Marta o'qildi
"Бир йўл кўрсатмаган ёрга кетарга..".шеърлар. Раҳмат Бобожон
Раҳмат Бобожон (Раҳматжон Бобожонов) – 1998 йили Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Урганч ижтимоий-иқтисодиёт коллежини тамомлаган. “Хоразм” нашриётида муҳаррир, “Жайҳун” газетасида мухбир сифатида ишлаб келяпти. Мақолалари, шеърлари, таржималари “Тамаддун нури”, “Эзгу сўз”, “Хоразм ҳақиқати” каби нашрларда чоп этилган. 2016 йилда “Кўнгил ғунчаси” номли шеърлар тўплами чоп қилинган. Ижод намуналари “Жилғалар қўшиғи”, “Митти ҳикоялар: кеча ва бугун”, “Шовот мавжлари” алманахларидан ҳам жой олган.
САРОБ
На сен борсан,
На ғамзада дил,
На дорул Ишқ, на дорул Бақо.
Менким, кўнгли умрбод залил,
Дардинг қайта ичганим-ичган.
Етти олам жам бўлгунча то —
Ким руҳимга руҳингни бичган?
Ким Лайлига оҳдан берган дарс,
Ким Мажнунга қайғудан таълим.
Ким жонига яшаб қасдма-қасд,
Ким вужудин асраган салим.
Кимни асир этган мангу ҳис,
Кимни йўқлик қўллари қучган.
Ким ўзига келмаган илкис,
Ким ўзидан бутунлай кечган?
Унинг кўнгли ишқ аҳлига хос,
Ғами — телба, ғуссаси — расо.
Бир дарвеш бор, Атодан мерос,
Қўлларида қақшаган асо.
Борми келар йўлингдан белги,
Борми кетар йўлингдан бир из.
Қайлардасан, сўйла, эй севги,
Қайлардасан, сўйла, Ҳавво қиз?
Лабларингда қон талашар лаб,
Кўзларингда жон талашар кўз.
Ва жонингга жонимни хатлаб
Қаршинг узра турсам, айт, бесўз, —
Қандай тутқун жонимда жонинг,
Ким руҳингга руҳимни бичган?
Ёлворсамми сен деб, Худонинг
Мен ёдидан ўчганим-ўчган.
На сен борсан,
На ғамзада дил…
УРГАНЧГА САФАР
1
Қариб бораверар асрим йилма-йил,
Милодий муҳаббат,
ҳижрий муҳаббат, —
Урганчда кун кўрган интизор кўнгил,
Бир сени излаган, бир сени, фақат, —
Фақат, оғир келган ғамда пишмоқ ҳам,
Ўзини ҳар кимга атаб эрта-кеч,
Бирдайин қуламоқ, бирдай учмоқ ҳам.
Бир шаҳарда яшаб учрашмаслик ҳеч,
Бир шаҳарда яшаб айро тушмоқ ҳам.
Руҳидан қайғусин айлаб бадарға,
Масрурлик қидирган, сўнгра топган ранж
Бир йўл кўрсатмаган Ёрга кетарга,
Эскирган бўлса ҳам эс кирмас Урганч.
Насиб қилолмаган шодлик васлини,
Минглаган лаҳзадан ёп-ёлғиз палла.
Исмимга қўшмаган Ёрнинг исмини,
На Дишон қалъаю,
На Ичон қалъа.
Мен сени кашф этдим.
Йўқ, ундан аввал,
Бетоқат кунларнинг сочи оқарди.
Умримдан кунларим учди — дарбадар.
Энди англаяпман, балки, у маҳал,
Ҳисларимни ўқий олмасди шаҳар,
Ўғуз лаҳжасида ёмғир ёғарди.
Сен унда бедору мен бунда бедор,
Сен унда сокинсан ва мен бунда жим.
Бу ёлғон умрида бир ҳақиқат бор —
Мен сени изладим,
мен сени топдим…
2
Ҳузурингга чорла,
айни субҳидам,
Иккимиз кезайлик бу ерларни то, —
Кўнглимга кўнглингдан етти олам жам,
Руҳимдан руҳингга йўллар салламно.
Кўксингда заррача қолгайми ҳасрат,
Ахир кетаверсак ишққа сари биз.
Достон қилар эди,
бу шаҳар — ҳазрат,
Шеърга айланарди юракларимиз.
Ҳаётига кириб бамисли офтоб,
Қаламидан тўкиб, бир нурни — саҳий.
Бизнинг ишқимизга ахир бобма-боб,
Бағишлов ёзарди Мунис, Огаҳий.
Қисмат бирлаштирган у гўзал дамлар,
Қаттиқ бўлажакдир орзуйинг, ахдинг.
Қирқ кун шодиёна қилар одамлар,
Қирқ кун тантанси тугамас бахтнинг.
Бу ёлғон умримда бир ҳақиқат бор —
Мен сени изладим,
мен сени топдим…
* * *
Шарифим: Ғамўғли…
Борлигим мерос,
Жаннатдан бир сакраб тушган Атодан.
Ошиқ-маъшуқларнинг қисматига хос,
Сен ҳам хатодирсан, мен ҳам хатоман.
Ҳаётим: Қоришиқ…
Тубсиз хавф-хатар,
Руҳимга тегинма — таъқиқ меваси.
Яшайман соғинчинг исканжасида.
Мунграйман исмингни айтиб ҳар саҳар,
Излайман ялдоли кечалар аро,
Андуҳинг англами дард лаҳжасида,
Кўзларинг — мен билмас, қайғу шеваси.
Ўзини тополмас Баҳорлар бу пайт,
Ўзини унутар бечора Куз ҳам.
Сенга хаёлимни етказарми, айт,
Туркона оҳанглар сўйлаган ғуссам.
Менга берма, берма мени балоға,
Кўксим тўйиб кетар бўлса жонидан.
Сенсиз ёлғизликка оғаман, оға,
Сенсиз туйғуларнинг саргардониман.
Осийман, юрагим бахт истаган кун,
Жаннатдан қувилдим…
Ишқ — жаннатмаъво.
Мени қабул айла, эй дунёю дун,
Мени қабул айла, эй Момо Ҳавво.
* * *
Бродвей.
Энг улкан фонус остида,
Шошиб борарканман, билдим, шу сафар:
Шеър бу — соғинч асли,
шеър бу — бир ситам,
Узоққа чўзилмас бахтнинг талқини.
Оқ-қора суратлар — томошабинлар,
Бунда жим кузатар, икки кўзи лўқ.
Телба дарахтлар теварагимда
Гитара чаларкан эркаланиб, шўх.
Ипак ёмғирларга ўранган шаҳар,
Ялло айтаётган кўчалар бўйлаб,
Сен қайдан
билардинг
кезмоқ завқини…
Сен буни биласан, сен биласан, йўқ…
Хаёлинг дўнганда аҳволим ўйлаб —
Барча шодликларни йиғиб келасан,
Изтироб йўқотар ранггин кўзлардан.
Югуриб келасан йўлкалар бўйлаб,
Метролардан шошиб чиқиб келасан,
Тушиб келасан ҳув автобуслардан.
Бағримда уйғонар сочларинг ҳиди,
Бирма-бир оҳиста кафтлар қовушар,
Бирма-бир оҳиста лаблар қовушар,
Бирма-бир оҳиста тафтлар қовушар…
Жим юрсанг, бу бахтмас, хато бўлади,
Сен гапир.
Бу вақтда шодлик болалаб.
Қўлинга тегмоқ-чун фидо бўлади,
Ўзини бандидан кесган лолалар.
Мен шеърлар ўқийман ёнингда масрур:
“Бағримда уйғонар сочларинг ҳиди…
Бағримда уйғонар сочларинг…
Бағримда уйғонар…
Бағримда…”
ТУПРОҚ МОНОЛОГИ
Гўзал қайғуларда англанган шаҳар
Оралаб кўзимдан ёш олиб кетдинг.
Озод қушча эдинг,
мангу дарбадар —
Кўнгил олиб кетдинг, бош олиб кетдинг.
Шарафим осийлик,
Бор гуноҳим — ишқ,
Жазойим — ғариблик, қатлим — ҳар кунлик.
Сенга муборакдир биридан кечиб,
Бошқа бир осмонга гўзал тутқунлик.
На Куз дош беролди,
На чидам Баҳор,
Бағрим яралади гулдурак, чақин.
Сен яхши билардинг — мен абадий хор,
Сен яхши билардинг — қиёмат яқин.
Дардману, дарддан ҳам ортиқроқ бўлдим,
Буюк ҳасратингни яшириб келдинг.
Арш остонасида бир тупроқ бўлдим —
Сен эса пойимга бош уриб келдинг.
* * *
Ёмғирлар ёғади
сен бор шаҳарга,
Ёриқлардан бир-бир сакраб ўтар тун.
Умрингни тилайсан дақиқаларга,
Умринг — талошми, айт,
қисмат — талотум?
Мен эса умрингда оний йилдирим,
Гумбурлаб-сумбурлаб, чақнаб ўтарман.
Бору йўқ ишқимни сенга билдириб,
Фақат англамоғинг хоҳлаб ўтарман.
Ёмғирлар ёғади
сен бор шаҳарга, —
Иккимиз борамиз ёмғирларга дўст.
Севгилим, бариси рўё, ичикма,
Жоним, унутилар бари саҳарда.
Ёмғирга қўшилиб майдаланар сўз:
“Ижара уйингга, боргин, кечикма…”
Панага гизланиб жон сақлайди, жон,
Елкаси ивиган минглаб ҳаловат.
Одамлар ўзини урар бекатга,
Сен эса,
кетмайсан, сен эса фақат,
Кўкка қўндирасан мовий кўзингни, —
Ва кўзимга боқиб тўймайсан менинг.
Заминга оқликни тиланар осмон,
Ёмғирлар тинмайди, томчилар минг-минг,
Йиғиб ололмайман фақат ўзимни,
Ёмғирлар ёғади
сен бор шаҳарга…
Сесканиб қўяди муштоқ бағирлар,
Ёмғирлар мавсуми…
Январ, феврал, март.
Ахир, сен билмайсан, балки ёмғирлар —
Кўчада унутиб қолдирилган дард.
Ёмғир — бахт.
Бахт бизнинг яноқдан ўпди,
Ёмғирпўш остида қийналмас жонинг.
Сен бор шаҳарларнинг ёмғири кўпми,
Ёмғирлари кўпми
сен бор дунёнинг?
* * *
Бу шаҳарнинг мунис кечаларида,
Минг қисмат ёзиғи бўлар экан ҳал, —
Изғирин изғиган кўчаларида,
Бир бор Куз истадим,
баҳордан аввал…
Феврал охирламай ўрик гуллари,
Аёзда қалтирар бетиним дир-дир.
Қорлар ёғаётир ва ёғган сари,
Баҳор олислашар бизлардан, ахир.
Таққа тўхтайману, дейман шу ерда:
Масрурлик бормисан, омонмисан-ай.
Мен сенинг исмингни куйладим шеърда,
Дардим чалсин рубоб, соғинчимни най, —
Бахтимни куйлаган
дутордан аввал.
Совуқ деразага босганча юзим,
Ўйлайман.
Ёнимда совиган қаҳва.
Ўргатарди тирик қолиш сирларин,
Ишхона.
Мендан талант излаган оға,
Бир даста қоғоздек ўз ташвишларин,
Уйидан кўчага, кўчадан уйга,
Ташиётган одам — бу мен, ҳа, ўзим.
Бир маҳал қўнғироқ қилади онам:
— Ўғлим, яхшимисан, сиз тараф совуқ.
Қалин кийиндингми, ҳавотирдаман.
Суратингни кўрдим.
Оҳиста кулди.
— Келиним тўлишган, кўз тегмасин, кўз.
Дейман: — У овқатни ейди завқ билан,
Шунга кам еса ҳам дарров бўлар юқ.
Ҳазиллашар: — Бизни емаса бўлди,
Тўйингдан олдинроқ,
ёр-ёрдан аввал.
Тўкилиб кетмадим бу қиш ҳам, шукр.
Юрагим гуноҳи, кўксимнинг айби, —
Ишқ учун ўтларга кирдим ҳар маҳал.
Сени ўйлаяпман, ҳа, айни ҳозир,
Кўзингга боқсайдим, қўлинг тутсайдим, —
Сени учратсайдим,
бу қордан аввал.
Сени учратсайдим бу қордан аввал…
kh-davron.uz/kutubxona/
- - -