Саломат Вафо асарлари

Андаман денгизидаги воқеа.    янги ҳикоя.   Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Андаман денгизидаги воқеа. янги ҳикоя. Саломат Вафо.

       Биз Андаман денгиз портига етиб борганимизда кун пешинга оққан эди.Портда одам сийрак,дўконларда ёнғоқ,писта,тропик мевалар сотаётган сотувчилар харидорларни чақирарди.Бошимиз узра дўкон тимларида елим химоя камзўллари,чўмилиш анжомлари шамолда  тебранарди. Оёқ остидаги тахта пол одамлар у ёқ бу ёққа юрганда тинмай лиқилларда.Атрофни одамларнинг шовқин-суръони, кемаларнинг вупиллаши тутиб кетган эди.Беш нафар катта одам,бир нафар бола билан кичкина,кўринишидан эски бир кемага миндик.Олдимиздаги кемаларни ўтказиб юбориб йўлга чиқдик.Моторли кема газ олиб океан бағрига йўл солди.У тўлқинларга урилиб сакраб-сакраб  чайқаларди.Бизнинг  юзимизга денгизнинг шўр суви уриларди.Бошимиз узра сариқ бургутлар чарх урарди.Йўл бошловчи аёл,бу денгиз бургутлари,деди.Денгизнинг қоқ ўртасида сувда ўсиб турган илдизи юзлаб метрга чўзилиб кетган кичик ўрмонзорга дуч келдик.Дарахтларнинг бақувват илдизлари сувдан чиқиб оқариб кўринарди.Биз яна тезлик билан олға қараб кетдик.Атрофимизда кичик-кичик ороллар сочилиб ётарди.Ҳаммаси оғочзор билан қопланган кўм-кўк эди. Осмон тиниқ,мовий,  қуёш чарақлаб чиқиб турарди.Бу ерда мангу ёз Тошкентда ҳозир қора ёға бошлаган экан.

  Кемамиз тезлашиб яна уммон қарига сингиб кетди.Кема денгизнинг қудратли тўлқинларига урилиб силкиниб-силкиниб кетарди.Мени силкинишда учиб кетманг деб капитаннинг олдига ўтирғизиб қўйишди.Бу ер сал тинчроқ юзга сув тегмас экан.Кеманинг икки тарафига тизилишиб ўтирган тўрт нафар одам  тўлқинлар урилишида силкиниб-силкиниб кетишарди.Денгиз суви мовийранг эди,унинг бағрида турли йиртқич балиқлар,саккизоёқлар,қонхўр пираниялар,ҳар ҳил шиллиқ жонзодлар бор эди.Оролларни айланиб денгиз ўртасига тахтадан қурилган балиқ фермасига келдик.Бу тахтадан қурилган иншоат,қандай қилиб денгизга оқиб кетмаганига ақлим ҳайрон эди.Балиқ фермасида улкан баҳайбат балиқлар,кичик юнус балиқ ва қонхўр пираниялар боқилар экан.Йигирма-ўттиз одамлик столнинг тўрига жой қилиб дастурхон тўшашди.Денгиз шамоли кучли эсарди,радиодан тинғиллаган малайча қўшиқ тараларди.Тахта поллар юрганда лопиллаб қимирларди.Фермага кичик сайёҳатимиздан сўнг бизни дастурхонга таклиф қилишди.

  -Овқатларда зираворлар ва аччиқ йўқ.Маҳсус буюртма қилганмиз,-деди йўлбошловчи аёл.

  Беш нафар бўлиб столларнинг атрофидан жой олдик.Бизга учта қоврилган балиқ,димланган гуруч ва сояли товуқ гўшти олиб келишди.Малайлар умуман нон емас экан.Денгиз тўлқинлари шалоплаб тахта деворларга уриларди.Осмон мовий ранг,Малазиянинг рамзига айланган сариқ бургутлар балиқ фермасининг томи узра чарх уриб учиб юрарди.

-Емак учун раҳмат,- дедик балиқ кафеси эгаларига.

   Яна кемага ўтириб океан бағри томон учиб кетдик.Юзимизга шўр сув ва шамоллар урар эди.Кема  қудратли денгиз тўлқинлари таъсирида мисоли эски тоғорадай сакрарди.Яна илдизи узун денгиз оғочлари ўрмонзорлари ёнидан ўтиб тоғ дарасига ўхшаган жойга бурилдик.Атрофда олис-яқиндан сайёҳларни ташиган кичик кемалар визиллаб учиб ўтарди.

  Биз денгиз дарахтзори томон йўл олдик.Кема секинлашиб дарахтзорга яқинлашиши билан оғочзор ичидан катта-кичик маймунлар ёприлди.Сумка ва халталаримизни аранг яшириб улгурдик.

-         Тишларингизни кўрсатманг.Маймунлар буни урушга чорлов деб тушуниб, ҳужум қилиши мумкин, - деди йўл бошловчи аёл.

-         Сумкаларимизни нега яширдик.

-         Сумкаларда озиқ-овқат бор деб маймунлар сувга тортиб тушириши мумкин,-деди йўл бошловчи аёл ҳовучини тўлдириб маймунларга ёнғоқ узатиб.

Маълум бўлишича пандемия пайтида кўп ҳайвонлар,маймунлар ҳам қирилиб кетишибди.Сайёҳларнинг қўлидан озиқ еб ўрганган маймунлар,ўзлари ов қилишни,ҳаёт кечиришни унутган экан.Ёввойи ҳайвонларнинг ҳаётига инсонларнинг аралашиши табиий мувозанатни бузиб,табиатга қирон келтирган экан.Табиат қўриқчилари маймунларни озиқлантирмасликка чақирар экан,лекин сайёҳлик ширкатлари одамларни оролларга олиб келаверар экан.

  Йўлбошловчи аёл елим идишда болали маймунга сув ичирди.Жуссаси кичкина маймуннинг қорнига боласи осилиб ётарди.Болакай ва бошқалар унга ёнғоқ берди.Бошқалари кемага сакраб ёнғоқ ва озиқ – овқатларни очкўзлик билан талашиб-тортишиб олишарди.Ўн дақиқа ўтмай маймунлар бари озиқларни еб битиришди.Энди кетишимиз керак эди.Аммо кема капитани неча уринса ҳам моторни ўт олдира олмади.Иложсизлигимизни билгандай маймунлар кемага сакраб миниб тобора кўпайишарди.Маймунлар эр-хотин рус сайёҳларининг хотинини қўлини тирнаб олди.У аёл жон аччиғида қичқириб юборди.Маймунлар пихиллаб тўрт оёққа туриб жанг  ҳолатига кириб хурпайди. Ёш бола йиғлаб юборди.Энди рус аёлга беш-олти маймун ҳужум қиларди.Бечора аёл ёрдам сўраб дод солди.Эри ҳайдаса ҳам маймунлар кетмасди.

  Моторни ўт олдира олмай жиғи-бийрон бўлаётган капитан бирдан бош кўтарди.Қўлига узун темирни олиб “ҳоқ-ҳоқ” дея ҳитоб этди.Унинг кўзларидан қаҳр учқунлари сачради.Дарахтзорнинг ичидан ҳам “ҳоқ,ҳоқ” деган товуш янгради.Маймунлар бир зум тек қотди.Ўрмонзорга қараб “чиғ-чиғ”дея  сас чиқариб кемадан қирғоққа сакрашди.Маймунлар маҳаллий одамларга тегмай,сайёҳларга ҳужум қилар экан.Кема оқим билан сузиб кетаётгани учун баъзилари сувга шалоплаб тушди.Қирғоққа яқин жойда гориллодек баҳайбат маймун афтидан тўда сардори оғочлар ичидан  синчков қараб турарди.

  Беш йўловчи ва бир бола энди тақдир ҳукмида қолган эдик.Бизни океан оқими номаълум тарафга олиб кетарди.

-         Ҳовотир олманглар, мотор ҳозир ёнади,-деди йўл бошловчи ҳавотирга тўла товуш билан.

-         Портга қўнғироқ қилса бўлмайдими?- деди маймунга таланган аёлнинг эри.SOS хабари тарқатишнинг иложи йўқми?.

-         Бу ерда телефон ишламайди.Маълум жойларда ҳов анув оролларнинг тўғрисида ишлайди.

-         Бизни химоя нимчаларимиз ҳам йўқ,-дейди ўз-ўзига гапиргандай рус хотин.

Энди йиғидан тўҳтаган бола,нега юрмаяпмиз,деб ҳархаша қилар эди.Мен бу эски кемага бирон кор-хол юз бермасайди деган хавотир билан чиққан эдим.Кўз олдимга фильмлардаги денгиздаги одамлар билан бўлган  ҳалокатлар келар эди.Бизни чиндан ҳимоя камзўлларимиз ҳам йўқ.”Эй,худо,энди нима қиламиз,наҳотки ҳаётимиз  шу ерларда завол топса..”.

  Кема ҳар замон,ҳар замон ҳиқичоқ тутгандай товуш чиқариб қўярди.Маймунлар оролидан унча узоқлашмаганимиз учун океан сувида дарахтнинг барглари,майда илдизлар сузиб юрарди.Кун оға бошлагани учун атрофимиздан кемалар ҳам ўтмай қўйди.Очиқ денгизга чиққан кемамизни голфстрим оқими шамол билан суриб кета бошлади.Кемамиз яқингинасидан бир нарсалар сузиб ўта бошлади.Наҳотки,акула бўлса,бизни очиқ денгизда қолганимизни билиб етиб келган бўлса?.Оёқ-қўлим бўшашиб,ичимда бир титроқ пайдо бўлди.

-         Делфин,-деди кема капитани.

-         Делфин,делфин,-деди болакай.

Бу хабар бошқаларни қувонтира олмади.Ҳозир ҳеч нарса кўнгилга сиғмасди.Мени кўнглим осойиш топгандай бўлди.Маймун тирнаган хотин ора-сира ҳиқиллаб қўярди. Делфинлар қандай пайдо бўлган бўлса,шундай тез океан қарига сингиб кўздан  йўқолишди.Шамол кучлироқ эса бошлади,кема ҳаракати тезлашди.Энди бизни кемани кучли тўлқинда тўнкарилиб сувга чўкишимиз,ёки, бирон қояга урилиб парча-парча бўлиш ҳавфи кутар эди.Кемамиз биров бошқаргандай кичик оролга қараб  сузиб кетди.Капитан шох-шаббаларни ушлаб кемани қирғоққа чиқарди.

-         Тушинглар,-деди йўлбошловчи аёл.-Ёрдам келгунча шу ерда ўтирамиз.Бу ер хавфсиз шамолдан пана.

  Ҳаммамиз бирин-кетин қирғоққа тушдик.

-         Бу ерда маймунлар йўқми? – деди рус хотин.

  Капитан атрофни айланишга кетди.Биз сочилиб ётган тошларга ўтирдик.Қуёш уфққа оғиб,қизғиш нурлари дарахтлар орасидан тушарди. Мени бу ерда қолиб кетсак, ёки океанга чўкиб кетсак деган ваҳимали ўйлар чўлғаб олганди.Эй,худо Тошкентдан қанча узоқдамиз,дунёнинг бир бурчагидамиз.Ланкавидаги қимматбаҳо мехмонхонамиз наҳотки қолиб кетса?.

  Орадан кўп ўтмасдан капитан ҳаллослаб қайтиб келди.

-         Маймунлар.Мени кўришди.Ҳозир бу ерга келиб қолишади.Кетдик,кетдик.

Ҳаммамиз тезда кемага миндик.Капитан оролдан топган таёғи билан кемани итарди.Қирғоқдан ўн ўн беш метр узоқлашишимиз билан маймунлар етиб келди. Иккитаси сувда сузиб келиб кемага ёпишди.Капитан уларни уриб сувга тушириб юборди.

-         Бу маймунлар мутация бўлган,сайёҳларга ўрганиб қолган- деди рус эркаги.

Оқим ва шамол билан кема яна тезлашиб кетди.Ўриндиқ остидан чиққан қутқарув нимчасини болакайга кигизиб қўйдик.Оролдаги маймунлар узоқ вақтгача кема ортидан оролда орқамиздан югуриб келишди.Яна очиқ денгизда тақдиримизни худонинг ҳукмига топширдик.Шамол кемамизни боши оққан тарафга ҳайдаб кетди.Қуёш уфққа бош қўя бошлади.Атрофимизда турли қушлар,кўпшапалаклар уча бошлади.Кемадаги беш нафар сайёҳнинг қўрқинчдан овози чиқмай қолган эди.Шу зайл яна бир соатлар очиқ денгизда сузиб юрдик.

  Шу вақт олисдан мотор овози эшитилди.Уфқда моторли кема пайдо бўлди.Йўл бошловчи аёл,ҳаммамиз бир вақтда ёрдам,ёрдам,деб бақирамиз деди.Беш нафар йўловчи паст-баланд овозда ёрдам,ёрдам деб чақирдик.Моторли кема бизнинг тўғримизга келиб секинлашди.Капитан афтидан унга кемамиз бузилиб қолди деди.Ёшгина малай йигит кемасини яқинроқ олиб келиб капитан билан ўз тилида гаплашиб олди.У кемага арқон ташлаб бизни кемамизни шатакка олди.Биз хурсанд бўлиб бир-биримизни қучоқлар эдик.Ҳаммамиз йўлбошловчи аёлни қучоқлаб олдик.

-         Худога шукур қутулдик!.

 Моторли кема бизнинг кемамизни тортиб кетди.Йигирма метрлар юргандан сўнг бизнинг кемамиз ҳам ўт олиб юриб кетди.

   Яна денгизнинг озод шамолларига тўш уриб кемамиз Андаман порти томон сузиб кетди.Кемамиз тўлқинларда силкиниб борар экан, ортимиздан ёруғ ва маюс хотиралар эргашиб қолди.

 феврал 2024 йил.

 

 

 

- - -


< Orqaga qaytish