Marta o'qildi
25 январь.Анвар Обиджон тўғилган кун.Устоз Эркин Воҳидов мутойибалари.
Суюкли устозимиз, атоқли адибимиз Эркин Воҳидов чуқур фалсафий шеърлари, мутафаккирона хислатлари билангина эмас, ўта самимий, ўта топқирона мутойибалари билан ҳам мухлислар қалбини забт этиб келган. Шуларни эслар эканман, Эркин ака, доимо кўнглимиздасиз, биз билан биргасиз, дегим келаверади.
Ўша таниш қоровул
Тошкентга эндигина ишга келган даврим эди. Бировникида ижарада турардим.
Ойлик таътилга чиққан Эркин ака бутун оиласи билан Иссиқкўлда дам олиб келишга жўнади, мен уйни қўриқлаб турадиган бўлдим. Тирикчилигим учун совуткичга тўлдириб ташланган хилма-хил ноз-неъматларнинг ярмини еб улгурмасимдан, улар саёҳатдан қайтиб келишди.
Бир-икки ойдан кейин устозни зиёратлаб борсам, ҳали мактаб ёшига етмаган кенжатойи Фозилахон мен билан жуда бўлакча қувониб кўришди.
– Бу қизимнинг севинчи ичига сиғмай турибди ҳозир, – дея елка учириб кулди Эркин ака. – Сизни узоқдан кўрибоқ, менга қараб, дада, яна Иссиқкўлга борамизми, деб сўради.
Тиниб-тинчимаган ит
Ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов тиғдор-тиғдор шеърларининг орқасидан эски тузумнинг тазйиқларига учрагани, неча-неча танқидларга дучор бўлгани кўпчиликка маълум. У киши бундай ғала-ғовурларга парво қилмаётгандек бўлиб юрса-да, юрагига маълум даражада жароҳат етганини баъзи бир сўзларидан пайқаб олиш қийин эмасди.
Ижодий сафарлардан бирида устоз билан битта хонада тунайдиган бўлдик. Вақт ярим кечадан оғиб боряптики, ташқарида бир кўппак тинимсиз вовуллайверди. Шунда Эркин ака босиқ товушда аста сўз қотди:
– Қизиқ! Бу ҳаловатсиз ит қайси арслоннинг китобини танқид қиляптийкин?!
Мухлис
Бир куни Эркин акани йўқлаб, уйига бордим. Пича суҳбатлашиб ўтирдик. Қайтаётганимда мени кузатишга чиқиб, бодринг экишга томорқам бўлмасаям, мана, олтиариқлик эканимни билдириб, дарвозанинг ёнига узум экиб қўйдим, деб мақтанди. Бир қарашдаёқ билдим, бу – дарахтларга илашиб бўлсаям мева қилаверадиган жайдари узумлардан.
Эркин акага буни ётиқроқ тарзда шамалаб, бу жуда ғалати узум, меваси ширин бўлмасаям, томири болалаб, мухлисларингиз сингари тобора кўпайиб бораверади, дедим.
Орадан икки ойча ўтгач, Эркин ака уюшмамиздаги бир мажлисда олдимга келиб деди:
– Дарвозамизнинг ёнидаги узумни мухлисингиз деб тўғри айтган экансиз, шекилли. Ёзда кўча томондаги деразамизнинг форточкаси очиқ туради, узумнинг битта шохи шу жойдан ичкарига кирволиб, янги ёзаётган шеърларимни пешма-пеш ўқиб боряпти.
Ўзини ўзи қидириш
Эркин ака билан ёшлар нашриётида бирга ишлардик. Бир таниши тўйга айтган экан, юринг, текинга тушлик қилиб келасиз, деб мени ҳам бирга олиб борадиган бўлди. Гараждан машина чақирса, бузилган жойини ҳайдовчи ҳали тузатиб улгурмаган экан, майли, автобусда борақоламиз, деди.
Автобусга чиқиб, орқароқдаги ўриндиққа ўтириб-ўтирмасимизданоқ, олдимизда кондуктор аёл пайдо бўлди. Пулимизни олиб, чипта йиртиб узатаркан, Эркин акага тикилиб боқиб, худди Эркин Воҳидовга ўхшаркансиз, деди.
– Мен акаси бўламан, – дея аёлга жиддий қиёфада юзланди Эркин ака. – Бир ҳафтадан бери уйга келмаяпти, деб хотини кеча арз қилганиди, мана, ўша Эркинбойларингни эрталабдан бери ахтариб юрибман.
Ўрисча сўкиниш
Эркин ака мактаб ёшига етиб-етмаган пайтлар экан. Бир куни уч-тўрт тенгдошини бошлаб, Олтиариқ машина-трактор станцияси (МТС) директори лавозимидаги дадасининг ишхонасига борибди. Юқори ташкилотдан келган бир рус киши билан гаплашиб турган дадаси, ўғлига бошдан-оёқ қараб олиб, шеригининг кўнгли учун бўлса керак, русчалаб: “Почему босиком?” (Нега ялангоёқсан?) деб жеркиб берибди.
Бу воқеани эслаб туриб, Эркин ака кула-кула шундай деганди:
– Ўшанда биз бу гапни ўрисча сўкиниш бўлса керак деб ўйлабмиз. Бирорта бола жиғимизга тегса, “Ҳе, пачему басикўм!” деб, ўзимизча аёвсиз ҳақоратлаган бўлардик.
Ўта топқирона чора
Эркин ака етмиш тўққиз ёшга тўлганида, оиласидагиларни дастурхонга уринтириб қўймаслик учун Иқбол Мирзо, Аҳрор Аҳмедов, Азизбек Анвар биргалашиб, эрталаброқда табриклашга борсак, кеннойимиз билан бозор қилишга чиқиб кетишган экан. Камтарона туҳфаларимизни невараси Ифтихорга топшириб, ортга қайтдик.
Устоз пешиндан кейин менга сим қоқиб, одамни жуда хижолатга қўйдиларинг-ку, олдиндан қўнғироқ қилганларингда, бирон-бир вақтни белгилаб олардик, деб дакки берди. Кечирим сўраб бўлганимдан сўнг, ташлаб келган совғамнинг нархини ошириб, тўннинг ичида Олтиариқнинг энг қўлигул чевари тиккан ўта тоза дўппи ҳам бор, уни фақат катта тантаналарда кийинг, деб дабдабавозлик қилдим.
– Дўппини аллақачон кийиб кўрдим, ростданам жуда чиройли тикилган экан, – деган товуш келди эшитқидан. – Фақат, бошимга сал катталик қилиб, олд томондаги бурчаги очилиб қоляпти. Ўша жойига кесак қистириб олсаммикин деб турибман.
Эшитқидан таралган ёқимли кулги менинг ҳам завқимни жўштирди.
Эркинларнинг энг мансабдори
Ёшлар нашриётида бош муҳарриримиз Эркин Воҳидовнинг бирмас, икки адаши бор эди – ёшлар адабиёти бўлимида ишловчи машҳур таржимон Эркин Миробидов, ўсмирлар адабиёти бўлими муҳаррири Эркин Сиддиқов.
Воҳада яшовчи кексароқ бир адибнинг қўлёзмасини кўриб чиқиш Эркин Сиддиқовга топширилибди. У бир ҳафтадан кейин муаллифга телефон қилиб, мен Эркинбойман, қўлёзма билан танишдим, Тошкентга келсангиз, бир фикрлашиб олардик, дебди. Муаллиф нашриётга келиб, Эркинжон керак эдилар, деса, уни Эркин Миробидовга рўпара қилишибди.
– Ҳай, ҳай, ҳай, сиздек табаррук одамни кўрадиган кун ҳам бор экан-ку! – дея қулоч очиб кўриша бошлабди муаллиф. – Ўзларига бир қоракўл телпак атаб қўйганмиз. Қани, бошингизни манави ипда яхшилаб ўлчаб олай-чи, кейинги сафаримда тиктириб келаман.
Бу одамнинг кимлигини, нима мақсадда келганини аниқлаб олгач, андак адашибдилар, меҳмон, сиз ахтараётган Эркин қўшни хонада чақчайиб ўтирган бўлиши керак, дебди Миробидов. Муаллиф энди Сиддиқовнинг олдига кирибди. Яна қоракўл телпакдан гап очилиб, ипда бошни ўлчаб кўриш бошланибди.
Сал ўтиб, иккала Эркин муаллифни ўртага олганча коридорда аския қилиб туришса, Эркин Воҳидов хонасидан чиқиб қолибди. Бўлган воқеани кула-кула эшитиб бўлиб, муаллифга дебди:
– Нашриётдаги энг телпакбоп Эркин менман. Буларга шолчадўппиям бўлаверади.
Таҳрирнинг тагида гап кўп
Ўшанда ҳали журналистликка ўқиб юрган Аъзам Ўктам шеърларини “Ёшлик” журналига берса, бош муҳаррир Эркин ака уларни ўқиб кўриб, муаллифни ҳузурига чақирибди, жуда гўзал нарсалар ёзибсиз, деб қизғин табриклабди. Сўнг шеърий туркумни унга тутқазиб, энг зўрларини “плюс” билан белгилаб қўйдим, буларга янгиларидан яна бир-иккита қўшинг, кўзга кўринадиганроқ қилиб босайлик, дебди.
Аъзамжон белги қўйилган шеърларга кўз ташлаб чиқиб, айнан Анвар Обиджон у ер-бу ерига қалам теккизганларини танлабсиз, деса, Эркин ака дарҳол мутойиба қилибди:
– Қаранг-а! Демак, Анваржон сизни ҳаддан зиёд ҳурмат қиларкан. Мени “устоз” дейди-ю, китобимга муҳаррир бўлганида, андаккина жон тортишиб, шеърларимнинг бирон-бир жойини, лоақал, кўнглим учун таҳрир қилиб қўймади-я!
Узрли сабаб
Бир учрашувда Эркин акага савол беришди:
– “Ёшлик девони”дагига ўхшаган ғазалларни жуда соғиниб қолдик-ку. Кейинги пайтда ишқий шеърларингиз нимага камайиб кетди?
Эркин ака шундай жавоб қилди:
– Соч оқаргани сайин, одам хотинига хушомаддан нарига ўтолмай қоларкан…
Амал – ўткинчи, уй – абадий
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари этиб тайинланган Йўлдош Сулаймон бир куни Эркин акадан сўради:
– Фарғонада Ёзувчилар уюшмаси бўлимининг бошлиғи эдим, энди юқори ташкилотга ўринбосар бўлиб келдим. Билолмай турибман, мени кўтаришдими, пастлатишдими?
– Бу кўтарилиш ҳам, пастлаш ҳам эмас, – деб тагдор жавоб қилди Эркин ака. – Тошкентдан текинга квартира олиш дейдилар буни!
Ҳаммуаллифлар
Адабий учрашувларнинг бирида ўн икки ёшлар чамасидаги чақчақакўз бола Эркин аканинг китобини узатиб, дастхат сўради. Муаллиф тилакларини ёзаётган чоғда, шу китобдаги шеърларнинг барини ўзингиз тўқиганмисиз, деб савол берди болакай.
– Барини эмас, – ўзини кулгидан зўрға тийиб жавоб қилди Эркин ака. – Нуқта-вергулларнинг баъзиларини “корректор” деган одамлар тўқиган.
Профессорга дашном
Тўқсонинчи йилларнинг бошроғи эди, чамаси. Бир куни Эркин ака менга синчковлик билан тикилиб туриб, нега ҳеч семирмайсиз, бирорта жиддий касалингиз йўқми, деб сўради. Эски ревматизм, сариқ касаллигининг айрим асоратлари борлигини ҳисобга олмаганда соппа-соғман, дедим.
– Биласиз, Тошкент Медицина институти профессори, терапия бўлими бошлиғи Эркин Қосимов қудам бўлади, – деб жонкуярлик қилишни бошлади устоз. – Шу кишига тайинлаб қўяман, сизни касалхонасига ётқизиб, чуқур кўрикдан ўтказади. Ҳар эҳтимолга қарши-да.
Касалхонага бориб ётдим. Бирорта дори ичмадим, бирорта укол олмадим. Ўн кун мобайнида турли ихтисосдаги тўртта профессор, учта фан номзоди мени астаримдан аврамгача текширишди, етти-саккиз хил аппаратларга солиб кўришди. Охири, бари биргаликда консилиум ташкил этиб, бир тўхтамга келишди – жиддийроқ ташвишга сабаб бўлгувчи ҳеч қандай касаллик йўқ.
Қайтгач, буни устозга маълум қилсам, у киши қудаси Эркин Қосимовга сим қоқиб, дашном берган бўлди:
– Бу қанақаси? Профессорлигингизга ишониб жўнатсам, Анваржондан биттагинаям касаллик тополмабсиз-а! Ҳеч йўқ, ваҳимали тикилиб туриб, шеър тўқишдек хавфли дардга чалинибсиз-ку, ука, деб қўрқитсангиз бўлмасмиди?!
Танқидмисан танқид!
Устознинг етмиш ёшга тўлиши нишонланаётган кунлар эди. У киши билан учрашиб қолиб, янги чоп этилган “Ўзбегим” китобини яйраб ўқиганимни айтсам, мени ҳадеб мақтайверсаларинг талтайиб кетишим ҳеч гапмас, ора-сира танқид ҳам қиптуринглар, деб ҳазиллашди.
– Тўғри, камчиликларингиз ҳам бор, – дедим ўзимни терсроқ тутиб. – Энг катта нуқсонингиз шуки… Ҳм-м…
– Тортинмай гапираверинг…
– Очиғини айтсам, ҳаддан ташқари қизғанчиқ шоирсиз, ниҳоятда қисқа ёзасиз. Ўқи-и-б борамиз-у, эндигина завқимиз тошаётганида, бирданига якун топади-қўяди. Шеърингизга тўймай қоламиз.
Эркин ака нимтабассум ила кўзимга боқиб тургач, кўкрагини силаб деди:
– Умрим бино бўлиб, бунақа ажабтовур даккини энди эшитишим. Аямай гапираверинг, мен ҳам танқидингизга тўймай турибман.
Шоирнинг хавотири
Ёзёвон туманидан Эркин аканинг депутатликка номзоди қўйилди. Сайловолди учрашувларида, қаерга бормайлик, бир таклиф тез-тез такрорланиб турарди:
– Кимлигингизни яхши биламиз. Бошқа гапни қўйиб, бизга янги шеърларингиздан ўқиб бера қолинг!
Бу ҳол давом этавергач, Эркин ака йиғинларнинг бирида шундай деганди:
– Илгари тўқиган шеърларимни ўқиб беришдан осони йўқ. Мабодо депутатликка сайлансам, энди қонунларниям шеърий усулда ёзиб берасиз, демасаларинг бас.
Ҳаваскорга ҳавас
Эркин аканинг Нозимахон, Моҳирахон, Фозилахон деган қизлари бор. Хуршидбек – биттаю битта ўғил. Тошкентда эндигина иш бошлаган пайтларим устозни зиёратлаб борганимда, у киши астойдил таклиф қилиб, деди:
– Хуршидбек ўғлим учта қизнинг орасида зерикиброқ қоляпти. То уй олгунингизча, унга шерик бўлиб, бизникида яшаб турсангиз-чи. Гулчеҳра опангиз билан маслаҳатлашдик, болохонани тугалай сизларга берамиз.
Ўта машҳур инсон ўзини менга шу қадар яқин тутаётганидан жуда қувониб кетган бўлсам-да, бирон-бир ножўя қилиғим билан бирдамас-бирда ғашини келтириб қўйишдан чўчиб, ҳозирда ёлғизқўл кампирникида яшаб, унга дастёрлик қилиб юрибман, қолаверса, шароит шунақанги тинчки, одамнинг ёзган сари ёзгиси келади, дедим.
Эркин ака буни эшитиб, елкамга қўл босганча, жиддий қиёфада илтижоланди:
– Жон Анваржон, ўша кампирникидан менгаям битта хона топиб беринг!
Совғалар, совғалар…
Фарғонада ўтган ижодий сафаримиз Яйпандан бошланди, дастлаб бир фермернинг даласидаги “Қовун сайли”да иштирок этдик. Бири биридан ширин қовун-тарвузларга тўйгандан тўйганимиз етмаганидек, меҳмонхонада ерсизлар, деб машинамизга ҳам солиб беришди. Кейин билим юртларидан бирида учрашув ўтказдик. Қайтаётганимизда бир қўлтиқдан китоб совға қилишди.
Тадбир мутасаддиси навбатдаги анжуман Қўқон пайпоқ тўқиш корхонасида ўтказилишини маълум қилганида, Эркин ака дўсти Ўткир Ҳошимовнинг қўлини қисиб, тантанавор тарзда деди:
– Сизни олдиндан табриклаб қўяқолай, Ўткиржон. Янги пайпоқ муборак бўлсин энди!
Ҳозиржавоблик
Устознинг бир китобига дастхат ёздирсам, ширин тилаклар битиб, одатдагидек, “Э ВОҲ” деб имзо чекди.
– Агар, “Э В” деб қўл қўйсангиз, янаям бошқача бўларкан, – дея ҳазиломуз гап юмалатдим. – “Э В”ни ўзимизча ёймаласак, “Эл Виждони” деган маъно чиқади.
Эркин ака бу лутфдан завқланиб жилмайиш баҳонасида, бир-икки секунд ўйланиб олган бўлди-ю, дарҳол жавоб қайтарди:
– Мундоқ қараганда, сизникиям чаккимас – А О! Бу – алоҳидаликни билдирадиган “Автоном Округ” дегани.
Бошқотирма
Пишиқчилик маҳали эди. Эркин ака ва турмуш ўртоғи Гулчеҳра опа билан олис сайлга чиқдик. Қўқонда, Марғилонда бўлиб, охири Олтиариққа бордик.
Олтиариқлик раҳбарлар бу ташрифдан хабар топиб, тезда учрашув уюштиришди. Учрашувни тугатиб ташқарига чиққанимизда, “чапаки тирикчилик”ка устамон бир кимса картон қутига хорижий фирма тамғаси босилган, ўша пайтда беҳад танқис саналган нарсани машинамиз юкхонасига тиқаётиб, бу мендан сизга совға, акахоним, дея Эркин акага укахонланиб илжайди.
Ҳар хил нусхаларга тили қисиқ бўлишни хушламайдиган устоз ўша дамда индамай қўяқолган эса-да, бир пиёла чой ичиш учун бизникига кирганимизда, мени ёнига чақириб, деди:
– Бояги одамнинг совғасини тезда уйига ташлаб келинг. Эркин акамнинг сизга бошқа бир илтимоси бор экан, кейинроқ айтаркан, деб кўнглини тинчитинг.
У анча эзма одам, шоиримизнинг қанақа илтимоси бўлсайкин, деб суриштиришга тушса-чи, десам, устоз маънодор жилмайди:
– Эркин акамга битта паровоз олиб бераркансиз, денг. Ўлгунича боши қотиб юраверсин.
Сўнг иягини баландлатиб, тебрана-тебрана кула кетди. Беҳад чиройли эди бу кулгу.
Миллий ғурур
Қўқонда ўтган бир адабий учрашувда маҳаллий шоир Анвар Юнусов: “Эркин ака, Арманистонга борганингизда, республика чемпиони бўлган шахматчини қанақа қилиб ютгансиз?” деб сўраб қолди.
Устознинг жавоби жуда оддий бўлди:
– Ғирт ўзбекча қилиб ютганман!
Муаммонинг ечими
Эркин аканинг ҳар ойда бир марта бўлиб турадиган “гап”и бор эди. Қирқ беш йил давом этиб, охири 2016 йилнинг баҳорида профессор Умарали Норматовнинг ош тортиши билан якун топган бу “гап”га Худойберди Тўхтабоев, Абдуғафур Расулов, Турғун Алиматов, Иброҳим Ғафуров, Раҳматилла Иноғомов, Ҳасанхўжа Муҳаммадхўжаев, Карим Назаров, Эсон Лутфуллаев, Неъматулло Иброҳимов, Ўткир Ҳошимов сингари донғи баланд зотлар аъзо эдилар.
Ушбу товоқдошлик сўнгги нуқтасига етишидан уч-тўрт йил йил олдин Эркин ака: “Бугун мен навбат беряпман, сиз “туёқ” бўлақолинг”, деб мени ўтиришга бошлаб борди. Ўша куни Тахтапул шаршараси биқинидаги ресторанда бўлган зиёфатда кун тартибига бир масала қўйилиб, “гапчи”лардан бир нечаси оламдан ўтиб кетди, энди сафни тўлдириш учун Иқбол Мирзо, Шуҳрат Ризаев, Хуршид Дўстмуҳаммад, Ҳамидулла Болтабоев, Анвар Обиджонни ҳам улфатчиликка қўшсак, деган таклиф киритилди.
Ресторан ёки кафеларда кўпчиликка бу қадар тўкин дастурхон ёзишга чўнтагимнинг доим ҳам қурби етавермаслигини айтишдан иймандим-у, сизлар зиёфатга хотинларингиз билан келар экансизлар, меники ғирт қишлоқи, бунақа аралаш ўтиришларга бориб ўрганмаган, деган баҳонани рўкач қилиб, узр сўрадим.
Бундай кутилмаган гапдан ҳамма туйқус жимиб қолган пайтда Эркин ака даврага қувноққина сўз ташлаб, вазиятни юмшатди:
– Э, содда бўлмай кетинг! Бу ерда ўтирганларнинг биттасиям хотинингизни танимайди. Бизники мана шу деб бирорта базмбозроқ аёлни кўчадан етаклаб келавермайсизми!
Харидоргир ном
Саксонинчи йилларнинг бошроғи эди. Ёшлар нашриётида Эркин аканинг бир китоби босиладиган бўлиб, довруқли шоирнинг асарига муҳаррирлик қилишдек улкан шараф менга ҳадя этилди.
Шеърлар, кимсан, Эркин Воҳидовники! Сўз тугул, ҳатто бирорта вергулни ўзгартиришга кимнинг ҳадди сиғаркан?
Шунга қарамай, қўлёзмани босмахонага бериш орқага сурилаверди. Боиси – муаллиф кунда-кунора фикрини ўзгартириб, топширишга шошмай туринг, китобга бошқача ном қўймоқчиман, дегани-деган.
– Ўзингизнинг кимлигингизни ўзингиз билмайсиз, шекилли, устоз, – дедим охири. – Китобингизга сарлавҳанинг умуман кераги йўқ, шеърхонларга “Эркин Воҳидов” деган ёзувнинг ўзи етиб ортади.
Эркин ака кенг манглайини силаб туриб, майли, унақа бўлса, бу – сўнгги ўзгартиришим, дея кўнглимни тинчлантирди. Тўпламга бошқача ном қўйгач, хонадан чиқиб кетаётиб, эшик олдида озгина тўхталиб қолди. Кейин менга ўйчанлик билан ўгирилиб, сарлавҳанинг умуман кераги йўқ деган гапни жиддий айтяпсизми, дея, одатдагидек, сокин одимлаганича, ортга қайтди.
– Жиддий айтяпман, устоз.
– Бунақа осон йўллари борлигини билмаганаканман, – деди Эркин ака, кўзлари порпираб. – Энди шеър тўқиб овора бўлмасдан, фақат муқовагамас, ички бетларгаям “Эркин Воҳидов, Эркин Воҳидов” деб ёзиб, йилига тўрттадан китоб чиқараверсаммикин?
Ўшанда бу сўз ҳазилга йўйиб айтилган эса-да, аслида, Эркин Воҳидов деган номнинг ўзиёқ, чиндан ҳам, беҳад суюкли, жуда-жуда харидоргир эди. Ҳануз шундайлигича қолмоқда.
Эл орасида бу қадар қадрли, кўрганлар ёниқиб ҳавас қиладиган даражада эъзозли бўлиш бахти барча-барча ойдиндил кишиларга бирдек насиб этаверсин, илойим…
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 10-сон
- - -