Marta o'qildi
"Бу кунлар ҳам,у кунлардай ўтиб кетар..". янги шеърлар. Барно Султон.
Кетмонни улоқтириб,
мойчечакка шеър айтдим,
Ҳасратлар кетди ариб,
боғ оралаган пайтим.
Гул деди севгисидан,
Мен дедим муҳаббатим,
Ўт-ўланнинг исидан
қолар атир-қимматим.
Шўхлик қилган ғунчанинг
кўринмади қиёси,
Осмон боқиб ҳавасда,
тўхтаб қолди дунёси.
Қуёш билан булутдан
нусха олиб бир парча,
Мойчечакдай гуллади,
юрагимдаги боғча.
22.05.2024
Табиатга сир айтдим бугун !..
Табиатга сир айтдим бугун,
Гул-гиёҳлар тинглади обдон.
Сайроқ қушлар куйлади уйғун,
Юрагимдан териб еди дон.
Елдиримлар қилиб марҳамат,
Қулоқ осди эртакчи дунё.
Бир чимдимдан узатиб омад,
Борлиқ менинг бўлгандай гўё.
Шабадалар силаркан сочим,
Осмон худди қўнди бошимга.
Кўзгу бўлиб турди сўнгра жим,
Ўсма қўйиб олдим қошимга.
Бари дуркун, чиройли роса,
Етишиб ол, кела қол, дўстим.
Атроф сенинг қалбингдай тоза,
Кўнглинг каби минг йиллик удум.
Яна деди бахтлар водийси
Дил-дилидан бўлиб хизматда:
Эшитаман, кўнглингни, айтчи,
Ҳам умрбод сақларман қалбда.
Табиатга сир айтдим бугун !..
ЯНГИОБОД.23.05.2022
Бугунми, эртага, ўлим ҳақ айтим,
Бир он омонатдир, йўл бўлсин мингга.
Ўғлимга тайинлаб васият айтдим:
Дарахтларим сенга, дарахт эк менга.
Онам яшилликни севарди деб эк,
Гулдан либос тикар, чеварди деб эк.
Бир метр жой учун сўрмас экан чек,
Дарахтларим сенга, дарахт эк менга.
Умрнинг ўлими дўнпайган қабр,
Ўлимнинг умри-чи, бепоён таъбир.
Саҳрои кабирда унгандай сабр, -
Дарахтларим сенга, дарахт эк менга.
2024 йил,
5-май
БАҲОР ЧИРОЙЛИ
Новдаларда кўриниб ҳаёт,
Куртаклашар орзулар фасли.
Гулбаргларин чизар табиат -
Баҳор гўзал, баҳор чиройли!
Она замин бағирларида,
Қон югурар томирларида.
Меҳржоннинг амрларида -
Баҳор гўзал, баҳор чиройли.
Ҳадемайин этак ёяр тоғ,
Адирлашар лола-қизғалдоқ.
Қиз-жувонлар тақар ойболдоқ -
Баҳор гўзал, баҳор чиройли.
Ҳусн талош кечагидан ҳам,
Танбур, дутор, ғижжагидан ҳам.
О, қалбимнинг чечагидан ҳам,
Баҳор гўзал, баҳор чиройли !
1-март, 2024
ОМОН-ОМОН
Чечакларин сийлаганда абру найсон,
Кўк булутлар юрагимга тегиб кетар.
Осмон учун кўзларимни қилай эҳсон,
Бу кунлар ҳам у кунлардай ўтиб кетар.
Азбаройи топганимни дилга қадаб,
Керакли тош оғир эмас, дейди сабр.
Дала-ю дашт, тоғу-талқон қолмагандай,
Қароғимга, фароғимга ёғар ёмғир.
Ол ёноқлар, сон-саноқлар, кўнгилми тўқ,
Дарёдан ҳам шошиб оқар ашким менинг.
Ҳеч қайғурма, сени севиб қолганим йўқ,
Қор тагида қолиб кетган ишқим менинг.
Сен эмассан, ишқ-муҳаббат, ишқий шеърим,
Сен эмассан, орзумдаги у қаҳрамон.
Бир кечада равшан тортган кўз гавҳарим
Ёмғир билан қолди омон.
Қолдим омон.
8-феврал, 2024 йил
ҚАЙДА-Ё
Тулкилар юрмас яқин
арслон туғилган жойда-ё. (АХТАМҚУЛИ)
Дилга дил пайвасталар, дилафзолар қайда-ё,
Дил билан тил бирлиги, орзу фазолар қайда-ё.
Одамики илм олур, илм ёзмас дунёга,
Ул ноширга ўртоқ бўлган ақли расолар қайда-ё.
Сўзлаган сўз исботидан ҳусн олган эскидан,
Изларингни тополмадим, бўлса қани, қайда-ё.
Чироғи йўқ чироқпоя ўчоққа ўтин қала,
Йиғлаб турса ҳокисорлар,жон нисорлар қайда-ё.
Етим боғлар, етим тоғлар, босиб олса шумғия,
Чўққиларга интилгувчи талабкорлар қайда-ё.
Закийларнинг чилтори лек чалиб кунин кўради,
Тирноғида тўла кирлар кир ахтарар қайда-ё.
Майдалашган одамлардан майда қадамлар яхши,
Қатра-қатра йиғилганда дарё бўлган қайда-ё.
Ошиқ учун ошиғига етмоқ икки ҳаётми,
Менинг дардим адолатда, сенинг қасдинг қайда-ё.
Қайда-ё?
БАРНО СУЛТОН
21-январ, 2024 йил
https://t.me/Barno_Sulton
- - -