Маданият, санъат

Ўзбекистонга ўлиш учун келган одам.    Саломат Вафо


Marta o'qildi

Ўзбекистонга ўлиш учун келган одам. Саломат Вафо

 

  Мен бу қари юз ёшларга чиқиб қолган  эр-хотинни Дўрмон ижод уйининг чироқлар билан ёритилган осойишта йўлакларида учратдим.Жўра қори ота  олдига итарадиган тўрт оёқли итарма  аравача билан юрганида кўрдим.Уларнинг кўринишидан,кийинишидан хорижлик,америкалик эканлиги билиниб турарди.Мен билан борган ҳамроҳларим адабиётшунос  Гулсара Исмоилова,шоира Раъно Раҳмонберди қизи улар билан суҳбатлашишгани ва расмга тушишганини айтишди.Мен ҳам танишишга хорижлик ўзбеклар  яшайдиган ижод уйининг биринчи қаватида жойлашган хонасига кирдим.Дўппи кийган,иссиқ ҳавода бир оз қалинроқ кийинган Жўра қори ота Бўтакўз мени табассум билан кутиб олди. Ҳаёт ва тақдир армонлари  ҳақида суҳбатлашдик.Отахоннинг мамлакатлар аро сарсон ҳаёти ҳақида гаплашдик.

  Жўра қори Бўтакўз 1950 йилларда Афғонистон,Покистондаги  сарсон ҳаётини Туркияда муқим яшаганини сўйлади.У қаерда, қай манзилда бўлса ҳам, туркий миллат дарди билан яшади.Покистонда отахон газеталарни бир тангага ижарага олиб ўқиганини, дўстлари ўзбеклар билан адабиёт,санъат, мақом кечалари уюштиришганини,шундай йиғинларнинг бирида уларни қамоққа олиб кетишганини ҳикоя қилди.Йиғиннинг номи “Туркий бирлик” деб номланган.Шу мамлакат полицияси буларнинг учрашувларига сиёсий тус берган экан.

Менинг “бу мамлакатларда тирикчилигингиз қандай бўлди,қандай пул топдингиз” дея сўраган саволимга Жўра қори ота қизиқ воқеа сўзлаб берди.

  Жўра қори ёзиш ва  ўқишга қизиққаани учун  Покистон газеталарининг бирида бир хабарни ўқиб қолади. Покистон оролларининг бирида узунлиги  етти метр,эни уч метр келадиган улкан балиқ тутиланини ва минг-минглаб одамлар балиқни кўришга келишаётгани ёзилган эди.

  Жўра қори ҳам кемага ўтириб балиқни кўришга боради.Борса тумонат одам,улкан балиқ қирғоққа чиқиб ётибди.Шунда унинг миясига бир ғоя келиб дўкондан  елим материал ва узун-узун таёқлар сотиб олади ва  оролнинг кема тўҳтайдиган жойига қулбола дарвоза ясаб икки нафар қоравул қўйади. Кириш пулини 2 танга қилиб белгилайди.Кўп пул тушади.Шундан сўнг балиқчилар Жўрақорини йўқотиш пайига тушишади.

  Оролга балиқни кўришга ўн икки одамдан иборат гуруҳ билан келган бир одам Жўра қорини аҳволи тангигини кўради.Сиз биз билан гўё  бир таниш,қариндошдай кемага ўтириб катта ерга кетинг,бўлмаса бу жоҳил одамлар сизга бир ёмонлик қилади,дейди.Денгизга итариб юборишса ҳеч ким билмайди,дейди.

  Ота кулиб шундай қилиб бир ўлимдан қутулиб қолганман дейди. Жўра қори  топган пулларини китоб ва газета сотиб олишга, китоб чиқаришга сарфлаган экан.

    Покистонда Саудия Арабистонига зиёратга бораётган одамларга  божхонадан ўтишга ёрдам берадиган волонтёр бўлиб ишлаган экан.Афғонистонлик бир ўзбек оиласи  Жўрақоридан ёрдам сўрайди.Улар кичик фарзандлари учун виза ола олмаганини айтишади. Отахонга божхонадан ўтказиб қўйишни илтимос қилишади.Жўра қори йўлини топиб кеманинг кичик иллюминаторидан болани юқорига узатиб юбориб,ота-онаси билан Саудияга кетишга ёрдам берган экан.

  Ҳозирда  Жўра қори Бўтакўз 25 йилдан бери  АҚШнинг Пенсилвания штатида  рафиқаси Мукаррама ая билан тинч-осойишта яшаётган экан.У  Америкага келганидан сўнг “Бўтакўзнома” номли умр йўллари хотираларидан иборат китобни чоп қилдирган экан.Биласизлар Америкада кексаларга яхши нафақа тўлашади.

  Жўра отани уч нафар фарзанди бўлиб, улар катта обрўли врач лавозимида Американинг турли штатларида  фаолият олиб бораётган,ўзларининг хусусий клиникаларига эга экан.

   Дўрмон ижод уйида  Жўра қори ота  билан кўп гаплашиб ўтира олмадим.Деразалар зич ёпилганидан хона исиб дим бўлиб кетган эди.

   Отахон  суҳбатда “мен Ўзбекистонга ўлсам хоким ватанимнинг тупроғига қўшилиб кетсин” деб келганман дея  йиғлаб юборди.Америкадаги фаравон ҳаёт ҳам,бир вақтлар наманганда тўғилган Жўрақори Бўтакўзни ватанга қайтиш қарорини ўзгартира олмабди.

  Мен ўшанда Ўзбекистоннинг нақадар муқаддас очун эканлигини англаган эдим.Она Ўзбекистонимизга одамлар бу тупроқда кўз юмиш учун ҳам умрининг сўнгги кунларида,  бошқа қитъадан 18 соат самолётда учиб келишар экан.

   Юз ёшга яқинлашган Жўра қори Бўтакўз ва унинг рафиқаси Мукаррам аянинг 11 июн эрталаб соат 9га  Истанбул – Нью Йорк йўналиши бўйича учоққа билети бор эди.Уларни аэропортга кузатишга келган одамни жонхалак Дўрмон йўлакларида югуриб юрганини кўрган эдим. Чунки кекса ёзувчи ва унинг рафиқаси Америкага учишни ҳоҳлашмабди.

   Ё,аллоҳ ўзининг узун умрида тўрт  мамлакат Афғонистон,Покистон,Туркия ва Америкада ватан ва миллат дея саросар кезган ёзувчи Жўра қори Бўтакўз Ўзбекистонга ўлиш учун келган эди. Ёзувчининг бу аҳди бизга ғалати туюлса ҳам,бу аччиқ ҳаёт ҳақиқати эди.

 

.

- - -


< Orqaga qaytish