Marta o'qildi
"Кўнгил бўшатмоққа имкон сўрадим". янги шеърлар. Нури Жаҳон.
Яна бир баҳорим кетаркан ўксиб,
Дилнинг хилватнишин сўқмоқларидан.
Кўзимга тун чўкиб, эгилар қаддим,
Тақдирнинг айёвсиз тўқмоқларидан.
Вақт елдай учади, илғамас,
Онгим,
Кўксимда улғайган йиллар полопон...
Жим қўлим силкийман бахт қушларига,
Эллик олтинчи бор мунғаяди жон.
Кеча гўдак эдим онам бағрида,
Бошим айланганди сутнинг исидан,
Бугун бу бошимни чирпирашлари,
Одамий ахлининг минг бир тусидан.
Ёвқур хисларимни саваб ҳар лаҳза,
Ёғий этиқодлар тўсганда йўлим,
Изимга каҳкашон сўқмоқ оралаб,
Эллик олтинчи бор мўралар, ўлим.
Мен балки бир ношуд юрагим билан,
Шеър битган кечалар уволи тутиб,
Арвоҳдай кезиндим қай бир унгурда,
Гоҳ ўзим, гоҳида Ҳақ унутиб...
Умр йўлларига қум сепар тақдир,
Сезмадим бор будим тутқазганимни,
Тан олгим келмайди,
Қисмат ўйнида,
Эллик олтинчи бор, ютқазганимни.
* * *
Келасиз...
Сокин ва ёлғизаёқ йўл,
Майсалар бош урар товонингизга,
Нақадар марҳамат этасиз билмай,
Бағри ишқда куйган ёмонингизга.
Келасиз кўзингиз олдида борлиқ,
Бир бир тўшалади, изларингизга,
Сиз назар илмайсиз,
Истеҳзо қўнар,
Мармардай совуққон юзларингизга.
Келасиз...
Хавори қоплар бир ифор,
Ишқ иси, бахт иси ва рашк қоришиқ.
Бу ташриф олдида,
Бари мўъжизот,
Шунчаки ҳикоя,
Ёлғону яшиқ.
Кетасиз.
Кўрмайсиз битта кўнгилда ушалмас умиднинг,
Гуллаганини...
Ва бир Худо билар, пойингиз қадар
Минглаб туйғуларнинг қулаганини...
Битта Худо билар,
Интиқ бир юрак,
Бу ташрифни кутиб сарғайди минг йил.,
Сиз эса кетасиз,
Эҳ қадрсизим,
Яна кўнгил излаб, мағрур ва....
Ғофил.
* * *
Шафқат сўрамадим,
Вале,
Нафрат ҳам....
Сени унутгулик бир он сўрадим,
Елкангга бош қўйиб йиғламоққа ва,
Кўнгил бўшатмоққа имкон сўрадим.
Сўрадим сен учун,
Ҳар неки яхши,
Ўзим олиб кетдим қайғуларимни,
Бемалол тепалиб ўтишинг мумкун,
Беқадир, бежавоб туйғуларимни.
Ахир дунё шундай,
Яралди хануз,
Баҳосин билмасмиз йўқотмагунча,
Биламан, ечилмас мен тирик бўлсам,
Кўксингга оғирлик қилган тугунча.
Биламан, ёпилган барча сўқмоқлар,
Ҳар ким ҳақ ўзича,
Ноҳақ одам йўқ.
Сени буюк бахтга элтади тақдир,
Менинг ёнимгамас....
Кўнглинг бўлсин тўқ...
Шафқат сўрамадим,
Аммо...
Нафрат ҳам,
Сени унутгулик бир он сўрадим,
Елкангга бош қўйиб биир йиғламоққа,
Ва кўнгил тўкмоққа имкон сўрадим.
* * *
Сен беҳис боқасан, бенур боқасан,
Кўзларинг тубида гуллаётир мунг,
Олдингда телбадай изғийди шамол,
Ортингда бир дунё,
Бир дунёки гунг.
Сен беҳис боқасан,
Бенур боқасан,
Мен кетган йўлларда йиғлайди майса,
Бу қандай ишқ ўзи, келсанг гуноҳлар,
Кетсанг дил чўккулик ғамлар кўпайса????
Мағрурлик либосин ечади қалбинг,
Озурда кўнглингнинг истаги недир,
Томирларинг туртиб оққан азобга,
Менинг кўксимдаги оловни едир!!!
Исмингни унутдим,
Исмим унутдим..
Алхол ўйлаб қолдим, бормидим ўзи??
Бизга келганида бунча турланди,
Буқаламун вақтнинг иккала юзи....
Сен беҳис боқасан,
Бенур боқасан,
Ортимдан судралар синиқ коса,
Ой!!!
Юрагим букилиб тиз чўкади,
Айт,
Қайси дунёда бор, ошиқ учун жой...
Сен беҳис боқасан юрагинг тамом.
Тамомдир туйғулар, илтижоларинг...
Сенга бир ишқ бериб қийнади Худо!
Сен мени ундан ҳам кўп жазоладинг.
Шеърлар шоира Нури Жаҳоннинг Фэйсбук саҳифасидан олинди.
- - -