Marta o'qildi
20 март.Бугун тўғилган кун."Севинчлар олам жаҳон.".шеърлар.Гулчеҳра Раҳимова.
Гулчеҳра Раҳимова 1952 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида таваллуд топган. Тошкент Давлат университетида таҳсил олган. Қорақалпоғистон халқ шоири. Кўплаб шеърий ва насрий асарлар муаллифи.
* * *
Яратганга минг-минг ташаккур,
Порлаётган чироғим учун.
Юз каллада юз миллион фикр,
Масъул ҳар ким ўз боғи учун.
Ботадиган тиғ, наштар қанча,
Яхши-ёмон пучмоғим учун.
Бирлашмасак етмас беш панжа,
Ёвнинг йўлин тўсмоғим учун.
Музейдаги занг қурол-яроғ,
Ётар йиртиқ, ямоғим учун.
Ҳилпираган мовий ранг байроқ,
Паноҳ уруғ-аймоғим учун.
Ўт бўлиб ён, Қақнусга айлан,
Бўлма қурбон нафс тоғинг учун.
Тирикликни қилмагил эрмак,
Фақат нафсинг, томоғинг учун.
* * *
Қорлар ёғса бошима,
Шошмам рўмол ўрашга.
Келар ҳар кун қошима,
Ҳурлар аҳвол сўрашга.
Порлоқ орзу-ўйимда,
Сирлар кечгай тунлари.
Нурлар инган уйимда,
Булбулларнинг унлари.
Бахтга ишонгим келар,
Ғўр истак бермас тутқич.
Юрагимда ғулулар,
Келолмагайдир ўкинч.
Эрк билан юрт дарди бир,
Умид-жон қадар кучли.
Тарк этмайди барибир,
Қонда яшашга ўчлик.
Тор дунёлар бўлиб кенг,
Йўл қўймас қалб нурашга.
Чунки ўзни енгиб мен,
Бел боғладим курашга.
* * *
Олам тинчлик тафтида,
Қолмас ўчдан бир нишон.
Тутар ерни кафтида,
Буюк Ҳазрати Инсон.
Нур ва шаффоф бу кўзёш,
Не бир дамлар ичида.
Ярқираган минг қуёш,
Чексиз ғамлар ичида.
Тўлдирар бахт камини,
Юрт билан тенгсиз жаҳон.
Тортиб улус ғамини,
Севинчлар олам жаҳон.
Кўнгил ҳамон қаримас,
Севишни ўйлар яккаш.
Дунё эса қасд олар,
Ҳув, жонга теккан яшаш.
ТЎРТЛИКЛАР
Кўзлаган манзилга, айт, қандоқ етай,
Ташлади бу ҳаёт пахтадек титиб.
Қайтмас йўлдан қайтиб кетяпман, нетай,
Ичимга дунёнинг оҳини ютиб.
* * *
Кетар ҳар кун дилимни доғлаб,
Қуёш чиқса тонгда қизариб.
Саробларга умид боғлабман,
Ёлғон тушлар айлади ғариб.
* * *
Эси-дарди “катта”га ёқиш,
Қани юрак – кўкракда нишон?
Юролмаса нетсин бояқиш –
Оёғида, бошида кишан.
* * *
Илинмас кўз то саҳаргача,
Фикрлари сочиқ пойма-пой.
Тақиб этар то машҳаргача,
Ҳаётида қолган очиқ жой.
ziyouz
- - -