетган  кичикроқ теракнинг ёнига келди.

  Терак оппоқ баданларини кўз-кўз қилиб,нелар ҳақида шивирлагандай,кўкка қад кериб турарди.Унинг оппоқ баданига ижод уйига дам олишга келган севишганлар ўткир тиғли нарса билан “О+С” ва яна бошқа тушунарсиз шакллар ўйиб ёзишган эди.

“Эй,терагим,мирза терагим сенинг ёнингга бориб баданингни қуча олмайман.Ўзим оёғимда зўрға  турибман.Онам болалигимда мен дардларимни теракни қучиб айтаман дегувчи эди.Раҳматли онамнинг тушимга кириб менга йўл кўрсатишида ҳам бир ҳикмат бордир.Мен сенга ҳар кун уйқудан олдин худога илтижо қилганимни айтмоқчиман.Ҳар кун ухлаш азоб менга.. кўз ёшларим ёстиққа оқади.Узун умримда Афғонистонда бўлдим,Покистонда бўлдим,Туркияда бўлдим.Энди Америкада яшаб турибман.Мени худодан ёлғиз бир илтижоим бор.Мен етмиш йил деганда Ўзбекистонга келдим.Энди шу ерда кўз юмиб хоким ватаним тупроғига қаришиб кетса дейман.Мени барча ёзувчилар,санъаткорлар ётган Чиғатой қабристонига қўйишса дейман..”.

    Жўра қори  сўзларни айтгунча қора терга ботиб кетди.Кўзларидан ёш оқди.Аравачани қайириб энди орқага юра бошлади.”Ё,оллоҳ олдинда қанча йўл бор.Теракни излаб ижод уйидан шунча узоқлашиб кетибди.Хотини Мукаррам хона деразасидан  ҳайрон боқиб ўтиргандир.Ё,оллоҳ,эртага Истанбул – Нью Йорк йўналиши бўйича учоққа чиптаси бор.Аммо у Америкага яна боришни истамайди,шу ерда ўз ватанида осойиша жон бермоқни истайди”.

  Жўра қори бу сўзларни аравачасини ғилдиратиб кетаётиб ўз-ўзига гапиргандай сўйлади.Қандай муборак жойлар,бу ерлардан кимлар ўтмаган,ўзбекнинг улуғ ёзувчилари,шоирлари етаклашиб,қўлини орқасига қилиб янги асар  ғояларини тузишган.Бир-бири билан баҳслашишган,кези келганда хондон отиб кулишган.Микрофонини варанглатиб не-не байрамлар,сайллар,тадбирлар бўлган.Унли ҳарфларни чўзиб,бошларини чайқаб шеър ўқийдиган ойимқиз шоиралар юзларини офтобга тутиб ғазал ўқишган.

   Бошқа вақтда сукунат масканига айланади ижод уйи.Беш-ўн нафар қари-қартанг шоир ёзувчилар,орасида бир-икки нафар ёш ёзувчи ва шоирлар ҳам бўлади,ҳаммаси етаклашиб тушлик овқатланишга боришади. Жўра қори ҳам бошқалар билан овқатланишга жон деб борар эди.Аммо саксон ёшдан сўнг емакларни ҳам тўкиб-сочиб еганлари учун  жамоатчилик жойларига аралашмайдиган бўлишган.

Америкада Муслима деган аёл буларга қарарди.Емакларни минг тўкиб сочишса ҳам ҳар кун мехмон кутгандай  оппоқ дастурхон солиб овқатлантирар эди.Булар энди Пенсилваниядаги уйларида йўқ ул Муслима шўрлик қай  эшикларда сарғайиб юрган экан.

  Жўра қори Америкадаги уйида тотли емаклар еб ўргангани учун,ижод уйининг ошхонасида ҳар куни соат 13да тарқатиладиган  ўрик қоқидан  тайёрланган компотни севарди.Ҳар кун уни хузур қилиб шимирар экан,гўё ўзини Наманганда онасининг дастурхонида ўтиргандай  сезарди.

  “Намунча шу ўрик қоқи компотни чапиллатиб ичмасангиз”, - дейди хотини.

   Ижод уйига кираверишда узоқ танишлари Тоҳирни кўрди.Тоҳир уларни эртага аэропортга кузатишга келган эди.Қўлида аллақандай қоғозлар билан Жўра отага пешвоз чиқади.

- Овора бўласиз,мен ҳеч қаёққа кетмайман.Сизга кеча айтган эдим бу ерда қолиш ниятим борлигини..- дейди ёш боладай тез-тез гапириб.Тоҳир бирон нарса  сўрамаса ҳам.

-          Самолётга билетингиз бора Жўра ота.Бу озмунча пул эмас.Иккита йўналиш Тошкент Истанбул,Истанбул Нью Йорк.

-         Ўнта йўналишга бўлмайдими,тамом вассалом.Сиз менга Чиғатойни гаплашиб беринг.

-         Қанақа Чиғатой.Кафега боришни истайсизми,бирон тансиқ таом егингиз келдими?.

Жўра қори Тоҳирнинг юзига бақрайиб қарайди.Кўз олдига бир қарашда обод музейга ўхшайдиган портретлар,ҳайкаллари,оқ,қора тусли “фарзандларингиз номидан,оилангиз номидан” дея сўнгсўзлар ёзилган мармартошлардан иборат Чиғатой қабристони келади.

-         Жўра ота сиз Америка фуқаросисиз.Сизни бу ерда қариялар уйига ҳам олмайди,мени кечирасиз-у Чиғатой тугул бошқа қабристонга ҳам кўмишмайди, - деган сўзлари орқадан эшитилади.

  Жўра қори аравасини ғилдиратиб узун гиламчалар солинган йўлакчалардан юриб хонасига киради.Ичкаридан хотини Мукаррамнинг йиғлаган товуши эшитилади.Қари аёлнинг иложсиз йиғлаши ғуссали эди.“Қариганда хор бўлдим,ўлигим эгасиз қоладиган бўлди.Ўзбекистонга кетмайлик деб неча бор ялиндим..Америкада болаларимиз бор дедим..бу ерда бизнинг кимимиз бор..”.

  Жўра қори  Мукаррамни Туркиядами,Америкадами қачон йиғлаганини эслай олмади.Бу ерда кўзининг ёши тўҳтамаяпти.Бундай  воқеалар юз беради деб сира тассаввурига ҳам сиғдирмаган эди.Юраги сиқилиб дунё  кўзига тор кўринди.

  ...Жўра қори аравасини ғилдиратиб ташқарига чиққанди,чироқлар билан ёритилган осойишта йўлаклар,одамлар билан говжум  эди. Келганларига бир ойдан ошган бўлсада бундай кўп  одамларни биринчи кўриб туриши эди. Дўрмоннинг дам олиш хонасига кучли микрофонлар ўрнатилган,ким қўшиқ айтади,ким шеър ўқийди,аллақайси ёши каттароқ адабиётшунос олим ёшларга насиҳат қилади.”Ўлим ҳақида ёзмаслик керак.Сўзда сеҳр бор” дейди. Аллақандай ижодкорлар клуби “Дўрмон оқшомлари” тадбирини ўтказаётган экан.

  Жўра қори яна аравасини ғилдиратиб боғ тўрига қараб кетди. Қалбидан тошиб чиққан хасратларини кимгадир айтиши керак.Ижод уйи эшиги олди,майдонлари Жўрақори юрадиган йўлаклар ҳамма ёқ одамлар билан тўла эди.Икки икки,тўрт нафар бўлиб йўлакларда юрган ёш ялангни оралаб,атир ифорлари,кулгулар хукмрон давралардан ўтиб бораверди.Наҳотки,у ҳам бир вақтлар шулардайин ёш бўлган бўлса,одамнинг ишонгиси келмайди,бугун у юз ёш билан юзлашиб турибди.Покистонда бўлган вақтда  булар билан тенг ўттиз ёшларида эди.Ороллардан тутилган катта балиқни кўришга борганида у ерда пул ишлаб уни балиқчилар ўлдиришларига бир бахя қолганда шу йигит қизлардай ёш эди.Э,воҳ энди нима қилади,ҳаммаси ўтди кетдими,бугун қиладиган орзуси биргина ватанда ўлиш.Бу гапни эшитган одамлар бу қари чол ақлдан озибди деб ўйлаши тайин.Америкада уни ўлганидан сўнг нима қилишади,албатта ёқиб юборишади.Унда унинг Ўзбекистонни севган кўзлари,юраги кулга айланади,шунча улкан юраклар,сўзлар,шеърлар,кулгулар,йиғилар бир қутига қамалиб қолади.

  Узоқдан оппоқ баданини номоён этиб терак пайдо бўлди,аммо унинг соясида теракнинг баданига ўйиб ёзилгандай.. бир йигит ва қиз гаплашиб қўллари билан теракка недир шакллар чизиб туришарди.Жўрақорини юришга мадори қолмади.Бу теракнинг ёнига келиш учун у дарёю-денгизлар,океанлар ошиб келсаю,иккита мишиқи қиз ва йигит пичирлашиб ўтирса..Терак  ҳам аллақандай сўлган қуриган япроқлари шамолда учиб ерга  тушарди...Теракка ўлат теккандай юқоридаги шохлари қурий бошлаган эди.

 Жўрақори тез-тез юқорига кўтарилиб тушаётган кўкрагига қўлини қўйиб аста шивирлади.

  “Қодир аллоҳ,мени ўлигимнинг ёт ерларда сарсон қилма,шу ерда жонимни ол,жонимни ол” дея алам ва изтироб билан шивирлади.

  Гўё терак Жўра қоридан қолишни истамагандай, гўё бу дардларни кўтара олмагандай пастроқдаги шохлари қарсиллаб синиб кетди.

  Эрта тонгда ижод уйининг ёнига хашаматли машина келиб тўҳтади.Ойнаванд эшикдан чиқққан уч-тўрт нафар одам Жўра қори ва унинг рафиқаси Мукаррам аяни қўлтиғидан ушлаб  машинага миндиришди.Отахоннинг оёқ-қўлини  куч тарк этганидан аравачасини ҳам ғилдирата олмай қолди.Чолу кампир титраб, машина ойналаридан қараб юм - юм йиғлашар эди.Хашаматли машина Тошкент халқаро аэропорти  томонга ўқдай учиб кетди.

  Ижод уйи боғининг этагидаги терак ёнар эди.Жўра қори ҳар кун дардини айтадиган теракка биров ўт қўйганми, ёки ўзи ёнганми,терак осмон бўйи кўтарилиб ёниб турар эди.Терак гўё бир маёқдай ёниб,атрофга чарсиллаб учқунлар сачрар эди.

   Бу вақтда қизлари чақириғи билан яна Нью Йоркка учаётган Жўра қори ва унинг рафиқаси чиққан улкан самолёт осмонга кўтарилганига бир соат бўлган эди.Жўра қори самолёт ойнасидан ям-яшил Дўрмон боғларини, чўзилиб ялтираётган анҳорни,музей қабристон бўлган Чиғатойни қабристонини кўриб турарди.Булар жуда қуйида Жўра қори  чиққан самалёт эса  жуда баландда учар эди.Боғ этагидаги терак кичик нуқта мисол ёнар эди.

 

  15-21 июн.  “Гўзал” маҳалла.Тошкент. 2024 йил.

- - -


< Orqaga qaytish