Маданият, санъат

Ойна.               янги ҳикоя.        Саломат Вафо


Marta o'qildi

Ойна. янги ҳикоя. Саломат Вафо

   

   Денгиз тинмай шовулларди.Кўпикли тўлқинлар соҳилга яқин жойда пайдо бўларди-да,қирғоққа бирин-кетин урилиб яна орқага қайтарди.Ҳали биринчи тўлқин орқасига қайтмасдан денгиздан яна юзлаган тўлқинлар келарди.Булар дақиқа  сайин,кунлар,ойлар,йилларки, шу таҳлит қирғоққа ураверарди.Мангу тўлқинлар,кўм-кўк осмон,кўкда парвоз қилиб юрган оқиш ранг бўрон қушлари яхлит бир гўзаллик пайдо этганди.

  Аммо бу гўзалликни ҳеч кимга қизиғи йўқ эди.Қирғоққа яқин жойлашган уч қаватли хашаматли ,кўм-кўк ховузлари ялтираб кўринаётган сарой саҳнида одам кўринмас,деразаларнинг пардалари  тортиб қўйилган эди.Уч кундирки,саройга сукунат чўккан.Эсра Сабанжи оиласининг беш нафар ўғли саройнинг турли хоналарида компютер,телефон ковлаб ўтирарди. Кимлардир бекорчилдикдан ҳали ҳам уйқудан уйғонмаганди.

   Эсра хонимнинг ўзи ҳам бу хабарлардан   нохуш ҳис қилиб,шаҳарнинг кибор оқсуяклар даврасига қўшилмай қўйди.Оқсуяк хонимларнинг сўровларига жавоб беришга тоқати йўқ.

  Унинг денгизга қараган ётоқхонасининг катта деразаларидан сувнинг намли ҳаволари кирар,осмон ва денгизнинг чексиз мовийлиги, порлоқ қуёш ҳам беканинг қаронғи кўнглини ёрита олмасди.Хобхона деворининг ўртасига жойлашган катта телевизорнинг овози ўчирилган,экранда тинимсиз рангли лавҳалар алмашарди.Бека икки нафар катта ўғилларига бугунги режаларини сўраб хабар юборди.Телефонда гаплашишга ҳам ҳоли бўлмади.”Bu gun ne pilanlarin var?. Ne yapuyorsun?”.Катта ўғли Серхат ўз одати бўйича дарров жавоб қайтарди.”Bu gun Ataseherda islarim var”.Кичик ўғли Дениздан хабар бўлмади.

   Оч бўрон қушларининг бир-бири билан ўлжа талашиб чинқиришлари ичкари хоналарга ҳам кириб келарди.Саройнинг бошқа уйлардан фарқи унинг кириш холида, катта-кичик қандилли хоналар,емакхона,хонимнинг катта ёруғ ётоқхонасигача турли шаклли катта ва баланд девор кўзгулари, шифтдан осилган,ҳар ёнга бураладиган замонавий кўзгу ойналар  билан безатилган эди.Уйнинг иккинчи учинчи қаватлари асосан ётоқхоналардан иборат эди.

  Бугун ҳафтанинг жума куни бўлсада ўғиллар оилавий қаҳвалтига йиғилмасдан,ҳар ким ўзининг хонасида нонушта қилди.Ҳамиша болаларини оилавий қаҳвалтига чорлайдиган бека ҳам уларни чақирмади.Афтидан у бугунги кунда саройда вужудга келган оғир вазиятга таслим бўлганди.Бунда хизматчиларга қийин бўлди.Улар минг хил майда-чуйда  идиш-товоқларни иккинчи,учинчи қаватга ташийвериб чарчашди.Хизматчилар ҳар бир ўғилнинг хонасига тухумдан пишган турли таомлар билан,сутли ширинликлар ва турк қаҳваси келтиришди. Аммо кўп ҳолларда нонуштага қўл теккизишмади,буғи чиқиб атрофга хушбўй хид тарқатиб турган турк қаҳвасини ичиш билан кифояланишди.

  Туркиянинг ”Sozci”,” Gazeta Posta” ,“ Gunes”  ва бошқа кўча газеталари Эсра  Сабанжи оилавий тижоратининг вайрон бўлгани ҳақида хабарлар босарди.Сабанжиларнинг бутун Туркия бўйлаб сочилган хашаматли мехмонхоналари бирин-кетин банкротлик ҳолатини эълон этарди.Уларнинг тижоратлари чуқур жарликка қараб қулаб борарди.Оиланинг кенжа ўғли Дениз Сабанжининг ажралиш маросими газета ва телевидение каналларининг марказидан жой олган эди.Миллион доллорлик мол-мулкдан собиқ хотинига қанча тегиши ҳақида баҳс-мунозаралар борарди. Мамлакатнинг минглаб телевидение каналлари ва ижтимоий тармоқлар ҳам газетадан орқада қолмай,турли шов-шувли хабарлар тарқатарди.

   Саройдаги тушкин вазиятни болаларнинг шодон қийқириғи бузарди.Катта дераза олдига қўйилган баланд қафасларда тўрт-бешта  сариқ,яшил ранг тўтиқушлар чирқиллаб учиб юришарди.Беш-олти ёшларидаги мовий кўз қизалоқ  қушларнинг идишларига дон солди.Жажжи бармоқларини рангли халқалар осилган  қафасга тиқиб “Movis,Movis.Pomuk bana bak” деди.Тўтилар чўзинчоқ идишдаги донларни чўқалаб қафас ичида пириллаб учиб юрарди. Болалар одатда қаҳвалтисини еб бўлиб бир халта ўйинчоқ  билан денгиз бўйига ошиқишарди.Марказий Осиё мамлакатларидан келган энагалар оёқларини судраб,бир-бири билан гаплашиб сочлари жингалак мовий кўз болаларга эргашишарди.Улар қўзиқорин шаклидаги соябонлар остига етиб келганидан сўнг   катта пластик  мотоли сумкалардан турли хил ўйинчоқларни қум устига тўкишди.Бола ва қиз қизил,сарғиш,яшил рангдаги белкурак,лаган,пақир,машиначаларни олиб қум ўйнашга киришиб кетишди.

  Болаларни ўйинга йўллаган энагалар,аллақандай жаноза маросими ҳақида гаплашишарди.Майитни ҳеч кимга кўришга руҳсат беришмабди.Кўмиш маросимига келган қишлоқ аҳолисини дарвоза олдидаги қоравул хизматчилар ичкарига киритишмабди.Таърифи тилларда достон ғаройиб бир мотам маросими бўлибди.

  -Бизда биров вафот этса бутун қишлоқ келади, - деди биринчи энага.

 - Қайда у олдин эди.Элатда биров вафот этса кўмишга одам йўқмиш.Барча эркаклар Россия ва Қозоқистонга ишлашга кетган экан.Мана биз ҳам юрибмиз-ку.Туринг,туринг болаларни қўлларини қумини қоқиб қўйинг.Ана,ҳув ана 2 қаватнинг учинчи  деразасидан Эсра хоним қараяпти.

  Энагалар ўрнидан туриб,болаларни қўлини тозалаб, ўйинчоқларини қумдан чиқариб беришади.

    Эллик беш ёшларидаги Эсра хоним набираларини кўриб вақти ҳўш бўлди.Дераза пардаларини қуёш нури тушадиган  қилиб катта очиб қўйди.Бошидан ўтганини ўзи билса-да,оиланинг олий мақом бекаси саналгани учун ҳаёт туфонларига енгилмасдан  қоялардай мустаҳкам турарди.Қўлидаги катта конвертдаги хатни дераза рахига қўйди. Бугун тонгда келган мактуб унинг қалбида умид учқунларини пайдо этди.Ёрдамчини чақириб хатни кўпайтириб тезликда ўғилларига  жўнатишни буюрди.”Bu mektublarni cabuk cociklara gondir”. Эсра Сабанжиларнинг омад кемаси денгизга чўкаётган оғир кунларда бу  мактубни илоҳий хабар деб билди.Балки,бу хатни қачонлардир бекадан яхшилик кўрган бир одам ёзгандир.

   Хизматчи олиб келган қайноқ турк қаҳвасини қумлоқда жажжи тошбақалардай ўрмалаб ўйнаб юрган набираларини кузатиб ичди.Хатни яна бир марта ўқиди.

  Ҳурматли Эсра Сабанжи.

  Ёруғликка чиқадиган вақт келди. Сизларни ширкатингизни ривожланишига тўсқинлик қилган,вайронагарчиликлар уюштирган  одам кеча вафот этди.Энди йўлингиз очиқ. Жаноза эртага соат 12да.Келинг,сирдан воқиф бўлинг.

  Хатдаги умидбахш сўзлардан  хонимнинг юзларига табассум ёйилди. Уйқусизликдан  ҳориган кўзлари билан ойнага боқиб,сочини силкитиб қўйди.Ётоқхонанинг  турли жойларида катта-кичик  кўзгулар осилиб турар, унда беканинг чиройли юзи номаён бўларди.

  Аммо Эсра хонимнинг беш нафар ўғилларига бу хат заррача  ҳам таъсир   қилмади. Ҳеч нарсага ҳайратланмай қўйган ўғиллар...бу биздан пул ундирмоқчи бўлган  лўттибозларнинг ишлари,бу бизни биргаликда  уйдан чиқариб камеранинг олдига турғизишни истаган папарациянинг иши деб турли таҳминлар айтишди.

   Лекин Эсра Сабанжининг қатъий талаби билан  уч ўғил жанозага борадиган бўлди.Уйда ҳам хайит байрами кунларидай пишир-куйдир тадориклари бошланиб кетди.Оғир дарпардалар, баланд деразалар, катта эрон гиламларига бир силкиниб жон киргандай бўлди.

   Эртаси соат 12да  ака-ука Сабанжилар кўрсатилган манзилга етиб келишди .Бу  насронийларнинг мотам маросими бўлгани учун одам кўп эмасди.Ака-укалар майитнинг кимлигини билишга шошилишарди. Ёшмикан,қаримикан?.Улар аввалдан  насронийларнинг  мотам  маросимида қатнашмагани учун бир оз тараддутланишди.Қора кийимда ичкарига кираётган одамларга қўшилиб улар ҳам жойидан силжишди.Журъат тўплаб тобут турган ним қаронғи хонага киришди.Хонадан шам ва мумнинг иси келарди.Денгиз тарафлардан оркестр созчиларининг товуши келарди. Деразага яқин қўйилган  тобут ёнига бориб тўҳташди. Ака-ука Сабанжилар  қатор бўлиб энгашиб  тобутга қарашди.Ким ётган экан тобутда.Қайси арман таниши экан.Истанбулда арман ва бошқа миллат тижоратчилари кўплиги учун шундай тўҳтамга келишганди. Тобутга ҳали майит қўйилмаганми,ёки бошқа сабаби борми...тобутнинг туби ва ёнбошларига қўйилган катта-катта кўзгуларда уч ака-ука Сабанжиларнинг қиёфаси акс этарди.Улар  ойнада ўз аксларини кўриб сесканиб кетишди.Гўё кўзгулар ака-укаларнинг қиёфасини акс эттириш учун яратилгандай эди.Бу кўзгулар онаси Эсра Сабанжининг хонасидаги ойналарга айнан ўхшаш эди.

           Сентябр – октябр 2023 йил.

                    Тошкент.

- - -


< Orqaga qaytish