Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Фақат бизни улғайтирар ғам"..янги шеърлар.Бекзод Жўра.

 
Шароб – ишқ...
Шароб – ирқ...
Бўғзимни кесдим,
Ғам тутдим косада, соям, ичсанг-чи!
Қўлларинг қўлимда – ит каби сездим,
Соҳибим соғиндим...
Ўлим, қучсанг қуч.
Авратга матолик топмаган, ошнам,
Товонинг бут бўлса, йўл бор кетгани.
Истасанг, бойлик бор,
Бисотим:
Тош – қанд –
Қонимга ботириб,
ялаб ётганим.
Вужудинг пулласанг, бўлди ош пишар,
Ёшингни этакка артавер боплаб,
Қурсоғинг тўқлиги омад, фоҳиша,
Чўктир маломатни дошингга қоплаб.
Елкангга ортганинг тобутим бўлса,
Демак, бир миннатдан қутилганинг чин,
Начора, умидинг мен билан ўлса,
Ота, манглайингда ортар бир ажин...
* * *
Ёлғон фисқу фасод бозоридек гап,
Арзонга айтилмас, бордир қиймати.
Мавсумга мос қилиб либос киймадим,
Бозоргир бўлмади жасад шу сабаб.
Бўйнимга дор илган ошнам, қолишинг
Сўзлама, юз бурдим, чорам қолмади.
Қучоғим тўлдирган тошнинг қомати
Қонимга бўялган, мангу болишим.
Соянгга кўз тушса, итдек ҳурмадим,
Борлигинг билмайди ҳеч ким аслида,
Кетсанг, дор тиклайман бошим устида,
Кетмагин, Қиёмат, Худо ҳурмати.
Бир гадо мисоли пойингга чўксам,
Қадримни тенг қилгин буғдой, пахтага.
Сени олиб кетган йўллар сақлаган,
Энди мен севган ҳур ватандек йўқсан.
Дарднинг соҳилида ёлғиз йўловчи
Аксимга термулар девона бўлиб.
Қошингга етказса, етказар ўлим,
Яна не тиларман кўкдан қўл очиб?!..
АРЗИ ҲОЛ
Кӯзларимга кӯмдим бир жасад,
Хотирига томчилар томар.
Таниш қӯллар тобутим ясар,
Энди ӯлиб кӯрмаган номард.
Тамбаладим мовий эшикни,
Орзу томон элтмас қадамлар.
Қучоғимга кимдир кечикди,
Доимгидек кечикмас ғамлар.
Суянгулик эмас яқиним
Ва тиргак ҳам бӯлмадим бир бор.
Фожиали энди якуним:
Кӯзларингда улкан қабр бор.
* * *
Сукунат. Истагим: оний ӯзлигим,
Мақсадга дӯнмаган қадамлар осий:
Манглайга битилган сӯзлар ростлиги
Саҳфага кӯчмаган ғурурим босиб.
Елкамга ортилган ҳаёт юклари
Ортиб бораверар куч йиққан сайин.
Хотира – ҳужжатим, тинмай букладим,
Ӯтмиш келажакка сиғмайди, тайин.
Якуни бошланган кадар – якуним,
Қисмат – охиратнинг моҳият қисми.
Бугун ӯлимимга беҳол юкуниб,
Қайтадан туғулиб олмоқда жисмим!
НАСИҲАТ
(Абдулазизга)
Чаноқ.
Чироқ.
Икки кўз осий –
Лавҳаларда гадо қисмати.
Шууримни тарновга осиб,
Ҳароратни бекам истадим…
Ўтган.
Ўтар.
Келдик бир авлод,
Улғайишни истаганлар кам.
Кимдир соқов, ким урар жавлон,
Фақат бизни улғайтирар ғам…
Қадим.
Қодир.
Елкалар урён,
Тилсимсизлик бир қадар пўрим.
Уйқусида саломат юрган
Майда миллат барибир чўри…
Зиҳи.
Сароб.
Сўзлар ҳаворий,
Очиқ яраларда қон – кўлмак.
Ўсган ниҳолларни суғориб,
Ўтган ўликни-да қор кўмар…
 
   Шеърлар Одил Икромнинг Фэйсбук саҳифасидан  олинди.

- - -


< Orqaga qaytish