Шеърият


Marta o'qildi

"Булут кийса кузги осмонлар"..шеърлар. Нодира Афоқова.

032 Адабиётшунос олима ва шоира Нодира Афоқова 1966 йил 20 ноябрь Бухорода туғилган. Филология фанлари доктори. Бухоро давлат университети профессори. Бир неча шеърий ва таржима тўпламлари, «Жадид лирикасида мусаммат», «Жадид ғазалиёти», ХХ аср ўзбек адабиётида рубоий ва қитъа», » Шавкат Раҳмон олами» (ҳамкорликда)   ва бошқа бир қатор илмий-адабий китоблар муаллифи.

 

 “Ал-видоъ”ни айтди турналар,

Бир тўлди-ю, бўшади осмон.
Шеър ёзмайин қўйдим, жўралар,
Ўшал ғамгин кунлардан буён.

Ким у – гулдай хаёлларимни
Узун-узун тунларга сочди?
Ҳуштак чалиб, хўжайин каби
Эшигимни шамоллар очди.

Жим ётибди даракчи тушлар,
Неча ойким, муштоқман, зорман.
Кузда учиб кетмади қушлар,
Кузда учиб кетган баҳор – ман…

Қорлар ёғар сассиз-садосиз,
Тўхтаб қолар адашган йўллар.
Муз ойнага босганича юз
Йўл қарайди нақшинкор гуллар.

Бунчалар кенг, тубсиздир осмон,
Адашмасми кетган турналар?
Ўшал ғамгин кунлардан буён
Шеър ёзмайин қўйдим, жўралар…

ЭРТАК

Мен – қалдирғоч, сен – шоир бўлсанг…
Булут кийса кузги осмонлар,
Учса ғамгин далалар узра
Шамолларни минган хазонлар.

Учиб кетсам қуёшни излаб,
Учиб кетсам беғам, бебода.
Чатнаса-ю қанотлар, ўйнаб
Майин парлар қолса ҳавода.

Дарёларга югуриб борсанг,
Айтолмасанг маъюс тушингни.
Майин қорлар ёдингга солса
Учиб кетган эрка қушингни.

Лаҳзаларни, кунларни узиб
Отаверсанг ортингга бадар.
Учаверса шеърларинг қушдек
Олис-олис тонгларга қадар.

Бир кун… кўклам эртакларига
Элтса борса-келмас йўллари.
Мусаввир Вақт эрмакларидан
Ўчса қишнинг нақшин гуллари.

Яшил байроқ кўтариб, ичкин
Чопиб чиқса ҳар битта оғоч…
Фақат… фақат мен қайтмасам, мен…
Нима қилар эдинг, қалдирғоч?

***

Кетдинг. Яна ёлғизлик эски
Ошнолардай дарчамни чертди.
Сенсизликка кўникмоқ мушкул,
Нечун кетдинг, ёлғизим, кетдинг?!

Ўхшамайди августга август,
Боғчаларда ноаён зорлик.
Саҳарларда вижирлайди Куз,
Ўхшамайди шодликка шодлик.

Қарайсанми оқшомлар ойга,
Илғайсанми нигоҳларимни –
Кўкдан ерга оққувчи сойда
Ойдай сузган гулмоҳиларни?

Сувдай эриб, кўрасанми туш
Зумуррадсув Амударёни –
Деразангга пастлаб ўтган қуш
Боғлаган чоғ еру самони?

Ғижимларми кўксингни баъзан
Яра янглиғ яланг ҳақиқат –
Интизорлик, кутиш, соғинчда
Ўтармизми дийдорга илҳақ?

Календардан бирма-бир учган
Капалаклар ортимда ғужғон.
Қўй, уларни сўрама мендан,
Барисининг исмидир “Ҳижрон”.

Дарёдайин оқиб борар йўл,
Қайдасан Сен, қайдадир ёшлик?
Сенсизликка кўникмоқ мушкул,
Ўхшамайди шодликка шодлик…

***

Кўзларимга қарама – денгиз,
Тубларида ҳалокат бордир.
Энди ишқдан сўзлама, ишқнинг
Йўлларида залолат бордир.

Қонларимда уйғонди жунун,
Кўтаргайман йиқилса осмон.
Фақат ишқдан сўзлама, қалбнинг
Қудратини синдирар ёлғон.

Мен сукутни най қилиб чалсам
Кузга чўмар дунё боғлари.
Тоғдай ўсар ой кўзгусида
Юрагимнинг жимит доғлари.

Кўксимдадир оловранг япроқ,
Ёнмаса бас бир кун жаҳонлар.
Пинҳон ётар, ахир, дилдироқ
Япроқларда буюк тўфонлар.

***

Музладим. Нафас бер. Олов бер. Сас бер.
Бўғилдим. Ҳаво бер, узоқ осмоним.
Йиқилдим. Йиқитган қасосдир, қасддир.
Бунча мазлум бўлиб туғилдинг, жоним?

Майли, қуёшларни қизғангил, тақдир,
Майли, ҳар нафасим қоргил кўз ёшга;
Бу қандай ваҳшийлик: қачондан, ахир,
Мусибат, изтироб бўлмиш томоша?

***

Далалар кифтида
Жигарранг ридо,
Ёмғирлар қасида
Айтар бошида…

Хотира – маҳшаргоҳ,
Бошланар ғавғо:
Бунча дилга яқин
Шу туришида.

Эгатлар ичидан
Ҳамон ризқ излар –
Шамоллар ўхшайди
Деҳқон онамга.

Бўм-бўш қўлларини
Фалакка чўзган
Ғўзалар ўхшайди
Деҳқон отамга…

А Ё Л

Унинг боис яралган бешак
Соғинч, ҳасрат, шодлик ва кадар.
У шундайин ажиб бир хилқат
Заифлиги фазилат қадар.

Ўйнаганда қиличлар қаттол
Қоядайин этолган бардош
Қаҳри қаттиқ эрлар ҳам ҳатто
Ҳузурида тўкканлар кўз ёш.

Икки дунё арзимас, бу рост,
Ой жамоли, жуфт ҳилолига.
Самарқанду маним Бухоро
Ҳадя бўлмиш битта холига.

Балки ҳақдир, афсонадир ё
Ғариб ҳол бу – шундай демишлар:
Унинг учун бўлганмиш гўё
Дунёдаги жамъи урушлар.

Улуғ Ҳомер, Навоий, Пушкин,
Шекспир ва Гёте пурғам –
Не шоирлар бир умр унинг
Васфи учун йўнмишлар қалам.

Унинг боис яралган оё
Фалакларда жаннат, жаҳаннам.
Не бўларди унингсиз дунё,
Не бўларди Ҳазрати Одам?

Кўзларида кундуз ила тун,
Юзларида хуршиди талъат,
Қошларининг меҳробида дин,
Оёқларин остида жаннат…

Nodira Afoqova. She’rlar | Xurshid Davron kutubxonasi (kh-davron.uz)

- - -


< Orqaga qaytish