Marta o'qildi
Сўнгги сафар. янги ҳикоя. Саломат Вафо.
Ҳикоя.
Минг чақиримли олис йўлдан машиналар хоригандай имиллаб келишарди.Кулранг осмонда қуёш нур сочар,майда чўл қушлари учиб юрарди.Йўлда минг хил ҳаёл,турли ташвишлар билан келаётган машиналар дарё кўпригидан ўтишга шошишарди.Минг йиллик қадимий дарё томондан шамоллар майин эсарди.
Машина фараларига,копот устига қумлар чўп-чарлар ёпишганидан уловнинг қумли,сахро йўлларини босиб келаётганидан дарак берарди.Машиналар шиқирлаб,ғилдираб,тўронғилзорлар ичидан ўтиб,деярли қуриб қолаёзган Аму дарёнинг омонат понтон кўприги ёнига етиб келди.Омонат кўприк машиналар кўплигидан,юк машиналарининг оғирлигидан титрар,оғир чайқалар эди. Дарё баланд қирғоқларини тарк этиб қуйида лойқаланиб жимгина оқар эди.Кўприк ёнларида,қирғоқда катта-кичик занг босган кемалар лойларга тиқилиб ётар эди. Кичикроқ кемада қип-қизил эски байроқ хилпираб турарди.Гўё бу кема сувга тушишни,тўлқинларга тўш уришни интиқлик билан кутар эди.Кўприкдан ўтаётган бир автобус хотин-халаж шовқин-суръони автобуснинг очиқ деразаларидан тошиб чиқар эди.
Кўприкнинг паст-баланд темирларидан ўтиб шағал тўкилган қирғоққа чиқишди. Буларни элатдан келган машиналар кутиб турган экан.Машиналарда бир-икки нафар оқсоқол ва тахё кийган ёш йигитлар бор эди.
-Бандачилик
- Дераварсин, - дейишди оқсоқоллар.
- Азиза кўп яхши инсон эди.Ёшлигида элга кўп нафи текканди.
- Синфдошлари ҳар тўй-маъракада уни йўқлаб туришарди.
- Аммо беш-олти йил бўлди элатдан оёғи узилган эди.
Тахёли йигитлар буларнинг туз тотмай минг чақиримлик йўлдан келаётганини билгандай дарё қирғоғига жойлашган балиқхонага бошлаб боришди.Дарёда балиқлар ҳам камайиб қолганидан сўнг,балиқ кафеларига шу яқин орадаги кўллардан балиқ олиб келишарди.Олти етти нафарга яқин мотам маросими қатнашчилари жимгина ўтириб балиқ ейишарди.Азизанинг ўғли Носир оғир ҳаёлларга толганича иштаҳасиз чой ҳўплаб ўтирарди.Унинг кўзлари қизарган, юзи уйқусизликдан кўпчиган эди.Ўзи бу даврада ўтирса ҳам,ҳаёллари йўлда бўлиб ўтган воқеаларда эди.
- Майитни нега ўриндиққа боғлаб қўйибсизлар.У бечора энди туриб ўтира олмаса ёки қочиб кета олмаса..
- Бухорониниг қумида йўлда олдимизда бир КАМАЗ кескин тормоз берди.Биз ҳам тормоз бердик.Шунда майит зарбдан ўриндиқ пастига тушиб кетибди.
- Йўлда ўпкаси йўқ ҳайдовчилар ҳам кўп.Улар сизларни майит олиб келаётганларингизни қаердан билсин.
- Қийналдик.Оёқ-қўллари қотиб қолган экан.Икки-уч маротаба ўриндиқ остига тушиб кетганидан сўнг боғлашга мажбур бўлдик.
- Бечора Азиза ватанга қайтишга шошган.
- Раҳматли ҳеч чегара-тўсиқларни писанд қилмайдиган мард аёл эди.Эри тириклигида ҳар икки-уч ойда Хоразмга тўй-маъракаларга келиб турарди.
Ҳайдовчи Олим мавриди эмаслиги,таом устида бўлгани учун йўлдаги воқеаларни сўзлаб ўтирмади.
Кеча машина қумнинг ичида ўчиб қолган эди,мотор ўз-ўзидан пақиллаб тўҳтади қолди.Йўлдан юзлаб машина ўтса ҳам, ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди.Ҳайдовчи Олим ва Носир машинада шаҳарга етиб олиб,тонг отгач уста билан келадиган бўлишди.Олим машина эшиги қулфланмайди деганидан сўнг Носир онасининг майтини ҳам олиб кетадиган бўлди.Қумда ёввойи ҳайвонлар шоқоллар кўп дейишди.Ҳайдовчи Олим машина эшиги қулфланмайди деганидан сўнг Носирлар майитни юк машинаси устига юклашди.
- Эртага уста билан келамиз.Машина эшиги қулфланмаса ҳам бирор ёввойи ҳайвон, шоғол машина эшигини очиб кира олмайди-ку,нега ҳавотир оласиз.Ёки шу ерда қолиб тонг оттирайлик. -деган сўзига ҳам Носир қулоқ солмади.
Ҳайдовчининг сўзидан Носирнинг тамоғига куйдиргувчи бир нарса тиқилди.Кўзлари ёшланди.Онаси вафот этмасидан олдин поликлиникага олиб борганда машинадан кўтариб тушираётиб бақириб юборган эди.”Сизга минг қилса ҳам ҳамма нарсадан норозисиз”деган эди.Ўшанда онаси кўзига ёш олган эди.Шу сўзларни қани эди айтмаганида...
Улар қотиб қолган майитни минг азоб билан КамАЗ машинасининг устига юклаб шаҳарга йўл олишди. Азиза юлдуззор осмон остида туннинг совуқ шамолларига кўксини тутиб ётарди.Унинг бутун умр кўп қаватли меҳрсиз уйларига сиғмаган танаси туннинг совуқ шамолларида ором оларди.Ҳатто эри дунёдан ўтгандан сўнг ҳам бир кун Хоразмга қайтиш дўсту-ёрлари билан шодумон бўлиш орзуси билан яшади. Азиза тўрт-беш йилдан бери Хоразмга кела олмаган эди.Негаки у сўнгги даврда юра олмайдиган бўлиб,ногиронлар аравачасига ўтириб қолган эди. У Тошкентда йигирма беш йил яшаса ҳам, шаҳарнинг одами бўла олмаган эди.
Майит саҳронинг салқин ҳавосида,шаҳарга кираверишдаги чойхона ёнида юк машинасининг устида тонггача ётган эди.
Тонг отгач Носир ҳайдовчи билан шаҳардан уста топиб,устани қум ичига киришга кўндириб,ахири машинани тузатиб олиб келишди.
- Амаллаб келдик.Бир марта қум ичида тўртинчи вишкадан сўнг бензинимиз тугаб қолди.Одамлар Марсга учаётган вақтда Хоразм трасса йўлида бензин шаҳобчаси кам.Қум ичкарисида умуман йўқ.
Тонг отарда қумдан чиқишга 150 чақиримча йўл қолганида аввал майит юкланган “Лоргус”нинг, сўнг Носирнинг гибрид электромобилининг бензини тугаб қолди.Тинмай машиналар ўтадиган йўлдан машиналар қатнови тўҳтаб қолди.Йўлда бир соатча қўл кўтариб туриб, бир инсофли КамАЗ ҳайдовчисидан бензин олиб йўлга тушишган эди.
Бир оз юргандан сўнг майитни яна ўриндиқ остига тушиб қолганига ҳайрон бўлишди.Тез юришмади,кескин тўҳташмади,аммо майит пастга қулаган эди.
Шу машаққатли йўлларни босиб Аму дарё кўпригига етиб келиб туришгани эди.
Дастурхон атрофида ўтирганлар фотиҳа ўқиб қўзғолганларидан сўнг Носир оғир ҳаёллардан ўзига келди.Йўл четида турган машиналарга кўзи тушди. Онасининг оқ чойшабга ўралган боғлаб қўйилган жасадига боқди.Онаси барча хоразмликларга ўхшаб балиқни, гурвак қовунларни яхши кўрар эди.Етти-саккиз йил илгари отаси тириклигида дарё бўйида балиқ ейишганини ҳикоя қилиб берган эди.Энди онаси ҳеч қачон бу жойларда бўла олмайди,бу йўллардан юра олмайди.Яна тамоғи ачишди,яна кўзларига ёш қўюлди.Ўшанда сўнгги марта шифохонага боришда онасини машинадан тушираётганида унинг жонсиз оёқлари кабина ичкарисида қолиб кетган эди. Ўзини тута олмай онасига бақириб юборганди.Нега бақирди онасига,қани эди онасини кўнглини оғритмаган бўлса...Онасининг кўзи ёшланмаган бўлса..
Машиналар сафи кўпайиб, у энди кичик мотам карвонига айланган эди.Олдинда овулдан келган оқсоқоллар минган машина кетарди.Орқада майит юклаган “Лоргус”..энг сўнггида Носирнинг машинаси келарди.
Қуёш тепага келган, дарё кўпригидан ўтган машиналар оқими кўпайган.Яқингинадан янги кўприкдан “Тошкент- Урганч ” поезди гулдирос солиб ўтди.Ўз ўзанида ялтираб оқаётган Амударё эгасидан айрилган манзилдай маюс оқади. Қирғоққа яқин турган катта-кичик кемалардаги эски байроқлар шамолда мунгли ҳилпирайди.
Элатгача яна уч соатлик йўл қолди.Минг чақирим йўлни босиб ўтишди.Носир бу йўллардан ўн йиллар олдин ўтган эди.Ўша асфальти қумга сингиб кетган эски йўллар.Томи шиферланган бир-бирига ўхшаш уйлар.Йўл четида дарахт кам.Хоразмнинг жазирама иссиғи,қаҳратон совуғида оғоч кўкартиришнинг ҳам ўзи бўлмайди.
Майит юклаган “Лоргус” маркали машина тўҳтади.Олим айланиб келиб салон эшигини очди.Носир ҳам машинасини тўҳтатиб етиб борди.Не кўз билан кўрсинларки орқа ўриндиққа чандиб боғланган майит,не синоат юз берганки,яна ўриндиқ остида ётарди.Мотам карвонига ҳамрох бўлиб келаётган оқсоқол йўталиб тилга кирди.
- Қаттиқ боғламанглар,йўлига боғлаб қўйинглар.”Азиза ука,Хоразма галдинг.Инди қистанмасонг ҳам бўлади” деди.
Катта-кичик машиналардан иборат мотам карвони яна юриб кетди.
Йўл четида қабристонлар кўп экан.Нега Хоразмда қабристонлар кўп экан.Яна Тошкентнинг қабристонларидай кўм-кўк яшил эмас,кулранг ўлим рангидаги қабристонлар.Гўё ер устига қўйилган қабрлар барча яшил набототни суриб чиқаргандай,қаққайган оғоч кўринмасди.Чор атрофни оппоқ шўр босган.Сонсиз-саноқсиз,белгисиз тупроқ рангидаги ер устига қўйилган қабрлар тизилишиб кетган эди.Ора-сира кўзга ташланадиган юлғунларга, ерга суқилган ходаларга офтобда рангги ўнгган қизил,яшил,оқ аламлар боғланган,улар шамолда маҳф этилмаган юрт байроғидай ҳилпирарди.
Азизани қайси қабристонга қўйишар экан. Охирати обод булгур эри,қўнгши-ова, раҳматли бўлиб кетган синфдошлари,қариндошлари ёнига қўйишармикан..Азиза тириклигида қариндошлари,дўсту-ёрлари ёнига боришга шунча талпинди, аммо сўнгги йилларда ҳамроҳи тўрт девор бўлди.
Энди оёғини узатиб қариндошлари,дўстлари билан бирга мангу сукунатда ётадиган бўлди.Тириклигида улар билан кўришишга беш дақиқа вақт тополмаганди.Энди жаннат боғларида сайр этадиган бўлди.
Яккам-дуккам дарахтли йўлларни босиб,мотам карвони аста силжирди.Носир уйқусизликдан ачишаётган кўзларини ишқалаб атрофга боқди.Йўл четида соноқсиз гўрлари дўмпайган яна бир қабристон кўринди.Элатга етишга ҳали уч соат вақт бор эди...
* тахё - дўппи.
11 май. 2024 йил.
Тошкент. “Гўзал” маҳалла.
- - -