Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Болишларга қилолмам тоқат..". шеърлар. Комил Хоразмий.

 
Сассиз фарёдман мен, озурда дилман,
Болиш-ла бўлишиб дардини ютган.
Буюк ишқман, улкан муҳаббатман мен,
Хиёнат пойида кичрайиб кетган.
Малоҳат Мирзаева
Совуқ болишларни қучмангиз асло,
Қучсангиз болиш ҳам тош янглиғ қотар.
Унда ҳарорат йўқ - харсангдай гўё,
Умидин узганлар шу тахлит ётар.
Очилмай турибди ўн гулингиз ҳам,
Кучайиб бормоқда ахир эҳтирос.
Келинг, ишқимизни кўрайлик баҳам,
Балки юлдузимиз бир-бирига мос?
Кимки хиёнатга бўлибди банда,
Уни ўйламоқлик ортиқча амал.
Севгидан мосуво, нокас, шарманда,
Кесакдан ўт чиқмас, билинг ҳеч маҳал.
Ошиқлик аслида мардларнинг иши,
Жонни фидо қилсанг оздир жононга.
Висол шарбатига тўярми киши,
Гўё олов кетган ҳамма томонга.
Болишга томади лабларнинг боли,
Лаззат оғушига ғарқ бўлур болиш.
Икки қалб бўлажак дунёдан холи,
Ҳатто эсдан чиқар нафасни олиш.
Ўша тун хаёли такрорлансин бот,
Келинг, пешвоз чиқай мен ўзим якка.
Ишқдан айро тушса агарда ҳаёт,
Пичоқ етиб борар шунда суякка.
Тунлар узун бўлсин сочингиз каби,
Гоҳида мен тонгни ёмон кўраман.
Висолдан иборат ошиқ матлаби,
Қирмизи дудоқни қониб сўраман.
Сувлар зилол бўлур яна қайтадан,
Гўёки шифт сари ўрлар оҳимиз.
Дилдираб турганда шу кумуш бадан,
Тўкилар тут сингари гуноҳимиз.
Бунда кирмоқ бордир, йўқдир чиқмоқлик,
Жаннат деганлари шудир эҳтимол?
Ошиқнинг мақсади ахир йиқмоқлик
Сабр қояларин бир-бир бемалол.
Шундадир фароғат, шундадир роҳат,
“Асл умр шулдир. Қолгани ёлғон”.1
Ҳар қандай болишга қилолман тоқат,
У - менинг душманим - ўрнимни олғон!
 
  Шеър шоир Комил Хоразмийнинг Фэйсбук саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish