Marta o'qildi
"Мен кимман?.."...шеърлар. Мирзоҳид Ботиров.
Дарахтлар шивирлар,
Ёмғирли кеча,
Томчилар сир айтди,
Ўзни йўқотдим.
Ва фалакка учиб, осмон бағрида,
Кумуш булутларга ўраниб ётдим.
Ёмғир томчилари силаб руҳимни,
Бир нурли жойларга оқизиб кетди.
Сочларинг ифорин эслатган насим,
Биллурий сойларга оқизиб кетди.
Майсага айланиб саловат айтдим,
Чечакка айланиб бош қўйдим ерга.
Ва ялдо тунларин силсиласида,
Айланди юрагим ёп-ёруғ шеърга.
Сен қайда интизор, муштоқсан гулим,
Руҳим боғларининг дилобар гули.
Келгил юрагимнинг салтанатига,
Дунёни ёритсин кўнглимиз нури.
Ёмғир ёғаётир,
Қара севгилим,
Мажнунтол биз каби севгидан мастми?!
Нега келмайсан, айт?!
Ёмғирли кеча,
Илоҳий тушларда қолмоқ бахтмасми?!
Дарахтлар шивирлар,
Ёмғирли кеча,
Томчилар сир айтар бир-бирларига...
06.08.2023
Мен кимман?!
Сабаблар чоҳида тутқун,
Бир ғариб сўзларнинг ғаний эгаси.
Ёр сочин силасам, сачраган учқун,
Учуқ дил косамнинг дарддир чегаси.
Мен кимман?!
Алҳазар!
Қашқир кўзидан,
Ёввойи бир ҳисни юлқиган қаттол.
Бир ошиқ кўнгилнинг бужур чандиғин,
Танасига ўйиб олган самбиттол.
Мен кимман?!
Урилган, қаноти йўқ қуш,
Сўз овлаб кун кўрган, омадсиз овчи.
Худойим чорлаган манзилсиз йўлда,
Жонин орқалаган соқов йўловчи!
Мен кимман?!
* *
Қўй Мирзо,
Йиқилмоқ, қоқилмоқ абас,
Етар маҳзунлашмоқ ғамлар туфайли.
Гоҳ фалакка учдинг,
Гоҳи қуладинг,
Дунёси бошидан қолсиней, майли.
Бир чаман истадим, боғбони танҳо,
Кўксимга жон қушин қамай олган зот.
Бир таҳрир истадим хаёлларимга,
Ғийбат, шивирлардан таъмадан озод.
Юр кўнгил, кетайлик саргашталикдан,
Туғёну исёнлар, бас деб барига.
Омонат берилган шу сабил жонни,
Топширмоқлик учун Худо олдига.
06.08.2023
* * *
ШОИР
Ғажир бугун кўнглимни ўйлар,
Мен ўзимни ғамга сотганман.
Гуноҳларга кўмилиб гоҳи,
Афсус лойқасига ботганман.
Нафасимни сувнинг остида,
Балиқлардан ўмарганим чин.
Кўксимда жон талашиб ётар,
Икки кўзи ўйилган лочин.
Ота бўлдим, ўзимга ўзим,
Кулманг хушдан кетганми деб сиз.
Бир хаёлим малакларга хос,
Бир хаёлим шайтонга эгиз.
Гоҳ олддаман, гоҳо орқада,
Икки елкам, иккита хуржун.
Одамбозор - дунёда эвоҳ,
Булбул бўлиб туғилди буржим.
Эмаклайман илонни авраб,
Бунинг номин деганман яшаш.
Томим осмон,
Тўшагим майса,
Қўналғамдир тут қаторли дашт.
Ҳа, ёввойи бир ҳисга қулман,
Гарданимда тақдир солган ғул.
Чидайсизда, азобларимдан,
Оловли сўз ясайман нуқул.
Исм қўйиб ҳар бир томчига,
Ёмғирга дил тутаман мойил.
Худо мени ғамлардан қориб,
Насибамни атади шоир!
* * *
Шеърлар Мирзоҳид Ботировнинг Фэйсбук саҳифасидан олинди.
- - -