Marta o'qildi
"Ганира,мен ўлмаганман,де". Хотира. Қўчқор Норқобил.
Қозоғистоннинг Бўрабай шаҳрида бўлаётган адабий тадбир ҳам татимади.
“Ганира касалхонага тушибди, аҳволи оғир”, --- деган хабар довдиратиб қўйди. Айниқса, рафиқам Хосият ўзини қўярга жой тополмай қолди. Улар иккиси жуда иноқ эди. Ҳафтада ҳеч бўлмаганда, бир марта телефонда боғланишарди. Оиламиз аъзосидай эди, Ганира. Уйимиздан туз татиган, тутинган синглим эди у. Борди - келдиларимиз ҳақида гапирсам, гап кўп. Ҳозир эсласам, юрагимга оғирлик қилаяпти.
Бурабайдаги 25-26-27 сентябрь кунларини Хосият телефонга термилиб ўтказди. Бокудаги дўстларимиз Акбар Қўшали, Интиқом Яшар, Самир Аббос, Расмия Собир ва бир қанча дўстлари бир хил хабар юборишади:
"Ёнига ҳеч кимни киритишмаяпти".
" Аҳволи оғир... "
" Аҳволи ўша-ўша... Ҳеч қандай ўзгариш йўқ..."
" ...Оғир..."
Уч кундирки телефонхабарларда ёруғлик йўқ. Хосият эса уларга ёзишдан тўхтамайди:
" Нега индамайсизлар? Нега жимсизлар? Нега тузалиб кетди, деб ёзмаяпсизлар?... Тузалаяпти, десанглар-чи... "
"... Яхши гап айтгимиз келаяпти. Бутун Баку яхши гап айтгиси келаяпти. Лекин аҳволи... "
Жавоблар оғир, жавоблар қайғули...
Назаримда Ганиранинг дўстлари тугул, шу шўрлик телефонлар ҳам йиғлаётгандай, телефон ойналаридан кўзёшлар тирқираб отилаётганга ўхшарди.
28 сентябрь куни...
Ганиранинг жонига боғланган бизнинг умид ришталаримиз ҳам узилди. Назаримда, ўша куни интернет тармоқларига кўчган миллионлаб қалблар ларзага келди. Ганира ўлди...
У тириклигида туркий қавмни бирлаштириш йўлида туркийларнинг бегонаси йўқ, дея жонҳалак бўлди. Унинг ўлими ҳам одамларни бир бирига бирлаштирди. Озарбайжонни, туркни севган Ганирани ҳам севарди. Худойим унга шундай улуғ мартаба ато этганди.
...Хонада уввос тортаётган рафиқамни зор қақшашидан ботинимдаги фарёдни бўғзимда ушлаб туришга мажолим етмади. Эшикни ёпиб, ташқарига отилдим. Арча танасига суяниб йиғладим. Шу ёшга кириб гоҳида одам боласининг дардини одам кўтаролмаслиги, унинг изтиробу ноласига тоғу тош, кенг осмон ҳамдард бўлишини ҳис қилдим.
…Кечқурун қайтдим. Хосият ҳамон бир нуқтага термулиб турибди. Сўзсиз…
Ҳеч нарса демай курсига чўкдим.
- Ўзингизни қўлга олинг. Тадбирга чиқамиз. Ўлимдан баланд туришимиз керак. Ганира ўлмайдиган, ўлгандан кейин ҳам яшайдиган инсон, -- дейди Хосият уҳ тортиб.
Тадбир бошланди…
Нима гап, нима сўз бўлаётганини унчалик ҳам фаҳмламаяпман. Бир ёнда аза, бир ёнимда тўй. Аросатдаман. Тепамда Ганира жилмайиб қараб турибди. Хаёлим айқаш-уйқаш. Ўнг томонимда ўтирган одам мени қаттиқ туртади:
--- Ўзбекистон! Ўзбекистон… Сизни чақиришяпти. Табриклайман. Сизга Чингиз Айтматов мукофотини беришмоқчи, туринг ўрнингиздан…
Рўпарамдаги улкан экранда ўзимнинг исмимни кўраман.
--- Жилмайинг, жилмайинг, расмга тушаяпсиз, --- дейди ён тарафимдан кимдир.
Ичинг зимистон бўлиб турганда жилмайиб бўларканми? Даврага қарайман… Қаердадир Ганира қараб турганини ҳис қиламан.
"... Ганира синглим, хурсандмисан? Менга улуғ адибимиз Чингиз Айтматов мукофотини беришди. Энди сен уни кўрасан. Мендан Чингиз Айтматовга салом айт. Менинг улуғ устозларимни ҳам кўрасан. Бунга ишонаман, Ганира! Яна қадрдонларим, эл адиблари Собир Ўнар акам, Луқмон Бўрихон дўстимни кўрасан. Уларга ҳам мендан салом айт, Ганира. ”
… Тадбир тугади.
Иштирокчиларнинг бари бизни қутлашди.Татар шоири Минар меҳмонхонага қайтаётганимизни билиб, бизни тўхтатади:
--- Кечки зиёфатга қолмайсизларми? Концерт ҳам бўлади, дейишяпти.
--- Минар жигар, раҳмат. Хабаринг бордир, Ганира хоним ўлди, кўнгилга ҳеч нима сиғмайди. Биз кетамиз, сен қолавер.
У жим туради… Сўнг маъюс тортганча бизга эргашади…Машина тўхтатамиз. Ортимизга қарасак, қозоқ, қирғиз, бошқирд қардошларимиз ҳам чиқиб келишяпти. Уларнинг ҳам юрагига байрам сиғмаган. Улар ҳам туркий қавм ўзининг гўзал ва буюк қизидан жудо бўлган шу паллада бирга бўлишимиз, бир-биримизга далда бўлишимиз зарурлигини ҳис қилишган.
Ганира, Хосият чин айтади, Сенинг ўлиминг ҳам биз туркийларни шу ерда, мана шу тадбирда ҳам бугун янада бирлаштирди. Фақат … фақат, сен бизга, манови ортимиздан келаётган қардошларимизга:
“Мен ўлмаганман!”,-- деб айт!
"Ўлмаганман! ”, -- де!
1.10.2023 йил.
Ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг Фэйсбук саҳифасидан олинди.
- - -