Marta o'qildi
Эллик минг душманни ер тишлатган қаҳрамон шаҳар - Гурганч. Бекзод Абдиримов.
Ушбу мақолада Хоразмшоҳлар давлати пойтаҳти Гурганчнинг Мўғуллар томонидан қамал этилиши, қамал давомида мўғул қўшини олдида юзага келган муаммолар, Гурганчликларнинг ўз шаҳрини қаҳрамонона ҳимоя қилишига оид мулоҳазалар баён этилади.
Манбаларга кўра, XIII асрнинг биринчи чорагида Хоразмшоҳлар пойтахти Гурганч аҳолиси 2 млн атрофида бўлганлиги қайд қилинади. Бу маълумот анча бўрттириб кўрсатилган бўлсада, муаррихларнинг Гурганч ҳақидаги гапларига қараганда, шаҳар мўғуллар босқини арафасида Осиёнинг энг буюк шаҳарлари қаторида турганлиги маълум. Бу шаҳар шимолий ва жанубий Хоразмнинг 995 йилдаги бирлашувидан буён бош шаҳар мақомида эди. Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммаднинг мўғулларнинг кенг қамровли юришига қарши мудофаа стратегияси натижасиз бўлиб чиқаётган бир вазиятда пойтаҳтда ҳам бошқарув издан чиққан эди.
Хоразмшоҳнинг Каспий денгизнинг Обескун оролидаги фожеали ўлимидан сўнг пароканда бўлган мамлакатни душмандан озод қилиш султон - Жалолиддин Мангуберди елкасида қолади. У Каспий денгизи орқали Манғишлоқ ярим оролидан Урганчга кириб боргунига қадар шаҳарни Али Кўҳи Дуруган бошқарган. Жалолиддин Мангуберди Урганчга етиб келганида бу ерда йиғилган етти минг кишилик Туркон хотун мансуб бўлган уруғнинг Қутлуғхон бошчилигидаги беклари унинг ҳукмдорлигини тан олмайди. Аксинча, улар Жалолиддин Мангубердини ўлдириб, унинг укаларидан бири Ўзлакшоҳни тахтга ўтқазишни режалаштирадилар. Саройдаги алғов-далғовли вазиятда Жалолиддин Мангуберди ўзининг қонуний ҳокимиятини уларга тан олдиришга имкон бермайди. Шунингдек, ўзига нисбатан фитна уюштирилаётганидан воқиф бўлган Жалолиддин Мангуберди бундай шароитда мўғулларга қарши мудофаани ташкил қилиб бўлмаслигига кўзи етгач, уч юз нафар отлиқ лашкари билан Хуросон томонга қўшин тўплаш учун кетади. У кейинчалик мўғулларга қарши яна 10 йил давомида мардонавор кураш олиб борди. Мўғулларга қарши 14 марта йирик жангга кириб, 13 тасида ғалаба қозонганлиги ан-Насавий томонидан қайд этилади.
Жалолиддин Мангуберди Гурганчдан чиқиб кетгач мўғуллар тез орада етиб келади. Мўғуллар бу шаҳарнинг бошқа шаҳарлар каби тез ва осон эгаллай олмасликларини яхши тушунар эдилар. Улар шаҳарни эгаллашга мўлжалланган қуролларни тўлиқ ясаб бўлмагунга ва шаҳарни эгаллаш учун етарли қўшин тўпламагунларига қадар қамални бошламадилар. Улар қамалда фойдаланиш учун манжаниқларга солиб отиладиган тошлар бўлмаганлиги учун атрофдаги тут дарахтларини кесиб, сувга бўктириб оғирлашган дарахт бўлакларини тош ўрнида фойдаланишни режалаштирдилар. Дастлаб Бойжубек, кейин эса Ўқтой ўз қўшинларини Гурганчга бошлаб келдилар. Улардан сўнг Чингизхоннинг хос қўшинлари билан Буғуржи нўён, Чиғатой бошчилигида Тўлин Черби, Устун нўён, Қодан нўёнлар юз минг кишилик қўшин билан келдилар. Бу пайтда Хоразм атрофидаги, Сирдарё бўйидаги, Мовароуннаҳрдаги шаҳарлар мўғуллар томонидан эгалланган эди. Кейинчалик Жанд ва Барчинлиғкентни эгаллаган Жўжи ҳам уларга қўшилди. Чингизхоннинг энг сара лашкарлари унинг 4 ўғлидан 3 таси бошчилигида шаҳарни эгаллаш учун келишди[1]. Ибн Ал Асирга кўра, Гурганчни эгаллаш учун ажратилган қўшин бошқа шаҳарларни эгаллашга ажратилган қўшинлар сонидан ва даражасидан энг каттаси эди. Чунки Хоразм (Гурганч назарда тутилмоқда) бошқа шаҳарларга қараганда жуда катта, жуда мустаҳкам эди. Шу билан бирга, Хоразм халқи ҳам жасорат ва матонатда ажралиб турарди[2].
Жувайнийга кўра, Гурганчни эгаллаш дастлаб Чиғатой ва Ўқтойга топширилган эди. Бу орада Жўжи ўз элчиларини Гурганчга юбориб, шаҳарни жангсиз топширишга, шаҳар Чингизхон томонидан ўзига ҳадя қилинганлиги ва шунинг учун шаҳарни вайрон қилиш йўқлигини маълум қилди[3]. Шу билан бирга, Хоразмшоҳ Аловуддин Муҳаммад ҳам оролдалик пайтида шаҳар қамали бошланмасидан олдин шаҳар мудофааси учун масъулларга “Ҳақиқатдан, аждодларимизнинг ва бизнинг Хоразм аҳолиси олдидаги ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларимиз ўтмиш замонлардан бери бениҳоя катта бўлиб келган... Душман ғолиблик ҳирқасини кийди, шу учун сизлар улар билан тинчлик аҳдномасини тузинглар”, деб хат жўнатган эди. Бироқ шаҳар аҳолиси бошқа шаҳарларнинг тақдирини, мўғуллар аҳдида турмаслигини кўрган эдилар. Шунинг учун улар билан жанг қилишга қарор қилдилар.
Бу пайтда шаҳар Туркон хотуннинг қариндоши Ҳумор тегин томонидан идора қилинмоқда эди. Мўғуллар шаҳарни эгаллаш учун учун ҳар хил ҳийлалар ишлатдилар. Бир бора шаҳар олдида кам сонли мўғулларни кўрган Хоразм аскарлари уларни қувлаб, бир фарсахгача бордилар ва мўғулларн инг яширинган қўшинининг тузоғига тушадилар[4]. Бу мўғуллар шаҳар остонасига келганларида, шаҳардан хоразмликлар чиқиб, яна мўғуллар билан қаттиқ жангга кирадилар. Жувайнийга кўра, шаҳар ташқарисида оқшомгача давом этган бу жангда юз мингга яқин одам ҳалок бўлади. Тирик қолганлар қалъа дарвозасидан қайтиб кириши билан орқасидан Қабилон дарвозаси орқали Танура деган жойгача мўғуллар ҳам кириб боради. Оқшом пайти жанг бўлмайди. Эртаси кун мўғуллар қўшини шаҳарга қайта ҳужумга ўтади. Шу пайтда Султоннинг фахрий қўмондонларидан бири Фаридун Ғурий беш юз аскари билан қалъа дарвозасининг шаҳарга қараган қисмида мустаҳкам мудофаани ташкил қилади, мўғулларнинг ҳужумларини қаҳрамонона қайтарадилар[5]. Кейинги кун эса Чиғатой ва Ўқтой шаҳарни атрофини айланиб, мавжуд вазиятни таҳлил қилганидан сўнг, шаҳарга итоат қилиш ва таслим бўлиш учун элчи жўнатади. Жувайний бу элчиликларни ва таҳдидларни вақтдан ютиш, яъни атрофдаги ҳамма қўшинни Гурганчга етиб келишини таъминлаш бўлганлигини эслатади. Атрофдаги белгиланган қўшин етиб келгач, шаҳарга дўлдек ўқ ва тош ёғдирар эдилар. Етти ойлик[6] қамалдан сўнг шаҳар девори атрофидаги хандақларни тўлдириб, у ердан ўтиб шаҳар деворларини буза бошладилар. Девор тепасига чиқиб аҳволни кўрган Хумор тегин мўғулларга қарши тура билишга кўзи етмади. Унинг саросима билан девордан тушганини кўрган халқда ҳам тушкунлик янада ошади. Мўғуллар девордан ўтиб, шаҳар ичига киради ва яккама-якка жанглар бошланиб кетади. Ўша пайтда мўғуллар девордан туриб челаклар билан шаҳар ичидаги уйларга нефть сепиб, шаҳарни ўтга берардилар. Уйдан ташқарига чиққан халқ устига ўқлар ва манжаниқдан отилган тошлар ёғдирилиб, аҳоли қирғин қилинди. Оқшом тушгач эса мўғуллар шаҳар ташқарисига – чодирларига чиқиб кетадилар. Урганчликлар эса кундузи бой берилган мудофаа чизиғидаги йўқотишларни ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилганлар. Мўғуллар шаҳарни бу тарзда жанг йўли билан ололмасликларини англагач, шаҳарга кириб турган Амударёнинг бир каналини сувини тўхтатишга қарор қиладилар[7]. Бу иш билан, яъни шаҳарга кирадиган канал сувини тўсишга қаратилган тўғон қуриш учун уч минг мўғул аскари машғул бўлади. Вазиятни ўрганган гурганчликлар тўғон қураётган уч минг мўғул қисмини ўлдирадилар. Рашидиддин хабарига кўра, улардан ҳеч ким тирик қолмайди. Шунга қарамасдан, ҳужум қилаётган мўғулларга қарши туриш осон эмас эди. Қамал жараёни натижа беравермагач, Чингизхоннинг ўғиллари ўртасида келишмовчилик келиб чиқади. Бу эса қамал даврини чўзилиб боришига олиб келади ва гурганчликлар мўғулларнинг кўп сонли қўшинларини қириб ташлайдилар. Бу ўликлардан Гурганч шаҳри деворининг атрофларига ташқарисида тепаликлар ҳозил қиладилар ва 50 кун давомида шу ҳолатда қолади[8].
Жувайнийга кўра, қамал чўзилиб, мўғулларнинг кўпи талафот кўрганидан сўнг Гурганч қамали ҳақида Толиқонда (Афғонистондаги мустаҳкам қалъа) турган Чингизхонга “Хоразмни (Гурганч назарда тутилмоқда) эгаллаш мумкин эмаслигини, кўп аскарлар қирилиб кетганлигини ва шу сабали хонзодалар ўртасида келишмовчилик юзага келганлиги”, Ибн ал Асирга кўра, Гурганч қамали учун янада кўпроқ қўшин кераклиги”[9] ҳақида хабар етказишади. Чингизхон бу хабардан сўнг қаттиқ ғазабланиб, Гурганч қамалига Ўқтойни масъул қилади ва бошқа ўғиллари ҳамда саркардаларини унга қатъий бўйсунишини талаб қилади. Шундан кейин мўғуллар Чингизхон талаби бўйича шаҳарни эгаллаш учун барча қўшин бир вақтда ҳаракат бошлайдилар[10]. Мўғуллар бу қаттиқ жанглар билан шаҳар деворидан ўтадилар. Етти кун ичида бир маҳалладан сўнг иккинчисига, бир саройни эгаллаб иккинчисига ўтиб жанг қилардилар. Гурганчликлар эса уларга қарши курашиб, бир маҳалладан ўтиб кейингисига чекиниб борардилар.
Гурганч мудофааси ҳақида гапирганда, албатта, шайхлар шайхи, Шайхул Валитарош номлари билан машҳур бўлган Шайх Нажмиддин Кубро ҳақида гапирмаслик мумкин эмас. Рашидиддин ва бошқа муарриҳлар берган хабарга кўра Чингизхон: “Мен Хоразмни (Гурганчни) қирғин қиламан. У ўз замонасининг авлиёси, Гурганчдан чиқиб бизга қўшилсин”, деб хабар жўнатади. Шайх эса унга жавобан: “Мен 70 йилдан буён Хоразмда бу халқ билан бирга яхши ва ёмон кунида бирга яшадим. Энди офат келганида агар шаҳарни тарк этиш – жўмартлик йўлидан олис бир иш бўлади”, деб жавоб беради[11]. У муридлари билан охирги дамгача мўғулларга қарши кураш олиб боради. Фикримизча, унинг бу кураши ҳам шаҳарда мудофаа учун масъул бўлганларнинг тартибсиз ҳаракати жараёнида тушкунликка тушган халқни душманга курашини руҳлантириб турган, ҳам етти ой давомида қамалнинг чўзилишига сабабчи бўлган. Маълумотларга кўра, Нажмиддин Кубро сўнгги дамгача курашиб яраланган ҳолда мўғул байроғига ташланиб, уни тортиб олиб, йиртишга ҳаракат қилади ва ўлдирилганидан кейин ҳам унинг қўлидан мўғул байроғини Шайхнинг бармоқларини кесибгина олишади. Рашидиддин эса Гурганч эгалланганидан сўнг Шайхнинг жасади қидириб топилмаганлигини маълум қилади.
Насавийнинг хабар беришича, гурганчликлар ўз маҳалласи, оиласини ҳимоя қилиш учун жон-жаҳдлари билан курашганлар[12]. Шундан сўнг устунликни қўлга киритган мўғуллар шаҳарга кириб, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳамма ёқни ёқиб, олдидан чиққани ўлдирадилар. Маҳаллаларда аҳолининг барча тоифалари – эркагу-аёл, ёшу қари барчаси душманга қарши шиддат билан жанг қиладилар[13]. Гурганчнинг учта маҳалласига одамлар қочиб, жон сақлайди ва шаҳар одамлар билан лиқ тўла бўлган. Улар ҳам бошқа илож топа олмагач, Жўжи ҳузурига Гурганчнинг мухтасиби, фақиҳи Аловуддин ал-Ҳайётийни йўллайдилар. У деярли вайрон бўлган шаҳарни қолган қисмини сақлаб қолиш ва тирик қолганларга омонлик сўраш учун Жўжи ҳузурига етиб боради. Бироқ унинг элчилиги натижа бермади. Элчига жавобан Жўжи: “Олдин қаерда эдингизлар, уруш бошлаб мени аскарларимни ўлдирдингизлар,” деб жавоб беради. Кейин ҳамма таслим бўлгач, гурганчликлар шаҳардан ташқарига, бўш майдонга гуруҳ, гуруҳ бўлиб олиб чиқилади. Улар орасидан ҳунармандалар, усталар, санъаткорлар, ёш аёллар, кичик болалар ажратиб олинади. Рашидиддинга кўра уларнинг сони 100 минг нафар бўлган. Улар шарқ мамлакатларига олиб кетилади[14]. Қолгани эса ўлдирилиш учун аскарлар қўлига топширилади. Жувайний хабарига кўра, бу қатлиомда ҳар бир мўғул аскарига 24 кишидан тўғри келади. Юқоридаги Жувайний ва Рашидиддин маълумотларига суянадиган бўлсак, шаҳар қамалига камида 100 минг мўғул ажратилганлиги ва жангдан сўнг 50 минг атрофида қолганлигини ҳисобга олсак, Гурганч қамалида мўғуллар камида 50 минг кишилик йўқотиш қилган, деб хулоса чиқариш мумкин. Зеро Ибн Ал Асир ҳам “Икки тарафдан ҳам кўп қурбон берилганлигини, гурганчликлар мудофаада туриб ҳаракат қилганликлари, шаҳар деворлари ичида туриб ўзларини мудофаа қилганликлари учун мўғуллардан ўлдирилганларнинг сони хоразмликларга нисбатан анча кўп бўлганлиги ҳақида хабар беради[15].
Оммавий қирғиндан сўнг мўғуллар шаҳарга кириб талон-торож билан шуғулланадилар. Шаҳар ичида яширинганларни тутиб ўлдирадилар. Ибн ал Асирга кўра, “Бу даҳшатли зулмлар етмаганидай, Жайҳун дарёси сувларини Гурганчга бурадилар ва ёнғиндан омон қолган бинолар ҳам сув босиши натижасида харобага айланади, шаҳар ботқоқликка айланади. Мўғулларнинг истилосида бошқа шаҳарлар ҳам эгалланган, бироқ уларда аҳолининг бир қисми қочиб қутилар, бир қисми яшириниб қолар, бир қисми шаҳардан чиқиб бошқа ерга қочар, баъзиларида эса одамлар ўликлар орасига кириб, ўзларини ўликка солиб қутилиб қолар эдилар. Аммо Гурганчда бундай бўлмади. Мўғуллардан қочиб яширинганлар ҳам сув босиши натижасида уй-жойлар деворлари тагида қолиб ўлдилар ёки сувда чўкиб ўлдилар. Олдин Хоразм (Гурганч) бу каби тамомила вайрон бўлмаган эди. Уйлар, кўшклар вайронага, гулбоғлар эса чўл ва ялангликка, меъморий осори атиқалар эса тош ва тупроқ йиғиндисига айланади. Мўғуллар шаҳар тўлиқ вайрон қилингач, асир олинганлар шарқ ўлкаларига олиб кетилдилар[16], ўзлари эса Чингизхон ҳузурига Толиқонга кетдилар. Бу пайтда Жалолиддин Мангуберди Парвон даштида мўғулларнинг 45 минг кишилик қўшинини қириб ташламоқда эди...
Хулоса.
Хоразмшоҳлар пойтахти Гурганч мўғулларнинг ҳужумига пойтаҳт мақомига муносиб равишда қаршилик кўрсатиб била олган. Шаҳарнинг етти ойлик қамалга дош бериши, шунингдек, Чингизхоннинг уч нафар ўғли ва йирик нўёнларнинг қамалга ажратилганлиги шаҳарда мудофаанинг тўғри ташкил этилганлигини кўрсатади. Гурганчда Нажмиддин Кубро каби тасаввуф тариқатининг йирик намоёндаси бўлганлиги ва унинг ўзи ҳам шаҳар мудофаасида турганлиги гурганчликларга катта руҳий мадад берганлигини англатади. Агарда Салатанатнинг бошқа шаҳарлари ҳам Гурганч, Ўтрор, Толиқон сингари каби мудофаани яхши ташкил эта олганида мўғуллар катта талофот кўрган, уларнинг ғарб сари бу юриши муваффақиятсизликка учраган бўлар эди деб хулоса чиқаришга асос бўлади.
Бекзод АБДИРИМОВ. Ўзбекистон Республикаси
Маънавият ва маърифат маркази
Хоразми вилояти бўлими раҳбари.
- - -