Мақола

Яна бир


Marta o'qildi

Яна бир "Тирик сайёра" ҳақида.. Санобар Меҳмон.

Яна бир "Тирик сайёра" ҳақида......
Дунёда фақатгина шеър бор деб ўйлаган болалик ва ўсмирлик йилларимда фақатгина шеър қидирар ва шеърдан ҳаёт излар ва ушбу тасаввурдаги гўзал ҳаётдан ўзга ҳаётни тан олмас эдим....
Ўша олис ва гўзал йилларда:"Энг гўзал мамлакат Қўштегирмонда,онҳазратнинг қизларидек сулувлар "борлигига ишониб,"Энг гўзал мамлакат Қўштегирмонга" қачондир албатта, бир куни шеър зиёратига бораман деб болаликнинг исмидай ёруғ хаёллар сурардим.....
Йиллар ўтди,улғайиб шеър бошқа- шоир бошқа ,сўз бошқа-амал бошқа эканлигини,ич-ичимдан нураган ҳолимда тан олиб,тушуниб борарканман,маълум бир манзилларга етгач автобусдан тушиб қолган йўловчилардай кўпдан -кўўўўўўп сатрлар хотирам жавонидан сирғалиб тушиб борди....
Айнан, бугунги ёшимда шоирдан энг аввало ШАХС истайдиган,адабиёт айнан адаб эканлигини,одоби йўқнинг =адобиёти ҳам,адабиёти ҳам пуч эканлигини англайдиган, айнан тарози палласига шундай қўядиган ҳолдаман!(Эҳтимолки,бу менинг нуқсонимдир,нима бўлганда ҳам бу ўта шахсий масала, инчунин танлов ҳар кимнинг ўз-ўзиники бўлгани каби у жуда шахсий ҳамдир)
Аммо, бугун ёшим қирқдан ошганда ҳам Иқбол Мирзонинг:
"Ҳовузда Худойимнинг аксини кўрганлигига,
Булутлар ва балиқлар рақсини кўрганлигига ",-шубҳасиз ишонгим келади....
Баҳор келганида ҳаётнинг суратидай яшил кенгликларга боқсам:
"Ҳали мен кўнглимни очмасдан туриб -
Қат-қат ҳасратимни илғаган кўклам .
Мен учун чордоққа тортиб бахмални-
Қўзиқорин билан михлаган кўклам"ни юрак-юрагимдан пичирламасдан ўтиб кетолмайман...
Илло, Ўзбекистон Халқ шоири, раҳматлик Устозимиз Эркин Воҳидов таъкидлаб кетганларидек,адабиётда ана шундай тирик сатрлар,ичида жони борлиги,ичида шоирнинг юраги уриб турганлиги учун ҳеч қачон унутилмайдиган ,ёдинг жавонидан ҳеч қачон сирғалиб тушиб кетмайдиган,кета олмайдиган, руҳи-руҳингга қўшилиб оқадиган тирик шеърлар ва адабиётимиз осмонида айланиб турган ана шундай "Тирик сайёралар" борлиги учун ҳам адабиёт ўлмаслигига амин бўлиб бормоқдаман.
Мен Иқбол Мирзонинг шахсияти ҳақида шахсан ўзим деярли билмайман,шоирни бундан ўн йил аввал Чирчиқ маданият саройида,8-март,"Халқаро хотин-қизлар" куни муносабати билан ўтказилган маданий тадбирда кўрганим холос.....
Аммо,ўзим яқиндан билганим ва ҳеч қачон ёлғон гувоҳлигини эшитмаганим Iftixor Xonxo'jayev нинг фейсбукдаги саҳифасига қўйган мақоласида тасвирланган чинакам инсон Iqbol Mirzo ҳақидаги иқрорларини ўқиб,у ердаги барча таърифларга инондим ва нафақат шоир, балким чин инсон бўлган Иқбол Мирзо ҳақида ёзгим келди.
Шоир Иқбол Мирзони аслида шеърга тишим ўтган кунимдан буён ўзим яхши танийман.
Бир пайтлар ёшлик чоғларимда бир гўзал қалбли, чинакамига шеърнинг мажнуни бўлган дугонам Марғилонлик Дилбархон:
"Қачонки пишти лойим,
Васлдир муддаойим.
Бу дунёда хатойим -
У дунёда зараримни"
шунақанги чиройлик ўқирди.....
Мен эсам унга жавобан:
"Адашдимми,толдимми -
Зулматларда қолдимми.
Тўғри йўлга сол энди-
Эй кўзлари ахтарим.
Икки кўзим икки шаъм,
Тун адо бўлмас ҳечам.
Сен билан кечган кечам-
У дунёда саҳарим"ни руҳимнинг шавқи билан ўқир ва "Энг гўзал мамлакат Вузгородокда" шеърнинг еттинчи осмонида учиб юрардик.....
"Сени яхши кўраман",-эди китобнинг номи ҳам.....
Шу орада Тошкентга ўқишга келган укам Нўъмонжоннигг қўлига у китоб қайдан ҳам тушиб қолдию, бечора ўн етти ёшлик ўспирин,бу "Вузгородок" -деган мамлакатга нима учун келганини буткул унутиб,китобчадаги деярлик барча шеърларни ёд олиб,камига китобни ҳам ўзи билан яширин олиб юрадиган,энг ёмони мутлақо ўқишга тайёрланмай, қачон қараса:
"Эй, Сиз менинг ғарибгина кулбаларим-
Сизни ташлаб самоларга кетолмайман",-дан тортиб,
"Ҳаёт Сизга йўқ саволларим,
Ҳаёт гапингизга тушундим"ни ва яна:
"Бир лаҳза ўзимни оқлагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди",ни
"Содиқ чегачининг сув қизидай озғин ва яна ақлдан озган аёли Ойсулувнинг Бачқирариқ бўйида:
"Чиқинг бегим, кўнглингизни чегалаб берай",-дея ёлборишини айтар ва чинакамига Иқбол Мирзо шеъриятига касал бўлган эди....
Ушбу шеърларга ўн етти ёшида"касал " бўлган укам ҳозир ўттиз саккизга кирди ва ундаги бу касаллик сурункали тус олиб доимий беморликка айланди, аммо ўтиб кетмади.Қаердаки Иқбол Мирзо деган ном остида нимаики кўрса шаксиз сотиб олиши ва Иқбол Мирзодан ўзга бирор-бир шоирни ўқимаслигига қараб, шахсан мен шоир сифатида Иқбол Мирзога ҳавас қиламан.
Чунки, бундай том маънода садоқатли, севган шоири учун керак бўлса жангга кирадиган мухлислар камдан-кам шоирларга насиб қилади....
Ифтихор ўз мақоласида ёзган инсон Иқбол Мирзо айнан нима учун диққатимни бунчалар тортди;рости ҳаммасиз биламиз, айнан шу кунларда шоирлар кўп,шоирлик даъвоси бирла юрғонлар ондинда кўўўўўўп, лекин АСЛ инсон кам....
(Эҳтимолки,доим кам бўлгандир, чунки камёб бўлгани учун ҳам асл дейилади!)
Ҳам асл шоир ва ҳам асл инсон бўлганлар эса жудаям камдан-кам туғилади, очиғи истеъдод ва шахсиятнинг уйғун келиши кам учрайдиган ҳодиса аслида....
Сўзимнинг бошида алоҳида таъкидлаб ёзганимдек ;мен ҳамиша ЧИН инсоннинг чинакамига ҳокисор мухлисиман!
АСЛ одамнинг борлигини англашим мени доим гўзал яшаттирган.
Дунёдаги одамийлик ўлмаслиги,эртанги куннинг ёруғ бўлишидан мужда бу мен учун!!!
Сиз қандай тушунасиз билмадим, аммо мен бир нарсани ўйлайман мудом -фарзандларим,набираларим -менинг;буткул Одамиятнинг авлодлари,ворислари қирилиб кетмаслиги,ичдан бузилмаслиги,Инсоният -деган буюк мақом майдалашиб кетмаслиги учун АСЛ одамлар бор бўлиши,кўўўўўп бўлиши шарт,лозим ва зарурдир!
Бу шунчаки "қизил" сўз ва "мағзи пуч" иддао эмас, ахир ҳар биримиз бисотимиздаги барча яхши нарсаларни зурриёдларимизга, уларнинг эртанги куни яхши бўлиши учун илиниб яшаймизку!
Энг асл нарсаларимизни фарзандларимизга деб атаймизку?!
Буни ҳаттоки, ғайри-ихтиёрий бажарамиз,биз энг ёмон деб ўйлаган одамларда ҳам ўз фарзандлари учун аталган энг яхши туйғулари борлиги рост-ку?!
Демак, шундай экан, бизнинг авлодларимиз эртага яхши одамлар,энг асл туйғулар қуршовида яшаши учун бугун яхшилар сув ва ҳаводай зарур эмасми?!
Мен бугун жудаям чиройлик сўзлардан,сохта мулозаматлардан чарчаган одамман....
Тан оламан,шу оддийгина иқрорни ҳам мана салкам бир ойдан буён ёзгани истиҳола қиламан....
Боиси, фейсбукда русм бўлган туғилган кунлар муносабати билан ёзиладиган йўл-йўлакай табрик пости ёзиш челленжидан ўзимни доимо сақлаб келаман,сабаби сўзнинг сийқаланиб,энг гўзал туйғуларнинг уваланиб кетишидан,янаям аниқроғи ўзимнинг олдимда майдаланиб кетишимдан қўрқаман....
Гап бу ерда туғилган кунлар муносабати билан ёзиладиган шунчаки табриклар эмас, адабий тақризлар ҳақида кетяпти, илтимос буни тўғри қабул қилинг Азизларим!
Яъни; адабий руҳиятнинг ичига бошқа нарсаларни тиқиштирмасликни назарда тутаяпман!
Қолаверса,биз ижод аҳли қанчалар ростгўй бўлсак шунчалар баландлашиб бораверамиз,илло Ҳазрат Навоий айтганларидек:
"Ташналаб ўлма Навоий ким азал соқийсидан,
"Ишраб -у ё аййуҳал атшон " келур ҳар дам нидо.",-
Ҳазрат айтганларидек бу ёлғон дунёда ёлғон манфаатлар учун ,ҳар не бўлган-бўлмаган,рост эканлигига ўзимизда шубҳа бўлган мубҳам нарсаларни ёзганимиз учун,чин дунёда,авлодлар қаршисида жавоб беражагимизни бир он бўлсин унутмаслигимиз керак.....
Шуларни ёзаётиб яна шоирнинг:
"Тунги боғларда анор тарсиллаб ёрилади,
Энг ҳалол доналари тупроққа қорилади.
Билолмайин ҳайронман,англолмайин сарсонман-
Наҳот мудом камолдан, заволга борилади ",-деган қуйма сатрлари дилимда айланиб турди.....
Биз сўз аҳли,шеър ошиқлари камолдан заволга эмас,заволдан -камолга,фонийликдан-бақога,онийликдан-абадиятга борурмиз иншааллоҳ!
Мен бунга бундан йигирма йиллар аввал маъсум чеҳраси нурланиб Иқбол Мирзонинг ошиқона сатрларини чиройлик тебраниб ўқийдиган Дилбар дугонамни кўрганда,"Эй сиз менинг онамдайин кулбаларимни" кўзлари ёшланиб то бугунгача ўқиб келаётган содда,ҳалол ва шеърпараст укам Нўъмонжонни кўрганда иқрор бўлганман....
Биз аслида энг яхшиларданмиз,руҳимиз улуғ Аллоҳнинг даргоҳидан бу ерларга сайри-сулук учун юборилган Ҳазрат Одам Алайҳиссаломнинг дунёда яхшилик борлиги,ҳайрат борлиги, гўзаллик ва мафтунлик борлиги,таслимлик ва ҳокисорлик борлигини ва ўша заҳматлар оралаб ўтадиган ИШҚ ва ошиқлик борлигини жонбахш сўзларга жонимизни тикиб исботлаб,бу гўзал қурбонликни яшаб кўрсатиш учун юборилган фидоий зурриёдларимиз.....
 
  Мақола шоиранинг Фаэсбук  саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish