Marta o'qildi
Шоир Муҳаммад Юсуф 70 ёшда."Айбинг - онанг сени,чиройли туққан". шеърлар. Муҳаммад Юсуф.
Ватаним
Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,
Сен тахти Сулаймоним,
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…
Шодон куним гул отган сен,
Чечак отган изимга,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.
Синглим дейми,
Онам дейми,
Ҳамдарду ҳамхонам дейми,
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри
Илиғимсан, Ватаним.
Сен Машрабсан,
Халқда тумор,
Балхда дорга осилган,
Навоийсан, шоҳ ёнида
Фақирини дуо қилган.
Яссавийсан, меники деб,
Кўринган даъво қилган,
Минг бир ёғи очилмаган
Қўриғимсан, Ватаним.
Сен Хўжандсан,
Чингизларга
Дарвозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон,
Чўлиғимсан, Ватаним.
Ким Қашқарни қилди макон,
Ким Энасой томонда,
Жалолиддин – Курдистонда,
Бобуринг – Ҳиндистонда,
Бу қандай юз қаролиғ, деб
Ётарлар зимистонда,
Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, Ватаним…
Ўғлим десанг осмонларга
Ғирот бўлиб учгайман,
Чамбил юртда Алпомишга
Навкар бўлиб тушгайман,
Падаркушдан пана қилиб
Улуғбегинг қучгайман,
Ғичир-ғичир тишимдаги
Сўлиғимсан, Ватаним…
Ўтган кунинг – ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун,
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,
Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
Воҳ болам! деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.
Ёнингда қон йиғлаган бир
Шоирингга қараб қўй,
Гар Қўқонга йўлинг тушса,
Детдомларни сўраб қўй.
Ҳеч бўлмаса Усмон хокин
Келтирмоққа яраб қўй,
Олисларда қуриб қолган
Қудуғимсан, Ватаним…
Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!
Мен сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмайман,
Тунлари чароғон шундай шаҳарда
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмайман.
Мен сиз айтгандайин ҳаммани севдим,
Ҳаммага ишондим, мана оқибат:
Ўз дўстим уйига кўмилди севгим,
Кун бўлиб кўксимни куйдирди нафрат.
Бошимдан ўтгани кўкка ҳам аён,
Юлдузлар қиқирлаб кулар оқбадан:
Мен – зангор яйловда олис, бепоён,
Уюридан ажраб қолган қулунман…
Мана, мен кетяпман тош йўлда кўзим,
Қадамим мошинлар йўрғасига мос.
Йиғласам юпатиб ўзимни ўзим,
Пишқириб қўяман тойчоқларга хос.
Ва сизни ўйлайман шому саҳарда,
Она, соғинсам ҳам бора олмасман.
Тунлари чароғон шундай шаҳарда
Ҳеч кимга кўнглимни ёра олмасман…
Ҳа, севги ҳақида. У дилга не зеб,
Куйинманг, не илож қилмаса насиб,
Бахтимга ҳамиша Сиз соғ бўлинг деб,
Соғинган ўғлингиз – Муҳаммад Юсуф.
Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,
Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим.
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри-дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Онам «эркам» деб қучганда тунлар ярим,
Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим,
Паровозни ҳансиратган буғдойларим,
Олтинларим, маъданларим, ипакларим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимлар учун биз эдик бир бадавийлар,
Ўзбекни қон қақшатганни ўзбек сийлар,
Ҳолимизни қон кузатди Яссавийлар,
Топганимиз ҳандалакдек тилим-тилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Кимдир майда миллат бўлди, кимдир катта,
Катта миллат — Афандиси йўқдир ҳатто,
Биз пиёда, биз боққанлар юрди отда,
Зулм ўтса фақат сендан ўтди зулм,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Сен бўлмасанг нима бизга силлиқ шеърлар,
Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар,
Баҳоинг-ку бериб кетган Алишерлар,
Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.
Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас Она тилим.
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб туpap ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман?..
Бағримда бўй етган бўз болам,
Мерган болам, лочин кўз болам,
Бўғзимга тиғ урган ўз болам…
Мен дардимни кимга айтаман.
Сезмай қолдим. Ўшанда чоғим,
Юлдузларда экан нигоҳим.
Билмадим не эди гуноҳим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Қанча ғамга ботмаган эдим,
Қанча оғу ютмаган эдим…
Ўз боламдан кутмаган эдим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Таним музлаб, гоҳ тош қотаман,
Мен шоҳ эмас, ахир, отаман.
Гўримда ҳам ўйлаб ётаман,
Мен дардимни кимга айтаман?..
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўрмай келмайман.
У менга қон йиғлар ҳар сафар,
Мен дардимни кимга айтаман!
* * *
Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. Ўрта мактабдан сўнг Рус тили ва адабиёти институтига кириб, уни 1978 йили тамомлади. 1978-1980 йилларда республика Китобсеварлар жамиятида, 1980-1986 йилларда “Тошкент оқшоми” газетасида, 1986-1992 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетасида ишлади. Умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби вазифасини бажарди.
У ўнга яқин шеърий тўпламлар, кўплаб қўшиқларнинг муаллифи сифатида кенг китобхонлар қалбига кириб улгурди. Шоирнинг дастлабки шеърлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида 1976 йили эълон қилинди.
1998 йили Муҳаммад Юсуфга “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвон берилди.
- - -