Marta o'qildi
Кўксимда порлагай ботмас қуёшим. янги шеърлар. Элдорбек Татиев.
ЎРГАНДИМ
Чинорни кўрдим мен, яшай бошладим,
Фақат олға қадам ташлай бошладим.
Ёз ўтиб аёзда яшнай бошладим,
Чинордан чинорлик сирин ўрган
Эл учун эт бирлан тирноғим фидо,
Шу элдан ризоман, ризо бўл Худо.
Мени ҳеч сўзлардан қилмагин жудо,
Минордан минорлик сирин ўргандим.
Вақтим оз қолдими, ёки бемалол?!
Ҳар лаҳза шодликдир кетмади увол.
Шоирлик тол бўлса, мендир мажнунтол,
Элдордан Элдорлик сирин ўрганди.
(9 - Май Улуғ Ватан урушининг 79 йиллиги)
Бугун отган тонглар бизники эмас,
Туфроқ остидаги боболарники.
Очилган гуллар ҳам сизники эмас,
Кўз ёш-ла суғорган момоларники.
Жанг майдони тутар зимистон босиб,
Йигитлар шиддатин синар эдилар.
Ёмғирдай ўқлардан пана тополмай.
Ўқ тегиб тупроққа инар эдилар.
Қанча ўғлон кетди, балки бедарак,
Ўкириб курашди ўша арслонлар.
Кўксини бомбалар тешиб ўтганда,
Оҳ, дея овози чиқмас полвонлар.
Ёшгина ёрларнинг ёстиғи ёнтоқ,
Аскарга кетганлар қайта келгунча.
Ярми қолиб кетган насибасининг
Ҳайкалидек турар деворда кулча,
Қора хатларини кўрмасин она,
Қарғалар эшитса майли эдия.
Уч юз йил яшайди унутар бир кун,
Она, унутолмас кунлар келдия.
Ҳатто мурдасини кўра олмайин,
Кўк кийиб мотамда ўтди оналар.
Битта яктаклари икки бўлмайин,
Бировни ота деб чопган болалар.
На замон ўтдилар, неки давронлар,
Бугун бизда бари етади шукур.
У кунлар ўтгани рост бўлсин деймиз,
Мангу яшайверсин дилларда ҳузур.
Ғалаба муборак сенгга замондош,
Қўл очгин дуога бугун хотира.
"Аллоҳ раҳматига олсин барчани"
Ундай сурон энди келмасин сира.
Бугун хотирадир, хотира, жўра!
БУВИМГА
Баҳорий нафаслар сиз билан келар,
Кўксима шодликнинг ифори елар.
Отамни аллалаб улғайтган она,
Отам менга ҳаёт бахтини берар.
Сутнинг юзидаги қаймоғин тутиб,
Бизнинг камолимиз соғиниб кутиб.
Кўксида меҳрдан зилол қайнаган,
Юксалдик меҳрдан бир томчи ютиб.
Абру найсон бўлди юрагимизда,
Мунчоққа айланиб билагимизда.
"Р " ни айтолмаган чучук тил билан,
Сизга соғлик истаб тилагимизда.
Енгларни шимариб ишлаш ўргандик,
Қуёш билан бирга ёндик, ўртандик.
Асли меҳнат қандай бўлишлигини,
Ўша титроқ босган қўлдан кўргандик.
Сандиқ нелигини билмасдим ҳамон,
Билмаслигим бўлди аслида ёмон.
Чинакам шодликни сақлар экансиз,
Бизга ширинликлар тутган бир замон.
Ҳозир соянгизни излайман такрор,
Ҳовлимдан келмайди ўша, ўша хуш ифор.
Овози қўнғироқ ўзи бир чироқ,
Макони жаннатий бизлардан йироқ.
ҚОЗОҚ БИЛАН ЎЗБЕКНИНГ
Пахта гулли косада айрон-гўжа тутган эл,
Қийиқ кўз-ла термулиб ёруғ кунлар кутган эл.
Ҳар не бўлса муроса, чиқса ёвни ютган эл,
Қозоқ билан ўзбекнинг ҳар бир они бир бўлган.
Бий отам, буюк отам, ўгитни қилмай канда,
Чеча чанқовуз чалинг, жиров қўбиз чалганда.
Норин хозирласангиз эт келади лаганда,
Қозоқ билан ўзбекнинг дастурхони бир бўлган.
Кенг далада шамол ҳам шиддат билан эсадир,
Тай-тай юрган боланинг тушовини кесадир.
Қай овулда тўй бўлса, ўтовидан сезадир,
Қозоқ билан ўзбекнинг дуккак дони бир бўлган.
Сой бўйида сулувлар сочларини тарайди,
Майиз олиб борса дўст, унга бир қўй атайди.
Нима бўлса иккиси бир кунига ярайди.
Қозоқ билан ўзбекнинг тегирмони бир бўлган.
Тойнинг туёқ изида мингта бобнинг хоки бор,
Боғ яратди боғбони анори бор, токи бор.
Олий навли олмаси, болдай ширин ноки бор,
Қозоқ билан ўзбекнинг зўр боғбони бир бўлган.
Чегара сим - дутордир, тинчлик деган куй чалар,
Хасни олиб қушлари ўчоғига ўт қалар.
Бешик бошида аёл, алла айтади алар,
Қозоқ билан ўзбекнинг туркий қони бир бўлган
Ўсаётган ўспирин, ўгитларни тинглагин!
Кимлар душман, кимлар дўст, ўзинг учун англагин.
Тинчлик севган Элдорнинг ашъорини тинглагин,
Қозоқ билан ўзбекнинг Туркистони бир бўлган.
ТАБИАТГА СЎЗ
Оқшом шиғирлаган. Тинмас япроқлар
Қулоққа шивирлаб аллалар айтинг.
Кўксимдан сочилиб кетган юлдузлар,
Тунлари қайтадан кўксимга қайтинг.
Оқшом шитирлаган хорғин майсалар,
Онам этагини суйинг, сийпаланг.
Пойимга жонини тўшаб улғайтган,
Дунёга келгандим оёғи яланг.
Оқшом шилдираган сулув сувларим,
Ювинглар онамнинг куйган манглайин.
Унга ҳам қаранглар худдики ўзи -
Ҳар битта райҳонга қарагандайин.
Онамга қаранглар ҳуддики ўзи,
Ҳар битта ниҳолга қарагандайин...
Татиев Элдор Эминжон ўғли 2000 йил 20- июлда Қозоғистон Республикаси Сайрам тумани Қорабулоқ қишлоғида таваллуд топган. 2018 йили ўрта таълимни тамомлаган. 2023 йили Шимкент Педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультети тугатган. Шоирнинг илк шеърий тўплами "Ҳақ йўлингдан юргайман" (2022й) шундан сўнг қатор тўпламларни ўз мухлистарига тақдим этдилар. "Ватан учун" (2023й), "Меҳробим онам" (2023й), "Бахт келаётир..." (2024й)
2021 йилдан бери "Қўш қанот" ижод жамғармасининг раиси ҳамда "Қўш қанот" газетининг бош муҳаррири бўлиб фаолият юритади.
Татиев Элдор Россия, Қирғизистон, Ўзбекистон, Германия, Украина, Африка, Туркия, Қозоғистоннинг турли кўкрак нишон медаллари билан тақдирланган.
Германия Адабиёти ва санъати академиясининг академиги. Қозоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Марказий Осиё ёшлар форумининг иштирокчиси.
Ўзбекистон ва Қозоғистон адабий муҳитининг дўстлик элчиси сифатида самарали меҳнат қилиб, халқаро 20 дан ортиқ ташаккурнома ва эҳтиром ёрлиқлари билан тақдирланган. Туркий олам ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.Ҳозирги кунда Қорабулоқ Ёшлар марказининг "Китобхонлик ва адабиёт бўлими" нинг бошлиғи лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
- - -