Шеърият


Marta o'qildi

"Суратларимизни юбордим ёқиб"...шеърлар. Феруза Хайруллаева.

 

Феруза Хайруллаева 1993 йили туғилган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Биринчи китобим» рукнида «Қақнус парвози» номли шеърий тўплами чоп этилган.

* * *

Ҳар кечада кечикмас удум –
уйқусидан уйғонади тун.
Руҳим тинмай потирлар ҳозир,
Ёлғизликка ясалмиш якун.

Деразани эгаллайди ой,
Девор эса тисланар ортга.
Кўк чайқалар, гўёки кимдир
Елкасига дунёни ортган!

Ел келтирар осмон атрини,
Кўзим тўқнаш келар фараҳга.
Юрагимда айланган калом
талаффузда айланар бахтга…

Ва пешонам ёзиғи билан
Имзолайман – ер юзи гувоҳ!
Лабларимдан сирғалиб кетар
Кўзларимга кўмилган гуноҳ!

* * *

Ҳар кун…
Чиқиллайди соат борича,
Ясолмайди ўзидан бахтни.
Ирғитаман ўргимчак каби
Билагимга илашган вақтни.

Хаёлимга чўкаман оғир,
Курагимга савол ботади.
Тиз чўкаман юракка охир
Ва кўксимдан тонглар отади.

Қуш тилида сўзлар кўзларим,
Ҳовучимга тўлади исминг.
Кўзёшимга инади титроқ,
Йўлга дўнар савдойи жисмим…

Шунда гуллар ойнинг нигоҳи,
Деворларга забон битади.
Ва дарахтлар уйқу аралаш
Кўзларимга кириб кетади.
Ҳар тун…

* * *

 

Яхшики, хотиранг бор,
Унда сен бахтли –
Мендан аямайсан ширин сўзингни.
Ва ҳаддим сиғади ҳар куни тонгда
суратингга кулиб салом бергани…

Овозинг ахтариб қолган шу кунларимда
мойчечак ифори ёқади менга.
балки бу ифордан яралгандир
сенинг овозинг!?

Тошкент авайлайди ҳатто мени ҳам,
Бағритош деганлар бироз ёлғончи,
Ахир, асраяпти бағрида сени…

Ҳар кеч тушларимда йиғласам,
мойчечак ифори таралар.
Барибир уйғонгим келади тонгда,
Сен мавжуд Тошкентни кўргани…

* * *

Болалик чоғимда
раҳматли бобом
ҳовлимиз ортида турган қирларни
кўрсатиб дер эди:
«Мана шу қирлар
бир кун тоғ бўлар!
Агар одамлар
устига чиққанча тепкилашмаса».

Қўлтиқ таёғида қийналмай юриб
(мен шундай ўйлардим ҳар ҳолда),
Қирнинг этагига элтарди мени.

«Қара», – дерди, жимирлаб турган
жимитдай булоққа ниқтаб бармоғин.
– Мана шу булоқ,
ҳаммага етар,
агар одамлар,
Бўғиб қўймасалар ёшли кўзини…

Бу гапларга анча вақт бўлган.
Булоқ қуриб битди,
Бобом ҳам…
Қирлар нима бўлди дерсиз,
Қирла-ар!
Қирларни соғинаман!
Бироқ, боргим келмайди
қишлоққа сира.
Борсам йиғлатар –
Ўз бўйидан ошмаган қирлар!..

* * *

Суратларингни ёқиб юбордим…
Мусиқа тингламай қўйганман
аллазамонлардан буён.
Кўз ёшларимни қайта — қайта
ичкарига қамайверяпман.
Яна…
Яна яшаяпман!
Нафас олгим келмаса ҳам,
Яшайверяпман!
Осмонни яқин қилиб қўйдим,
Ерни юмшоқроқ.
Армоннинг номини сочимга боғлаб,
Жамалак қилволдим ярашмасада!
Соатларга қарамаяпман,
Ойнанинг юзига дастрўмол ёпиб,
Суратларингни,
суратларимизни юбордим ёқиб…
Унутмаслик учун Сени ўлгунча…

ziyouz

- - -


< Orqaga qaytish