Саломат Вафо асарлари

Само рақси.      янги ҳикоя.    Саломат Вафо


Marta o'qildi

Само рақси. янги ҳикоя. Саломат Вафо

      

       ҳикоя  

 Ҳар сафар залнинг хира чироқлари ёриши билан мусиқа чалина бошлар эди.Баланд қуббасимон деворларга расмлар,ёзувлар  тасвири туширила бошлар эди.Деворда сувратга олиш,тасвирга олиш мумкин эмас деган ёзувлар пайдо бўлиши билан тамошабинлар ув тортиб юборишар эди.Форуқ чироқ ёриши билан биринчи қатор учинчи ўриндиқла ўтирган Сеторани кўзи билан излади.Қиз қизил кўйлакда унга тикилиб ўтирганидан кўнгли жойига тушди.Рақс бошланди.Мусиқа баланд  оҳангларда чалинди.Оқ либос,қуббадор фас кийган ўн бир раққос дарвеш аввал таъзим қилишди.Кичик саҳнани майда одимлар билан айланиб юришди.Сўнг ер сайёрасининг кичик бўлаклари каби айрилиб  айлана кетишди.Оқ рангли кенг юпка катта айлана ҳосил қилар,ҳар оёғини алмаштирар чоғида бир тамони пасайиб кетарди.Қўшиқ янграр дарвешлар оппоқ айланага дўнган чоғида,тамошабинлар ҳам юзлаган нигоҳларга айланарди.

13 асрда бу рақс урфга кирган даврда Жалолиддин Румий ўз салафлари билан бозорларда,масжитларда айланган,айланиш баробарида яратганнинг жамолиги кўришга нойил бўлган экан.У даврда юзлаган,элликлаган дарвешлар кўйлакларини туғлар каби ҳилпиратиб катта давраларда айланган экан.Бу  рақс базми ўнлаган,юзлаган дарвешлар билан тонготар палласигача чўзилиб кетар экан.Бу сеҳрли ўйинга асрлардан сўнг Туркия ҳукумати 1954 йили ижро этишга  руҳсат берган экан.

  Аввал  кўп нарса ўз рангида эди.Хансироқлар,терчил пешона,ялтираётган кўзлар бари бир бўлиб айланарди.Само сари юксалган рақс доиралари эндиликда кичик залга сиққан эди.

  Ҳар кун тамошадан сўнг Ситора Форуқни қўшни кафенинг соябонлари остида чой ичиб кутиб ўтирарди.Тамошабинлар тарқалганидан сўнг у ичкаридан чиқиб келарди.У дарвешларнинг оппоқ либоси қуббадор фас либоси кийганидан сўнг энди  замонавий кийимда барча каби оддий  одамга айланиб қолган эди.Тамошадаги афсонавий Форуқдан мардонавор чеҳра,қатъий нигоҳлар сақланиб қолган эди.У қизнинг ёноғидан ўпиб столга жойлашди.

  -Бугун жуда зўр ўйнадинг.

 - Сен борлигинг учун зўр ўйнадим.Кўзимни юмсам оёғим ердан узилиб учиб кетаётганга ўхшадим.Ичим ҳам шувиллаб турди.Юрагимда нур пайдо бўлгандай бўлди.

 - Демак “вале учгайман..” деган фикр тўғри экан.

 - Буни синаб кўрганман,кўпинча тамошада сен бўлсанг,шу хол юз беради.Баъзан кечалари уйқумда ҳам учиб юрган бўламан.Отам ёшлигида ҳам шундай бўлган экан.Буларни қўй Ситора,даданг билан гаплашдингми?.

 - Қўнғироқ қилдим.Ёнида одамлар бўлгани учун гаплаша олмадим.

  Унинг миясига уч йил олдин Ситорани театрда кўргани,илк учрашувдаёқ қиз билан минг йилдан бери бир-бирини биладигандай фикр келди.Йигит ва қизнинг театр ва само рақси ҳақидаги баҳслари сира тугамайдигандай эди.Уларнинг орасида бир кўришдан муҳаббат пайдо бўлган, бу Форуқнинг биринчи муҳаббати эди.

  Форуқнинг отаси Байроқдор ҳам йигирма йилдан бери шу театрда ишлаб,яқинда оёғини бош бармоғини чиқариб уйида ётган эди.Шунча узоқ йиллар ҳеч нарса бўлмасдан,шу бир йил ичида отаси бармоғини иккинчи марта чиқариши эди.Отаси бўйлари баланд,камгап,уйда кун бўйи футбол ва эски турк қўшиқларини эшитиб,кўриб  ўтирар эди.

-         Отангни оёғи яхшими,юрадиган бўлиб қолдими?.Юрса яна ишга чиқмоқчими?.

-         Билмайман.Отам театрсиз ҳаётини тасаввур қила олмайди.Лекин нафақага чиқадиган вақти ҳам келиб қолди.

-         Бутун умр рақс тушиб юрган одам нафақага қандай чиқар экан,-деди Ситора.

Форуқ жавоб қайтармади.

   Йигит ва қиз одам қайнаб ётган,кўча кафе,ресторанларида емак еб ўтирган одамларни оралаб,кафелар олдида ухлаб ётган мушукларни босиб олмасликка ҳаракат қилиб илгарилар эди.Кўчадан турли хил овқатлар,кабоблар,хамир овқатларни хиди тураларди.Одамларнинг шовқин-суръони,овқатга чорлови,машиналарнинг сигнал чалиши ҳавода муаллақ осилиб турарди. Йўловчиларни оралаб ғилдираб келиб қолган  озода ва янги трамвайга чиқиб олишди.

  Иккаласи ҳам кўнгилсиз суҳбатдан ўзларини олиб қочишар эди.Масала шунда эдики,яқинда Форуқнинг отаси Бароқдор Ситоранинг Тошкентда яшайдиган ота-онаси билан гаплашган ва рад жавобини олган эди.Ота-боланинг театрда раққос эканлигини эшитган Ситоранинг ўзига тўқ ота-онаси қизини Форуқга беришга рози бўлмаган эди.

-         Султон Аҳмед майдони, - деган сас эшитилди трамвай микрафонидан.

Йигит қиз қўл ушлашиб тушишди.Ситора гўзал қиз бўлгани учун Форуқ трамвайдаги эркакларнинг нигоҳидан безовталанди.Иккаласи етаклашиб ўзлари кун ора келадиган деворларига Истанбулнинг эски 50 йиллар манзаралари осилган,ретро анжомлар билан безалган кафега киришди.

   Одам кўп,ҳамма столлар банд эди.Форуқнинг трамвайда таранг тортилган асаб торлари бу ерда бардош бера олмади.Жой талашиб қўлларига татировка қилинган эркакнинг юзига мушт туширди.Одамлар шодон вағир-вуғур этиб санчқи ва пичоқларнинг шақирлаган овози эшитиларди.Форуқ қизиққонлигидан бундай ҳолатга тез-тез дуч келишарди.Юз берган кўнгилсизликдан овқат ейиш давомида ҳеч ким бир оғиз гапирмади.Ситора эртанги тамоша ҳақида сўради.Форуқ жавоб беришни истамади.”Кейин..”деди бўғиқ овозда.

   Кафедан чиқиб яна гавжум кўчалардан юриб кетишди.Одатда  кафедан кейин Ситоранинг ижара уйигача пиёда боришарди.Йўлаклар,одамлар,смит ва ранго-ранг шар сотувчилар оралаб юриб боришарди.Буларни борадиган жойини аниқ билгандай кафедаги мушт еган эркак яна бир одам билан  кутиб турарди.

-         Форуқ уришма.Полиция чақирайлик,- деди Ситора.

-         Қанақа полиция,мен уларга одамни панада пойлашни кўрсатиб қўяман.

Форуқнинг ўзига ишонишида асос бор эди.У театрда ишлаш билан бирга қўл жангига қатнашар,фильмларда ҳам жанг саҳналарида қатнашиб яхшигина ҳақ ишларди.

  Бориши билан татировкали эркакни айланиб сакраб кўкрагига тепди.Сакраганда сал кам икки метр баландликка сакради.Буни кўрган мушт еганнинг шериги қочиб кетди. Форуқ яна кетма-кет ҳавога сакраб тепиб    йиқилган одамнинг туришига йўл бермади.

  -Форуқ бўлди,бўлди,бас энди,-деди ҳаяжонли овозда Ситора.

  Форуқ пиджагини Ситорадан олди ва юриб кетди.

-         Мен уни иккинчи марта одамга тарғилмайдиган қилишим керак эди.

-         Мени ҳайратда қолдирдинг Форуқ сен икки метрга яқин баландликка сакрадинг.Илгари ҳам бундай баландликка кўтарилганмисан.

-         Ўзим ҳам ҳайратда қолдим.Илгари бундай баланд сакрамаганман.

-         Бу рақсингнинг таъсири..сенда ғайри оддий куч пайдо бўлибди.Эртага неччида тамоша?.

-         Вақти ўзгармаган.Делегациялар келгани билан тамоша ўз вақтида бошланади.

-         Мен сен кетгунча қараб тураман.Ҳалиги татировкали одам сенга яна ёпишмасин.

-         У одам энди менга ёпиша олмайди.Осилса қанақа калтак ейишини билиб олди.Эсингдами аввал гул бозорида ҳам бир муштлашув бўлган эди.

-         Эсимда,аммо сен унда бундай сакрай олмаган эдинг.

Қиз ижара уйига кириб кетди.

Бугунги дарвешлар театри  тамошаси  бошқача бўлди.Тамошабинлар ичида оёғи боғланган Байроқдор,одатдаги ўз ўрнида Ситора ҳам ўтирибди.Айлана шаклидаги саҳна четида қора либосда,баланд,баланд фас кийган созандалар дастаси ўтирибди.Улар паст овозда қўшиқ куйлашарди.Кичик байроқча кўтарган гид бошловчилар ўзлари билан мехмонларни олиб келишди.Зум ўтмай зал тўлди.Одамлар зал бўйлаб юришар,бир-бирлари билан аста гаплашиб ўтирарди.Сокин қўшиқ янграр,яна деворда расмга олиш,суратга олиш таъқиқланади деган ёзув пайдо бўлди.

  Зал чироқлари хиралашиб дарвешлар чиққан саҳна ёритилди.Оқ либослар, баланд жигарранг  фаслар билан раққослар майда қадамлар билан саҳнани айланишарди.Қўлларини кўкрагига чамбарак қилишиб таъзим қилишди.Қўшиқ товуши кўтарилиб ўн битта раққос қўлларини самога кўтарганларича айлана бошлашди.Дарвишларнинг ҳаммаси оқ либосда бўлгани учун уларнинг ичидан Форуқни ажратиб олиш қийин эди. Аммо Ситора билан Байроқдор сафда биринчи бўлиб турган Форуқни аллақачон топиб олган эди. Кекса раққос оёғининг оғриғини, энди рақсга туша олмаслик азобли ўйларини  ҳам унутган эди.

   ”Бисмиллоҳи раҳмони раҳийим..” дея куйларди қўшиқчи.

  Тамошаларда фақат диний қўшиқлар куйланар эди.

   Форуқ айланиш баробарида кўзини юмди.Кўз олдига “дадам тўйга рухсат берди.Апрелда тўй..” деган Ситоранинг кулган юзи келарди.Бу хабарни қанчалар кутган эди.Отасининг қувонишини тасаввур этди.Бундай  ҳаёллар уни янада илҳомлантирар эди.Кўзини очиб қизни изламоқчи бўлар,аммо,онг ости сезимлари унга “уч,учавер..” деган буйруқ берарди.Соз оҳангига монанд театр ичи ҳам айланар,юзлаган одамлар,юзлаган нигоҳларга айланган эди.Отасининг қўллаб-қувватловчи нигоҳларини ҳис қилди.Буларнинг ичида Форуқ учун азиз нигоҳлар бор эди.Форуқ юмилган кўз билан ҳам нигоҳларни, хира қизил чироқларни кўриб турарди.”Алҳам дуруллаҳ раббил аламийн..”дея куйларди қўшиқчи.Форуқ айланар,қўлларини само сари кўтарар,ичида оловли бир тўфон уйғонарди.Дарвеш раққослар айлана-айлана ўн бир оппоқ доирага айланиб қолган эди.

  Форуқ кўзини юмди.Юзлаган нигоҳлар эди унинг ичига кўчган эди.Ичидаги оловли тўфон энг юксак даражага кўтарилди.Йигитнинг бақувват,навқирон оёқлари ердан узилди.У ердан икки газ кўтарилганча айланарди.Энди у тамошабинларни юқоридан кўрар эди.Театрнинг қуббасимон шифти остида ўн битта ер шаридай ажралган сайёралар улуғ парвозга тайёрланиб айланарди,айланарди.

  Декабрь 2023.

  Тошкент.

- - -


< Orqaga qaytish