Саломат Вафо асарлари

Оҳанг.    янги ҳикоя.  Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Оҳанг. янги ҳикоя. Саломат Вафо.

       Гулширин дарахтлар ичидаги ўриндиқлар орасида жонхалак югурарди.Унга икки-уч нафар энага қизлар ҳам эргашган дарахтзорнинг у ер,бу еридан “Эжи,Эжи” деган товуш чиқаришарди.Энагалар ёш болалар ва қарияларга қараш учун Марказий Осиё мамлакатларидан Туркияга келган ўзбек,туркман,қирғиз аёллари эди.

  ”Эжи,Эжи”дея олди нафаси оғзига тиқилиб.Гулшириннинг кўз олдига йўқолган кампирни излаб полиция машиналари келиши,одамларнинг тўпланиши,кампирнинг ўғлини уни қийин-қистовга олиши келди.Бу хотиралар оғирлигидан гўё гавдаси мийшайиб кетгандай шу яқиндаги ўриндиққа  ўтирди.Ўнлаган йигирма беш қаватли  уйлар орасида дарахтлар ва гуллар экилган,тупроғига чим ётқизилган боғча ташкил этилган эди.Боғчанинг ўртасида учта катта -кичик ховузлар қазилган бўлиб,мовий ранг ховузларга панжарали кўприкларнинг акси тушиб турарди.Кўм-кўк майдоннинг марказига ўриндиқлар ўрнатилган бўлиб,энагалар ва болалар кун бўйи офтобрўяда ўтиришарди.Майдон атрофида каттароқ ёшдаги  мактаб ўқувчилари футбол ўйнашар,олти-етти ёш болалар велосипед ва ўзиюрар аравачаларни миниб юришарди.Кўп қаватли уйлар ораси болаларнинг қий-чувига,энагаларнинг ҳайҳайлаб туркча чақириқларига тўла эди.

  “Мигрос” супермаркетидан озиқ-овқат келди” деб телефон қилишди.Қизларга Эжи онага қараб ўтиринглар деб уйига чиққани,қайтиб келса  кампир йўқ.Болалар билан чиққан энага қизлар гап билан овора бўлиб кампирга қарашмаган.Ҳаёли жойида бўлмаган Эжи хола қаёққадир кетиб қолган эди.

   Тиззалари ўз-ўзидан қалтирарди,оёқ-қўлининг томирлари тортишиб қолгандай бўлди.Энди кўз олдига кампирнинг  ерда ётган  жонсиз танаси келарди.Ана полиция ходимлари келиб Гулшириннинг қўлига кишан тақишади.Ғаразли ният билан кампирни йўқотган деб айб қўйишади.

   Бу кампирга қарайман деган кунига минг ланъатлар бўлсин.Чақалоқ парваришлагани минг марта аъло эди.Гўдакнинг қорнини тўйғизсанг ухлаб ётаверади. Эси оққан Эжи кампирга ўхшаб бир ёқларга кетиб қолмасди.

  Шу он телефони жиринглади.Аёлнинг юраги шувиллаб кетди.Яхшиям бу пайтларда кампирнинг ўғли телефон қилмасди.Телефон мониторида қизим Севинч деган ёзув кўринарди.Ҳозир қизи билан гаплашиш ҳам кўнглига сиғмайди.Қизи онасига тузламаларни ёпдик деб қўнғироқ қилаётганди.Гулширин памидор,бодринг,боқилажон қайласи, турли салатлар ёпиш учун пул жўнатган эди.Улар шуни тайёрлатиб онасига хабар бериш учун қўнғироқ қилаётган эди.

  Кейинги вақтларда Эжи холага ўрганиб қолган эди.Кампирнинг асл исми Элонора бўлиб уйидагилар уни Эжи деб чақиришарди.Элонора мактабда француз тили ўқитувчиси бўлиб,ўттиз йилга яқин  дарс берган эди.Энди нафақага чиқиб бундай касалликка дучор бўлиб ўтирибди.

  Америка қонунларида ўн беш йил мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган одам президентликка номзодини қўя олмас экан.

  Америкаликлар тўғри ўйлашган экан.Элонора ҳам мактабда дарс беравериб хотирасини йўқотиш хасталигига билан оғриган эди.Эжи кампир ейди,ичади,аммо ўзининг кимлигини билмайди.Саксон йиллик ҳаётида ҳамма нарсани унутган эди.Ўзи яшайдиган уйни,кириш-чиқиш йўлакларини,ҳамиша гавжум бўладиган боғчани ҳам унутган эди.Қўшни кўп қаватли уйда оиласи билан турадиган ўғлини ҳам баъзан танир,баъзан тинимасди. Кайфияти яхши бўлган вақтларда ўғли билан бинойидек арман тилида гаплашиб ўтирарди.Ғалати парадокс шунда эдики,Эжи хола ҳамма нарсани унутган бўлса ҳам арман тилини унутмаган эди.Арман тили унинг она тили эди.Баъзан Гулширин кампирнинг қўшиқ хиргойи қилганини эшитиб қоларди.Бундай пайтда ҳаяжонланиб Эжининг ўғлига қўнғироқ қиларди.

  -Онангиз тузалиб қолдими,дейман.У арманча,французча қўшиқ куйлаяпти.

  - Менга иш пайтида телефон қилма,бўшасам ўзим бораман, дерди ўғли.

  Шундан сўнг Эжи хола арманча  куйласа ҳам ўғлига қўнғироқ қилмайдиган бўлди.

   Вужудининг титроқлари ҳали босилмаган эди. Кўп қаватли уйлар орқасидаги йўлдан полиция машинаси чинқириб суръон солиб ўтди.Вужудида полицияга боғлиқ хотиралар уйғониб,беиҳтиёр ўрнидан туриб кетди.

  Кампир боғча майдондаги ўриндиққа қайтиб келганмикан.Дарахтзорлар ичидан умид билан боқди.Майдондаги ўриндиқда Эжи хола кўринмасди.Шу маҳал кўк деворли чирмовуқ ўсимликлар ортидан энага қизлар пайдо бўлишди.

-         Эжи хола бу ёқда йўқ.

-         Ярим соатнинг ичида қаерга кетган бўлиши мумкин.

-         Ер ости машина тураргоҳига кирган бўлиши мумкинми?.

  Энага қизлар чуғурлашиб  Гулшириннинг ёнига ўтиришди.

-         Уйга борадиган йўл тарафларни қараб келай, - дея Гулширин ўрнидан турди.

Гулширин йўлга тушганида қулоғига пионина овози эшитилди.Пионина товуши қўшни уйдаги Элонора  кампирнинг ўғлининг уйидан келаётган экан. Масала шунда эдики,Эжи хола бу кўпқаватли уйга кўчиб ўтишидан олдин шу уйнинг биринчи қаватида ўғли билан яшар эди. Кампир саксон ёшида  ўзини эплай олмай қолганидан сўнг,уни энага билан ижара уйга чиқаришган эди.Ўғли билан келини шундай қарорга келишган эди.Кекса онасини ижара уйга чиқариб юборишганини урф-одатлар тасирида улғайган Гулширин қабул қила олмас эди.Уларнинг қишлоғида қўшнининг қари онаси,ёки қайинонасидан хабар олиб туришарди.

  Пионина Элонораники бўлиб авваллари байрамлар,тўғилган кунларда у арманча,французча қўшиқ айтарди.

  Гулшириннинг кўз олди равшанлашиб ёруғланиб кетди. Балки,кампир пионина товушини эшитиб бу ерга келган бўлса-чи,эшикни топа олмасдан айланиб юрган бўлса-чи...Гулширин чопиб кетди,юзига ерга тегай деган мажнунтол шоҳлари урилди.Не кўз билан кўрсаки, Эжи хола боққа қараган болкон ёнидаги ўриндиқда мунғайиб ўтирарди.Унинг серажин юзида кўз ёшлар юмаланиб тушарди.Элонора пионина  оҳангига ҳамоҳанг аллақандай арманча қўшиқни хиргойи этарди.Болконнинг қия очиқ деразасидан  пионинанинг ёқимли саслари кўкка  юксаларди.

   1-7 декабрь 2023 йил.

     Тошкент.

 

 

 

 

 

 

.

- - -


< Orqaga qaytish