Адабий тадқиқот

Руҳнинг бошқарилиши.  тақриз.  Гўзал Бегим.


Marta o'qildi

Руҳнинг бошқарилиши. тақриз. Гўзал Бегим.

 

Наср ҳақида гапириш ўқувчидан бирмунча бошқа ўлчамларни талаб қилади. Ёзувчи наср ёзар экан сюжет чизғини топа олиши, қаҳрамонлар табиати ва психологик ҳолатларидаги изчилликни таъминлай билиши,  сўздан фойдаланиши, образлар ортидаги кўповозлилик, матнни эмас матн ичидаги ҳаётни бошқара олиши муҳим саналади. Бу ўринда ёзувчининг эпик, лирик, трагик, поэтик мақсадлари матнни ичдан ва ташқаридан таъқиб этади.

Баъзан ўзбек аёллар прозаси, дейилганда ортга тисарилиш рўй беради. Негаки, наср назм эмас, туйғунинг ёки кайфиятнинг қуюни билан ёзилмайди. Лаҳзанинг портрети ҳам эмас! Унда қаҳрамонларнинг орзу-ўйлари, истаклари, руҳиятида кечаётган бўронлару тўфонлар, ортга чекинишлари, руҳоний емирилишлари барчаси  ёзувчи бирга юради. Ёзувчи бу ҳолатларни киши билмас бошқаради. Поезднинг вупиллаб юришида, саҳроларнинг ўтмиш куйларини орқалаб елишида, қаҳрамонларнинг ноинтеллектуал суҳбатларида, асрий фожиаларнинг сокин елишларида – ҳар бирида ёзувчи кўринмас одам каби иштирок этади. Буларнинг ҳар бири – меҳнат, ўзгаларга маърифий, руҳий, интеллектуал роҳат берадиган машаққатли меҳнатдир.

Эҳтимол, аёллар насрнинг юки оғирлигидан эмас, аёлнинг жамиятда ва оилада белгиланган табиий вазифалари ҳаддидан ошганлиги учун бу соҳада унча-мунчада бўй кўрсатишмас. Балки аёллардаги  эмоция вулқонининг шитоби  наср ичидаги ботиний боғлиқликларни, вазминликни  издан чиқариб юборилишига олиб келар. Шундан унча-мунчада аёллардан ёзувчи чиқавермас. Лекин бу дегани аёл ёзувчи йўқ, дегани эмас.

Саломат Вафонинг номини мен илк бор “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган “Нотаниш” ҳикояси орқали билганман. Ўқувчи эдим. Мана ўттиз йилдан ошибдики, унинг ҳикояларини, романларини ўқийман. Ўқисам ҳам ичида оқиб ўқийман.  Ўзбек адабиётида роман ёзган илк аёл ёзувчи сифатида қадрлайман. Саломат Вафонинг “Фарида” ҳикоялар тўплами (1989), “Ўзини излаган аёл” қисса ва ҳикоялар тўплами (1991), “Кўнгил фариштаси” қиссалар тўплами (1997), “Тилсим салтанати” (2004), “Оворанинг кўрган-кечирганлари” романлари (2008), “Қора бева” (2009), “Номсиз кема” (2015) ҳикоялар тўплами нашр этилган.  Тўғри, уларнинг номини санаб ўтиш энг примитив иш. Бироқ у ҳикоя ва романларнинг ичида юзлаб одамларнинг қалб чинқириқлари, руҳий ҳайқириқлари, ҳаётга бой  мулоқотлари бор. Ёзувчи бирор саксовул ёки барҳанлар ҳақида гапирар экан, оддий шу ҳолатларда ҳам ўтмиш тафсилотларини кўрасиз, саксовуллар шунчаки бугунги эмас, Нажмиддин Куброми, Огаҳийнингми замонидан бугунги табииий борлиққа восила қилинганлигини тушуниб етасиз.

Тилшуносликда интерматн ва интерматнлилик, гиперматнлилик,  деган истилоҳлар бор.   Интерматн истилоҳи Михаил Бахтин таъсирида фаранг олимаси Юлия  Кристева томонидан киритилган. У биринчилардан бўлиб бадиий матнни полифоник структура сифатида баҳолаган. Кристева таъбирича матн бу – матнлар ва кодларнинг ўзаро боғланишидир. Содда айтилганда интерматнлилик бир матннинг бошқа матн ичига кириб кетишини англатади. Модернизм ва постмодернизмда бадиий матн қурилиши жудаям муҳим. Яъни бунда “ҳамма нарса аллақачон айтиб бўлинган,  яхшиямки, ҳаммаси ўйлаб топилмаган”, деган қоидага амал қилинади. Шу жиҳатдан олиб текширадиган бўлсак, Саломат Вафонинг асарлари интерматн асосига қурилганлигини кузатиш мумкин. Буни матнни сунъий мураккаблаштириш билан чоғиштириб юбормаслик лозим. Чунончи, Саломат Вафонинг бадиий матнлари бундан мутлақо мустасно.

Уларга хос бўлган сифат ва фазилатлар ниҳоятда кўп. Саломат Вафонинг насрида тасвир ҳаракатланади, ҳолатдан ҳолатга кўчади. У от оёқ товушларини, шамолнинг бўронга айланишларини, одамлар ички оламидаги мулоҳаза мадораларни берар экан уларнинг ҳаракатини кўрамиз, сўз табиати одам табиати билан яхлитлик касб этишини кузатамиз.

Саломат Вафо насрига хос бўлган иккинчи бир жиҳат эса тасвир предметларнинг тарихийлигидир. Саломат Вафо шамол ҳақида сўз юритганда бу ўша Даққи Юнус замонидан эсаётган шамоллигини, саҳролар хусусида ёзганида Чингиз  юриб ўтган чўллар ҳали ҳам тириклигини, сув ҳақида сўз юритса, Жалолиддин отининг туёқ излари Аму тўлқинларида ҳалиям яшаётганлигини уқиш қийин эмас. Чунки, қадийм-қадиймдаги ўша чўл, ўша ёмғир, ўша сабоҳни даврлар қаъридан ниҳоятда чапдаст сўз билан суғуриб ола олади. Тасвирларига иккита – қадимий табиат ҳодисаларини бир вақтнинг ўзида замонавийлаштиришнинг усулларини сингдириб юборади.  Шу учун ҳам Саломат Вафонинг энг замонавий ҳикоялари қаъридан ҳам тарихий садо эшитилади.

Ғалати эди бу халқ. Етти ёшдан етмиш, саксон, тўқсон ёшгача, гадосидан тортиб подшосигача ўтда ҳам, сувда ҳам ўйнайверади. Россиянинг аллақайси шимолий шаҳарларда ишлайдиган хоразмликлар таёқ, тоғораларни чалиб қўшиқ айтгани интернетларда айланар эди.   Балки ҳаракатлар имо-ишоралар билан дунёга бор дардини айтиш учун масхаравоз бўлиб ўртага тушар. ”Чағаллоқ”, “Норим-норим”, “Мўри”, “Хубимбой”, ”Сурнай Лазги”си  ўйинарини ўйнар. Тўйларда  оқ, қизил, кўк рангли қурамиш  чакмон, эчки терисидан  тумоқ кийган масхарабозлар оёқларини икки томонга тарвайтириб “торолло..лилло..ло..лилло..торолло лилло ..ло.. лило..” дея “Ашшадароз” ўйинини ўйнар. Куннинг ҳар соатида  сурнай, қўшнай, буламон оҳанглари харратлар жамидан кўкка ўрлаганда, Хоразмнинг  бир томони Қўшкўпир, бир томони Хивагача бўлган   жами масхаравозлари қўзғоларди.

  Торолло ..лилло..лололло...торолло ..лилло...

Бу Саломат Вафонинг “Масхарабозлар ўйини” ҳикоясидан олинган матн. Фожианинг турли чолғу асбобларининг товуши асносида акс эттирилиши мени лол қолдирди.  Одатда наср таҳлилига киришилганда, сюжет воқеаларидан оғишмай боришга ҳаракат қилинади. Ҳикоя ёки қисса нима ҳақида? Ёзувчи нима демоқчи? Ҳикоя нима билан бошландию, қайси воқеалар билан тугади? Йўқ, мен учун ҳикоянинг сюжет чизиғи унчалик муҳим эмас. Қаҳрамонлар тақдирларининг бир ўзгаришдан иккинчи бир ўзгаришга юз тутиши мени севинтира ёки қайғуга сола олмайди. Муҳими, ёзувчининг “пишқирган поезд товуши”ни ўқувчи юрагида садо беришини таъминлай олганидир. Тасвирларни, ҳолатларни, характерларни, кўп овозли образларни ярата олганида, деб биламан.

“...Дунё тоғ-денгизлари, дарё, саҳро, осмон  сирлари, қайғулари, армонлари,  ойналардаги кўз ёш излари, миллионлаган оғир тақдирлари, соғлар,  хасталар,  юрагида ишқ ёнган  ёшлар, емак ва ҳожат тақдири билан яшайдиган қариялар,  йигирма биринчи асрнинг  ноноқуролли қотиллари, табассум қилаётган гўзаллар, ухлаб ётган гўдаклар мусаффо қисматини орқалаб қўзғалди.   Дунё  тезлашаётган учоқдай   даҳшатли парвоз олдидан титраб жазавага тушарди.  Кундузи барханлар ортига биқинган саҳро    қуюнлари қўзғалди: шамол  минг йиллик кекса осмондан олов мой товали  қуёшни қувиб,  аллақандай оч нигоҳли улкан  асотирдаги ерга қўнмас қушлар билан  юлдуззор фалакда номаълум тарафга..балки дунёнинг сирлари томон учиб боришарди...”

Саломат Вафо асарларининг гипнотик кучи ўқувчини эсанкиратиб қўяди. Сеҳрлайди. Воқеаларни саралашга, ижтимоий ва руҳоний зил-замбил юкларни алмаштиришга, психологик чоҳларни саёзлаштиришга имкон қолдирмайди. Бадиий оқимга қўшилиб оқиб кетасиз, қай томон оқаётганингиз маъносини йўқотади.

Ёзувчининг қаҳрамонлари ҳар бир мавжудликнинг ичини, ички томонини  кўрсатади. Воқеалар нуқул ичкарида давом этади. Одамларнинг ўйлаётганлари, фикрлаётгани, ғазабланаётгани, унинг ботиний оламида ҳамма товуш ёки ҳолатларнинг қоришиб кетиши баён этилмайди, кўрсатиб берилади. Шунинг учун ҳам Саломат Вафонинг ёзганларини ўқиганда туялар туёғининг қумда қандай товуш чиқаришини, чолғу асбоблари фақат кайфият кўтарувчи эмас, балки инсон юрагининг энг тубидаги йиғиларни ташқарига олиб чиқишини, табиатдаги жонлиқлар ва онгли мавжудотлар орасидаги масофа у қадар катта эмаслигини ич-ичидан кўрамиз. Ҳатто одамлар у ёки бу табиат мавжудотлариними, тасвирлар экан, ҳар бир тасвирида унинг ирқи, насаби, характери кўринади. Одам-қаҳрамонларни тасвирлашга киришганда тасвирнинг ўзидаёқ унинг агар ўзбек бўлса, қарлуқми, қипчоқ ёки ўғуз эканигача амин бўламиз. Яъни Саломат Вафо бу деталларни айтмайди,  тасвир орқали матнга сингдириб юборади.

Саломат Вафода бўлаётган воқеа – ҳодисаларни инсон ички оламида ва кўз олдида кечаётган боғлиқликларни очиқ, боридай тасвирлайди. Тасвир объектини, ҳолатларни сунъийлаштирмайди.

“..Қўла тушсанг... палон атамиз сани..”, деб бақиришди ёш тулки тумоқлилар.

“Ер ютсин баринги бижғиғонла... сосила”, деди аранг лашкар қиз тишлари совуқдан тақирлаб.

Ёки

Шу пайт ингичка ияк бўшаган пиёлага, тасма билан боғланган иштонининг ичида қолиб, шалвираб ётган эркаклик олатини топиб, бўш косага “дизз”, этиб сия бошлади. Кўпирган сийдиклар занжирбанд  хотиннинг этакларига, қўлларига сачради.

“Илойим чуккинг  чириб узилиб тушсин”,  атрофга ачимсиқ сийдик ҳиди тарқалди.

Тўғри, анъанавий насрга кўниккан ўқувчи учун бу “яланғоч” тасвир, кишини сескантиради. Жирканч ҳолатлар ифодаси. Бироқ кўраётгани, ҳиссий идрокида акс-садо берган ҳолатларни ёзаётган ёзувчига “ғарбона яланғочлик” тамғасини ураверишга танаффус бериш керак. “Фалонини фалон этиш” ёки “диз эттириб” бавл қилиш учун ғарблик ёки шарқлик бўлиш шарт эмас. Қолаверса, ҳеч бир миллат адабиёти учун тасвир ва тасаввур обеъктларини ифодалаш чеклаб қўйилган эмас. Шу маънода Саломат Вафонинг бу ва бу каби бошқа тасвирлари, ифода усуллари на сизнинг эстетик дидингизни саёзлаштиради, на сунъийлик ва носамимийликни бош мезон қилишингиз учун имкон яратади.

Биламиз, ҳар бир асар ўзининг бадиий имкониятларини тил заҳиралари орқали ифода этади. Тил заҳираси бу – шевалардир. Бу борада биз Матназар Абдулҳакимнинг Хоразмнинг ўғуз лаҳжасида яратилган “Бир қужоқ гул” туркум шеърларини яхши биламиз. Зотан, Матназар Абдулҳакимдан сўнг шевада шеър ёзиш анъанавий тус олди.

Саломат Вафонинг қаҳрамонлари ҳам соф ўғуз лаҳжасининг хоразм шевасида гаплашадилар. Айниқса, қаҳрамонлар диалогидаги, ёки ичида кечаётган ўйларнинг хоразм шевасида берилиши асарларнинг жозибасини оширган. Тилини бойитган. Географик тилсимларни ифшо этган. Зотан, бугунги кунда хоразмларнинг ўзлари учун ҳам ётлашиб бораётган хоразмча сўзлар асарлардаги воеликни, ҳолатни, руҳоний жараёнларни чуқурроқ илғашда кўмакчи бўлади.

Эй, на дийсан, Ойжон, аввалги вахтла ўтиб гетди гарак. Аваз Ўтарни битирган тўққизинчи синфларни етмиш фоизи қўнгши овоси  билан  лицейа бормиди, кўпи Қозоқа, Россияга иша гетган. Қийизлани ҳар қишда йигирма-ўттизни ара барадила, чунки йигитлар ёз бўйи дунёни тўрт тарафида ишлаб пул топиб қишда тўй атади. Ҳозир ўн етти ёшли қизлани бирдан, иккидан боласи бор.

Саломат Вафо ана шундай тарзда шевада асарларини жонлантириш орқали халқнинг ўйларини, дардини, фарёдини бўяб-бежамай, ўз ҳисларида қайта ишлов бериб бадиий асарга айлантиради. Бугунги ижтимоий безовталиклар, миллий ташвишлар воқеликларга эмас, балки тасвир ва ифода қатимларига муҳрланди. Саломат Вафонинг ҳар бир ёзган матнида миллий изтиробнинг, миллат учун жонфидоликнинг сурункали ифодасини кўриш мумкин. Ёшларнинг оқ-қоранинг фарқига бормай эрга тегиб кетиши, кучга тўлган йигитларнинг чет элларда қулликда юриши, орол кемаларининг қариялар учун ўриндиқ вазифасини бажарувчи буюмга айланганлиги, миллий кемтикликлар, маърифий қаҳатчиликлар – буларнинг ҳаммаси Саломат Вафо ҳикояларида ўзига хос тарзда, ўткир таъсир этувчи  воситалар орқали ифодалаб берилади. Шунинг учун ҳикояларда куйлар йиғлатади, рақслар қайғуга чўмдиради, тез-тез  дуч келадиганимиз тақлид товушлар жамият ва  жамоатнинг ботиний кўриниши янглиғ  тушунчаларни пайдо қилади.

Ўзбек адабиётида руҳ бошқарувчиси дея талқин этилган Саломат Вафонинг ҳикоялари  миллатимизда бир неча авлод китобхонларни тарбиялаб вояга етказгани аниқ. Шиддатли тасвир, тафаккур об-ҳавосидаги ўзгаришларнинг ўзига хос акс этиши, инсон руҳияти ўпқонларидаги талвасалар кўриниши Саломат опанинг ҳикояларида паҳлавонлардек сўз майдонига отлиқади.

“Музлаткичда туғилганмисан?” дея шеригига савол беради Саломат Вафо қаҳрамонларидан бири. Чунки унинг ҳар бир қаҳрамони ёниқ юракли, ичида қуёшни кўтариб юради.

Кутилмаган туйғулар оқими, кутилмаган тасвир ва кутилмаган ифода ёзувчининг асарлари ичидан олмосдек ярқирайди. Асарлардаги табиий куч ва табиий босим кузда дам олиб баҳорда кўкаришга мойил турган дала монанд руҳимизда яшиллиншга мойиллик ҳисларини яшнатади.

Саломат Вафо ана шундай ёзади. Баъзи ёзувчиларнинг ҳикояларини ўқир экансиз, улар наср қолипини, воқеалар занжирини яхши эгаллаганига амин бўласиз. Шу учун ҳам бир ҳикояси иккинчисидан у қадар катта фарқ қилмайди. Ясаб ташлайди.  Саломат Вафода эса тамоман бошқача. Узуқ-узуқ занжирлар гоҳ уланади, гоҳо узуқликлар орасида ҳам ҳаёт қаппайганча кўриниб тураверади. Ёзганларидаги  ҳар бир манзарада эса тархий мусиқа эшитилади, поэзия куйлайди. Хотираси тикланган одамнинг эсдаликлари каби қадрдон, ёрқин ва ёднинг ковакларидан излаб топилган қийматли эсдаликлар улар. Ва сўзларнинг инсон томирида қон каби тўлқин уриб оқишига ишонасиз.

Саломат Вафонинг ҳикоялари ўтган жамийки асрларнинг, яшаб ўтган инсон қавмининг руҳониятида чаққан чақин каби зеҳниятингизни ёриштиради, маърифий-ҳиссий тўқималарни тирилтиради.

10 сентябр  2023 йил.

 

 

- - -


< Orqaga qaytish